Мусулмонлар Мадинага ҳижрат қилганларида Фаҳита Маккада эри ва болалари билан қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эришган зафарлари ҳақида эшитса, беҳад қувонарди. Фаҳита мусулмонлар Маккага кирадиган буюк зафар кунини интизорлик билан кутарди.
Макка фатҳ этилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбага кирдилар. Барча бутларни синдирдилар. Билол розияллоҳу анҳонинг овози тавҳид, такбир ва шаҳодатлар билан жаранглаб, Каъба узра юксалди:
"Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар!
Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар!
Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ, ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ!
Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ, ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ…”
Бу овозларни эшитган Умму Ҳоний розияллоҳу анҳонинг эри Хубайра орқа олдига қарамай, Маккадан қочди. У Аллоҳ таолонинг динига киришдан қочаётган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зафарларини кўришни хоҳламаётган эди. Ҳубайра Умму Ҳоний розияллоҳу анҳони ҳам ўзи билан кетишга даъват этди, аммо Умму Ҳоний розияллоҳу анҳо қабул этмади. Чунки у Аллоҳ таолонинг динига кирган, мусулмон бўлган эди. Ҳорис ибн Ҳишом Макка фатҳ этилган кун қони ҳалол қилинган кишилардан эди. Аммо Ҳорис Умму Ҳоний розияллоҳу анҳонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қошидаги мавқеини билгани учун, ҳимоя қилишини сўраб, унинг уйига борди. Буни кўрган Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Ҳорисни ўлдириш учун изма-из келди. Умму Ҳоний:
"Эй онамнинг ўғли! Мен унга омонлик бердим”, деб уни ҳимоясига олганини билдирди. Али розияллоҳу анҳу эса бу гапларга қулоқ солмай, қиличини суғурди. Умму Ҳоний розияллоҳу анҳо унинг қўлларидан тутди:
"Аллоҳ хайрингни берсин, ўлдирма. Мен унга омонлик бердим”, деди.
Али розияллоҳу анҳу ундан қутулишга ҳаракат қилди, аммо оёқларини ердан кўтаролмади. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб қолдилар. Умму Ҳоний розияллоҳу анҳо:
— Ё Расулуллоҳ, мен Ҳорис ибн Ҳишомни ҳимоямга олдим. Али эса уни ўлдирмоқчи. Нимага буюрасиз? — деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
— Сен ҳимоя этганингни биз ҳам ҳимоя этамиз, сен омонлик берганингга биз ҳам омонлик берамиз. Аммо Алининг жаҳлини чиқарма. У қизишса, Аллоҳ таолонинг ғазаби келади. Уни қўйиб юбор, — деб буюрдилар.
Шундан сўнг Умму Ҳоний розияллоҳу анҳо Али розияллоҳу анҳуни қўйиб юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазиллашиб:
– Ё Али, бир аёл сендан ғолиб келди, — дея марҳамат килдилар
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳо:
— Аллоҳга қасамки, оёқларимни ердан кўтаролмадим, — деди.
Қаҳрамонлар қаҳрамони, довюраклар довюраги Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг бу гапи Умму Ҳоний розияллоҳу анҳо ҳақидаги одил бир шаҳодатдир. Аллоҳ ҳар иккисидан ҳам рози бўлсин.
Умму Ҳоний розияллоҳу анҳо эридан айрилганидан сўнг, бутунлай фарзандларининг тарбияси билан банд бўлди. Фарзандларининг қалбига фазилат уруғларини экди. Ислом ва иймон билан уларни ўстирди. Фарзандларининг барчаси олим, фозил кишилар бўлиб етишдилар.
Баъзи фарзандлари Умму Ҳонийдан ҳадис ривоят этган. Улар орасида набиралари Жаъда ал-Маҳзумий, Яҳё ибн Жаъфар ва Ҳорунлар ҳам бор.
Умму Ҳоний розияллоҳу анҳо биродари Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг халифалик давригача яшади. Ҳижратнинг 40-йили вафот этди.
Аллоҳ таоло Умму Ҳоний розияллоҳу анҳодан рози бўлсин! Омин. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot http://hordiq.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|