Ҳаётда турли тоифадаги одамлар яшайди. Уларнинг баъзилари ичкиликка ружу қўйишади-ю, оилани ҳам, яқинларини ҳам буткул унутишади. Қуйидаги ҳикоямизни ўқиб ҳайрон бўлманг. Қаҳрамонимиз аслида қотил эмас. Ҳаётда қаттиқ адашди, холос. Ажаб эмаски, баъзи шундай тўғри йўлни топа билмаётган юртдошларимиз ушбу ҳикояни ўқишгач, тегишли хулоса чиқариб олишса…
***
Қирқни оралаб-ораламай тепакалга айланган, паст бўйли, Мурод "чўмичбурун” (улфатлари унга шундай лақаб қўйиб олишган) гандираклаганча ўзининг уч хонали квартирасига кириб келди-да, йўлакда қалқиб-қалқиб ботинкасини ечиб бир четга отди ва ошхонага ўтди. Стол қаршисида хотини Моҳиниса бошини чангаллаганча жим ўтирарди. Мурод бир муддат чайқалиб тургач, Моҳинисанинг тепасига яқин борди.
— Ҳа-а, ит! — ўшқирди у оғзидан тупук сачратиб. — Қисир сигирга ўхшаб ювошланиб ўтирибсанми ҳалиям?.. Ўтирасан-да битта болани эплаб туғиб бера олмаганингдан кейин! Ана, улфатлар айтди, айб сенда экан. Хотинларидан эшитишибди.
— Менда нима гуноҳ, Мурод ака? — йиғлаб юборди Моҳиниса. — Нима қилай?.. Жавобимни беринг унда! Нега кетишга қўймайсиз? Ҳар куни қонимни ичасиз!..
— Жавоб?.. — Мурод совуқ тиржайиб бош силкиди. — Вей, ғалча, биласанми сенга уйланганимда қанча пул сарфлаганимни?.. Биласанми?.. "Лимузин”ларда шаҳарни сайр қилдирганим эсингдан чиқдими?
— Нега ҳадеб ўша "Лимузин”ни юзимга солаверасиз?.. Жонимдан тўйиб кетдим-ку!..
— Туғ бўлмаса, туғ! — овозининг борича бақирди Мурод. — Қўлингдан келадими? Кучинг етадими?.. Етмайди. Шундай эканми, овозингни ўчир! Гапиргилигинг йўқ сенинг!..
Моҳиниса силкиниб-силкиниб йиғлаганча балконга чиқиб кетди.
Агар яна бирпас айтишиб турса, Мурод мушт ўқталишга тушишини биларди. Мастлигида калтаклаш, хўрлашдан тоймайди.
***
— Вей, қанисан? Қани сервантдаги ароқ? — залдан туриб қичқирди Мурод. — Ўлиб қолдингми балконда? Кир дедим ичкарига!..
Моҳиниса шу тобда сал ўзини қўлга олган, йиғлашдан тўхтаб лабини тишлаган кўйи курсида ўтирарди. Эрининг қичқириғини эшитиб шоша-пиша ўрнидан турди-ю, ичкарига чопди.
— Қани ароқ? — сервантни кўрсатиб ўдағайлади Мурод. — Эрталаб кетаётганимда турганди-ку! Ўйнашингга бериб юбордингми ё?..
— Вой, кўздан панароққа беркитиб қўйгандим холос, Мурод ака. — деди Моҳиниса қутидан бир шиша ароқни олиб эрининг қўлига тутаркан.
— Ҳа-а, жа эҳтиёткор бўлиб қолибсанми?.. — Мурод беўхшов кулганча шишанинг оғзини очди. Сўнгра сервантдан иккита қадаҳ олиб хонтахта устига қўйди. — Шундай қилсам, эрим жаҳлидан тушади деб ўйлайсанми?
— Мен ундай деб ўйлаганим йўқ. — жавоб қилди Моҳиниса бош эгиб. — Шунчаки…
— Овозингни ўчир! Нимага ҳар гапимга жавоб топиб тураверсан? Тилинг чиқиб қолдими-а?
Моҳиниса индамади.
Ўзича: — "Кайфи тарқалса, инсоф кириб қолар.” — деб оёқ учида ётоққа кириб кетди.
***
Орадан ярим соатча вақт ўтди. Шу муддат ичидагина Моҳинисанинг қулоғи тинч бўлди. У диваннинг бир четида ғужанак бўлиб ётар, аммо ухламасди. Эри барибир тинчлик бермаслигини сезарди.
Шундай бўлди ҳам. Мурод шишани яримлатгунча ғўлдираб қолди. Хона ичини айланиб ўзича нималардир деб сўкинган бўлди. Кетидан кутилмаганда ашула бошлаб қолди.
— Худо урди мени! — бундай "томоша”ларни анчадан бери кўравериб юрак олдириб қўйган Моҳиниса даст ўрнидан турди. — Ҳозир калтаклашни бошлайди. Нима қилсам экан? Учинчи қаватдан ўзимни отайми? Майиб бўламан-ку! Унда шу зўравоннинг тепкиларига чидайми? Худойим, қандай кунларга қолганман ўзим? Дардимни бировга айтолмасам. Ота-онаси ҳам ўзидан баттар бўлса. Айбни менга тўнкашади. Ойим шўрликка ҳадеб гапираверишим ҳам инсофдан эмас. Юраги хуруж қилиб қолса ҳеч кимга татимайди…
Кутилганидек Мурод пишқириб ётоққа кириб келди ва чироқни ёқиб юборди.
— Ў, бу кишимни қаранглар! Худди маликалардай тутади ўзини. Эрим бор, унга овқат берай дейиш йўқ. Буёққа юр, ифлос!..
У Моҳинисанинг тирсагидан маҳкам тутиб йўлак томон судради.
***
— Қўйворинг, қўлим оғрияпти, қўйворинг! — силтаниб эрининг қўлидан чиқишга уринарди Моҳиниса. — Қочиб кетмайман-ку! Намунча хўрлайсиз?
— Буёққа юр! — уни залга судраб кирди Мурод. — Қани, ўтир бу ерга!
Моҳиниса йиғламсираб эри кўрсатган курсига чўкди ва жавдираб Муродга боқди.
— Ароқдан қуй! — дўқ аралаш буюрди Мурод ўзи қаршидаги юмшоқ курсига чўкиб. — Нега аланглайсан? Қуй дедим!
Моҳиниса итоат билан буйруқни адо этди.
— Иккинчисигаям!
— Н-нега, Мурод ака?.. Бу…
— Сенга нима дедим? Қуй иккинчисигаям!
— Хўп, мана, қуйдим!..
Мурод қадаҳларнинг бирини қўлига олди-да, зарда билан Моҳинисанинг олдига қўйди.
— Ич, ит! — қўлини бигиз қилди Мурод. — Қўлингга ол ароқни!
— Мен ичмайман, билдингизми? — Моҳиниса сабр косаси тўлиб ўрнидан туриб ётоқ томон юрмоқчи бўлди. Бироқ Мурод унинг билагидан тутиб қайтадан жойига ўтқазди.
— Қаерга кетасан? Ичасан! Агар ичмасанг, ўлдираман!
— Қайси гуноҳим учун хўрлаяпси-из? — йиғи аралаш бақирди Моҳиниса. — Ким ўз хотинига ароқ ичиради? Кофир эмасмиз-ку!
— Мен ичираман! Чунки, сен шундай хўрликка лойиқсан.
— Ундан кўра ўлдириб қўя қолинг! Ўлдиринг, нега қараб турибсиз? Мен сиз ўйлаган аёллардан эмасман.
— Йў-ўқ, сени ўлдирмайман. — Мурод қўлига қадаҳни олиб хотинининг оғзига яқин олиб борди. — Мен билан бирга ичасан. Туғмайдиган хотинларнинг холи шу. Қани, ич!
— Ичмайман! Ичмайман!
— Шунақами? Унда оғзингга қуяман, ҳи-ҳи-ҳи-ҳи!..
— Устимдан кулманг!.. Қўйворинг!
— Ичмагунингча қўйвориб бўпман! — Моҳинисанинг билагини маҳкамроқ қисди Мурод. — Хўш, ичасанми-йўқми?..
— Бўпти… Ичаман… Фақат қийнаманг! Ичаман! —Моҳиниса азбаройи жони оғриганидан Муроднинг қўлидаги қадаҳни олди.
— Ич! — уни қўйиб юбориб буюрди Мурод. — Охиригача ич!
Моҳиниса шоша-пиша кўз ёшларини енгига артган бўлди-да, қалтирай-қалтирай қадаҳдаги ароқни кўзларини юмганча ичиб юборди.
— Нима?.. — Мурод аччиқ ичимлик кўнглини беҳузур қилиб полга энгашган кўйи бош силкита бошлаган хотинига ташланди. — Ана энди билдим кимлигингни!.. Ҳали ичадиган одатинг ҳам бормиди, ифлос?..
— Ўзингиз мажбурладингиз-ку! — бақирди Моҳиниса. — Нега энди бундай дейсиз?
— Сен аблаҳ бекорга туғмай юрмаган экансан-да-а? Ўйнашларингминан чекка-чеккада улфатчилик қилиб юргансан-у, бу ерда ўзингни ойдай қилиб кўрсатмоқчисан! Шунинг учун атайин туғмай юргансан.
— Мени ҳақорат қилманг! Бундай гапларни сиздан эшитгандан кўра ўлганим яхши эмасми?
— Пиёниста, бузуқи! — ўшқириб хотинини тепди Мурод. — Атайин синаб кўрсам, ичиб юбординг-а?.. Вой итдан тарқага-ан!.. Мана сенга! Ичишни кўрсатиб қўяман! Мана! Мана!..
Мурод жазавага тушиб Моҳинисанинг дуч келган ерига тепа кетди.
— Ўлдираман сен пиёниста хотинни, ўлдираман!..
— Вой-до-од! Вой жони-им! Жон Мурод ака, урманг!.. Урманг мени, илтимос!..
Кайфи меъёрдан ошиб, телба ҳолатига тушиб қолган Муроднинг қулоғига бу ялинишлар кирмасди. Бўралаб сўкинганча Моҳинисани тепкиларди. Охири Моҳиниса ҳушдан кетиб йиқилди. Шундан кейингина Мурод бирдан ҳушёр тортди.
— Моҳи, ҳой Моҳи! Сенга нима бўлди?.. Нима бўлди деяпман? Ўлиб қолмадингми ишқилиб?..
Шу орада ташқари эшик тақиллаб қўшниларнинг бақир-чақири қулоғига чалинди. Мурод йўлакка чопди. Юқори қаватдаги эр-хотин қўшнилар экан. Улар ҳам кўзлари олайиб кетган Муродни кўришгач, баравар ичкарига киришди. Кимдир "Тез ёрдам”га қўнғироқ қила бошлади.
Эркаклардан бири югуриб келиб бир четда аланглаб турган Муродга-да эътибор қилмай, Моҳинисани кўтариб олди.
— Э, пиёниста! — сўкинди қўшни эркак. — Ҳайф сендайларга хотин!.. Нима қилиб қўйдинг-а? Бир бегуноҳни ўлдириб қўйсанг нима бўларди?..
Йўқ, Моҳиниса, ҳарқалай, омон қолди. Врачлар тез кунда уни оёққа турғазишди. Фақат мияси чайқалган экан.
ЭСЛАТМА:
Воқеа ҳаётдан олинган. Қаҳрамонларнинг исмлари ўзгартирилган.
Ўша куни орадан бир соат ҳам ўтмай қўшнилар чақирган милиция ходимлари Муродни бўлимга олиб кетишди.
У қилмишига яраша жазосини олди.
Моҳиниса тузалиб касалхонадан чиққач, ўйлаб ўтирмай ажралиш ҳақида судга ариза берди.