«Муҳташам юз йил» телесериалидаги Иброҳим пошо образи томошабинлар кўз ўнгида неча марталаб ўзгарадиган қаҳрамонлардан биридир. Илк қисмларда бошқача кўринган Иброҳим сериал якунига бориб, деярли таниб бўлмас даражада ўзгаради. Ўкан Ялабикнинг бу қадар ўзгара олиши унинг кинодаги ўнлаб роллари орқали мукаммаллаштирилган истеъдоди исботидир.
Ялабикнинг кинодаги илк тажрибаларидан бири — «Шоҳ асар» (2003) қисқа метражли фильмидаги бастакор роли. Актёр биринчи ролидан сўнг икки йил ўтгач, ҳақиқий «юлдуз»га айланди. Унинг ишлари орасида энг омадлилари «Куз азоби» (2009), «Ов мавсуми» (2010) ва «Пайдар-пай» (2010) картиналаридир.
«Куз азоби» драмасининг сюжети бош қаҳрамон Бехчетнинг сиёсий фаолияти атрофида қурилган. Ўкан етакчи роллардан бири — Суат исмли қаҳрамонни ўйнайди. У Бехчетга жуда яқин, унга мушкул ҳаётий вазиятда ёрдам беради: Бехчет ўз қарашларига қарамай, қўшниси — катта амалдорларга хизмат қиладиган юнон аёлни севиб қолади. Қаҳрамон туйғулари ва қарашлари ўртасида сарсон бўлиб қийналади, аммо унинг ички кураши — бу шунчаки бошланиши.
«Ов мавсуми» криминал триллерида Ўкан ёш детективни ўйнади. Ҳасан исмли полициячи бир қизнинг ўлдирилишига оид ишни очиш учун икки тажрибали изқуварга қўшилади. Бу чалкаш иш: ҳар ким қотил бўлиши мумкин — қизнинг уни жазолашга қарор қилган эскича фикрлайдиган ота-онаси ҳам, ошнаси — гиёҳванд модда сотувчи ҳам, уни ўз ҳарамига олган кекса миллиардер ҳам. Полициячиларнинг учаласи ҳам мураккаб характерли бўлиб, бу айбдорни излаш давомида юзага чиқади. Бу роли учун Ўкан «Энг яхши актёр» номинациясида миллий мукофотни қўлга киритди.
Ўкан «Хаёлий Жиҳан» (2006) мистик картинасида ноодатий образда намоён бўлди. Фильм бир неча қисмдан иборат бўлиб, уларни турли ижарачилар жойлашадиган уй бирлаштиради. Шундай ижарачилардан бири Ўкан Ялабик ижросидаги Жиҳандир. Қаҳрамон сирли уйда арвоҳларни кўра бошлайди, у нима бўлаётганини англашга уринади. Бироқ оқибатда унга маълум бўладиган сир ақлга сиғмайди. Маълум бўлишича, унинг ўзи арвоҳ экан, ўзиники деб ҳисоблаган ҳамма нарса — дўстлари, хотиралари ва ҳатто исми ҳам — хаёл, унинг ўзи эса мавжуд эмас.
Ўканнинг фаолиятида бошқа жиддий роллари ҳам бор. Уни «Муҳташам юз йил»даги ҳамкасблари — Халид Эргенч ва Воҳида Гўрдум билан «Илк севги» (2006) фильмида кўриш мумкин. Картинада Эгей денгизи қирғоғидаги Орифоўллари қишлоғида яшайдиган оила ҳақида ҳикоя қилинади. Бир пайтлар бадавлат бўлган оила энди камбағал, эски зайтун корхонаси ҳисобига зўрға кун кўради. Аммо бу фильмда биринчи планда турадиган муаммо асло моддий ёки ижтимоий муаммо эмас. Оиладаги ҳар бир аъзонинг ўз шахсий фожиаси бор, рўй бераётган ҳамма ишни эса муҳаббат бошқаради.
Ялабикнинг касбий ғалабалари кам эмас. У «Хотинбоз» (2005) мини-сериалида бош қаҳрамонни ўйнаган. Сериал бутун дунёда жуда оммалашди. Бу сериал ҳар қандай аёлнинг қалбини забт эта оладиган Ўзгур исмли йигит ҳақида. Ўкан бирон аёлни кўздан қочирмайдиган саёқ эркак ролини қойилмақом ўйнади.
«Мени эсла» (2006-2008) сериалидаги воқеаларни «Ромео ва Жульетта»нинг замонавий талқинига ўхшатиш мумкин. Воқеалар 1950-йилларда Истанбулда рўй беради. Душман оилалардан чиққан икки ёш турмуш қуролмайди. Яхшики, картина якуни Шекспир асаридаги каби фожиали эмас.
Ўкан Ялабик дубляжда ҳам фаолият олиб боради. У «Дон Кихот» (2007), «Кунг-фу панда» (2008) сингари кўплаб картиналарда овоз берди.
Ўкан Ялабик «Менинг ватаним сенсан» сериалида инглиз разведкаси жосуси сэр Гамильтонни ўйнади.
Актёр кинодаги фаолияти билан чекланиб қолмаган. У флейта, бас-гитара чала олади, театр постановкаларидаги иштироки учун кўплаб мукофотларни қўлга киритган. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|