Унинг бетакрор ва ўзига хос овози кўплаб ёшлар қалбини забт этган. У реп ижроси оламида сифатли қўшиқлари, ёрқинлиги, такрорланмас йўналиши билан танилган. MiyaGi & Эндшпиль концертлари шунчалар катта шов-шув билан ўтадики, улар учун ортиқча рекламанинг ҳам кераги йўқ. Яқиндагина Ўзбекистонда ҳам концерт дастурини тақдим қилган MiyaGi & Эндшпиль дуетининг хонандаси MiyaGi ҳаёти кўпчилик учун қизиқ.
MiyaGi – таниқли реп ижрочиси
Асл исми – Азамат Кудзаев
Туғилган санаси: 1990 йил, 13 декабрь
Туғилган жойи: Россия, Шимолий Осетия, Владикавказ
Оилавий аҳволи: Уйланган Болалик ва ёшлик
MiyaGiнинг асл исми Азамат Кудзаев бўлиб, шимолий Кавказнинг марказий қисмида таваллуд топган. Унинг болалиги Владикавказда ўтди. Азаматнинг оиласида ижодий муҳит ҳукмрон бўлиб, ота-онаси санъат билан боғлиқ инсонлар бўлмасалар ҳам, санъатни ҳурмат қилишарди. Азаматнинг отаси ва онаси шифокор сифатида фаолият олиб борадилар. Унинг отаси Казбек Куздаев мамлакатдаги энг таниқли ва нуфузли жарроҳлардан бири бўлиб, Шимолий Осетиядаги Ортопедия ва Эстетик жарроҳлик Маркази раҳбари сифатида ишлайди. Жуфтлик ўз фарзандларини осетинча анъаналарга содиқ қилиб тарбиялаганлар.
Азамат болаликдан ўзининг турли қобилиятларини намойиш қила бошлаган. У кичик ёшданоқ китоб ўқишни севар, яккакураш билан қизиқар, мусиқага ихлоси баланд, овози ҳам чиройли эди. Кудзаевни мактаб вақтларида «Шау» лақаби билан чақирган эканлар. Бу осетин тилида «Қорачадан келган бола, қоравой» деган маънони беради. Азаматнинг тахаллуси «Каратечи болакай» фильмидаги бош қаҳрамонни ўқитган жанг санъати мураббийсига берилган ва айнан мана шу фильм Азаматга катта илҳом бағишлаган экан. У касб танлаш қарори билан тўқнаш келган вақтда шифокор бўлиш фикрига келди. Унинг бу танловига сабаб отасига бўлган ҳурмати ва ҳаётидаги фожиа эди. Азамат 7 ёшлик пайтларида уни трамвай уриб юборади, болакай ҳалокат оқибатида ўлим топиши ҳам мумкин эди. Шифокорлар қўлдан келганча ҳаракат қилиб, уни ўлим чангалидан сақлаб қолишган. Мактабни тугатиб, тиббиёт олийгоҳига ҳужжат топширган Азаматнинг ушбу қарори шифокорларга бўлган беқиёс ҳурмати юзасидан бўлган.
У келажакда ажойиб ортопед ёки пластик жарроҳ бўлиши мумкин эди, аммо мусиқага бўлган иштиёқи сабабли тиббиётдан кетиш фикрига келди. Ўғлини сулола давомчиси сифатида кўрадиган отасига ушбу қарорни айтиш осон бўлмади, албатта. Бу нарса унинг отасини қувонтириб юборгани йўқ, аммо у ўғлига орзулари томон илдам бориш учун имконият берди. У отаси билан сўзлашар экан, ушбу имконият эвазига «Ўз соҳасининг устаси» бўлишни ваъда қилди. Орадан бир йил ўтиб MiyaGi ўз ваъдасини бажарди: Осетиялик репернинг исмини бутун Россия таниб олди. Мусиқа
MiyaGiнинг ижодий фаолияти бундан 10 йил аввал бошланди. У 2011 йилда ўзининг илк қўшиқларини ёзган бўлса, орадан 4 йил ўтиб биринчи альбомини мухлисларига тақдим қилди. У Санкт-Петербург шаҳрига келгач, ўзини бутунлай ижодга бағишлади ва мусиқа студиясини очди. Айнан мана шу паллада ҳамкасби ва дуетдоши Сослан Бурнацев (Эндшпиль) билан танишиб қолди.
Сослан Азаматдан 5 ёшга кичик бўлиб, мактабни тугатгач, технолог мутахассислиги бўйича ўқиган ва университетдаги таҳсил давомида унинг ҳаёти мусиқа билан боғлиқ эканлигини тушуниб етганди.
Эндшпиль Азамат билан учрашгунга қадар бир нечта композициялар ёзиб улгурган, бу вақтга келиб MiyaGi ҳам қатор қўшиқларни ижод қилиб бўлганди.
Осетиялик мусиқачилар учрашуви MiyaGi & Эндшпиль дуетининг яралишига сабаб бўлди. Уларни Боб Марли ва Тревис Скотт ижоди илҳомлантирар, аммо улар ўзлари учун мутлақо янгича услубни танлаб бўлган эдилар. Илк қўшиқлар ижтимоий тармоқлар орқали тақдим қилингач, катта машҳурликка сабаб бўлди. Илк клипларни суратга олиш учун бу икки йигитда катта маблағ мавжуд эмасди, шу сабабли ҳаваскор услубда клип олиб, уларни ижтимоий тармоқлар орқали тарқатардилар. Ушбу дует катта шов-шув, реклама ва пулсиз ҳам машҳурликка эришиш мумкин эканлигини исботлади.
2016 йилда тақдим этилган «Ҳажиме» ва «Ҳажиме 2» албомлари мухлисларга жуда маъқул келди, халқ вакиллари орасида ўтказилган сўровномаларда дуетни «Йил кашфиёти» сифатида эътироф этишди. Айнан шу йили «Тамада» номли янги композиция тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Шу тариқа дует ижрочининг янги ҳаёти бошланди. Шахсий ҳаёт
MiyaGi китоб ўқиш шайдоси. Унинг айтишича, ҳар бир репер кўпроқ китоб ўқиши керак, сабаби китоблар дунёқарашни кенгайтириш ва қўшиқлар матнининг такрорланмас бўлиши учун ёрдам беради. Азаматнинг севимли ёзувчиси – Оскар Уайлд.
Азамат Кудзаев уйланган, аммо шахсий ҳаёт масаласида кўп гапирмайди. У ўз рафиқасини тиббиёт олийгоҳида ўқиб юрган вақтлари учратган. Қиз бу вақтда аёллар шифокори бўлиш учун таҳсил олаётган эди.
2016 йилда MiyaGi ўғил фарзандли бўлди. Энг қизиғи, реперлар учун салкам «зарурий» элемент бўлмиш татуировкалар тушунчаси MiyaGi учун мутлақо бегона. У шу вақтга қадар бирор марта ҳам татуировка чиздирган эмас. MiyaGi оталик бахтидан масрур бўлган дамларда, 2017 йилнинг 8 сентябрь куни унинг ҳаётида кутилмаган бурилиш ва фожиа юз берди. Ижодкор бу вақтда кўп қаватли уйнинг 9 қаватида ҳаёт кечирарди, уйнинг деразасидан унинг 1,5 ёшли ўғли пастга йиқилиб тушди. Болакай тез тиббий ёрдам хизмати етиб келгунига қадар вафот этди. Фожиа кўплаб гувоҳлар кўз ўнгида содир бўлган, болакай уйни шамоллатиш учун очиб қўйилган дераза токчасига чиқиб олган. Ижодкорнинг рафиқаси ошхонага чиқиб келгунига қадар деразанинг дастагини очган ва пастга қулаган. Унинг омон қолишига умид йўқ эди.
Болакайнинг пастга қулаётганини шу ердан ўтиб кетаётган хат ташувчи кўриб қолган. Орадан бир неча дақиқа ўтмай репернинг рафиқаси пастга югуриб тушган, орадан бир соат ўтиб Азамат ҳам уйига етиб келган. Шифокорлар унга ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилганлар. Аммо, қаттиқ азоб чекаётган ота атрофдаги тўсиқларни яксон қилиб ташлаган. Шундан кейин Азамат карерасини вақтинча тўхтатганини маълум қилган.
Мухлислари уни қўллаб-қувватлаш учун репернинг ижодга қайтишини илтимос қила бошладилар. MiyaGi бир неча йилни сукутда ўтказди. Ниҳоят ўзида қайтадан куч топди ва ижодини давом эттирди. Бугунги кунда унинг кўзларида аллақандай ғам борлиги билиниб туради… Бу унинг тароналарида ҳам яққол сезилади. Қўшиқларининг аксариятида дард, оғриқ, айрилиқ куйланади. Балки мухлислар уни айнан шунинг учун ҳам яхши кўришар… Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|