Биринчи хотинимдан айланай!
Касалхонадаги палатамда юракдан ноли-иб ётувдим, телефоним жиринглаб қолди. Шоша-пиша гўшакни кўтардим.
Биринчи хотиним экан. Унинг феълини билардим. Қачонки, иши тушсагина қўнғироқ қилади.
— Тузукмисиз? — товуши анча мулойимлашибдими, юмшоқ супургидек майин оҳангда сўради у. — Юрагингиз безовта қилмаяптими?
Очиғи, саволидан сал ғашим келгандек бўлди. «Тезроқ тугата қолсайди гапини», деган хаёл миямга урилиб, афт-ангорим буриша бошлади. Биринчи хотиним ҳам гўё ҳолатимни пайқаган каби боя айтганимдай, мақсадга ўтиб қўя қолди.
— Сизнинг номингизга хат келди, — деди у оғир хўрсиниб. — Ўқиб кўрсам, қанақадир миллий банкдан экан.
— Миллий банк? — мен дафъатан сергак тортиб телефонни қулоғимга қаттиқроқ босдим… Ахир бу жа каттакон банклардан-ку!..
— Нима деб ёзишибди хатда? — сўрадим қизиқишим ортиб. — Ўқидингми?
— Ҳа, қанақадир омонатингиз бор экан уларда. Шуни тез бориб олишингиз зарур экан.
— Омонат? Қанақа омонат? Қанча экан?
— Қанчалигини айтишмаскан. Демак, катта пулдир-да!..
«Катта пул» деган жумласини эшитганимдаёқ юрак қурмағур бир силтаниб олди.
— Шунақа дегин? — ўзимни аранг босиб савол ташладим. — Энди нима қилса бўлади-а?
— Нима қилардингиз? Бориб олишингиз керак-да!
— Мен… Даволанишдаман-ку! Қандай қилиб бораман у ерга?
— Шунинг учунам ўзим қўнғироқ қилдим-да, — янада жонланди биринчи хотиним. — Беш минути кам миллионер бўлиб қолдингиз шекилли. Негадир юрагим шундай деётгандай бўляпти.
— Йўғ-э…
Вей, пул деганлари сариқ шайтондан ҳам шумроқми, биринчи хотинимнинг сўнгги сўзларини эшитгач, юрагим така-пука бўлиб қолди…
Ростданам-а… Миллионер бўлсам-а?!. Ахир, бу банк жуда каттакон банклардан. У ерга казо-казоларгина боришади…
— Аниқ айтишмадими қанчалигини? — ижикилаб қайта сўрадим. — Балки мендан яшираётгандирсан-а?
— Ўлибманми яшириб? — норозиланди биринчи хотиним. — Уларнинг ҳақи йўғакан. «Келганда биласизлар», дейишди… Менга қаранг, агар долларда миллионер бўлсангиз, нима қилардингиз? — биринчи хотиним бу гапларини кулги аралаш айтди. Аммо мен унинг феълини беш қўлдай билардим. Очиқчасига сўрай қолдим.
— Ҳойнаҳой, беҳуда қўнғироқ қилмагандирсан? Арра қилиш ниятинг бордир-а?
— Албатта бор, — деди у. — Ўғлингиз уйланадиган бўлиб турибди. Элликка эллик қилсангизам камайиб қолмайсиз. Баҳонада болаларингиз бир нимали бўлиб қолишади, бойвачча!..
Биринчи хотиним охирги сўзни жиддий оҳангда тилига кўчирганди. Вей, одамга ғалати сингаркан «бойвачча» деган сўз. Танам қизиб, томоғим қуруқшаб, тилим танглайга ёпишгандек бирпас каловланиб қолдим. Лекин дарров ўзимни қўлга олдим.
— Бўпти, унда келақол, — дедим гапни калта қилиб. — Мен шу ердаман.
— Арра қиласиз-а? — сўради биринчи хотиним ишонқирамай. — Овора бўлганимга яраша…
— Қиламиз арра! Келавер! Менга ўша пулларнинг ярмисиям етади…
Фаришталар омин деганда…
Мен шу тобда гўё ҳушимда эмасдим. Юрак оғриғиниям унутгандим. Ўрнимдан туриб нуқул ҳофизлардай ашула айтворгим келарди…
Ахир… Мен ростакамига бойваччага айлана бошладим. Буни биринчи хотинимнинг ҳовлиқишиям исботлаб турибди. У аёл фақат катта пулнинг дарагини эшитгандагина ҳовлиқади. Демак, рост. Бир балоси бўлмаса, у ҳакиллаб келиб ўтирмасди… Наҳотки, менам бойиган бўлсам? Бошлиғим ҳадеганда «бой ака» деб чақирарди. Фаришталар омин деб юборибди-да!..
— Эҳ, босс, — дедим овоз чиқариб. — Жа ажойиб одамсиз-да ўзингизам! Бойиши умуман мумкин бўлмаган, бойлик деган баччағарни тушидаям кўрмайдиган мендай ғарибни бир-икки оғиз гап билан бой қилиб ўтирибсиз-а!..
Ҳа, айтганча, таваккалига бир чамалаб қўяверай! Масалан, миллий банк дегани ҳақиқатан катта даргоҳ. Бу банкка манаман деган бойваччалар пул қўяди. Телефон орқали айтмаган бўлишса, сира иккиланмасам бўлади… Хў-ўш, башарти икки юз миллион кўкида бўлса, ярмиси юз миллион… Уф-ф, худойим, ишқилиб, юракни бир баҳя бақувват қилиб тургин! Шарманда қилмагин! Фалончи катта пул ҳовурини кўтара олмай ўтиб қолибди дейишмасин ишқилиб!..
Хуллас, то биринчи хотиним келгунча тинчий олмадим. Хаёлнинг минг бир кўчасига кириб чиқдим…
«Ўв, мен бойваччаман!..»
Илгари биринчи хотиним бир кунда ишлаб топганини хонтахта устига ташласа, менинг бир ойлик маошим бу пулларнинг орасида кўринмай кетарди. Шунинг учун тили узун эди. Биз бўлсак, икки қўлимизни кўксимизга босишга маҳкум эдик. Минг шукр, бу гал тарозининг мен турган палласи оғир келди. Биринчи хотиним мени кўрди дегунча машинадан сакраб тушди-да, мулозамат билан олд эшикни очди. Шу лаҳзаларда умрим бино бўлиб биринчи марта ўзимни ҳақиқий эркаклардек мағрур ҳис этдим. Машинага аста ўтирарканман, бойваччалар каби у билан бош силкитиб саломлашдим. Ва ишхонамдаги ҳамкасблар, ҳурматли бошлиқ, қадрдон ўринбосар, азиз директор кўз ўнгимда гавдаланиб, хаёлан уларга сўз қотдим.
«Азизлар, нима десангиз денг. Сир очиладиган бўлиб турибди. Мен бойваччаман!..»
Сирли қарашлар
Ҳа, тахминим тўғри чиқди. Миллий банк росманасига ҳашаматли, серсавлат экан. Кассалар қаршисида турганлар ҳам ўзига етгунча башанг кийинган, асосийси, бойваччаларга хос сипо ва қовоқларидан қор ёғяпти. Мен ҳам ўшаларнинг олдида шарманда бўлмаслик ниятида худди улар каби қовоқ уйдим, қарашларимга ҳам сирли тус бердим.
Менга хизмат қиладиган қиз жиккаккина, совуққонгина экан. Тўғри-да, шундай жойда ишлайди-ю, совуққон бўлмайдими…
Лекин барибир юрак типирчилайверарди. Қанча пулга эга чиққанимни жуда-жуда билгим келарди. Миқдорни эшитгач, ҳушимдан кетишим, комага… Ишқилиб алламбало ҳолатларга тушиб қолишим хаёлимгаям келмаётганди.
— Ўзи қанча пулим бор? — охири бардошим тугаб қизга савол ташладим. Бироқ бойваччаларга хос сиполикни йўқотмадим.
— Буни кейинроқ биласиз, — деди қиз қоғоздан бош кўтармай. — Олдин манави ҳужжатларга имзо қўйинг!.. Дарвоқе, пулларни валютада оласизми ё сўмдами?..
Шу саволи энсамни қотирди… Ие, бу нима дегани? Мендай ватанпарварга шунақа савол берадими? Бу, ахир, унча-мунча банкларданмас, миллий, ростакам ўзбекона банк-ку! Қолаверса, халқда «ўзбекмисан, ўз ошингни ич!» деган ажойиб нақл бор. Шундай экан, сўм ҳам тешиб чиқмайди…
Тағин жаҳдимни ичга ютиб, қоғозга имзо қўйдим. Қиз шундан сўнг менга бир ола қараш қилди-да, бошқа бир қоғозни олдимга ташлади…
Ишонинг, қизнинг шу қараши жаҳдимни қўзғади. Аммо нима қилай? Бойваччалар чидамли, оғир-босиқ, бўлар-бўлмас вазиятларни менсимайгина ўтадиган бўлиши лозим. Шунинг учун мен ҳам худди ҳеч нарса кўрмагандек бепарволик билан қоғозни қўлимга олдим. Худди шу ерда менинг бойликларим қанчалиги ёзилганди…
Сира кўзларимга ишонмай, рақамларга қайта-қайта назар ташладим. Юрагим увиша бошлагандек, бошим ғовлаётгандек туйилиб, бир қўлимни кассанинг тахта тўсқичига тирадим.
— Бу… Қанча ўзи? — сўрадим зўрға. — Сиз… Айтиб бера оласизми?..
Қиз эса мени эшитмаганга олди-ю, қўлимга бир парча қоғозча тутқазди.
— Ҳов анави ёққа бориб ўнгга қайрилсангиз касса бор, — деди у ҳануз қовоқ уйиб. — Бўла қолинг, ҳозир тушликка чиқиб кетишлари мумкин!..
Кассанинг қаршисида икки эркак даста-даста пулларни қопга жойлаётган экан.
Шитоб билан бордим-да, бор овозда қичқирдим:
— Йўлни бўшатларинг! Катта «сумма» келди! Қоч йўлдан!..
Ҳа, окаси, мана шу ерда менинг миллионерлик лаҳзаларим якун топганди.
Кассир аёл кулимсираганча қўлимга тўртта икки юзталик қоғоз пулни тутқазди.
— Ока, узр энди, майда пулимиз йўқ эди, — деди аёл баттар ғашимни қўзғаб. — Уч сўм-у етмиш тўрт тийин қарз бўлдик. Рози бўлиб қўясиз!..
Мен қулоқларим том битган каби ҳеч бир шовқин, товушни илғамай, ташқарига чиқдим-у, машина қаршисида менга умидвор тикилиб турган биринчи хотинимга ёвқараш қилдим ва қўлимдаги тўртта икки юзталикни ўғлимга тутқаздим. Зарда билан машинанинг олд ўриндиғига ўтирарканман, аламли ва дардли шивирладим:
— Болам, шу пулга яна икки юз сўм қўшиб муздай сув олиб бергин! Пулнинг ҳовури босилмаяпти! Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|