Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғонида 1 май соат 5:55 да бузилиш юз бериб, унинг атрофидаги ҳудудда вайронкор сув тошқини кузатилди. Шу куни «Ўзбекистон 24» телеканали исми ошкор этилмаган мутахассисларга таяниб, фалокатга кечаси кузатилган кучли ёмғир ва шамол сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини хабар қилди. Ўз навбатида, Ўзбекистон сув хўжалиги вазири ўринбосари Воҳиджон Аҳмаджонов бу тахминни тасдиқлаб, фалокат «кучли ёмғир ва шамол натижасида вужудга келган тўлқин лойиҳавий режадан ортиқ бўлиши натижасида келиб чиққан»ини, бу техноген ҳодиса эканини таъкидлаган эди, деб ёзмоқда Daryo нашри.
Айни вақтда ўзбекистонлик метеорологларнинг кузатувига, шунингдек, об-ҳаво маълумотлари таҳлилига ихтисослашган оммабоп онлайн-хизматлар ахборотига кўра, нафақат фалокат юз берган оқшомда, балки ундан аввалги бир неча кун давомида ҳам Сардоба сув омбори жойлашган ҳудудда унинг сув сиғимига кескин таъсир қилиши мумкин бўлган миқдорда ёғингарчилик кузатилмаган, шамол тезлиги эса фақат уч сутка аввал сониясига 15 метрдан юқори бўлган.
Наманган Гидрометеорология бўлими раҳбари Эркин Абдулаҳатовнинг Сардоба сув омборига энг яқин (27 километр) жойлашган Янгиер метеорологик кузатув станцияси маълумотларига таяниб маълум қилишича, ҳудудда 28 апрель куни ёғингарчилик кузатилмаган, шамолнинг тезлиги сониясига 17 метргача етган. 29 апрель куни соат 8:00 дан 30 апрель соат 8:00 гача бўлган оралиқда ҳудудга 45 миллиметр ёмғир ёққан, шамолнинг тезлиги сониясига 12 метргача кучайган. 30 апрель куни соат 8:00 дан 1 май соат 8:00 гача бўлган оралиқда (фалокат 1 май соат 5:55 да юз берган) ёғингарчилик кузатилмаган, шамолнинг тезлиги энг кучайган вақтда сониясига 8 метрга етган, фалокатдан олдинги 10 соат давомида эса тезлик сониясига 2 метрдан ошмаган.
Эркин Абдулаҳатовнинг таъкидлашича, Янгиер станциясидаги кузатувлар тарихида шамол тезлиги бўйича рекорд сониясига 36 метрни ташкил этади, бироқ фалокат арафасида бундай тезликда шамол кузатилмаган. «Сониясига 2 метр ёки бир кун аввалги 12 метр тезликдаги шамол сув омбори юзасидан тўлқинлар ҳосил қилиши учун важ бўлмас. У даражада кучли ҳисобланмаса-да, 27 апрель куни сониясига 17 метрни ташкил этган шамолдаги тўлқинлар ҳосил қилган ҳолат сув омбори тўғони деворларига уч суткадан сўнг таъсир қиладими? Мантиқ йўқ», — дейди метеоролог-синоптик.
Синоптикнинг қайд этишича, 29 апрель куни кузатилган 45 миллиметрлик ёғин миқдори, ҳақиқатан ҳам, кўп. Аммо бу майдони 60 квадрат километрдан ортиқ бўлган сув омбори юзасига «бор-йўғи 2,7 миллион метр куб сув тушганини англатади». «Умумий ҳажми 900 миллион метр куб сувни сиғдира оладиган сув омбори учун бу қиймат (0,3 фоиз) қандай таъсир этиши мумкин? Бу ҳам ўзини 100 фоиз оқламайди», — дейди Абдулаҳатов. Унинг қўшимча қилишича, Сардоба сув омборининг сув олиш манбаси канал ҳисобланади — у сой ёки сел ўзанларидан сув олмайди; каналдаги сувни «доим жиловласа, бошқарса бўлади», шу боис, метеоролог-синоптикнинг таъкидлашича, ташқи муҳитда пайдо бўлган сув оқими (сел ёки сув тошқини) сув омборига хавф туғдирмайди.