Нозима туни билан кўз юммади. Болалар уйидан кетаётгани учун эмас, бу маскандан чиққач, ҳоли не кечишини ўйлаб қайғурди.
Гўдаклигидан шу ерда ўсди. Еб-ичишдан, кийим-кечакдан камлик кўрмади. Меҳрибон тарбиячилар уни оқ ювиб, оқ тарашди. Бироқ бемеҳр ота-онасининг қиёфасини тасаввур этишга уринган пайтлари юраги аламга тўларди. У бошқа қизлар каби ўзга ота-онага талпинмади, уларга ёлвормади. Кимлардир уни олиб кетишидан умид қилмади. Қалбидаги алам уни ҳамма нарсадан совитди. Ҳатто ўқишга, ҳунар ўрганишга ҳам қизиқмади. Барчасига қўл силтаб яшайверди. Энди-чи?.. Бугун биринчи марта «Энди нима қиламан?» деган савол билан тўқнашди. Афсуски, пушаймонлар унга суянч бўлолмайди. Эртадан бошлаб ҳаёт қозонида қайнашга маҳкум.
«Яхшиям болалар уйи раҳбарлари ётоқхонани биздан дариғ тутишмади, — деб ўйлади Нозима эрта тонгда ўтказилган хайрлашув кечасидан сўнг вақтинчалик ажратилган ётоқ томон ғамгин бораркан. — Акс ҳолда, мен каби аросатда қолганлар ё вокзалда, ё катта йўл бўйларида ётиб кун кўрармиди… Ишқилиб, хор бўлмай-да!..»
Шу пайт йигирма қадамча нарида йигирма ёшлар атрофидаги узун бўйли, жингалаксоч бир йигит пайдо бўлди ва у кулимсираб Нозима томон кела бошлади. Йигитнинг кулимсираб турганини кўрган қизнинг юрагидаги дардлари бироз аригандек бўлди. «Ёқимтой экан», — ўйлади ўзича Нозима.
— Яхши қиз, мунча ёқимтойсиз? — ҳамон кулимсираб Нозиманинг йўлини тўсди йигит. — Келинг, танишайлик!..
— Танишиб нима қиласиз? — гарчи ич-ичидан шуни истаб турган бўлса-да, атайин сўради Нозима. — Мен дуч келган одам билан танишиб кетавермайман.
— Исмим Тоҳир. Сизни оз-моз бўлса-да, биламан. Болалар уйидансиз. Топдимми? — деди Тоҳир ҳамон кулимсираб.
— Нима қипти? — қовоғини уйди Нозима.
— Ҳеч нарса… Ҳозир ётоқхонага кетаяпсиз, — давом этди йигит. — Балки у ёқ-бу ёққа бориб ўтирармиз? Нима дейсиз?
— Вақтим йўқ.
Йигит туйқусдан Нозиманинг икки билагидан тутди.
— Биласанми, — деди сенсираб, — сени ёқтириб қолдим. Жуда жозибали экансан. Билиб қўй, агар севгимни рад этсанг, ўзинггаям, менгаям жабр қиласан…
— Илтимос, йўлимни тўсманг! — йигитнинг дадиллигидан бўшашди Нозима. — Ётоқхонага кириб, хона олишим керак ҳали.
— Мен сени бугун кечқурун соат еттида хиёбонда кутаман. Борасанми?
— Билмадим…
— Бормасанг, ўзингдан кўр! Ётоқхонангга бостириб кираман.
Нозима ортиқ сўз демай мийиғида кулиб, йўлида давом этди.
***
Ётоқхонадаги шароит унчалик яхши эмас экан. Тайёр ванна, ошхонага кўникиб қолган қизлар тор йўлакларни, сувоқлари кўчган каталакдек ошхонани кўргач, хомуш тортиб қолишди. Бироқ шундан яхшироқ жой топа олмасликларини яхши билганлари учун дардларини ичга ютишди. Энди улар шу ерда яшаб ўзларига муносиб иш топишлари, ўз ҳаётларини ўзлари қуришлари керак.
— Майли, — деди Нозима асабийлашиб, хонани гир айланаётган дугонаси Гавҳарни юпатишга уриниб. — Бир кунимиз бўлса кўрармиз. Сенинг қўлингда ҳунаринг бор. Қўли гул сартарошсан. Мен-чи? Қаерга бош уриб бораман. Ким мени ишга олади?
— Официанткалик қиласан, — деди Гавҳар малла сочларини тўғрилаш асносида. — Ҳунаринг бўлмагандан кейин, қиласан-да дуч келган ишни!
Нозима Тоҳир билан бўлиб ўтган суҳбатни эслаб дугонасини туртди:
— Гавҳар! Маслаҳатинг керак бўп қолди.
— Вой, қанақа маслаҳат? — ҳайрон бўлиб унга боқди Гавҳар. — Айтақол! Нима бўлди?
— Биласанми, мени бир йигит учрашувга таклиф қилди… Борсаммикан, бормасаммикан?.. Бошим қотиб қолди.
— Йигит?.. Ким экан у? Исми нима?
— Тоҳир! — дея ғурур билан жавоб қилди Нозима. — Баланд бўйли, келишган.
— Тўхта, сочлари жингалак эмасми?
— Ҳа. Танийсанми уни?..
— Танимай ўлибманми? — деди Гавҳар лаб буриб. — Ўғри-ку учига чиққан!
— Қўй-э, — кулиб юборди Нозима. — Топган гапингни қара! Ўғримиш…
— Ишонмасанг, бошқа қизлардан сўраб кўр! Тоҳир ғирт безори, учига чиққан чўнтаккесар. Детдомдаги болаларнинг ҳаммаси ундан қўрқарди…
— Шунақами? — Нозима бўшашиб каравотга ўтириб қолди. — Майли… Бу дунёда заринг бўлмасаям, зўринг бўлсин, деган гап бор… Мен учрашувга чиқаман!
***
Нозима хиёбонга кириб келаркан, юраги безовта урар, қалтис хатога йўл қўймаяпманмикан, деб ўйлаб ҳам кўрмасди. Фақат меҳрга ташна қалби титраб, уни олдинга етакларди.
Тоҳир қизга бир даста гул тутқазди:
— Келмайсан деб ўйловдим. Бу гуллар сенга!
— Вой, менгами?..
Умрида ҳеч қачон гулдаста олиб кўрмаган Нозиманинг кўзлари чақнаб кетди.
— Албатта, сенга. Арзийсан.
Нозима гулларни маҳкам бағрига босиб, бош эгди.
— Хўш, нима гапингиз бориди менда? — сўради мулойимлик билан.
— Бу ерда айтмайман, — деди Тоҳир атрофга аланглаб. — Қара, ҳаммаёқ одамга тўла. Яхшиси, юр, меникига борамиз!
— Сизникига? Нега?..
— Нима, қўрқаяпсанми?
— Қўрқув менга бегона, — қатъийлик билан жавоб қилди Нозима. — Мен фақат Худодан қўрқаман.
— Унда кетдик!.. Ўша ерда гаплашамиз!
***
— Қани, киравер! — дея Нозимани елкасидан тутиб ичкарига бошлади Тоҳир. — Мана шу бир хонали квартира менинг уйим. Фақат… Ичкари йиғиштирилмаган. Хафа бўлмайсан.
— Нега стол тузаб қўйдингиз? — сўради Нозима ўртадаги хонатахтага ишора қилиб. — Бировни кутаяпсизми?
Тоҳир кулиб юборди.
— Жиннивой, сендан бўлак кимниям кутардим? Ўтир, тортинма! Ҳозир… Шампанни очай!
— Мен умримда ичмаганман. Керакмас, очманг, — деди Нозима.
— Бекорларни айтибсан! Мен сўзимни икки қилганларни ёмон кўраман. Ўтир!
Қиз ноилож диваннинг бир четига чўкди. Тоҳир эса эпчиллик билан шишани очди-да, қадаҳларни тўлдириб вино қуйди ва бирини Нозиманинг қўлига тутқазди.
— Ич! — деди сал дағаллашган кўйи. — Қани, ол, агар мени десанг, ичасан!
— Демасам-чи? — Нозиманинг қайсарлиги тутиб, қадаҳни хонтахтага қўйди. — Хўш, нега индамайсиз?
— Демай бўпсан! — Тоҳир унинг майин сочларини ғижимлаб юзидан ўпди. — Мен аждаҳоман! Комимга тушган кимса ҳеч қачон қутула олмайди.
— Аждаҳо?.. Ха-ха-ха!..
Нозима бу ҳазиломуз гапдан қотиб-қотиб кулди.
Тоҳирга эса бу кулги айни муддао бўлди. У шампанни ҳам унутиб, Нозимага интилди.
— Биласанми, — дея хириллаб қизнинг юз-кўзидан ўпа бошлади у, — сен фақат меники бўлишинг керак. Фақат ўзимники… Ўзимники…
Йигитнинг қайноқ тафти, эркалашлари қизнинг вужудида нозик ҳисларни қўзғатиб юборди…
У ўзини буткул Тоҳирнинг ихтиёрига топширди…
***
Орадан уч ой вақт ўтди. Нозима ҳануз ишсиз эди. Вақтини Тоҳир билан ўтказар, кечқурун хуфтонга яқин хонасига кириб келарди-да, ўзини каравотга ташлаб, ширин ўйлар уммонига ғарқ бўларди.
Бироқ якшанба кечаси негадир кўнгли айниб, ўқчий бошлади. Хонадошлари Гавҳар билан Нодира аввалига унга эътибор беришмади. Қур-қур ўқчиб ваннахонага чопавергач, ўртага олишди.
— Сенга нима бўлди? Бирор еринг оғрияптими?
— Йўқ, ҳеч қаерим оғримаяпти, — деди Нозима бош чайқаб. — Ёқмайдиган овқат еб қўйганга ўхшайман.
— Бекорларни айтибсан! — гапни илиб кетди Нодира. — Бўйингда бор!
Нозима хонадошига ҳайрат аралаш боқди:
— Нима?.. Жинни бўлганмисан? Бу нима деганинг?..
— Нози, — Гавҳар унинг елкасидан тутиб, каравотга ўтқазди. — Очиғини айт, Тоҳирминан ораларингда бирор гап бўлганмиди?..
Бирпаслик сукутдан сўнг Нозима бошини кўтариб, дераза томон юз бурди.
— Ҳа, бўлиб турганди.
— Қанча бўлди?..
— Эсимда йўқ… Икки ойча бўлгандир-да!..
— Тушунарли, — деди Нодира унинг тепасига келиб. — Нози, тез дўхтирга учраш! Рўйхатда турмасанг, туғруқхонага қабул қилишмайди.
— Туғруқхонада пишириб қўйибдими менга? — уни қайириб ташлади Нозима. — Бола бўлган бўлса, олдириб ташлайман.
— Аҳмоқ бўпсан! — қичқириб юборди қизлар бараварига. — Худо ҳаммагаям беравермайди фарзандни. Туғасан!
— Нима? Ўйлаб гапираяпсизларми? Қайси ҳолимга туғишим керак? На жойим, на ишим бўлса… Йўқ, шу бугуноқ дўхтирга учрашман-да…
— Қайсарлик қилма! — деди Гавҳар. — Биз ўзимиз ёрдам берамиз. Мана шу ерда боқамиз болангни!.. Эҳ, ўзимниям фарзандли бўлгим келди, сени кўриб!..
Нозима индамади. Барибир ҳомиласини олдириб ташлашни кўнглига тугиб қўйди.
***
Эртаси куни тонгдаёқ Нозима оёғини қўлга олиб поликлиникага чопди. Врач текширувига кириб бораркан, юраги потирлар, «Ишқилиб, рост бўлмасин!» деган ўй миясида ғужғон ўйнарди.
Ўрта яшар, кулча юзли врач текширувларни тугатгач, қоғозга нималарнидир ёзди-да, Нозиманинг қўлига тутқазди.
— Ҳомилангиз икки ойлик бўлиб қолибди, — деди у Нозимага сирли боқиб. — Ўзингизни эҳтиёт қилинг. Манави йўлланма! Албатта, сақланишга ётишингиз керак.
— Йўқ, — деди қатъийлик билан Нозима, — мен болани олдириб ташлайман.
— Бу нима деганингиз? — тутақиб кетди врач. — Ўйлаб гапираяпсизми? Кейинги тақдирингизни ўйланг, синглим! Бир умр бепушт бўлиб қоласиз-ку!
— Майли, — деди Нозима нигоҳини бир нуқтага тикиб, — пешонамдан кўрдим!..
— Бўпти, бўпти, боринг! Ҳадеб асабимни бузавермасдан, бориб дамингизни олинг!
***
Нозима кечгача нима қилишини билмай хуноб бўлди. Тоҳирга айтишга ҳам қўрқарди. Илгари кўп эшитган. Эркаклар бундай хабарни эшитгач, дарҳол тўнларини тескари кийиб, ҳомилани олдириб ташлашга ундашаркан. Ёки шўрлик аёлни икки йўл орасида қолдириб, жуфтакни ростлашаркан.
«Яхшиси, олдириб ташлаганим маъқул, — ўйлади Нозима. — Тоҳир акамдан айрилиб қолишни истамайман. Қолаверса, ишламасам, тайинли жойим бўлмаса, бола билан қай эшикка бош суқиб кираман?..»
Шу тобда хонага Гавҳар ҳовлиққанча кириб келиб, бир муддат остонада тош қотиб тургач, Нозиманинг қаршисида тўхтади.
— Нози, бир гап айтсам, хафа бўлмайсанми? — сўради у шивирлаб. — Тўғрисини айт, хафа бўлмайсанми?
— Вой, нега хафа бўлай? Нима гап ўзи? Нега рангинг оқариб кетди?..
Гавҳар яна бир неча сония сукут сақлагач, тилга кирди:
— Шўринг қуриб қолди, Нози!
— Нима?.. Кимнинг шўри қурийди? Гапир!
— Тоҳирни… Хуллас, Тоҳир қамалиб кетибди.
— Қамалиб?.. Қачон? Нимага қамалади?..
Гавҳар жазавага туша бошлаган Нозиманинг елкасидан маҳкам қучди ва каравотга ўтқазиб, тинчлантира бошлади:
— Ахир… сенга айтгандим-ку, у ўғри деб! Қулоқ солмадинг. Мана, оқибати… Ҳозиргина менга Йўлдош ака деган танишим айтиб қолди. Дўконни ўмараётганда қўлга тушибди…
— Ёлғон! — беихтиёр қичқириб юборди Нозима. — Алдаяпсан! Мени Тоҳир акадан совитиш учун шу гапни топгансан! Ёлғон!..
— Ўзингни бос, дугонажон! Сенга асабийлашиш мумкин эмас, тушунаяпсанми? Тинчлан! Ма, сувдан ичиб ол!..
Нозима дугонасининг қўлидаги пиёлани олиб, зарб билан деворга қараб отди ва югуриб кўчага чиқиб кетди.
***
Гавҳар ҳақ эди. Тоҳирнинг квартираси қулфлоғлиқ экан. Қўшни кампир уни милиционерлар олиб кетганини айтгач, ҳафсаласи пир бўлган Нозима ортга қайтишга мажбур бўлди.
Хўш, энди нима қилади? Биттагина суянчиғи ҳам қамалиб кетган бўлса…
Ўша кундан бошлаб Тоҳирдан дарак бўлмади. Нозима уни топа олмади. Милиция бўлимига бормоқчи бўлди-ю, «Сен ҳам унинг ҳамтовоғимисан», деб суриштириб қолишларидан қўрқди.
У умуман боши берк кўчага кириб қолгандек эди. Қалби ҳувиллаб, миясида турли-туман даҳшатли хаёллар айланарди…
Нозима ҳануз ҳомила масаласида бир қарорга кела олмаганди. Боласининг кейинги тақдири қандай кечишини тасаввур қила олмасди. Устига-устак, Тоҳирдан айрилиши Нозимани оғир аҳволга солиб қўйганди.
Дугоналаридан қарз кўтаравериб, юзида юз қолмади.
Шундай дардлар билан ой-куни яқинлашиб, туғруқхонага ҳам тушди…
Туғруқ жуда оғир кечди. Ўзини ўнглаганда қўшни каравотдаги аёлларнинг чақалоқ эмизишини кўриб, кўнгли эзилди..
Ўшанда унга айтишмаганди. Анча қон йўқотгани боис, ҳушини йўқотган ва улар сал ўзига келиб олишини кутишарди.
Ниҳоят, бош врач — барваста, қора сочли аёл палатага кириб, Нозиманинг тепасига келди.
— Сиз қизли бўлдингиз, синглим! — деди мулойимлик билан у. — Табриклайман!.. Бироқ… Суриштириб билсам, турар жойингизнинг тайини йўқ экан. Бунинг устига, болага гувоҳнома олиш лозим. Отаси бўлмаса, қандай оласиз?..
— Билмадим, — деди Нозима кўзида ёш ғилтиллаб. — Мен ҳеч нарса билмайман… Мени тинч қўйинг, опа!
— Майли, тузалаверинг!.. Бола хусусида бир фикрга келсангиз, менга билдириб қўярсиз…
Врач эндигина кетмоқчи бўлганди, Нозима уни тўхтатиб қолди.
— Опа… — деди ҳамон йиғламсираб. — Менинг на тайинли ишим, на уйим бор. Илтимос, болани шу ерда қолдиришга рухсат беринглар!.. Мурғак гўдакни кўтариб, кўчаларда сарсон қилмоқчи эмасман.
— Шундайми?.. — бош врач бир муддат ўй сурган бўлиб давом этди. — Хўп, унда мен зарур ҳужжатларни тайёрлаб, сизга олиб кираман. Гувоҳлар иштирокида имзо чекасиз. Ана ундан кейин бемалол касалхонани тарк этаверасиз…
Врачнинг бу гапини эшитган бошқа аёллар Нозимага ўғринча қараб қўйишди.
***
— Қани, ойижонлар, чақалоқларингизни бир эмизиб беринглар-чи!..
Орадан ярим соатча вақт ўтгач, туғруқхона ҳамшираси қўлларида икки чақалоқни қучоқлаб, палатага кириб келди.
Уни кўриб, Нозиманинг юраги безовта ура бошлади.
— Наҳотки бу менинг болам?..
Шу савол қалбининг аллақаерида жаранглаб, даст ўрнидан турди.
Ҳа, чақалоқларнинг бири унинг фарзанди экан. Жажжигина қизалоқни ҳамширанинг қўлидан олиб бағрига босаркан, вужудини ёқимли титроқ эгаллади. Нафас олиши тезлашиб, оналик ҳиссидан юраги ширин энтикди ва худди ундан кимдир болани тортиб оладигандек маҳкамроқ қучоқлаб, шоша-пиша кўкрак тутди.
«Худойим-эй, Тоҳир акамга қуйиб қўйгандек, ўхшайди-я, — ўйларди Нозима фарзандининг юзларини меҳр билан силаб. — Менга нималар бўлаяпти ўзи? Наҳотки шундай ширин мавжудотдан юз ўгиришни хаёл қилган бўлсам? Мен-а?.. Йўқ, боламни ҳеч кимга бермайман! Кўчаларда сарсон бўлсам ҳам, уни бировга бермайман!.. Исмини Ниҳол қўяман. Ҳамиша ёш ниҳолдай гуркираб юрсин!..
Ҳамшира чақалоқларни йигирма дақиқадан сўнг олиб кетгач, яна палатага бош врач қўлида жилд билан кириб келди.
— Қани, Нозимахон, манави ерга имзо чекиб юборинг-чи! — деди у кулимсираб. — Нега қараб турибсиз? Имзо қўймайсизми?..
— Йўқ, — деди Нозима, — боламни ҳеч кимга бермайман. Ўзим билан олиб кетаман.
— Нима?.. Аҳмоқлик қилманг!.. Қаердан олдингиз бу гапни?.. Озода опа! Қаердасиз?..
Бош врач йўлакка чопқиллаб чиқиб, айюҳаннос солди:
— Озода опа! Нега болани унга бердингиз? Нега? Мен сизга нима дегандим?..
Шу пайт ҳамширанинг бош врачга жавобан қичқириғи қулоққа чалинди:
— Бола онасини эмиши шартми — шарт! Мен сизнинг бизнесингизни бузиб қўйган бўлсам, бўшатиб юбора қолинг ишдан, тузукми?!..
***
Туғруқхонадан чиққач, бир ҳафта ўтди. Нозима Ниҳолга янада боғланиб қолганди. Тунлари гоҳ Гавҳар, гоҳ ўзи чақалоқ йиғлади дегунча даст ўрнидан туриб, сут қайнатар, сўнгра то ухлаб қолгунча навбатма-навбат аллалашарди.
Лекин шундай кунларнинг бирида Нодира кутилмаганда норози тўнғиллади:
— Нози, хафа бўлмагин-у, боланг кечалари умуман уйқу бермаяпти. Ахир ўзинг тушунасан, эрта тонгда ишга боришим керак! Бир ҳафтадан бери ишдаям мудраб юрадиган бўп қолдим.
Бу гап Нозиманинг юрак-юрагини тешиб ўтгандек бўлди. Дугонасига жавобан нима дейишни билмай гарангсиди… Бир ўзидан, бир тақдиридан нафратланиб кетди. Йўқ бўлиб кетган Тоҳирни хаёлан лаънатлади…
— Йўқ, ортиқ чидай олмайман, — деди ўзига ўзи. — Ниҳолим ўзига тўқ оилада улғайиши керак. У менга ўхшаб хор бўлиб умр кечирмаслиги лозим… Майли… уни соғиниб, бир умр қийналиб, азобланиб яшай… Фарзандим ўйнаб-кулиб юрса бас!.. Балки… Катта бўлганда тушунар…
Нозима иккилана-иккилана бир қарорга келганди. Дугоналари ишга кетгач, чақалоқни яхшилаб йўргаклаб, кўчага йўл олди.
***
Ана, катта йўл бўйлаб ўқдек учиб келган «Мерседес» қандайдир ташкилот биноси рўпарасига келиб тўхтади. Зум ўтмай, эшик очилиб, машинадан ўрта яшар, башанг кийинган эркак, кетидан бўйни, билакларига тилла тақинчоқлар осган, ялтироқ кўйлакли қирқ ёшлардаги келишган бир аёл тушди.
Улар қўлтиқлашиб бино ичкарисига кириб кетишди. Нозима теваракни кўздан кечирди: ҳеч ким кўринмайди. Машина қулоч етмас чинор остида турибди.
«Ўша чинор тагида қолдираман, — хаёлидан ўтказди Нозима. — Кейин… Пойлаб тураман. Бола йиғисини эшитиб, олиб кетишса ажабмас… Худойим, ишқилиб, шарманда қилмагин! Боламнинг бахтини бергин! Мен нобакор бандангни ўзинг кечиргин!..»
Орадан ярим соатча вақт ўтиб, эркак ва аёл бинодан чиқиб, машина томон юра бошлашди. Энди фурсатни бой бермаслик лозим эди.
Нозима қизчасининг икки юзидан ўпа-ўпа шундоқ машина ёнига қўйди ва ўзини чинор панасига олди. Қизалоқ бироз тамшаниб ётди-ю, эркак ва аёл яқин келганда, худди шуни кутиб тургандек чириллаб йиғлай бошлади.
— Ие, бола йиғлаяптими, Холида? — эркак бирдан ҳушёр тортиб, атрофга аланглади.
— Ҳа, Раҳим ака, бола! — аёл машинанинг нарига тарафига ўтди-ю, асфальтда ётган қизалоқни кўргач, югуриб бориб қўлига олди. — Қаранг, чақалоқ-ку бу! — ҳайқирди Холида опа. — Вой, ўзимнинг асалим! Ким сени бу ерга ташлаб кетди-а, ким?..
Раҳим ҳам чақалоқнинг юзларини силаркан, хотинига маъноли қараб олди.
— Холида, ким экан-а ташлаб кетган? Қайси номуссиз аёл бундай қилди экан?
— Э, Худонинг ўзи етказди бу болани! — эрини уришиб берди Холида опа. — Буни ўзимиз асраб оламиз, дадаси! Қаранг, жажжигина экан! Ҳали қирқиям чиқмагандир бу шўрликнинг!
— Нима қиламиз? — сўради Раҳим ака кўнгли ғаш тортганини яшира олмай. — Ҳализамон онаси келиб қолса-ю, бизминан жанжаллашса-чи?
— Жанжаллашадиган бўлганда, ташлаб кетмасди, — деди Холида опа. — Машина эшигини очинг! Қаранг, қорни оч, шекилли!.. Бўлинг тез!..
Аёл қизалоқни бағрига босиб, машинага ўтирди. Уларни панада туриб кутаётган Нозима эса адойи тамом бўлаёзган эди. У нималар қилиб қўйганини энди-энди англаб етганди. Фарзандидан бир умрга айрилиб қолиши муқаррарлигини бутун вужуди билан ҳис этиб, ўрнидан қўзғалган машина томон талпинди. Бироқ… Оёқлари ўзига бўйсунмай, таққа тўхтади ва ҳўнграб йиғлаб юборди.
***
Нозима бир ой зўрға чидади. Сўнгги кунларда кечалари тўлғаниб чиқадиган, чақалоқнинг чириллаб йиғлаган товуши қулоқлари остида жаранглаб, телба қиёфасига кириб қолаёзди. Охири бир қарорга келди: ҳа, ўша хонадонни қидириб боради. Қандай бўлмасин, қизалоғини тортиб олади. Керак бўлса, уларнинг оёқларига бош уради, ялиниб-ёлворади.
Шундай хаёллар билан Нозима ваннахонага кириб, юз-қўлини ювиш учун кранни очди. Шу пайт йўлакдан қадам товушлари эштилди. Нозима сесканиб ортига ўгирилди. Не кўз билан кўрсинки, рўпарасида сочлари қириб ташланган, юзлари кўкарган Тоҳир жилмайиб турарди.
Нозима аввалига кўзларига ишонмай, орқага тисланди ва кафтлари билан юзини беркитиб олди.
— Қўрқиб кетдингми? — Тоҳир секин унга яқин келиб, бағрига босди. — Қани, кўзларимга боқ!
Нозима итоат билан Тоҳирга боқди.
— Нега сўлғинсан? — сўради Тоҳир. — Ким хафа қилди сени? Эшитишимча, болали бўлибмиз. Қани у?..
Нозима жавоб ўрнига юзини тескари бурди. Бироқ Тоҳир уни бир зарб билан ўзига қаратди.
— Бола қани деяпман? Гапир!..
Бу савол Нозиманинг юрагига баттар дард солди. У дод солиб йиғлаганча Тоҳирнинг кўксига бош қўйди.
— Болани… Қизингизни…
— Хўш, нима бўлди?.. Ўлдими? Нима бўлди? Гапир дедим, Нози, гапир!
— Болани… Бировлар опкетиб қолишди.
— Бировлар?.. Ким?.. Нега опкетади? Нега?..
— Тоҳир ака, сиз… Сизни қамалди дейишганди-ку!.. Ростмиди?
— Ҳа, — деди Тоҳир овозини хийла пасайтириб, — гумон қилишганди. Лекин айбимни исботлай олишмади. Қўйиб юборишди. Сен… Саволимга жавоб бер, Нози! Юрагим потирлаб кетаяпти, тушунсанг-чи! Ким опкетди менинг боламни?
— Танимайман… Биз чақалоғим иккаламиз ётоқдагиларнинг жонига тегдик. Бу ёқда иш тополмасдан қийналиб кетгандим. Ахир… болани қандай боқардим? Нафақа берадиган жойларга борсам, иш жой талаб қилишди… Хуллас, болани бир бойваччанинг машинаси олдида қолдириб…
Нозимани икки елкасидан тутиб ўзига қаратди Тоҳир:
— Аҳмоқ! Бу нима қилганинг? Энди нима бўлади?
— Тоҳир ака, мени қийнайверманг! Бўларимча бўлиб юрибман ўзим ҳам. Ундан кўра… болани топайлик. Ниҳолимни қайтариб олайлик!
— Демак, исмини Ниҳол қўйгансан? — деди Тоҳир ҳануз қовоқ уйиб. — Ҳеч қурса, машинанинг давлат рақамини эслаб қолганмидинг?
— Ҳа, эсимда… Бир марта кўрганимдаёқ эслаб қолганман… Тоҳир ака, тезроқ юринг, ўша бино ёнига борайлик! Уларни, албатта, учратамиз!
***
Аламлар гирдобида куйиб кул бўлаёзган икки ёш то кечга қадар шаҳар кезиб, Ниҳолни олиб кетган Раҳим аканинг машинасини қидиришди. Афсуски, топа олишмади.
Ҳафсалалари пир бўлиб ортга — Тоҳирнинг квартирасига қайтишаётганда нимадир бўлди-ю, Нозима беихтиёр ортга ўгирилди ва бақириб юборди:
— Тоҳир ака, ана, машина ўтиб кетди! Қаранг!
— Қани? Қай бири?.. — ҳовлиқиб катта кўча бўйлаб чопа кетди Тоҳир. — Қани машина?
— Ҳов анави «Мерседес»ни кўраяпсизми? Қора рангли! Кўрдингизми?
— Ҳа, кўрдим!
Тоҳир шундай деб такси тўхтата бошлади. Ярқираган «Нексия» оёқлари остига келиб тўхтагач, суриштириб ҳам ўтирмай, машинага ўтирди.
— Чиқ, Нози! — қичқирди Тоҳир. — Тез бўл! Ака, ҳув ўша «Мерседес»нинг кетидан ҳайданг! Фақат тезроқ бўлинг!..
Ниҳоят, «Мерседес» тор кўчага бурилиб ҳашаматли ҳовли рўпарасида тўхтади.
— Тўхтанг! — ҳайдовчига буюрди Тоҳир. — Қанча бўлади?
Ҳайдовчи йўл ҳақини айтди. У шоша-пиша ҳисоб-китоб қилди-да, машинадан тушиб, Нозимани қўлтиқлаб олди.
— Бардам бўл! — тайинлади унга йўл-йўлакай. — Шармандалик қилиб туриб оласан! Кўраяпсанми, бойвачча экан!? Шаллақилик қилмасанг, бунақаларга бас кела олмайсан!
***
Дарвозага яқин келишгач, Тоҳир тугмачани босди. Зум ўтмай зулфин суғурилиб, остонада Раҳим аканинг ўзи ҳозир бўлди.
— Келинглар! — деди у мулойимлик билан. — Хизмат?
Тоҳир «Гапир» дегандек, Нозимани туртди.
— Биз… — тутила-тутила гап бошлади Нозима. — Биз қизчамизни олиб кетгани келгандик.
— Нима? Қанақа қизча?.. Балки адашиб бошқа ёққа келиб қолгандирсизлар?
— Йўқ, — деди қатъий оҳангда Тоҳир. — Бизнинг чақалоғимиз сизларникида. Буни аниқ биламиз. Илтимос, яхшиликча болани беринглар!..
— Шунақами? — лаб тишлаб ер чизиб олди Раҳим ака. — Сизларга бола керакми?.. Қанақа бола? Аниқ биласизларми ўзи?..
Шу орада уларнинг суҳбатини эшитдими, ичкаридан Холида опа чиқиб келди ва Нозимага яқинлашди.
— Ҳа-а, нима керак сенларга? — сўради дағаллик билан. — Нега менинг эримни шантаж қилаяпсанлар?
— Ҳеч ким шантаж қилаётгани йўқ, — Нозиманинг ўрнига жавоб қилди Тоҳир. — Биз ўз фарзандимизни қидириб келдик. Уни олиб кетишимиз керак.
— Бизда ҳеч қанақанги бола йўқ, — деди Холида опа юзини терс буриб. — Ўзларинг катта кўчага ирғитиб кетасанлар-да, кейин югурасанлар.
— Келинингиз аҳмоқлик қип қўйибди-да! — деди Тоҳир сал паст келиб. — Кап-катта одам экансизлар! Тушунинглар ахир!..
Энди гапиришга чоғланган хотинини нари суриб, Тоҳирга юзланди:
— Қани, ичкарига киринглар! — деди у. — Бунақанги гапларни остонада гаплашмайдилар!..
Ҳали остона ҳатлаб ичкарига кирмасларидан хоналардан бирида чақалоқ йиғлай бошлади. Таниш овозни эшитган Нозима бирдан безовталаниб, ўша тарафга юрди. Лекин Холида опа йўл бермади.
— Ўзим хабар оламан, — деди у Нозимага еб қўйгудек совуқ боқиб. — Сизга ким қўйибди чопқиллашни?
— Қани, синглим, ўтириб олинглар-чи! — курсилар томон ишора қилди Раҳим ака.
Жойлашиб ўтиришгач, Тоҳирга сўз қотди.
— Сиз ким бўласиз, ука?
— Менми? — деди бироз қўрслик билан Тоҳир. — Шу қизчанинг отасиман. Нимайди?..
— Яхши-и… — Раҳим уларга бир-бир кўз ташлаб олгач, давом этди:
— Демак, чақалоқни опкетгани келдинглар, шундайми?
— Худди шундай.
— Биз уни кўчадан топиб олиб, боқаяпмиз. Бунинг устига, ўз номимизга ўтказиб олганмиз. Буёғи қандоқ бўларкин?..
— Ёлғон гапирманг! — деди Тоҳир. — Бизам қонун-қоидаларни сиздан кам билмаймиз. Яхшиликча бермасангиз, ўзингиздан кўринг! Сиздақаларни кўп кўрганман!
— Ў, зўрсан-ку-а? — совуқ кулиб қўйди Раҳим ака. — Майли, қани, бир чираниб кўр-чи!..
— Ахир… Бола бизники! — деди Нозима йиғламсираб. — Жон амаки, тушунган одамга ўхшайсиз! Боламни қайтиб беринг! Худо хайрингизни берсин!
Шу орада Холида опа Ниҳолни кўтарганча уларнинг рўпарасига келиб ўтирди.
— Бериб бўпман! — деди у ёш тўла кўзларини рўмолчасига артиб. — Мен бир умр фарзандли бўлишни орзу қилганман. Мана, Худойимнинг ўзи бериб қўйди!
— Болани бер! — Нозима тўсатдан ўрнидан турди-да, Холида опанинг қўлларига ёпишди. — Ниҳолимни бер!
Яхшиямки Тоҳир уни тўхтатиб жойига ўтқазди. Акс ҳолда, Нозима бу аёлни юмдалаб ташлашдан ҳам тоймайдиган аҳволда эди.
Раҳим ака бир нуқтага тикилиб ўйланиб қолди. Сўнг салмоқли овозда гап бошлади:
— Хўп, унда менга қулоқ солинглар! Жанжал билан иш битмайди. Болани сизлар ташлаб кетгансизлар, биз бўлсак, уни топиб уйга олиб келдик ва асраб олдик. Мантиқан олиб қараганда сиз ҳам, биз ҳам ҳақмиз. Шундай экан, ука, мен сизларга бир келишувни таклиф қиламан.
Раҳим ака илдам юриб бориб, бурчакда турган темир сандиқни очди-да, даста-даста пулларнинг бир қисмини олиб келиб, стол устига ташлади.
— Мана, икки милён! — деди у. — Мана шу пулни олларинг-да, туёғингни шиқиллат! Агар шундан кейин ҳам жанжал қилаверсаларинг, милиса чақираман.
— Менинг болам сотилмайди, — Тоҳир даст ўрнидан туриб, Раҳим акага яқинлашди. — Милисадан бўлса, қўрқадиган аҳмоқ йўқ.
— Уф-ф… — бошини чангаллаб нари кетди Раҳим ака. — Пул берсам ҳам, қутулмасам… Нима қилай?..
— Болани беринг, вассалом!.. — деди Тоҳир. — Пулингиз ўзингизга буюрсин!..
— Олиб бўпсан! — бир четда туриб ғудранган бўлди Холида опа. — Бу менинг болам!
— Менга қара, — тағин орага тушди Раҳим ака. — Уй-жойинг, тайинли ишинг борми сенларнинг?
Бу саволга Нозима ҳам, Тоҳир ҳам жавоб бера олмасди. Улар бош эгиш билан кифояланди.
— Кўрдиларингми, — деди Раҳим ака жонланиб, — сизларда ҳеч вақо йўқ. Гўдакни хор қиласанлар, холос. Қўлларингдан бошқа ҳеч нарса келмайди.
— Мен ўзимга иш топаман, — деб Раҳим акага илтижоли тикилди Тоҳир. — Ишлайман, ака… Менга яхшилаб қаранг, ўз боласини бировга бериб қўядиган эркакка ўхшайманми мен?!
— Ҳм, шунақа денг, — деди Раҳим ака ўйчанлик билан. — Ишлайсизми?
— Ишлайман, ака, болам билан хотинимни таъминлайман.
— Яхши, унда гап бундай, — Раҳим ака Тоҳирга синчковлик билан бироз тикилиб тургач, гапини давом эттирди: — Иккаланг ҳам биз билан бирга яшайсан. Мана — уй, мана — жой. Иш ҳам топилади. Аммо Ниҳолни тортиб олмайсан. Ишон, бир умр сенларни боқишгаям розиман. Фақат хотиним шўрликни қон йиғлатмаларинг! Ўтинаман сенлардан! Бу шўрлик оналик ҳиссини туйгунча адойи тамом бўлаёзган. Агар сўзим маъқул бўлса, икковларинг биттадан тилхат ёзасизлар. Ана ундан кейин бир оила бўлиб яшайверамиз. Билиб қўй, ҳаммаям менга ўхшаб мурувват кўрсатавермайди. Худо кўрсатмасин, менинг ўрнимда биронта баттол бўлганда, сенларни қувиб солган бўларди. Хўш, нима дейсизлар?..
Нозима ва Тоҳир бир-бирларига қараб олгач, беихтиёр бош эгишди. «Яхши одам экан, — деб ўйлади Нозима. — Шунақа оқибатли диёнатли одамлар бор экан-да, а, дунёда…»
— Ака, сиз нима десангиз шу, — қўлини кўксига қўйди Тоҳир.
— Ана энди ўзларингга келдиларинг! — Раҳим ака ўрнидан туриб, Тоҳирга қулочини очди:
— Кел, укам, инимдек бўл! Бу ёлғончи дунёда бир-биримизни ардоқлаб яшайлик!..
Бу гапни кутмаган Тоҳир кўзи жавдираб ўрнидан қўзғалди ва Раҳим акани бағрига босди. Уларга қараб туриб, Нозиманинг кўзидан икки томчи ёш юмалади. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|