Жазирама иссиқда трактор ҳайдайверганидан юзлари мумдек қизариб, оқ аралаш сочлари патаклашган Қўчқор пиён якшанба куни шом маҳали Мозорқишлоқдаги дўкондан чиқди-да, гандираклай-гандираклай дала йўл орқали маҳалласига яқинлашди. Яна чамаси юз қадамча босса кўкимтир дарвозали, олди кесакдевор билан ўралган ҳовлисига етарди. Аммо маҳалла ўртасида бирдан тўхтаб, пича чайқалиб турди. Сўнгра бошини сарак-сарак қилиб қайсидир чўнтагидан сигарет чиқариб тутатди. Шу орада нималардир эсига тушдими, ҳиринглаб кулиб ҳам қўйди.
Сигаретни чўзиб-чўзиб тортгач, бирдан жиддий тортиб қисиқ кўзларини қатор уйларга тикканча, беихтиёр бақириб юборди.
— Ҳов қизиталоқ, товуқмижозлар, чиқ!.. Чиқмайсанми? Қўрқасанларми? Ўла, ҳезалаклар! Ҳа-а, мен кимсан Қўчқорман!.. Бир шохласам, энангни Учқўрғондан кўрасанлар!.. Вей-й, хотиним Суйдини қ-қўйвораман!.. Ҳ-ҳа… Қўйвораман шартта!.. Ҳе… Энасини!.. Йў-ўқ, ҳ-ҳозир уйга бораман-да, даканг хўрозимминан бошига тушираман, ҳа! Хиёнат қилиш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман! Ҳай, Суйди-и! Ҳай мегажин! Қайдасан Суйди-и?..
Қўчқор пиён шу тахлит қичқира-қичқира йўлида давом этди.
Ғира-шира қоронғиликда бўёқлари кўчиброқ қолган дарвозасига яқинлашганда, хотини Суйди опа уч уй наридаги Садри қиморбозникидан чиқиб келарди. Чайқалиб турган эрини кўрди-ю, таққа тўхтади.
Нима қилишни билмай гарангсиб қолди. Аммо кеч эди. Беркинишга на бир дарахт, на девор қолган. Тиззалари дағ-дағ титраб эҳтиёткорлик билан эрига яқин борди.
— Ҳа-а, тағин қиморбозникидан чиқяпсанми? — ўдағайлай кетди Қўчқор пиён хезланиб. — М-мени йўғимдан фойдаланиб дон олишяпсанми, хунаса?..
— Вой, бу нима деганингиз, дадаси? — титроқ аралаш эрини юмшатишга уринди Суйди опа. — Бошимда эрим бўла туриб… Ўғлингиз эшитса нима деб ўйлайди?.. Ҳар ҳолда…
— Ўчир овозингни, мегажин! — бор овозда бақирди Қўчқор пиён. — Сен қариб қуюлмаган итсан! Ҳар ўтганни искалайсан.
— Вой шўрим!.. — номус кучли келиб Суйди опа юзини рўмоли учи билан бекитганча тескари ўгирилди. — Энди нима қиламан?.. Шавкатжоним эшитса нима дейди? Кап-катта йигит бўп қолган, ахир!..
Сўзини тугатмай, Қўчқор пиён унга яқин келди-да елкасини ғижимлади.
— Юр буёққа! Ҳозир кўрсатиб қўяман сенга! Туғилганларингга пушаймон бўласан!
Қўчқор пиён хотинини ичкарига судраклаб кирди-да, сўрига мажбурлаб ўтқазди.
Ўғли Шавкат эса отанинг мақсадини яхши англаб турарди.
Йўлига кўндаланг бўлди.
— Ота, ойимни урманг! — деди у йиғламсираб. — Ойим яхши аёл, урманг!
Қўчқор пиён қисиқ кўзларини ўғлига тикиб қўл силтади.
— Э, пишт-э, тирмизак! Энди сен қолувмидинг менга ақл бўладиган! Қоч йўлдан!
Суйди опа бу даканг хўроз бошига тушавериб зада бўлган. Пиёниста, жоҳил эрнинг хўроз кўтариб келишини кутиб ўтирмайди-ку!
Ими-жимида ўғли Шавкатга имо қилди-ю, пилдираганча томорқа томон йўл солди.
Бироқ орадан ярим соатча ўтиб ҳам Қўчқорнинг ҳайқириғи бутун қишлоққа эшитилиб турди.
— Ҳой мегажин, қайдасан?!. Ҳали кўрасан, қиморбозминан ўйнашишни кўрсатиб қўяман сенга, ҳароми!.. Ҳаммангни сўяман, ҳаммангни!..
* * *
Вужудга шайтон ораласа одамнинг кўзларини кўр қилиб қўяди. Айниқса, иблис етагида кун ўтказадиган Қўчқор пиённинг қулоқларигача кар бўлиб қолганди. Унга насиҳатлар, маслаҳатлар кор қилмасди. Хаёли фақат Суйди опанинг қилмишлари билан банд эди. Кайфи ҳаддан зиёд таранглашганда, Садри қиморбознинг дарвозасигача етиб борарди. Аммо қандайдир куч уни ичкарига киришга қўймай, тағин ортга қайтарди ва яна хотинидан аламини оларди.
Орадан икки ҳафта вақт ўтиб, ўн-ўн беш улфат одатга кўра шомдан сўнг чойхонага йиғилишди.
Синфдошлар шунга одатланишган. Ойнинг охирги шанбасида чойхонага келиб ош дамлашади. Ичкилик, кайф-сафо, бақир-чақир, кулги, ҳазиллар авжига чиқади.
Қўчқор пиён бу гал ҳам жим ўтира олмади. Обид пучуқ деган хомсемиз синфдошига дардини тўка кетди.
— Айт, м-мен хунасаманми? — сўради у алжираб. — Туришимга қара, жўра, қаеримда чатоғим бор?
— С-сен ҳақиқий эркаксан! — дея унинг елкасига қоқди Обид пучуқ. — Елкаларингни қара, тоғдай кенг! Муштларинг тракторингдаги болғангданам қаттиқроқ. Манаман деганни бир урсанг пачоқ қип қўясан.
— Унда… Нега менга хотиним хиёнат қилади, нега?.. Нимага Садри қиморбозникига қатнайдиган бўп қолди?.. Нима етмайди унга, нима?
Шунда сал нарида қарта суза бошлаган Неъмат узун орага тушди.
— Ўзингам ғирт ғалча экансан, Қўчқор! — деди масхаралироқ оҳангда. — Хотининг хиёнат қилса, бу ерда қанд еб ўтирибсанми? Шартта жавобини бервормайсанми?
— Э, бу нима деганинг? — гапни илиб кетди Носир ошпаз деган синфдоши. — Қирққа кирган хотин хиёнат қиладими? Қўчқорнинг эси кирди-чиқди бўп қолган холос. Қулоқ солиб ўтирганларинг-чи бунинг гапига!.. Садри қиморбоз ногирон бўлса… Келиб-келиб ўшаминан дон олишадими?..
— Тўппа-тўғри, — деди Неъмат узун. — Қаёқдаги гапларни гапириб бошимизни қотиряпти бу Қўчқор. Хиёнат қилганмиш. Кимнинг кўзи учиб турибди ўша хотинингга!.. Қуй ароқдан!..
— Балки Қўчқорнинг гапида жон бордир? — дея ўрнидан қўзғалиб қўйди Обид пучуқ. — Аёл кишининг шайтони бўлади. Ана, чет элларда саксонга кириб ҳам фарзанд туғаётганлар кўпайиб кетди. Ким билсин?.. Суйдиям хато қилса қилгандир-да!..
Бу гапни эшитган Неъмат узун чидаб тура олмади.
— Оғзингга қараб гапир! — Обидга бақирди у. — Шайтонмиш. Қанақа шайтон? Ҳали замон келинли бўлай деб турган хотинга… Бу ер қишлоқ, Обид, қишлоқ! Ўша саксонда туғаётганларинг шаҳарда яшашади. Сен… Бизнинг қишлоқни камситмагин, жўра!
— Э, нега менга бақирасан? — бўш келмади Обид пучуқ. — Бир ойча олдин ўз кўзимминан кўрганман. Суйди кечаси соат иккидан ошганда қумлоқ дала тарафдан келаётганди… Айтмайин девдим-у… Тилимни қичитдинг…
— Нима?.. — бу гапни эшитган Қўчқор пиён ўрнидан сакраб турди-да, Обиднинг ёқасига ёпишди. — Нима дединг? Кимни кўрдинг? Қаерда кўрдинг?..
Обид зарда билан унинг қўлини ёқасидан олиб ташлади-да, такрорлади.
— Суйдини дала тарафдан қишлоққа кириб келаётганини кўрганман. Кечаси соат роппа-роса иккидан сал ўтганди.
— Ҳ-ҳа-а!.. Энди тушундим! — Қўчқор пиён уёқдан-буёққа муштларини тугганча бориб келган бўлди-да, қайтадан Обиднинг гирибонидан олди. — Нега ўшанда айтмадинг, аблаҳ? Нега мени чақирмадинг?..
— Жиннимисан? — унга жавобан бақирди Обид. — Бошқа қиладиган ишим йўқми мени?.. Қўйвор!
— Ўлдираман! Ҳаммасини ўлдираман!.. Бўғизлаб ташлайман икковиниям!..
— Ҳай-ҳай-ҳай!.. Ўзингни бос! Обид ҳазиллашди, ошна, ҳазиллашди! Ўтирсанг-чи! Ма, ароқдан ич, ўзингга келасан!
— Қўйворларинг мени! Ҳаммасининг абжағини чиқараман!
Улфатлар Қўчқорни қайтаришга, тинчлантиришга уринишар, бироқ у хезланиб фақат олдинга интиларди.
Охири бўлмади. Қўчқор пиён сал тинчланган бўлиб, титраб-қақшаганча пиёладаги ароқни симирди-да, ташқарига ўзини урди.
* * *
Соат тунги иккидан ошган. Қишлоқ кўчасида фақат итларнинг безовта ҳуриши жимликни бузарди.
Қўчқор пиён то уйга етиб келгунча кайфи бироз тарқагандек бўлди. Лекин жаҳди ўша-ўша эди.
У зарда аралаш дарвозани тепди. Дарвоза негадир қулфланмаган экан, тарақлаб очилиб кетди.
— Ие, — дея қичқирди Қўчқор. — Энди бу қанжиқ очиқчасига дон олишишга ўтдими дейман? Ҳа, ажал чақирса одам босар-тусарини билмай қолади. Ҳой Суйди!! Қанисан, ҳароми, гўрсўхта?.. Чиқ буёққа!
Уй чироқлари ўчиқ, ичкаридан ҳеч зоғнинг товуши чиқмагач, пешона тугул қулоқларигача тер босган Қўчқор кўзлари ёниб ташқарига отилди.
— Обиднинг гапи ростга ўхшайди! — дерди нуқул Қўчқор қумлоқ дала томон кетиб бораркан. — Ногирон бўлсаям эркак-ку!.. Ҳассаминан бемалол юриб бораверади-да! Қумлоқ дала қочиб кетибдими?.. Йўқ, мен икковиниям тирик қўймайман! Олдин нимталайман-да, ўлигини итларга едираман! Ўшанда аламимдан чиқаман, ҳа!..
Қўчқор пиён қумлоқ далага яқинлашди-ю, таққа тўхтади. Бепоён майдоннинг ўртароғида унга орқа ўгирган ҳолда икки киши ўтирарди.
У ҳайрон бўлиб янада яқинроқ борди. Ўтирганларнинг бири Суйди опага ўхшаб юраги тезроқ ура бошлади…
Ҳа, ёнидагиси ўғли Шавкат! Худди ўшанинг ўзи!.. Чўкка тушиб олибди…
Шу тобда Қўчқор пиённинг қулоғига қаердандир сўфининг азони чалингандек туюлди.
Азбаройи гарангсиб қолган Қўчқор бошини чайқай-чайқай ҳушёр тортишга уринди ва хотинининг ҳаракатларини кузата бошлади.
— Худойим, — дея кўкка боқиб нола қиларди Суйди опа. — Одам оёғи узилган маҳал мана шундай кенгликка чиқиб ким ўзингга ёлворса, сўровлари ижобат бўлармиш! Мен гуноҳкор банданг ҳам шу ниятда келдим!.. Боламнинг отасига ўзинг инсоф бер! Жудаям қийналиб кетдим! Шу ёшга кирганимда шармандаликлардан ўзинг асра мени! Эримни тўғри йўлга солгин, Худойим! Қачонгача қуруқ туҳматларга, калтакларга банди бўламан, ахир? Қийналиб кетдим-ку, Худойим!.. Қўни-қўшни, қариндош-уруғлар олдида бош кўтариб юролмай қолдим-ку! Гуноҳим бир сағир, тўшакка михланиб ётган одамга овқат олиб кирганимми?
Суйди опа узоқ вақт сўзланди.
Қўчқор эса кутилмаган ҳолатдан тош қотиб қолганди. Вужудини титроқ босиб, пешонасидан мунчоқ-мунчоқ тер қуйилиб тушарди.
Суйди опа ниҳоят ўрнидан қўзғалди. Эндигина ортга ўгирилгандики, эрини кўриб қайтадан ўтириб қолди.
Ўғли Шавкат ҳам азбаройи қўрқиб кетганиданми, ўйлаб ўтирмай онанинг олдини тўсди-да, тек тураверди.
— М-мендан қўрқманглар! — йиғламоқдан бери бўлиб уларга яқинлашди Қўчқор. — Фақат қўрқманглар!.. М-мен аҳмоқ эканман, Суйди! Б-билмаган эканман, кўр эканман, кар эканман, ишон!.. Сендай пок аёлни булғадим! Агар… Билганимда бошингдан сув ўгириб ичардим…
— Дада, — беихтиёр тилга кирди Шавкат. — Садри амаки бир ойдан бери тўшакка михланиб ётибди-ку! Қўшни аёллар навбати билан ундан хабар олиб туришибди-ку! Нега онажонимга туҳмат қиласиз?..
— Кечиринглар! — пичирлади Қўчқор. — Шайтон кўзларимни сўқир қилиб қўйган шекилли. Кечир мени, Суйди! Қасам ичаман, бундан буёғига ичкиликни оғзимга олмайман! Сизларни хафа қилмайман, кечиринглар!..
Эҳ, бу каби ёқимли сўзларни Суйди опа охирги марта йигирма йил аввал эшитганди. Ўшанда кўнгли тоғдек кўтарилиб, бахтдан юраги ёрилай деганди.
Ўша лаҳзалар яна бир бор такрорлангандек, лаблари титрай-титрай келди-да, эрининг кўксига бошини қўйиб йиғлаб юборди. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot FARRUX XAMRAEV TO'Y FOTO VIDEO / ФАРРУХ ХАМРАЕВ ТЎЙИДАН ФОТО ВИДЕО dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|