Оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда мактабларнинг 1-синфига қабул қилиш эндиликда пуллик асосда амалга оширилади деган турли фикр ва мулоҳазалар билдирилмоқда. ЙЎҚ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 469-сонли қарори билан тасдиқланган Болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳрида жойлашган 81 та умумтаълим муассасаларининг 1-синфига қабул қилишнинг янги тартиби жорий этилган бўлиб, бу тартибга кўра асосий квота бўйича болаларни таълим муассасаларига қабул қилиш мутлақо бепул асосда амалга оширилади.
Эндиликда, болаларнинг ота-оналари ёки қонуний вакиллари Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Давлат хизматлари маркази орқали ҳеч қандай тўсиқларсиз, инсон омилининг иштирокисиз, яъни коррупция ва таниш-билишчиликдан ҳоли тарзда, шунингдек директор ёки бошқа мансабдор шахсларнинг "кайфияти”дан боғлиқ бўлмаган ҳолда автоматлаштирилган тизим ёрдамида реал вақт режимида ҳудудий тегишлигига кўра рўйхатда қайд этилган мактабларга йўлланмани (ўша заҳотиёқ) расмийлаштиришлари мумкин.
Илгариги тартиб (мавжуд бўлган бўлса) бўйича ота-оналар айнан шу мактабларга болаларини қандай жойлаштиришган? Ҳеч кимга сир эмаски, мазкур мактабларга ҳаттоки ўз ҳудудида яшаб турган болалар ҳам "бепул” асосда, таниш-билишларсиз ёки қўнғироқларсиз қабул қилинмаган. Бошқа ҳудуддан келадиган мурожаатчиларни қандай қабул қилинишини тушунса ҳам бўлаверади. Шу сабабли, мазкур мактаблар контингентининг 90 фоизи шаҳарнинг бошқа узоқ ҳудудларидан келиб, шу ҳудудда яшаб туриб, ўз ҳуқуқидан тўлақонли фойдалана олмаган болаларнинг ўрнига таълим оладиган ўқувчилардан иборат бўлган. Ўша ҳудудда яшаб турган болалар эса юқорида таниши, директорга "хизмат ҳақи” тўлаш учун маблағи, ёки мактабнинг етарли "қуввати” бўлмаганлиги сабабли ўзи яшаб турган ҳудуддан узоқдаги мактабларга боришга мажбур бўлган. Лекин, негадир айнан шу мактабларда бошқа ҳудудлардаги ўқувчилар учун ўрин ҳам топилган қувват ҳам етарли бўлган. Хўш бу адолатли тартиб бўлганми?
Мазкур маъмурий регламентнинг яна бир ўзига хос томони шундан иборатки, 29-бандда умумтаълим мактаблари асосий квота доирасида тўлиқ қамраб олингандан сўнггина бўш ўринлар қолса, қўшимча квота асосида тўлдирилишибелгиланган. Яъни, даставвал мактабга бириктирилган ҳудуднинг мактаб ёшида бўлган барча болалари тўлиқ қамраб олингач, директорга "хизмат ҳақи” тўламасдан, юқоридаги таниш-билишларини ишга солмасдан туриб ота-оналарнинг ихтиёрий розилиги асосида мактабнинг кузатув кенгаши (кеншаш таркибининг асосий қисми ота-оналардан иборат) томонидан белгиланган миқдордаги бир марталик йиғимни тўлаб, қўшимча квота асосида қабул амалга оширилиши мумкин, яъни ҳудудда шу мактабга талаб юқори бўлган тақдирда, қўшимча квота асосида қабул амалга оширилмаслиги ҳам мумкин.
Хўш, жорий этилган тизимининг яна қандай афзалликлари мавжуд:
Биринчидан, Болаларни умумтаълим муассасаларининг 1-синфига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари фуқароларга Давлат хизматлари марказлари орқали экстерриториаллик тамойили асосида ёки онлайн тартибда Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали мутлақ бепул асосда кўрсатилади. Яъни, ота-она ёки боланинг қонуний вакили уйидан ёки иш жойидан чиқмасдан туриб онлайн тартибда электрон ариза йўллаши мумкин.
Иккинчидан, Қарорда кўрсатилган умумтаълим муассасаларининг контингентига келсак. Мазкур мактабларга бириктирилган ҳудудларда истиқомат қилувчи болаларнинг аксарияти, яъни 28 мингдан ортиқ мактаб ёшидаги болалар ушбу мактабларга қабул қилинмаган ва узоқ ҳудуддаги мактабларга боришга мажбур бўлган. Ушбу мактабларда ижтимоий тармоқларда манфаатларини ҳимоя қилиш учун бонг урилаётган
оддий халқнинг болалари таҳсил олишмайди, аксинча ёки қўнғироқлар ёки таниш-билишчилик эвазига қабул қилинган ўқувчилар таҳсил олишмоқда. Бунинг сабаби, болаларни мактабга қабул қилишда коррупция ва таниш-билишчилик ҳолатларига йўл қўйилганлигида. Эндиликда эса, бу "обрўли” мактаблар даставвал ўзларининг ҳудудларидаги барча мактаб ёшидаги болаларни қабул қилишади ва ундан кейингина ота-оналарнинг ихтиёрий розилиги асосида қўшимча квота асосида ўқувчиларни қабул қилишлари мумкин. Яна таъкидлаш жоизки, қўшимча квота бўлмаслиги ҳам мумкин.
Учинчидан, бутун ривожланган давлатлар хорижий тажрибасида бирор ҳолат (case) юзасидан қарор қабул қилиш технологиялари мавжуд.
Бу технологиялардан асосийлари SWOT (ҳар бир ҳолатнинг кучли томонлари, кучсиз томонлари, имкониятлари ва таҳдидлари) таҳлили ёки қиёсий таҳлил ҳисобланади. Мазкур қарор билан эндиликда мактабларга қабул қилиш жараёнида кенг тарқалган коррупция ва таниш билишлик ҳолатларига чек қўйилади, бошқа мактаблар ҳам гавжумлаша бошлайди (бу жуда муҳим, чунки кўплаб мактаблар ўқувчи йўқлигидан ташландиқ ва хароб ҳолга келиб қолмоқда эди), рўйхатдаги "обрўли” мактабларда ўз ҳудудидаги болалар эркин таълим олиши мумкин бўлади, қолаверса энди синфларда 45-50 киши эмас балки, қатъий 35 киши таълим олиши мумкин. Аслида бу мактабларни ким "мақеъи”ни кўтариб, уларга жойлаштириш учун "хизмат ҳақи”ни бунча юқорилаб кетишига сабаб бўлган. Айнан шу маблағлар директорларнинг ва бошқа шахсларнинг ноқонуний бойиши учун эмас, балки таълим сифатининг ривожланиши, мактаблар ва кутубхоналар қурилиши учун, таниш-билишлар ўзларининг алоқаларини ўзлари яшаб турган ҳудуддаги мактабларни ривожлантириш учун сафарбар этсалар бу таълим тизимини ислоҳ қилишда катта аҳамиятга эга бўлади.
Энди юқоридагиларга кўра реал нуқтаи назардан қарайлик ва бир савол билан мурожаат қилайлик. Илгарилари (мазкур қарор чиқгунга қадар) мазкур мактабларнинг 1-синфига қабул қилиш "ПУЛЛИК” ёки "ҲАҚ ЭВАЗИГА” бўлмаганми, мактабларнинг ўзига бириктирилган ҳудудлардаги болалар ҳеч қандай "тўлов”, таниш-билишчилик ва қўнғироқларсиз қабул қилинганми? Албатта ЙЎҚ. Бу ҳаммага маълум бўлган ҳолат.
Шундай экан, бугунги кунда ижтимоий тармоқларда оддий халқнинг манфаатини ҳимоя қилиш байроғи остида бонг ураётган депутатларимиз, ҳуқуқ фаоллари ёки блогерлар ўзлари билган ёки билмаган ҳолда, коррупция ва таниш-билишликка асосланган қабул тизимини, шунингдек қабул қилишнинг шаффоф тартиби бўлмаганлиги сабабли катта-катта бойлик орттираётган мансабдор шахсларнинг "ҳуқуқ”ларини ҳимоя қилмоқдаларми – деган яна бир табиий савол туғилади. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|