Хорижий олий таълим ташкилоти дипломи Ўзбекистонда тан олинишини учун Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси матбуот котиби Шавкат Хўжақулов қуйидагиларга эътибор қаратиш кераклигини айтиб ўтди:
Аввало, олий таълим муассасаси сифатида фаолият юритишга рухсат берувчи ҳужжати (лицензияси) бор-йўқлигини текшириш лозим.
Кейинги энг муҳим талаб эса таълим муассасаси бераётган ҳужжат яъни диплом ўзи жойлашган мамлакат ҳудудида тан олиниши билан боғлиқ. Бунинг учун эса олий таълим муассасаси ва унинг таълим дастурлари ваколатли органлар томонидан аккредитациядан ўтказилганини текшириб кўринг.
Бундан ташқари, талабгор танлаган ОТМнинг ўқитиш шакли ва таълим дастурлари Ўзбекистон қонунчилигига мос келишини ўрганиши керак. Масалан, амалдаги «Таълим тўғрисида»ги қонунга кўра, бакалавриат камида 4 йил, сиртқи таълим камида 5 йил, магистратура эса камида 2 йил муддат қилиб белгиланган.
Шунингдек, пандемия сабабли юртимиздаги олий таълим муассасаларида таълим жараёнлари масофавий шаклда ташкил этилгани ниқоби остида кўплаб консалтинг ташкилотлари ўз рекламаларида «дипломи Ўзбекистонда тўғридан-тўғри тан олинади» каби асосланмаган маълумотлар билан масофадан таълим берадиган хорижий олий таълим муассасаларини тарғибот қилишмоқда.
Бу эса республикамиз фуқароларига нотўғри маълумотлар тақдим этилишига ва мазкур тарзда ўқиб олинган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасида бугунги кунда амалдаги қонунчиликка мувофиқ тан олинмаслигига олиб келади ҳамда фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлади.