Одамзодни ҳакалак отган нафси халқ ичида обрўсизлантириб, шарманда қилар экан. У ҳам бўлса, бойлик орттириш илинжидаги нафси туфайли. Шу тоб халқ ичида юрадиган бир ҳикматли ривоят ёдимга тушди.
Кенг ва чиройли йўлакда бойлик ҳўнграб йиғлаб ўтирганмиш. Шунда ундан, " Ие, бойлик, нима гап, сени ҳам йиғлатадиган куч борми, қўлинг узатган жойга етса, хоҳишинг доимо муҳайё бўлса, бу не ҳол", дея кўнгил сўрабдилар. Бойлик эса, "Э ҳаловатим йўқ, ҳеч бир неъматдан ҳузурланмайман, қувонч йўқ” , деб жавоб берибди.
Бу дунёнинг энг буюк неъмати қаноат эканлиги, у туфайли инсон кечирган умри, касби-коридан рози-ризолик, эл ичида обрў, хайр-барака ва ҳузур-ҳаловат топиши бор гап. Афсуски, буни билган одамзод нафсдек ўпқон олдида ҳар гал мулзам -да.
Яқинда қайсидир телеканалда Олий суднинг судьяси пора олгани ва унга нисбатан жиноий иш очилгани юзасидан хабар берилди.
"Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил", деганлари шу бўлса керак-да. Бир нобоп қилмишнинг, минг қора иши туфайли йиллар давомида мисқоллаб йиғилган обрўси эл-улус олдида ер билан битта бўлди.
Ҳа, нафснинг сўнгги манзили ҳар доим худди шундай хунук манзара билан тугаши рост гап. Бундан ўз вақтида хулоса чиқариш инсоннинг тўғри йўлда турганлигидан далолат беради.
Уйланиб қоламан, наҳот ҳалол меҳнат эвазига давлат томонидан берилаётган ойлик маошга кун кўриш мушкул. Ахир, рўзғор боқиш учун етади-ку. Юртимиз тинч, оиламиз фаровон, устимиз бут, бозоримиз арзон ва тўкин бўлса. Наҳот, айримлар бойликнинг нишонаси деб ҳисоблайдиган данғиллама иморат, сўнгги русумдаги автомашинани 3-4 йилда ишлаб оламан, деб ўйласа. Олиш мумкиндир, пора ёки тама эвазига. Тез фурсатда топилган бойлик бир неча дақиқаларда кўкка совурилиши мумкинлиги ҳам кўпчиликка аён. Ота-боболаримиз хам бундай тўкислик, фаровон турмушга йиллар давомида эришгани азалдан маълум.
Яна бир гап. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз биз ўзбекларнинг дастурхонимиздаги энг табаррук неъмат нима? Усиз дастурхон бефайз. Албатта, нон. Ҳар тонг нонушта учун дастурхонингизга қўйиладиган ноннинг ҳалол меҳнат эвазига топилаётганига ишонсангиз, шунинг ўзи катта бахт. Чунки, фарзандларга ҳалол луқма едириш миллатимиз эъзозлайдиган қадрият. Касбингиз ортидан оила боқиб, юртга тўй томоша бериш саодати фақат ҳалол яшаш бахти билан тўкислигига ишонаман. Шунда айрим кимсалар тақдиридаги шармандалик ҳеч кимнинг чекига тушмайди. Аслида, ҳаром луқма инсонга ҳеч қачон татимаган.
Қайд этиш керакки, коррупцияга қарши курашиш фақат тегишли идора вакилларининг иши эмас. Бу жамоатчилик назоратидаги юмуш бўлиши лозим. Мен коррупцияни одамда пайдо бўладиган бирор бир ярага ўхшатаман. Мадда қачон қурийди, қачонки, ўша организмда ярага қарши иммунитет, маддага қарши малҳам топилсагина. Демак, ҳар биримиз қаерда бўлмайлик, масъул шахсларнинг тамагирлигига гувоҳ бўлганда индамай кетавермасдан тўрт томонга жар солиш мавриди келди.
Баъзида шундай шижоатли жарчиларга нисбатан бошқача қаралади. Ҳа, эмишки, коррупцияга қарши курашган одам " окаларнинг қулоғи” эмиш. Бу нотўғри.
Адолатсизликка нисбатан муросасизликни ўзимиздан бошлашимиз даркор. Чунки адолат ҳавога ўхшайди. У йўқ жойда бўғилиб қолиш ҳеч гап эмас. Шу ўринда тамагирлик динимизда ҳам қораланган. Қуръони Каримда ҳам "Бошқаларнинг мулкини ноҳақ йўл билан олмангиз ва бошқаларга тегишли бўлган нарсаларни олиш учун ўз мулкингиздан ҳокимларингизга пора қилиб узатмангизлар” дейилган. Демак, тамагирлик гуноҳ ишлардан бири.
Бугун коррупцияга қарши курашиш бўйича республикамизда қанчадан-қанча қонунлар, қарорлар, ҳукумат ҳужжатлари ҳаётга татбиқ этилмоқда. Жамиятимизда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш курашилмоқда, жиноятга жазо муқаррарлиги маълум.
2017 йил 4 январдан Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” ги қонуни кучга киргани коррупцияга барҳам бериш учун барча асосларни яратиб берди. Давлатимиз раҳбарининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида" ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарори эса қонун ижросининг тўлиқ ва самарали таъминланиши учун қабул қилинди.
Шу қарор асосида "2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури" ҳам тасдиқланди.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тузилиб, мазкур комиссия коррупциянинг ҳолати ва тенденциялари тўғрисидаги ахборотни йиғди ва таҳлил этди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш ишлари амалга оширилди.
Хулоса ўрнида, коррупцияга қарши курашда Швеция, Сингапур, Гонконг, Португалия каби юқори натижаларга эришган давлатларнинг тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатадики, коррупцияни юзага келтирувчи омилларни бартараф этиш коррупцияга қарши курашда муҳим ўрин эгаллайди.
Аммо, фақатгина жиноий қонунчиликни оғирлаштириш йўли билан бу салбий иллатга қарши курашиб бўлмайди. Чунки Хитойда жуда кўп миқдорда пора олганлик учун ўлим жазоси мавжуд.
Бу иллатни енгиш учун биринчи навбатда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, фуқаролик институтлари фаолиятини кучайтириш лозим.
Элдор БАҲОДИРОВ, Давлат хизматлари агентлиги Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|