Коронавирусга учраб оғир аҳволда касалхонага олиб келинган беморлар жонлантириш бўлимидан палатага ўтказилгач, бошқатдан нафас олиш, юришни ўрганишлари зарур бўлади. Бемор қанча узоқ жонлантириш бўлимида ётган бўлса, шунча узоқ вақт қайта тикланиши лозим.
— Жонлантириш бўлимига коронавирус туфайли оғир аҳволда ётқизилган беморнинг ҳаёти тубдан ўзгариб кетади, — дейди Уэльсдаги интенсив терапия бўлими консультанти, доктор Дэвид Хепберн. — Тузалгани бу тамом, ҳаммаси ўтиб кетди дегани эмас. Чунки, беморларимиз ҳушига келгач, мустақил ўтириб олишга ҳам ўзларида куч топа олишмайди. Кўпчилиги ўтириш уёқда турсин, қўлини бир ёндан иккинчи ёнга олишга ҳам имкон топа олмайди. Агар у интубация ҳолатини бошдан кечирган, ёки трубка орқали овқат еган бўлса, гапиришда ва ниманидир ютишда муаммо юзага келади. Ақлий салоҳияти тушиб кетади. Тўғри, вақт ўтиши билан улар ўзига келади. Илгариги ҳолат тикланади. Бироқ бунинг учун бир йил ва ундан кўпроқ вақт талаб этилади. Оғир ҳолатдан имкон борича тезроқ чиқиши учун беморга психологлар, ҳамширалар, физиотерапевтлар армияси талаб этилади.
ПСИХОЗ
Жонлантириш бўлимидан кейинги психоз ёки делирий ҳолати одатий манзара, — давом этди доктор Дэвид Хепберн. — Бундан қўрқиш ҳам керак эмас…
Британиялик журналист Дэвид Ааронович 2011 йили ўпкасини шамоллатиб касалхонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Унга наркоз беришган. Ана шу наркоздан кейинги даҳшатларни шундай тасвирлайди:
— Очиғини айтсам, ўзимни ақлдан озгандек ҳис этдим. Қулоғимга кимларнингдир шивир-шивирлари чалинаверди. Ваҳоланки, ёнимда ҳеч ким йўқ эди. Худди шу ҳолат галлюцинация экан. Буни кейинчалик врачлар айтишди. Бунга қадар мени улар тирик зомбига айлантириб қўйишибди деб ҳисобладим. Ана энди биргалашиб мени еб қўйишади деб ўйладим. Худди шундай аҳволда тўрт кун яшадим. Кейинчалик билдимки, менинг ҳолатимга тушганларнинг аксарияти шундай эмоцияларни бошдан кечираркан…
ТИКЛАНИШНИНГ УЗОҚ ЙЎЛИ
Коронавирус юқтирган беморларнинг кўпини ўпкани сунъий вентильяция қилиш ускунасига улаб қўйишади. Ускуна беморнинг ўпкасига қўшимча кислородни юбориб, ўпкадаги заҳарли газларни тортиб олади. Наркоз берилган беморлар эса кислородни трубка орқали қабул қилади. Трубка ниқоб орқали бурун ва оғизга тиқиб қўйилади. Айрим ҳолатларда интубация талаб этилади. Бунда трубка озгина кесилиб, томоқ атрофига ўрнатилади. Бу бемор учун яна қўшимча мушкулотлар туғдиради.
Статистикага назар ташланадиган бўлса, 4 апрелда жонлантириш бўлимларидан оддий палатага ўтказилиши лозим бўлган 2249 нафар беморнинг 15 фоизигина палатага чиққан. Қолганлари жонлантириш бўлимида қолган.
Англияда ўпкани сунъий вентильяция қилиш ускунасига уланган жами беморларнинг 67 фоизи ўлим топган. Хитойда эса вентиляторга уланган беморларнинг атиги 14 фоизигина тирик қолган.
ҚАДАМ БА ҚАДАМ
Англиялик 61 ёшли Хилтон Мюррей-Филипсонни коронавирус юқтиргач, оғир аҳволда касалхонага ётқизишган. Трубка орқали овқат егани сабаб қисқа муддатда 15 кило вазн йўқотган. Касалхонадан чиққач эса анча вақт мустақил юришни машқ қилган.
— Жонлантириш бўлимидан чиққанимдан кейин уч соат креслода ўтирдим, — дейди у. — Бу даҳшатнинг ўзи эди. Чунки узоқ вақт қимирламай ётишдан кейин бу жараён оғир кечаркан. Мен ўзимга иккинчи умрни ҳадя этган врачларга миннатдорчилик билдираман. Айнан уларнинг шарофати билан дунёга бошқача кўз билан қарай бошладим. Ҳаётнинг, мусаффо осмоннинг қадрига етдим. Жонлантириш бўлимида трубка орқали картошканинг суюлтирилган турини беришарди. Энди бир умр шундай суюқ картошка еб ўтаман шекилли деб ўйлагандим. Илк бор қуюқ овқат беришганда, хурсандлигимдан йиғлаб юбордим. Ҳаётнинг қадрига етинг, одамлар!