Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётган бемор ЎзА мухбири билан телефон орқали суҳбатлашди. Туркиядан чартер рейс орқали олиб келиниб, карантинда бўлган чоғида унда мазкур инфекция аниқланган.
– Телевизор ва ижтимоий тармоқларда вирус ҳақидаги хабарларни кўриб, ваҳимага тушганим рост, – дейди бемор аёл. – Тадбиркорлик билан шуғулланганим учун Туркияга бориб тураман. Ўзбекистонда коронавирус қайд этилиб, карантин эълон қилинганда ўша ерда эдим. Президентимизга раҳмат. Фуқаролари учун қайғуриб, бизни бошқа юртда ёлғиз ташлаб қўймади. Чартер рейс билан Фарғона шаҳрига келиб, тиббий кузатувга жойлашдик. Касалликни юқтириб олишдан қўрққаним учун белгиланган қоидаларга қатъий амал қилардим.
Биз билан учиб келганлар орасида вирус юқтириб олганлар аниқланди. Афсуски, шу касалликка чалиниш пешонамда бор экан. Олинган таҳлиллар менда ҳам бу инфекция борлигини кўрсатди. Рости, коронавирусдан кўра, унинг ваҳимаси ўлимга ҳукм этганди. Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасида менда умид пайдо бўлди, қайта ҳаётга келдим. Шифокорларнинг маҳорати ва муомаласи бизга ана шу бебаҳо неъматни қайтариб берди. Худога шукрки, касаллик менда енгил кечди. Айниқса, вилоят ҳокимлиги томонидан беморларга барча шароитлар яратилган. Уч маҳал иссиқ овқат бериляпти, дори-дармонлар етарли. Бу ерда даволанаётган барча беморлар Ўзбекистондек юртнинг фуқароси бўлганликларига минг марта шукроналар айтяпти. Бизнинг соғлиғимиз учун қайғураётган Президентимизга, шифокорларга, Фарғона вилояти ҳокимлигига раҳмат. Ҳозиргина сиздан олдин ана шу миннатдорчилик сўзларимни вилоят ҳокими ўринбосарига телефон қилиб айтдим.
Касалликдан фориғ бўлган беморларнинг бу каби дил сўзлари муболағалардан анча йироқ. Кундан кунга тузалаётган беморларнинг сони кўпайиб бораётгани ҳам юртимизнинг катта ютуғидир. Зеро, ушбу кунларда халқимизга хос бўлган оғир-вазминлик, бирнинг муаммосини эл муаммоси деб қабул қилиш, синовларда бирлашиш каби азалий қадриятлар яққол намоён бўляпти.