Коронавирус пандемияси бизнинг давримизнинг глобал миқёсдаги соғлиқни сақлаш инқирози ва Иккинчи жаҳон урушидан буён дуч келган энг катта синов сифатида баҳолаш мумкин. Ўтган йилнинг охирида Хитойда пайдо бўлганидан бери, вирус Антарктидадан ташқари барча қитъаларга тарқалди. Африка, Америка ва Европа қитъаларида беморлар сони ҳар куни кўпайиб бормоқда.
Дунё ҳукуматлари беморларни даволаш, ижтимоий масофани сақлаш, саёҳатларни чеклаш, фуқароларни карантинда сақлаш ва спорт тадбирлари, концертлар ва шу кабиларни бекор қилиш орқали вирус тарқалишини секинлаштириш учун қаттиқ ҳаракат қилмоқдалар.
Аммо CОVID-19 соғлиқни сақлаш инқирозидан ташқари ҳар бир мамлакат ва ҳатто глобал миқёсда, чуқур изларни қолдирадиган ҳалокатли ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий инқирозларни юзага келтириши хавфи кундан кунга ошиб бормоқда.
Хусусан, Халқаро Меҳнат Ташкилоти дунё миқёсида 195 миллион иш жойини йўқотиш мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Шундай глобал инқирозга қарамасдан, коронавирусли инфекцияни юқтириб олган беморларни даволаш ва муолажа ишлари учун тўловлар баъзи мамлакат ҳукуматлари учун оғриқли нуқта бўлиб қолмоқда.
Хусусан, АҚШда касалхонага ётқизилган беморни вирус билан даволашнинг ўртача нархи 30 минг долларни ташкил этмоқда. Мазкур тўловни амалга ошириш суғурта компанияси ёки жисмоний шахснинг ўз зиммасига тушади. Жумладан, АҚШ фуқаросида тиббий суғурта бўлса, суғурта компанияси тўлиқ тўлаб беради. Лекин суғуртасиз ёки фуқаролиги мавжуд бўлмаган кишилар учун ҳақиқий синов даври бошдан кечирилмоқда.
АҚШда тахминан 28 миллион суғурта қилинмаган шахслар мавжуд бўлиб, улардан 670,000 дан 2 миллионга яқини коронавирус учун касалхонага ётқизиш эҳтимоли мавжуд.
АҚШ Президенти Трамп суғуртаси йўқ фуқаролар учун пул ажратишни ваъда бермоқда, аммо амалда чора-тадбирлар тўлиқ ишлаб чиқилмаганлиги кўплаб муаммоларни келтириб чиқармоқда. Натижада оддий халқ катта тўловни амалга ошириш қобилияти мавжуд эмаслиги сабабли уйда қолишни ёки ўлимни афзал кўрмоқда.
Шу ўринда, амалий мисол келтириб ўтиш жоиз, хусусан индепендент.cо.ук нашрининг хабар беришича, АҚШда коронавирус ташхиси қўйилган аёл даволаш учун 35.000 АҚШ долларлик (32000 фунт стерлинг) ҳисобни тўлаш талаб этилган.
2020 йил февраль ойи охирида АҚШ фуқароси Данни Аскини вирус билан касалланган, аммо шифокорлар унинг оддий шамоллаш деб баҳолаган, деб ёзади "Тimes" журнали. Унинг аҳволига пневмония сабаб бўлиши мумкинлигини айтгандан сўнг, у уйига юборилган.
Аммо унинг касаллиги давом этгач ва CОVID-19 синовидан ўтказилишидан олдин тез ёрдам бўлимига яна икки бор ташриф буюришига тўғри келган. Уч кундан сўнг унинг натижалари вирусга чалинганлигини тасдиқлаган. Ҳисоботга кўра, Аскини даволаш ва синовдан ўтказиш учун тўловлари 34 927.43 долларни ташкил қилган. «Мен ҳисоб варaғидан ҳайратда қолдим», дейди Аски "Тimes" журналига.
Аски хоним касалхонага ётқизилганида суғурта қилинмаган, шу сабабли, у АҚШ қонунчилиги бўйича барча тиббий харажатларни ўз бўйнига олишга мажбур бўлган.
Мамлакат бўйлаб кўплаб америкаликлар тез орада битта қайиқда бўлишлари мумкин, миллионлаб фуқаролар тиббий тўловларни тўлашга ёрдам берадиган тиббий суғурта олиш имкониятига эга эмаслар.
Суғурта қилинмаган АҚШ фуқароларининг аксарияти фақат енгил аломатларни бошдан кечиришади ва касалхонага ётқизишнинг ҳожати йўқ деб ўйлашади.
АҚШ ҳукумати эндигина мамлакат бўйлаб коронавирусни бепул синовдан ўтказиш учун молиявий чора-тадбирларни назарда тутадиган ёрдам тўғрисидаги қонунга имзо чекди. Шунга қарамай, Аски хоним қонун қабул қилинишидан олдин синовдан ўтган ва даволанганлиги учун ҳуқуқ тамойиллари бўйича бу имтиёз унга татбиқ этилмаслиги мумкин.
Каисер Фамилй Фоундатион таҳлилига кўра, ҳаттоки даволаниш суғуртаси бўлган шахс учун ҳам ўртача харажат 9763 долларни ташкил этади. Даволаниши оғир аҳволда бўлганларнинг ҳисоб-китоблари $20,292гача кўтарилишини кўришлари мумкин.
Шу ўринда, Ўзбекистон Республикасига эътиборимизни қаратадиган бўлсак, 2020 йил 23 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Ўзбекистонда беморларни даволаш учун сарфланаётган маблағни, ва ниҳоят маълум қилди: – Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалиниб даволанаётган ўрта аҳволдаги ҳар бемор учун 32 миллион сўмдан маблағ сарф қилинмоқда. Оғир аҳволдаги, жонлантириш бўлимида ётган ҳар бир беморга ўртача 64 миллион сўмдан маблағ сарфланмоқда.
Карантинда бўлиб турган фуқароларнинг ҳар бири учун 14 кунлик карантин даврида 2,4 миллион сўмдан, коронавирусдан тузалиб, реабилитацияга олинган ҳар бир бемор тикланиши учун 2,8 миллион сўмдан сарфланмоқда.
Сессияда беморлар ва карантиндагилар учун кетаётган сарф-харажатлар тўлиқ давлат томонидан қопланаётгани айтилди.
Шу ўринда, Буюк Британияда вирусдан даволанишга фуқаролар томонидан сарфланадиган харажатларга эътиборимизни қаратиб ўтамиз.
Мамлакат қонунчилигига кўра, фақат айрим тоифадаги шахсларгина даволаниш харажатларидан бутунлай озод этилган. Ушбу имтиёз тоифалари фақат Буюк Британияда доимий истиқомат қилмайдиган одамларга тегишли. Иммиграцион соғлиқ учун қўшимча тўлов билан қопланган шахслар ва Европа Иттифоқи мамлакатларидан, Норвегия, Исландия, Лихтенштейн ва Швейцариядан ташриф буюрувчилар ҳам озод қилиниши мумкин.
Шунингдек, Буюк Британия давлат хизматчилари ва уруш нафақахўрлари, ногиронлар, ҳибсга олинганлар, кемалардаги ишчилар ва НАТО ходимлари ҳам даволаниш харажатлари давлат бюджетидан тўлаб берилади.
Юқорида қайд этиб ўтилган ривожланган мамлакатлар тажрибаси шуни намоён этмоқдаки, мамлакатимиз ҳукумати томонидан аҳолининг соғлиғини сақлаш йўлида амалга ошираётган ишларидан, даволаниш харажатлари тўлиқ давлат бюджетидан қоплаб берилаётганлиги учун ҳам миннатдорчилик руҳиятида бўлишимиз мақсадга мувофиқ.