Бугун ер юзидаги 7 миллиарддан ортиқ одамни, шу жумладан, ўзбекистонликларни ҳам коронавирус муаммоси ўйлантирмоқда. Технология, тиббиёт, илм-фан ривожланган бир даврда нега ҳали ҳам битта касалликка қарши вакцина яратилмаяпти? Хитойнинг Жануби-ғарбий университети докторанти, ёш ўзбекистонлик биолог Бахтиёр Шералиев «Дарё» учун тайёрлаган тадқиқотида вирусларга қарши курашиш йўлидаги муаммоларни тушунтиради.
Вакцина ўзи нима?
Вакцина бу маълум бир касалликка қарши одам организмида орттирилган иммунитетни ҳосил қилиб берувчи биологик модда. Бизнинг иммун системамиз, одатда, ташқаридан кирадиган ҳар қандай касаллик туғдирувчи ёт жисмларга қарши реакция беради, курашади. Биз бу жараёнларни касаллик деб атаймиз ва иммун системаси ана шу касаллик сабабчиларини эслаб қолади.
Кейинги гал шу вирус ёки бактерия организмга тушиши билан иммунитет уни таниб олади ва тезда бартараф қилади. Мана шу касаллик қўзғатувчи бактерия ёки вируснинг организмга тушишини кутмасдан, шу касалликка қарши организм иммунитетда хотира ҳосил қилишда айнан вакциналардан фойдаланилади.
Вакцина бу дорими?
Йўқ, вакцина дори эмас, юқорида айтганимдек, организмни касаллик билан олдиндан таништириб, уни «касалликка қарши тайёр тур» деган механизмини ёқиб берувчи модда. Организм учун мутлақо янги бактерия ёки вирус илк маротаба организмга тушганида иммун тизим уни танимайди. Вируслар фақат ҳужайра ичидагина кўпая олади, демак, улар ҳужайра ичига кириб олиши керак.
Ҳужайра ичига кирмаган вирус хавф туғдирмайди. Ҳужайра бу мукаммал тизим, унинг ичига дуч келган нарса кира олмайди. Давлатларнинг божхона тизими бўлганидек, ҳужайрада ҳам худди шундай тизим мавжуд. Ичкарига кирадиган ҳар қандай модда мана шу ерда текширилади. Бу фан тилида оқсил рецепторлар деб аталади. Вирус ҳам ҳужайрага яқинлашиб, мана шу оқсил рецептор билан боғланади. Унга «сохта пасспорт» кўрсатиб ҳужайра ичига кириб олади.
Ичкарига киргач ҳужайранинг кўпайиш механизмини қўлга олади ва ишдан чиқаради. Ўзи эса бир неча юз маротаба кўпайиб ҳужайрани «портлатади» ва кейинги ҳужайрани зарарлашга йўл олади. Вакцинанинг асосий функцияси иммун тизимига вирус ҳақида олдиндан хабар бериш ва ҳужайра «божхонаси» — компьютер тизимига вируснинг «сохта пасспорти» ҳақидаги маълумотларни узатишдан иборат. Шунда ҳужайра вирусни ичкарига киритмайди, иммун тизим эса уни ушлаб зарарсизлантиради.
Вакцина қандай тайёрланади?
Вакцина тайёрлашда айнан ўша касаллик туғдирувчи бактерия ёки вирус штаммидан фойдаланилади. Унинг қуйидаги хиллари мавжуд:
Тирик вакциналар. Бунда ўша вирус ёки бактерия тўлиқ ўлдирилмайди, балки зарарсизлантириб, касаллик қўзғатиш функцияси кескин пасайтирилади. Бу вакцина билан эмланганда одамнинг иммун тизими бактериялар ва вирусларга қарши курашади, уларни йўқ қилиб, улар ҳақидаги маълумотни эслаб қолади. Вакцинанинг бу тури муваффаққиятли бўлгани билан уни кўп миқдорда тайёрлаш ва етказиш муаммо ҳисобланади. Ўлат, куйдирги, бурцеллёз, грипп, қутуриш, чечак, безгак, қизамиқ, палиомиелит, сил каби касалликларда шу турдаги вакцина қўлланилади. Ўлдирилган вакциналар. Бунда касаллик туғдирувчи бактерия ва вирус тўлиқ ўлдирилади. Бундай вакциналар одамга киритилганда улар ҳеч қандай касаллик симптомларини ҳосил қилмайди, лекин барибир бегона модда эканини иммун тизим сезади ва уни эслаб қолади. Бу турдаги вакцина ижобий натижа бериши учун одам бир неча маротаба эмланади. Қорин тифи, кўкйўтал, вабо, энсефалит каби касалликларда қўлланилади.
Суббирликли вакциналар. Бунда вакцина таркибига юқоридаги вакциналардагидек касаллик туғдирувчи бактерия ёки вируснинг ўзи эмас, балки уларнинг ҳужайра оқсил рецептор қисмига боғланишда қатнашувчи иммуноген оқсили киритилади. Бу иммуноген оқсил ўша бактерия ёки вируснинг ўзидан ёки лабораторияда ген инженерияси усулида олиниши ҳам мумкин. Бундай типдаги вакциналар, одатда, ножўя таъсирлар келтириб чиқаради, шу боис улардан камроқ фойдаланишга ҳаракат қилинади.
Бундан ташқари, яна токсик, бирлаштирилган, валент ва гетеротипик вакцина хиллари ҳам мавжуд.
Вакциналар хавфли эмасми?
Ҳақли савол! Вакцина ичида ўша касалликни қўзғатувчи бактерия ёки вирус бўлар экан, вакцинанинг ўзи организмга салбий таъсир кўрсатмайдими? Бу саволга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва жуда кўплаб ушбу соҳа мутахассислари илмий якуний консенсусга келган ҳолда бир овозда «Йўқ, вакцина ҳеч қандай зарар келтирмайди», деб жавоб берган.
Тўғри, вакцина таъсир қилмайдиган ҳолатлар ҳам йўқ эмас, масалан, одам диабет билан оғриса, мунтазам стероидлар қабул қилса, ОИТС билан касалланган бўлса ва баъзан катта ёшли бўлгани сабабли вакциналар кутилган натижа бермаслиги мумкин. Баъзи антивакциначилар эмлаш болаларда аутизмга сабаб бўлади дейишади, бу фикрнинг асоссизлиги ҳақида алоҳида мақолада маълумот бериб ўтилган. ЖССТ вакциналар мутлақо хавфсиз экани ва ножўя таъсир бир миллионта одамнинг ичида кўпи билан бир донасида юз бериши мумкинлигини айтади. Биз вакцина ҳақидаги умумий фикрларимизга якун ясаймиз-да, мақоламиз мавзусидаги саволга қайтамиз.
Нега ҳамон коронавирусга вакцина йўқ?
Ўтган йилнинг декабрь ойида Хитойнинг Ухань шаҳрида SARS-CоV-2 деб номланган, коронавируслар оиласига мансуб, таркибида РНК тутган янги вирус аниқланди ва у бутун дунёга тарқалиб кетди. Ушбу вирус одамда COVID-19 деб номланган хасталикни келтириб чиқарди. Бу вирус нафас олиш йўллари ҳужайраларини кучли зарарлаб, одамда пневмонияга ўхшаш хасталикни келтириб чиқармоқда ва одамнинг иммун тизими кучига қараб уни оддий шамоллаш даражасидан ҳатто ўлим ҳолатигача олиб келмоқда.
ЖССТ 11 март куни жаҳонда пандемия ҳолатини эълон қилди. Вирусга қарши вакцина яратиш устида айни вақтда 35 нафар атрофида академик институт ва компания 20 га яқин турли вакцина устида иш олиб бормоқда. ЖССТ ташкилоти февраль ойининг охирида SARS-CоV-2 вакцинаси 18 ойдан аввал тайёр бўлмаслигини билдириб ўтган эди.
Муаммо нимада?
Вакциналар шу қадар специфик биологик моддаларки, бир вируснинг вакцинаси иккинчи бир вирусникига мос келмайди. Ҳаттоки ўтган йилги гриппники бу йилги гриппга тўғри келмаслиги мумкин. Сабаби ҳар бир вируснинг геноми бир-биридан фарқ қилади ва иммун тизими уларнинг ҳар бирини алоҳида-алоҳида ҳолатда таниб олишга ҳаракат қилади. Лекин маълум бир вируслар оиласига мансуб бир марта яратилган вакцина кейинги вируслар учун андоза бўлиши мумкин, бу эса ишни анча осонлаштиради.
Бироқ коронавируслар оиласига мансуб вирусларга қарши вакцина яратилмаган, тўғрироғи, иш бошланиб охирига етказилмаган. Масалан, 2002–2004 йилларда Хитойда SARS коронавируси эпидемияси бўлиб ўтди, 2012 йилда эса Яқин Шарқ давлатларида MERS коронавируси эпидемияси кузатилди. Иккала ҳолатда ҳам вакцина яратиш ишлари бошланди, лекин вакцина яратилгунга қадар эпидемия бартараф этилди ва вакцина ишлари ҳам унутилди.
Ҳозирги SARS-CоV-2 вируси геноми 2002 йилги эпидемия сабабчиси SARS коронавируси геномига 80 фоиз ўхшаш, агар ўша вақтда SARS учун вакцина яратилганда эди, ҳозир иш анча осонлашган бўларди, бироқ энди бу борада афсусланишдан бошқа иложимиз йўқ.
Коронавируслар учун шу вақтгача умуман вакцина яратилмагани ишни секинлаштирувчи биринчи сабаб бўлса, иккинчи сабаб бу вакцина яратиш жараёнида клиник текширув босқичини ташлаб кетиб бўлмаслигидир. Яъни вакцинани клиник шароитда ҳайвонларда текширмасдан туриб тўғридан-тўғри одамда қўллаш мумкин эмас, сабаби ҳали умуман синаб кўрилмаган вируслар оиласи вакцинаси клиник текширувсиз одамларда қўллаш босқичига ўтилса, кутилмаган нохуш ҳодисаларга сабаб бўлиши мумкин.
Бу борада вирусологлар умуман шошмасликни таъкидлайди. Вируснинг РНК ёрдамида вакцина яратиш усули ҳозирги вакцина устида ишлаётган жамоаларнинг асосий йўналиши ҳисобланади. Лекин ҳали дунёда бирор вакцина вирус ДНК ёки РНКси асосида яратилмаган. Унинг одам организмида қандай натижа бериши номаълум. Шу боис уни тўғридан-тўғри тезлаштириш мумкин эмас. Чунки фан коронавирусларга қарши вакцина яратишнинг эндигина пойдеворида турибди.
Вакцина яратилгач, уни тасдиқлаш учун у уч босқичли текширувдан ўтиши керак. Биринчи босқичда лабораторияда 10 та соғлом одамда вакцинанинг самарадорлиги текширилади. Бу босқичдан ўтгандан сўнг вирус тарқалган ҳудуддаги энг камида юзта одамда қўлланилади ва бунда асосан ножўя таъсирлари текширилади. Учинчи босқичда эса ўша ҳудуддаги мингтадан ортиқ одамда синалиб, якуний хулосага келинади. Одатда, ҳамма вакцина текшириш жараёнлари бу босқичгача етиб келолмайди. Маълумотларга кўра 2006–2015 йиллар оралиғида яратилган вакциналарнинг атиги 11,5 фоизигина учинчи босқичгача етиб келган холос. Умумий бу уч босқични синаш бир неча йилларга чўзилиши ҳам мумкин.
Ундан ҳам катта муаммо
Вакцина яратилди, текширувдан ўтди ва тасдиқланди ҳам дейлик. Уни миллионлаб одамларга етадиган дозада ишлаб чиқариш энди бу вакцина яратиш йўлидаги яна бир катта муаммо ҳисобланади. Чунки ҳамма вакцина яратувчи институтлар ҳам вакцина ишлаб чиқариш имкониятига эга эмас. Бу иш билан йирик фармасевтик компаниялар шуғулланади ва бу ишни янада қийинлаштиради. Масалан, ўтган ўн йилликда дунё бўйича вакциналарнинг 60 фоизини Ҳиндистон ишлаб чиқарган.
Энди тасаввур қилинг, ҳолат қай даражада мураккаблашувини, Ҳиндистон бутун дунёга вакцина етказишни тўхтатиб, аввал ўзининг 1,3 млрд аҳолисига вакцина етказаман деса, нималар содир бўлишу мумкин. Давлатларнинг молиявий томондан бир хил имкониятга эга эмаслиги ҳам вакцинанинг бутун дунё аҳолисига етказилишига яна бир катта тўсиқ бўлади. Айрим давлатларнинг юқори лавозимли сиёсий элиталари биз вакцинага яқин қолдик, бугун-эрта ишлаб чиқарамиз деган гаплари ҳозирча кўнгил кўтаришдан бошқа нарса эмас.
Чунки ҳозир муаммо фақатгина молиявий масалаларда эмас, балки вақт масаласида — айнан текширув, синов учун кетадиган вақтдадир. Шундай экан, бугун-эрта коронавирусга вакцина яратилади ва биз халос бўламиз деб ортиқча умидланиб қолманг. SARS-CоV-2 вакцинаси яратилади, албатта, лекин унгача юқори эҳтимоллик билан ҳозирги пандемия тугаб бўлган бўлади.
Умид қиламан, бу гал олимлар пандемия тугагач, ўтган галгидек вакцина ишини қайтадан ғаладонга солиб қўйишмайди. Вакцина яратилгунча эса карантин қоидаларига амал қилинг, қўлингизни тез-тез ювиб туринг деб қоламан. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot http://hordiq.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|