![](/_nw/86/93211299.jpg)
Шу кунларда Қозоғистон бозорларида вужудга келган бу каби аҳвол, ҳатто, айрим минтақавий нашрлар диққат-эътиборини ўзига тортган воқеъликка айланди:
Жумладан, sputniknews нашрининг ёзишича, Олма-ота бозорларида одамлар оммавий равишда қўй ёғи, занжабил ва ерқалампири сотиб олишга тушиб кетишган.
Уларга талаб кескин ошган, нархлари ҳам бир неча бор қимматлаган.
Хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, шаҳар аҳолиси бу каби маҳсулотларни коронавирусдан профилактика воситалари сифатида харид қилмоқда.
Қозоғистон минтақанинг коронавирус энг кўп тарқалган, карантин чоралари юмшатилиши ортидан, аҳвол янада ёмонлашган давлати бўлади.
Мавжуд вазият манзарасида Қозоғистон яқинда яна кучайтирилган карантин тартибига қайтишга қарор қилган, бу ишга яна қўл урган дунёдаги биринчи мамлакатга айланганди.
Бугун, 17 июль ҳолатига кўра, Қозоғистонда жами коронавирусга чалиниш ҳолларининг 65 мингдан ортгани, ўлим ҳолатларининг эса, қарийб 400 тага етгани кўрилади.
Қиёс тариқасида олинганда эса, бунинг Ўзбекистондаги расмий рақамлардан бир неча баробарга кўп экани англашилади.
Коронавирус ва дори-дармонлар
Коронавирус шитоб билан тарқалиб бораркан, Қозоғистонда дори-дармонлар тақчиллиги ўткир муаммолардан бирига айланган.
Сўнгги кунларда мамлакат дорихоналарида оддий бир парацетамолнинг топилмаётганига оид шикоятлар сони ортган.
Мавжуд вазиятга шахсан Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг ўзи эътибор қаратган.
Ҳолатнинг тагига етиш, масъулларни жавобгарликка тортиш, давлатга қарашли тиббиёт муассасаларининг асосий таъминотчиси бўлган «Фармация» компанияси раҳбариятини ишдан бўшатишга чақирган.
Одамларнинг халқ табобати ёки доривор гиёҳ, табиий маҳсулотларга яна қайта мурожаат қилишаётганига оид хабарлар эса, худди шу манзарада олинган.
Орада худди Ўзбекистонда бўлгани каби, Қозоғистонда ҳам шифокорлар аҳолини ўз-ўзларини даволаш билан шуғулланмасликка қайта-қайта даъват этиб чиқишган, бунинг фожеий якунланувчи оқибатларидан жиддий огоҳлантиришган.
Афтидан, уларнинг ўгитлари ҳам аксарият қозоғистонликларни бундай қилишдан ортга қайтара олмаган.
Одамлар ва бозорлар
«putniknews-uz-com» нашри мухбири эса, шу кунларда Олма-ота бозорларидаги вазиятни ўрганган.
Агар, унинг маҳаллий сотувчилар билан суҳбатларига таянилса, ҳозир думбанинг бир килоси 800 тангадан 2000 тангага чиққан — қарийб икки ярим баробар қимматлашган.
«9 кило думба тушгача сотилиб кетган. Талаб бор — одамлар келиб, қўй ёғини сўрашмоқда. Ҳатто, гўштини олишмаяпти. Айримлар бу вирусдан ёрдам берадими, деб ҳам сўрашмоқда», — деб айтган гўшт сотувчилардан бири.
Интернет нашрининг ёзишича, Қозоғистонда бу тенденция иккинчи марта кузатилмоқда.
Биринчи карантин пайтида ҳам мамлакатда худди шунга ўхшаш ҳолат юз берган, одамлар бу каби маҳсулотларни оммавий равишда сотиб олишга тушиб кетишганди.
Ўзбекистонлик айрим масъуллар яқинда мамлакатда коронавирус авж олса, ўзларида ҳам дори-дармон ва тиббий воситалар тақчиллиги юзага келиши эҳтимолидан огоҳлантиришган.
Вазиятга кеча, чоршанба кунги видеоселектор йиғилиши чоғида шахсан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзи эътибор қаратган.
Масъул идораларнинг аллақачон пандемия даврида дори-дармонлар нархи сунъий ошиб кетмаслиги бўйича рейдлар ўтказишга тушиб кетишгани ҳам кўрилган.
Асосий урғу дори-дармонлар нарх-навоси ва таъминотига берилган, коронавирусдан энг кўп зарар чекаётган пойтахт Тошкентда уч ойлик заҳира яратиш режаси ҳақида сўз борган.
Халқ табобати?..
Пандемия аввалида Ўзбекистонда ҳам исириқнинг тақчиллашгани ва қимматлагани алоҳида хабарга молик воқеъликка айланган.
Орада Хитойнинг коронавирусга қарши курашда халқ табобатини тарғиб этувчи чиқишлари эса, халқаро миқёсда соҳа аҳлининг анчайин жиддий танқидлари ва скептик қарашларига сабаб бўлган.
Олимлар доривор, деб кўрилаётган маҳсулотларнинг хавфсиз ва самарали экани борасида қатъий ва якуний бир тўхтамга келиш учун жиддий синов натижаларига таянган аниқ маълумотлар лозимлигини айтишган.
Ҳалигача коронавирусга қарши вакцина тайёр эмас, вирусни тўлиқ даволаши мумкин бўлган дори-дармонлар ҳам ҳозирча имконсиз, синовлар эса, ҳануз давом этмоқда.
Шу кунларда ўзбекистонлик масъуллар одамларга коронавирусдан профилактика мақсадида қандай дорилар тавсия этилаётгани масаласига ойдинлик киритишган.
Мутахассислар Азитромицин, Плаквенил, Лопиавир/ритонавир, Ремдесивир, Умифеновир ва Фавипиравир дориларининг биронтасини шифокорлар тавсиясига асосан қабул қилиб туришни тавсия этаётганини айтишган.
Бизнинг оддийгина хулосамиз
Шубҳасиз, ҳар бир даврда, ҳар бир синовлар ортида истаймсизми-йўқми, ўз манфаати йўлида ҳатто сотқинликдан, номуссизликдан, диёнатсизликдан-да қайтмайдиган бандалар топилади. Коронавирус пандемияси ҳам бундан мустасно эмас. Пандемия даврида шахсий манфаатини, киссасини ўйлаганлар истаганча топилмоқда. Улар халқларнинг хасталик ва уни қандай даволаш ҳақида етарли маълумотга, билимга эга эмаслигидан унумли фойдаланишга уринишмоқда. Шу сабабли фириб, сотқинлик, золимлик каби иллатлар урчимоқда. Қозоғистондаги вазият ҳам шундан бўлак нарса эмас. Қўй думбаси, қалампир каби маҳсулотлар коронавируснинг кушандаси бўлса, хитойликлар аллақачон коронавирусдан халос бўлган чиқарди. Агар шундай бўлса, ўзимизнинг юртда ҳам коронавирус балоси таг-туги билан ер юзидан супуриб ташланарди. Шунинг учун биз фуқароларга мурожаат этиб, касалликка даво излаш жараёнида фақат мутахассислар маслаҳатлари, тавсияларига таянишни маслаҳат берган бўлардик. Илоҳо, ҳар биримизни коронавирус балосидан, фирибгар, золим ва иккиюзламачи, товламачиларнинг назаридан асрасин! Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|