Илк босқичдаги бепарволик ва беписандлик, тестлар етишмовчилиги, мамлакат бўйлаб мувофиқлаштирилган кураш тизими мавжуд эмаслиги каби ҳолатлар алалоқибат АҚШда Сovid-19 портлашига сабаб бўлди, ёзмоқда kun ушбу мавзуга оид таҳлилий мақоласида. Айни дамда мамлакатда вирус билан касалланганлар сони қарийб 587 мингдан ошиқни ташкил қилмоқда. Вафот этганлар сони эса 24 мингга яқинлашиб қолди.
«Биз даҳшатли замон томон кетиб бормоқдамиз»
Маълумки, президент Дональд Трамп Covid-19’нинг ҳалокатли хавфини ўз вақтида англаб ета олмади. Ҳатто у дастлаб коронавируснинг янги тури демократлар томонидан ўзи ва унинг маъмуриятига зарар етказиш учун ишлатилган «ёлғон» эканини таъкидлади. Вақт ўтиши билан эпидемиянинг қанчалик хавфли экани маълум бўлгач, Трамп аввалги бефарқлигини хаспўшлаш учун ўткир тилни ишга солди. У ҳатто вирусга қарши курашни урушга қиёслар экан, ўзини мана шу уруш даврининг президенти, деб атади. Эндиликда эпидемияга қарши кучлироқ чоралар кўрила бошланган бўлса-да, аслида, мамлакат жуда кеч қолди. Шу асно Трамп президентлик фаолияти давомида яратмоқчи бўлган «дунёдаги энг қудратли ва гуллаб-яшнаган мамлакат» имижига жиддий путур етди.
Айни пайтда яхши сценарий ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Фақат ёмон ёки ўта ёмон эҳтимолларгина мавжуд. Оқ уй тиббиёт экспертларининг ҳисоб-китобларига кўра, ҳатто уйда қолиш буйруғига амал қилинган тақдирда ҳам вирус туфайли 100 мингдан 240 минггача америкалик вафот этиши мумкин.
«Ўлим жуда кўп бўлади, деди Трамп журналистларга берган баёнотида. Биз даҳшатли замон томон кетиб бормоқдамиз. Эҳтимол, бундай ўлим кўрсаткичларини илгари ҳеч кўрмагандирмиз. Эҳтимол, буни Биринчи ёки Иккинчи жаҳон урушидаги рақамлар билан таққослашимиз мумкиндир». Агар Биринчи жаҳон урушида 320 минг, Иккинчи жаҳон урушида 1 миллион 76 минг америкалик ҳалок бўлгани ҳисобга олинса, мазкур баёнот қанчалик даҳшатли экани ойдинлашади.
Соғлиқни сақлаш тизими қуламоқда
Дональд Трамп твиттерда АҚШнинг коронавирус эпидемиясини «назорат қилаётгани»ни ёзганидан сўнг бир ой ўтгач, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Америка эпидемия марказига айланиши мумкинлигини айтди. Узоқ вақт давомида сурункали муаммоларга дуч келган Америка соғлиқни сақлаш тизими ғафлатда қолиб, тайёргарлик кўришга улгурмагани ҳам бунда катта рол ўйнади.
Эпидемия тарқалганидан кейин ҳеч қанча вақт ўтиб улгурмай, АҚШ касалхоналарида тиббий воситалар етишмовчилиги юзага келди. Шифокор ва ҳамширалар интернет орқали бу масалада ёрдам сўраб мурожаат қила бошлашди. Тўқимачилик корхоналаридан эса касалхона ишчилари учун тиббий ниқоб тикиш сўралди. Аммо вазият шу қадар ёмон тус олдики, бир анестезиологнинг муолажа пайтида бошига елим пакет кийиб олгани кенг муҳокамларга сабаб бўлди. Кейинчалик эса ҳатто чиқинди пакетларидан ҳимоя воситаси сифатида фойдаланаётган шифокорлар тасвири ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди.
Бирламчи ҳимоя воситалари масаласида мана шундай муаммоларга дуч келинаётган бир пайтда респиратор (нафас олиш мосламаси) етишмовчилиги дард устига чипқон бўлди. Марказий ҳукумат штатларнинг буюртмаларини бажара олмади. Масалан, эпидемия ўчоғи бўлган Нью-Йоркка атиги 400та респиратор жўнатилди. Шаҳар губернатори Эндрю Куомо эса бу иш кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмаслигини таъкидлаб, штатда 30 мингта респираторга эҳтиёж борлигини маълум қилди.
Ҳар бир штат ўз муаммосини ўзи ҳал қилишга уринар экан, Америка соғлиқни сақлаш тизими парокандаликка юз тутди. Эпидемияга қарши курашни мувофиқлаштириш ҳали бир ёқда турсин, штатлар ва шаҳарлар муҳим тиббий жиҳозлар масласида «ёқа бўғиша бошлашди».
Энди эса айтинг, мана шундай бир вазиятда АҚШ миллий соғлиқни сақлаш тизими ҳақида қандай гап бўлиши мумкин?
Пул жондан азизми?
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, бугунги кунда тахминан 30 миллион америкалик тиббий суғуртага эга эмас. Иқтисодий бўҳрон ва ишсизлик кўрсаткичлари жадал суръатлар билан ўсиб бораётганини ҳисобга олсак, бу рақам келгусида янада ортиши аниқ. Қолаверса, кўплаб АҚШ фуқароларининг суғуртаси етарли даражада қамровли эмас. Зотан, ушбу тоифадаги америкаликлар ҳам, суғурталанмаганлар ҳам мободо Сovid-19 туфайли жонлантириш бўлимида қолгудек бўлсалар, катта миқдордаги тўловлар уларни қарши олиши аниқ. Масалан, Флорида штатида суғуртасиз бир бемордан Сovid-19 муолажаси учун қарийб 35 минг доллар маблағ сўралишини ҳисобга олсак, ҳасталарга Худонинг ўзи тўзим берсин, дейишдан бошқа илож қолмайди.
Ҳисоботларда айтилишича, даволаниш суммаси шахсий тиббий суғуртаси бўлганлар учун 38 минг долларгача, суғуртасизларга эса 73 минг долларгача бўлиши мумкин.
Иқтисодиёт туби кўринмас гирдоб томон оқиб бормоқда
Сўнгги 113 ой давомида АҚШда иш билан банд бўлганларнинг умумий сони муттасил ўсиб бораётган эди. Аммо ушбу юксалиш тренди март ойида 700 мингдан ортиқ кишининг ишидан айрилиши натижасида барҳам топди. Яқинда ишғол қилинган 3,5 фоизлик тарихий натижадан сўнг ишсизлик даражаси тез суръатлар билан ўса бошлади.
Миллий ресторан ассоциацияси ҳисоб-китобларига кўра, эпидемия натижасида биргина ресторан саноатининг ўзида 5 миллиондан 7 миллионгача ишчи ишдан бўшатилиши кутилмоқда. Ушбу тармоқ сўнгги уч ой давомида 225 миллиард доллар йўқотиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Сўнгги икки ҳафта ичида 17 миллиондан ортиқ америкалик ишсизлик нафақасини олиш учун мурожаат қилгани ҳам вазият оғирлигидан дарак бермоқда.
Айни вақтда иқтисодиётдаги тижорий фаолият пасайиши натижасида АҚШда ишлаб чиқариш қисқармоқда. Миллий ишлаб чиқарувчилар уюшмасининг янги тадқиқотига кўра, вирус тарқалиши туфайли компанияларнинг 80 фоизи молиявий зарба олиши кутилмоқда.
Гарчи президент Трамп иложи борича тезроқ иқтисодий фаолиятни нормаллаштириш тўғрисида баёнотлар берган бўлса-да, кўплаб экспертларнинг фикрича, бунга яқин орада эришиш мумкин эмас. Қолаверса, вирус қачон жиловланиши аниқ бўлмагани учун вазият кутилганидан ҳам ёмонлашиши мумкинлиги айтилмоқда. Эпидемиянинг глобал рецессияга сабаб бўлиши тусмол қилиняпти.
Баъзи мутахассисларнинг фикрича, рецессия жараёни аллақачон бошланди. Ресторан соҳаси буткул тўхтаб қолди. Ҳаво йўллари, автомобил саноати, меҳмонхоналар, спорт заллари ва круиз линиялари каби соҳалар ҳам жар ёқасида. Биржалар эса баъзан савдо-сотиқни бутунлай тўхтатадиган, улкан йўқотишлар ва қўрқинчли кунлик тебранишлар кузатиладиган жойга айланиб қолди. Нефть нархи ҳам тушиб кетди. Мамлакат бўйлаб ишдан бўшатиш ҳолатлари кўкка сапчиган тўлқин тусини олмоқда. Эндиликда одамлар камроқ ишлаб чиқариб, камроқ сарфлаб, камроқ истеъмол қилишга уринмоқда. Таъбир жоиз бўлса, ҳозир кўплаб давлатлар қатори АҚШ иқтисодиёти ҳам туби кўринмас гирдоб томон бормоқда.
Эпидемиянинг сиёсий таъсири ҳис қилинмоқда
Шубҳасиз, президент Трамп Сovid-19 эпидемиясининг салбий сиёсий таъсирини ҳам ҳис қилмоқда. У 2020 йил ноябрь ойида бўлиб ўтиши керак бўлган президент сайловлари олдидан дуч келган ушбу кутилмаган тўсиқни енгиб ўтиши лозим. Очиғи, унинг юқумли касалликларга қарши кураш борасида ҳозирги кунга қадар олиб борган фаолияти у қадар порлоқ бўлмади. Дастлабки босқичда вирус таҳдидини тўғри баҳолай олмагани ва келажак учун зарарни тахмин қилиши жиддий танқидларга сабаб бўляпти. Зотан, Трамп маъмурияти вирусга қарши глобал курашда лидерлик қилиш уёқда турсин, ҳатто мамлакат ичидаги вазиятни назорат остига ола билишда ҳам бир қадар ишончсизлик уйғотмоқда.
Ушбу эпидемия юқори қутбли ўзаро айбловлар ва оғир ҳақоратлар билан кечадиган президент сайловлари жараёнига ҳам жиддий таъсир кўрсатди, албатта. Масалан, аввалига Демократлар партиясининг Оҳайо ва Висконсин штатларидаги дастлабки сайловлари қолдирилди. Кейинчалик эса Демократлар партияси делегатлари томонидан партиянинг 2020 йилги сайловларда президент ва вице-президентликка номзодини аниқлайдиган Демократик Миллий Конгресс август ойига қолдирилгани маълум қилинди. Бундан ташқари, демократларнинг энг кучли номзоди Жо Байден ва президент Доналд Трамп мунозараларга танаффус бериб, Сovid-19 эпидемияси ҳақида телефонда фикр алмашди. Шундай қилиб, эпидемияга қарши курашда партиявий келишув эшиклари очилди. Аммо АҚШ устига бало каби ёпирилган эпидемиядан халос бўлиш учун бундан-да кўпроқ нарса талаб қилинади. Зотан, айни пайтда АҚШ иқтисодиёти, сиёсати ва соғлиқни сақлаш тизимининг сурункали муаммоларини зудлик ҳал қилиш лозим. Аллақачон даҳшатли тушга айланган «Америка орзуси»нинг рўёбини кўриш учун эса албатта вақт керак. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot http://hordiq.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|