КАРАНТИНДА КОМАДАН ЧИҚҚАН БЕМОР
Россияда бир эркак мия саратонидан азоб чекарди. Жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Саратон шиши олиб ташланди. Аммо орадан бир ҳафта ўтиб мияда қон айланиш жараёни издан чиқди. Пневмонияга йўлиқди. Шу сабабли врачлар уни сунъий кома ҳолатига тушириб қўйишди. Беморни сунъий нафас олдириш ускунасига улашди. Зонд орқали овқат бера бошлашди. Врачлар у коронавирусга йўлиққан деб қўрқишганди. Аммо олинган таҳлиллар бу тахминларни тасдиқламади. Бироқ комадан чиққач, мамлакатда коронавирус балоси пайдо бўлгани, карантин ҳолати, чекловлар, минглаб хасталар, ўлганлар тўғрисида эшитди-ю, адо бўлаёзди. Аммо врачлар хурсанд. Чунки улар бир кишини бўлса-да, коронавирус юқтиришдан асраб қолишди.
«КОМАДАН ЧИҚҚАНДИМ, 11 ТА НЕВАРАЛИ БЎЛИБМАН»
Польшалик темирйўлчи Ян Гжебски 1988 йили комага тушган. У вагонга боши билан қаттиқ урилиш туфайли бош миясидан жиддий жароҳат олганди. Худди шу жароҳат эркакни кома ҳолатига туширди. Ўшанда Ян Гжебски 46 ёшда эди. Яқинларига врачлар дафн маросимига ҳозирлик кўраверишни тайинлашди. Лекин худо жонини олмади. Эркак 19 йил комада ётди. Уйғонгач эса, ҳайратдан адо бўлаёзди. Шу муддат оралиғида у 11 та неваранинг бобосига айланибди.
— Мен хасталанган пайтимда, — деди Ян Гжебски. — Дўконларда фақат қуруқ чой ва уксус бор эди. Гўштни ҳам киши бошига талон асосида беришаётганди. Бензинга узундан-узун навбатлар ҳосил бўлганди. Энди қарасам, ҳамманинг қўлида телефон, смартфон. Дўконларда маҳсулотлар шу қадар кўпки, бошим айланиб кетди. Неваралар-чи!?. Уларни кўрганим сайин яна ва яна яшагим келяпти…
Афсуски, Ян Гжебски орадан бир йил ўтиб ёруғ дунё билан видолашди. Барибир миясидаги жароҳат асоратлари қолган экан. Бош мия шишиб катталашиши туфайли ўлим топди.