Клиник ўлимни бошдан кечирганларнинг аксарияти қоронғи ерости йўли бўйлаб кетиб боргани ва узоқда ёруғликка кўзи тушганини гапиришади. Фан нуқтаи назаридан келиб чиқиб айтилганда, бу бош мия ўша лаҳзаларда ҳам ишлаб турганини англатади. Олимлар ўлимдан сўнг одам яна қанча вақт яшаб туришини аниқлашди.
ҲАЁТГА ҚАЙТИШ УЧУН ИМКОНИЯТ
Юракнинг уришдан тўхташи — бу организмнинг инқирозга юз тутиши. Реаниматологлар ихтиёрида беморни ҳаётга қайтариш учун қандайдир саноқли сониялар қолади холос.
Одамнинг юраги уришдан тўхтагач, бош мияга қон етиб бориши тўхтатилади. Миянинг ожиз бўлаклари ўла бошлайди. Агар беморни шундан кейин ҳам ҳаётга қайтаришга эришилса, миянинг ўлган қисмлари қайта тирилмайди. Бош мия тўлиқ ўлгандан кейин эса бемор учун росмана биологик ўлим ҳолати юз беради. Энди уни ҳеч қанақанги реанимация йўли билан ҳаётга қайтариб бўлмайди.
20 СОНИЯ
Америкалик олим Сэм Парниа жонлантириш соҳасида бир қатор изланишлар олиб бориб шундай хулосага келдики, ўлим ҳолати юз бергач, одамнинг мияси 20 сония давомида ҳамма нарсани тўлиқ англаб тураркан. Агар шу қисқа вақт ичида беморни жонлантира олишса, саломатлигига путур етмаган ҳолда тириларкан.
3 ДАҚИҚА
Хўш, 20 сониядан сўнг нима бўлади? Шунда ҳам бемор биологик ўлим топган деб бўлмайди. Бош миянинг айрим бўлимлари ўлим топгани билан баъзи бўлимлари ишлашда давом этади. Уч дақиқа ичида беморнинг ҳаётини сақлаб қолса бўлади. Аммо бу вазиятда ҳаётга қайтган одамни юз фоиз соғлом деб бўлмайди. Марказий асаб тизими фаолиятида клиник ўлим туфайли узилишлар юз берган бўлади. Шунинг учун қайта тирилган одам ўйлай олмаслиги, юриш, гапириш, кўриш ва эшитиш бахтидан маҳрум бўлиши мумкин.
ҲАЁТГА ҚАЙТИШ ОЛЛОҲНИНГ ИНОЯТИДИР
Инсон организми сўнгсиз жумбоқлардан иборат. Унинг имкониятлари ҳануз тўлиқ ўрганиб чиқилмаган. Шунга қарамай, ҳар бир беморда клиник ўлимдан кейин ҳаётга қайтиш имконияти албатта мавжуд бўлади. Юрак уришдан тўхтагач, бош миянинг орқа қисми серотонин ишлаб чиқара бошлайди. Серотониннинг организмдаги миқдори 20 баробар ошиб кетади. Бу гормон эса ҳам психологик, ҳам жисмоний фаолият учун жавоб беради. Серотонин оғриқни ҳис этиш йўлларини ёпиб ташлайди. Шундай қилиб биологик ўлим ҳолатидан сўнг мия ишлашда давом этади. Худди шу нарса одамга ҳаётга қайтиш учун қўшимча имкониятлар яратади.
12 СОАТ
Америка олимлари яна бир изланиш натижасида клиник ўлим ҳолатидаги беморни орадан 12 соат ўтгандан кейин ҳам мия тизимига зиён етказмаган ҳолда ҳаётга қайтариш мумкинлигини англаб етишди. Бунинг учун ўлган чўчқа миясига сунъий тарзда кислородга тўйинган қон юбориб кўришди. Қарангки, кислород етиб боргач, ўлим топган тўқималар қайта фаоллашиши кузатилди. Асаб тўқималари ташқи таъсирга жавоб қайтара бошлади. Кучсиз бўлса-да, электр импульслари пайдо бўлди. Иммуниал тизим уйғонди. Чўчқа ўлгач, эксперимент бошланган вақт 12 соатни ташкил этганди. Қизиғи, миядаги барча тўқималар одатдагидек ишлай бошлади. Шундан сўнг олимлар ишонишдики, клиник ўлим топган беморни 12 соат ичида ҳам тирилтирса бўларкан. Асосийси, бу бемор ҳеч бир нуқсонларсиз ҳаётга қайтади.