Икром киракашнинг бугун иши юришди. Кечагидан анча кўп пул ишлади. ”Роппа роса юз минг, қани ҳар доим шундай бўлса… Энди озгина дам олай , кеч ҳам тушаяпти”. У машинасини айлантириб салгина юрганида йўлнинг четида турган озғингина ўспирин қўлини кўтарди. Яқинлашиб салом берди. Мени қишлоққача олиб кетинг. Тўрт йилдан бери ўзининг қишлоғи билан шаҳар йўлида киракашлик қилаётган Икром йўловчиларнинг аксариятини танийди. Ўспирин нотаниш эди. -Танимайроқ турибман, кимнинг боласисан? -Маҳаллангизда яшайдиган Мухтор муаллимнинг ўғлиман. -Кечга қолиб кетибсан. Меҳмон бўлиб келганмидинг? –Йўқ, бу йил университетга ўқишга кирдим. Бугун шанба, отам шаҳарга мажлисга келган экан. Қайтишда мени ўзи билан олиб кетмоқчи эди. Йиғилиши чўзилиб кетадиган бўлди шекилли, телефон қилиб сен йўлга чиқавер, онанг хавотир олиб ўтирмасин, деди. Шунга… Ҳа демай манзилга етиб келишди. Киракаш машинасини қишлоққа кираверишдаги бекатда тўхтатди. – Беш минг сўм берасан. Чўнтагини кавлаётган талаба бир зум тўхталиб қолди. – Ҳар доим уч минг сўм олишарди-ку,- деди қимтинибгина. Икромнинг энсаси қотди. "Муштдай бола кап-катта одам билан тортишади-я, тавба. Ёмон тарбиясиз бўлиб кетишаяпти-да булар…” – Беш минг, – деди қатъий қилиб. – Қоронғи тушиб қолди. Уч минг сўм деганинг кундузги нарх, тушундингми? Бундай пайтда такси қимматроқ бўлади… – Уйига киргач биринчи сўрагани онаси бўлди. –Ойим шаҳарга кетдилар, -деди хотини –Гулсара аммамизнинг келинлари фарзандли бўлибди… – Шунда менга қўнғироқ қилсанглар бўлмасмиди, қайтишда ўзим билан олиб келардим-ку? – Телефон қилмоқчи эдим, унамадилар. Қўй, безовта этма, қачон қайтиши номаълум. Кўча тўла машина, ўзим ғириллаб бориб келаман, дедилар… – Икром норози тўнғиллаб йўлга отламоқчи бўлиб турганида онаси офтобдай чарақлаб кириб келди. – Эсон омон келдингизми? – деди ўғли аччиғини аранг босиб, – пойи-пиёда қолмадингизми ишқилиб? – Эй болам-ей. Бу дунёда яхшилар кўп. Шуларнинг борига шукур. Мухтор муаллим шаҳарга борган экан, машинасида эшигимнинг тагигача олиб келиб қўйди. Катта йўлда тушириб кетавер, десам ҳам «Қийналиб юрманг деб унамади»,- барака топгур. Икром истеҳзоли илжайди. – Шунга яраша бақрайиб пулингизни ҳам олгандир, бекорга эмасдир… – Ҳечам-да, пул узатсам хафа бўлди, – она ўғлига ўпкалаганнамо қаради.– Қўйинг эна, бир элнинг одамимиз, уят бўлади,- деди. Бола-чақасининг роҳатини кўрсин илойим. Икром лавлагидай қизариб кетди. Кўзининг олдига чўнтагини кавлаётган озғин талаба келди. Онасининг юзига қарай олмади… Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|