Интернет маълумлотларига кўра, 2018 йилда Ўзбекистонда 2 миллион 114 минг 446 киши грин-картда ўз омадини синаб кўрган. Бу 33 миллиондан ортиқ аҳолига эга бўлган мамлакатнинг салкам 7 фоизига тенг. Демак, Ўзбекистон аҳолисининг салкам 7 фоизи агар омади чопиб қолса, Ўзбекистонни тарк этиб, Америкада яшашга тайёр.
Тасаввур қилинг, дунё аҳолисининг 0,4 фоизини ташкил қиладиган ўзбекистонликларнинг Америкага йўл олишни истовчи сайёрадошларимиз умумий сонидаги улуши 9 фоизга тенг. Бошқача айтганда, Ер юзида грин-карт ўйнаганларнинг ҳар 11-си – ўзимизникилар.
Зоҳиран, 93 фоиз одам Ўзбекистонга содиқ. Қолганлар Ўзбекистоннинг келажагига ишонмайди, деб хулоса чиқариш мумкинми? Шошилмайлик. Қолган 93 фоизга кимлар киради ўзи? Ўзимиз бир хомчўт қилайлик-чи:
– грин-карт ҳақида тушунчага эга бўлмаганлар (тахминан 1%);
– етарлича даромад манбаига эга тадбиркорлар, моддий таъминоти сабабли Америкага бориб "мўмай даромад орттириш”га эҳтиёжи бўлмаганлар (тахминан 10%);
– ҳали меҳнатга лаёқатли ёшга етмаганлар (30%);
– меҳнатга лаёқат ва "Америка орзуси” ёшидан аллақачон ўтиб кетганлар (10%);
– давлат ташкилотлари, муассасаларда, яхши маош оладиган ишларда ишловчи, грин-картга топширсам, "рўйхатга тушиб қолишим мумкин”, деган хавотирда юрганлар (тахминан 20 %);
– иши кўплиги ёки ҳафсаласизлиги сабаб электрондан рўйхатдан ўтишга улгурмаганлар (2%);
– судланганлар ёки Америкада бўлиш қоидаларини бузиб, грин-картдан ноумид қолганлар (1%);
– аллақачон турли хорижий давлатларга бориб, яхши пул ишлаб топаётганлар (10%);
– ўзининг саломатлиги ёки жисмоний имкониятларига ишонмаганлар (1%);
– қолаверса, Ватанини жондан ортиқ кўрувчилар ва бошқалар (7%).
Албатта, бу тахминий ва нисбий ҳисоб-китоблар, холос (хорижда имконияти етарли бўла туриб, ёши катта ёки кичик бўласа-да, грин-карт ўйнаганлар кўп бўлиши мумкин). Лекин бу тахминий кўрсаткичлар реал тасаввурларга асосланган ҳолда тузилди.
Кўриниб турибдики, аҳолимиз орасида фақат Ўзбекистонга садоқати сабабли "Ўзбекистондаги имкониятлар ҳеч қайси мамлакатдагидан қолишмаслигига ишонадиган, ўз юртининг сомонини ўзга юртнинг буғдойиги алишишни истамайдиган”лар жуда кам.
Ҳолбуки, йиллар давомида телевидение, радио, матбуот орқали халқимиз ватанпарварликка даъват қилиб келинди. Ўзга юрт, хусусан, Америкада ҳам кун кечириш оғирлиги ҳақида мақолалар, кўрсатувлар, ҳатто фильмлар ва сериаллар суратга олинди. Хорижга кетганлар "мўмай пул илинжида, ўз юртидан юз ўгирганлар”, ҳатто "Ватан хоинлари” даражасида қораланди.
Аслида-чи? Рақамлар ҳаммасини очиқ-ойдин кўрсатиб турибди. Одамлар нима деб ўйлашни, қандай хулоса чиқариш ва қандай яшашни ўзлари билишади. Кўриниб турибдики, имкони бор одам Америкага кетишни, яхшироқ пул топишни, фаровонроқ кун кечиришни истайди ва ҳар бир инсон бунга ҳақли.
Шундай экан, халққа ватанпарварлик, юртга муҳаббат ва садоқат ҳақидаги даъватлардан кўра, яхши яшаш, ишлаш, ўқиш учун шароит яратиб бериш муҳим. Агар ўзимизда шарт-шароитлар юқори даражада бўлса, ҳар бир инсон ўзини қониқтирадиган даражада иш, ўқиш, даромад манбаи топа олса, ҳеч ким ўзи туғилиб ўсган жойини ташлаб кетишни истамайди. Албатта, бу борадаги саъй-ҳаракатлардан кўз юмиб бўлмайди. Лекин юқоридаги 14 фоиз бу борада ишларни янада кучайтириш лозимлигини кўрсатади.
Жаҳонда 2-ўринни олганимиз юмшоқ қилиб айтганда, оғриқли ҳолат. Қолаверса, бу билан Америкага кетишни хоҳловчиларни Ўзбекистонни севмасликда айбламоқчи эмасман. Зотан, ойига 2000 доллар топиш учун Америкага кетишни орзу қилаётган қоровул уйидан 1,5 миллион доллар топилган ҳоким ўринбосаридан кўра, Ватанини кўпроқ севиши, Ватанига кўпроқ фойда келтириши мумкин.
Шунчаки, бугун Ватанни севиш, унинг ҳар қарич тупроғи учун жон фидо қилиш ҳақидаги даъватлар қорин тўйдирмаслигини одамларимиз жуда яхши билади. Шуни унутмайлик.
Айтганча, ўзим ҳам охирги 7 фоизга кираманми, йўқми билмадим. Аммо ҳали грин-карт рўйхатидан ўтганим йўқ… Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|