15 май.
Икки ҳафтадан берисига ишсизман. Ҳар замонда кафтим қичишиб-қичишиб қўйяпти. Тағин қўл қурғур чиқиб кетиб қолмасин деган мақсадда уйдаги суваракларни ўққа тутдим. Энг охиргисини ушладим-да, печканинг трубасига боғладим ва устидан дазмол босдим.
Кечқурун хотиним келиб қўлимдаги дазмолни ҳамда ярми ичилмай қолган ароқни тортиб олди.
16 май.
Ниҳоят буюртма олдим. Йўқ, одам ўлдиришгамас, хат экан. Почтачи хотин адашиб бировнинг хатини менга ташлаб кетибди. Почтачини тутиб олдим-да, қўлимдаги ароқни кофтасига сепиб юбордим. Кейин ўзим яхшилаб тозалаб қўйдим. Хотиним мени кофта кўтарган ҳолда, почтачини кофтасиз кўриб сал бўлмаса икковимизга баравар ароқ сепиб юбораёзди.
17 май.
Пашшаларни ўққа тута бошладим. Қўшним деворни тақиллатди. Нега уйимда тўполон кўтарилаётганини билмоқчи бўлди. Менам тақиллатиб қўйдим яхшигина. Йўқ, деворнимас, қўшнининг ўзини. Хотиним келиб қўшнини ҳайдади ва қўлимдаги ярми ичилмаган ароқни тортиб олди.
18 май.
Хотинимга ёрдамлашишга аҳд қилдим. Уйдаги кирларни ивитиб қўйдим. Хотиним келиши билан кирларга қўшиб униям ивита бошладим. Жонҳолатда ваннадан югуриб чиқди-да, қуруқ кийимларини кийди. Сўнгра ниҳоятда аччиқланганидан бўлса керак ярми ичилмаган ароғимни ичиб ташлади.
19 май.
Буюртма олдим. Йўқ, бу сафар хатмас, ҳақиқий қотилликка. Буюртмачи ваъда қилинган пулнинг ярмини опкелиб берди. Даст ўрнимдан туриб дўконга чиқдим-у, яна бир яшик ароқ олдим. Хотиним кўриб қолмаслиги учун ишончли жойга беркитиб қўйдим.
Кечқурун одатдагидек хотиним келди. Буюртмачини олдига солиб қувди. Мени эса, шундай ҳақоратладики… Айтишга уяламан.
20 май.
Буюртмада кўрсатилган банкирга қарата ўқ уздим. Банкир ҳайрон бўлди. Шундан сўнг мен уни куч билан ерга ағанатдим. Соқчилари жағимни синдиришди. Кейинроқ билсам, тўппончамни уйда унутиб қолдирган эканман. Ароқдан бўшаган шишани тўппонча қилиб отибман.
21 май.
Бир касбдошим келди. Банкирни йўқотолмаганим учун энди у икки кишини бирданига — мени ва банкирни йўқ қилиши лозиммиш. Мен банкирдан бошлашини таклиф этдим. Касбдошим ўйлаб кўриши кераклигини айтди. Икковимиз ошхонада бош қотириб ўтирганимизда хотиним келиб қолди. Касбдошимни деразадан ирғитиб юборди.
22 май.
Яна ишсизман. Кафтларим қичишиб-қичишиб қўйяпти. Буёқда сувараклар болалагандан-болалабди. Ўшаларни ўққа тутишга киришдим. Ишқилиб, хотиним қурғур келиб қолмасин-да! Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|