Яқинда «Ўзбекистон» телеканали орқали намойиш этилган «Муносабат» кўрсатувида хусусий клиникалардан бирининг врачи Дилобар Мирраҳимова чиқиш қилиб, одамларда пул кўплиги, шундай экан, саломатлигини пул тўлаб тиклаши лозимлигини гапирди. Яъни, врачнинг айтишича, республикамизда тиббиёт хизмати тўлиқ пулли бўлиши лозим экан.
— Ўзбекистон аҳолиси газга, чироққа, иссиқ сув, совуқ сувга пул тўлайдими, — деди врач. — Тиббий хизматларгаям пул тўласин!..
Албатта, бу гаплари студиянинг ўзида шовқин-сурон кўтарилишига сабаб бўлди.
Агар умумий маънода гапириладиган бўлса, шундоқ ҳам нафақат республикадаги хусусий клиникалар, балки, давлат бюджетидаги шифохона ва клиникаларда ҳам деярли пулли хизмат кўрсатиляпти. Агар сизнинг қўлингизда йўлланма, ордер мавжуд бўлса, шубҳасиз, текин даволанасиз. Фақат бу текин дегани касалингиз жиддий бўлса, сира ёрдам бера олмайди. Врачлар беморларни аллақачон табақага бўлиб олган. Пул тўлаган беморларнинг ҳурмати баланд, тўламаганларни керак бўлса, бир кунда бир марта текширувдан ўтказишга ҳам оғринишади. Бундай ҳолатлар, манзараларни ҳатто жонлантириш бўлимларида ҳам учратиш мумкин.
Врач газ, сув, чироққа пул тўлашади деган гапни айтди. Наҳотки, шу врач халқ орасига кириб кўрмаган, қандай яшаётгани билан қизиқиб кўрмаган бўлса? Одамлар гўшт сотиб олиш ўрнига охирги пулини коммунал тўловларга бериб жимгина ўтирганини наҳотки кўрмаган бўлса? Ё бу врач тўппа-тўғри Марс сайёрасидан тушиб келганмикан?.. Кечириб қўйишсин-у, бироқ мен шу материални таржима қилиш, тайёрлаш жараёнида ўзим ҳақимда, кўрганларимни, билганларимни айтмасдан ўта олмайман. Ахир, халқда «гап келганда отангни ҳам аяма», деган ҳикматли гап бор. Шахсан мен икки карра инфаркт ўтказдим. 2014 йилдан бери ожиз-у нотавон бўлиб қолганман. Дастлабки уч йилда ойига икки мартадан 2- Тошкент Давлат тиббиёт академиясининг 1- клиникаси жонлантириш бўлимига ётқизишарди. Уч-тўрт кундан кейин кардиология бўлимига ўтказишарди. Мен пулли палатада ётиб даволанардим. Ўша пайтларда ушбу клиникада қандай нотўғри ишлар амалга оширилишига ўзим гувоҳ бўлганман. Врачларнинг адолатсизликлари, ҳақоратли муносабатларига шахсан гувоҳ бўлганман. Шуларни ўзимдан ўтказганман. Сўнгги икки йил ичида касалхонага бормай қўйдим. Биласизми нега? Охирги марта ўша жонлантириш бўлимида ётганимда менга бир марта бўлсин ўша валломат врачлар эътибор қаратиб, ҳол сўрашга ярашмаган. Оғриқларни қолдириб беришларини сўраганимда, мени ҳақоратларга кўмиб ташлашган. Шундан кейин касалхонага бориш ўрнига уй шароитида даволанишга қарор қилдим. Қолаверса, клиникада даволаниш нархларини икки баробар қилиб ошириб қўйишган. Шахсан мен бу нархда даволаниш имконига эга эмасман. Наҳотки, Дилобархон исмли шу врач даволанишга кучи етмайдиганлар республикада йўқ деб ҳисобласа? Улар тўлиб-тошиб ётибди. Шундай экан, одамларнинг чўнтаги қай аҳволда эканини аввал кўрсалар, гувоҳ бўлсалар, ана ундан кейин гапирсалар жуда маъқул иш бўларди.
Астағфирилло!!!
Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|