Биринчи қисм ҚОЧИШ
Фақат кичкинагина дарчаси мавжуд бўлган юк машинаси кескин бурилишга келганда кўлга ағдарилиб кетди. Ҳаммаёқ шовқинга тўлди. Кимдир инқиллаган, кимдир бўралаб сўкинган… Яна кимлардир машина бортига жонҳолатда мушт тушираётган…
Бу машина темир йўл тарафдан энг хавфли ҳисобланган жиноятчиларни олиб кетаётган эди.
— Оч, эшитяпсанларми? — кимдир бор овозда бақирарди ичкаридан туриб. — Оч, ҳозир портлаб кетамиз!
— Нимага жимсанлар? Очмайсанларми? Нима, жонингдан тўйганмисанлар?
— Ҳе, милиса бўлмай ҳар бало бўлгурлар!.. Ҳе, онангни!..
Бошидан оғир жароҳат олган ҳайдовчи сержант базўр кабина эшигини очиб олди-да, ташқарига бошини чангаллаганча чиқиб, бир жойда телбадек айлана бошлади.
— Ўртоқ лейтенант! — зўрға қичқира олди у. — Қаердасиз?
Машина ичидан бўлса, ҳамон маҳбусларнинг бақир-чақири эшитилиб турарди.
— Сержант, оч!..
Ҳайдовчи секин бортга яқинлашиб шивирлади:
— Жим, тўполон қилмай ўтириб туринглар! Бўлмаса чўкиб кетасизлар… Хўш, ҳаммаларинг соғ-омонмисизлар?
— Володя оғир жароҳат олди, — дея бақирди кимдир. — Уни тез касалхонага олиб бориш керак.
Ҳайдовчи боши ғувиллаб кетаётганига қарамай, қийнала-қийнала бўлса ҳам борт эшигини куч билан ўзига тортиб очди. Ичкаридан пешонаси ёрилиб қонга бўялганефрейтор Шчеглов чиқиб келди.
— Шошилмасак бўлмайди, — деди у хириллаб. — Бўлмаса машина ҳали замон чўкиб кетади. Володяни қутқариш лозим.
— Қолганларини нима қиламиз?
— Нима қилардик? — пешонасидаги қонни енги билан артаркан, машина тарафга қараб қўйди ефрейтор. — Ўтираверишсин. Камерани очиқ ҳавода очиб юбориш тақиқланган.
— Йўқ, бу ишимиз нотўғри бўлади, ефрейтор, — деди ҳайдовчи сержант. — Биз одамлармиз. Ҳайвонлар эмасмиз. Одамлар бундай вазиятларда бир-бирларига ёрдам беришлари керак. Демак, биз маҳбусларни ҳам олиб чиқишимиз шарт.
— Аввал Володяни олиб чиқайлик бўлмаса! — деди ефрейтор.
— Бир ўзим олиб чиқолмайман. Бошим айланиб кетаяпти. Яхшиси, анави жосуснинг камерасини очинг, ёрдам беради.
— Жосусникини-я? — кўзлари ола-кула бўлиб кетганефрейтор норози бош чайқади. — Ундан кўра Каталаникини очай!..
— Билганингизни қилинг!..
Ефрейтор Катала деган маҳбуснинг камерасини очди-ю, балога қолди. Темир қўллар биринчи бўлиб сержантнинг бўйнига, кейин ефрейторнинг бўйнига ёпишди. Кўз очиб юмгунча икковларининг ҳам қўл-оёқларини боғлаб ташлади. Сўнгра шошилмасдан бориб машинадаги бошқа маҳбусларни ҳам чиқариб олди.
— Мен бўлмасам, ҳамманг ўлиб кетардиларинг! — кулди Катала шерикларига қараб. — Қани, ментларни нима қиламиз, гапир, Зубач?!
— Улар билан ўзим шуғулланаман, — деди Зубач. — Ҳозир ифлосларнинг формасини кийиб олай…
У бирпасда икки қўриқчи милиционернинг кийимларини ечиб устига кийди ва тўппончаларини икки томонига тақиб олди.
— Ана энди конвой огоҳлантирмасдан отади! — хохолаб кулди Зубач милиция формасини маҳбусларга кўз-кўз қиларкан. — Қани, қулоқларингни беркитинглар!.. Отяпман!..
Ҳаммалари қулоқларини беркитишди. Зубач икки марта ўқ узди.
— Энди ҳаммамиз биргалашиб, манави алмисоқдан қолган машинани қирғоққа чиқарамиз. Бўлмаса, қўлга тушишимиз ҳеч гапмас…
Орадан ярим соатлар вақт ўтиб улар ичкарида ҳушидан кетган Володяни ташқарига ирғитишди-да, номаълум томонга жўнаб кетишди…
* * *
Турма шароитида конвойга ҳужум қилиб қочиб кетиш фавқулодда ҳодиса сифатида баҳоланади. Навбатчи қисмлардаги пультларнинг чироқлари безовта ёниб-ўча бошлайди. Телефонлар асабий жиринглайди, телетайплар ишга тушади. Милиция машиналари кўчалар бўйлаб изғиб юради.
Воқеадан хабар топган генерал Востертсов шу заҳоти подполковник Петруновни ҳузурига чорлади.
— Ана, разведкага жўнатган кадрингизни кўриб қўйинг! — деди у киноя аралаш. — Ҳамма ишни расво қилиб юрибди.
— Нимаям қилсин? — елка қисди подполковник. — Дарров кимлигини эълон қилсинми? Э, ўша заҳоти ўлдириб юборишарди уни.
— Менга қаранг, ахир, конвойларни ўлдириб қочиш ғирт аҳмоқлик!.. Нима, сизга разведка учун бошқаси қуриб кетганмиди? Агар тузукроғини жўнатганингизда, аллақачон ишни битириб орқага қайтган бўларди.
— Унда… Синозерскка бориб келишга рухсат этинг!
— Айнан ўша ерга боришингизни буюраман! — деди генерал. — Нима қилсангиз қилинг! Чорасини топинг. Ишқилиб, уни ўлдириб юборишмаса бас!
— Хўп бўлади!..
* * *
Тун. Ўрмондаги дарахтларнинг барглари оҳиста шитирлайди. Шошилиб кетиб бораётган маҳбуслар бунга сира эътибор беришмайди. Катала ефрейторнинг формасини кийиб олган. Хорек тинимсиз юришга халал бераётган дарахт шохларини кесиб боряпти. Челюст ва Расписнойлар орқада судралганча ҳаракатда давом этишяпти. Лўли эса, синган қўлини тез-тез ушлаб бош чайқарди. Айниқса, Расписной эҳтиёт бўлиши лозим. Худо кўрсатмасин, ўрмонда манавилар билан бирга кетаётиб разведкачи эканини сездириб қўйса борми…
«Э, маҳбус бўлмай ўлларинг! — хаёлидан ўтказди у. — Худди филга ўхшаб қадам ташлашади. Бир километрдан ҳам бемалол эшитса бўлади. Билишмайдики, тез орада қўлга тушишимиз муқаррар…»
— Ҳой, Зубач, — қичқирди Ўрдакбурун лақабли маҳбус. — ҳозир товонларим узилиб тушади!
— Тўғри айтяпти, — унинг гапини маъқуллади Катала. — Пичадан ухлаб олмасак бўлмайди.
— Ўлганларинг яхши сенларнинг! — кулди олдинда шох кесиб бораётган Хорек. — Ухлаб олгилари келганмиш…
Унинг киноясига ҳеч ким қулоқ тутмади. Ҳаммалари ўзларини ерга ташлашди. Биргина Хорек тўхтамай кетаверди.
— Қара, у қаёққа кетяпти? — шивирлади Груша лақабли маҳбус. — Балки секин бориб оёғидан чалиб йиқитармиз-а?
— Қўй, кетаверсин! — деди Зубач тишларини ғижирлатиб. — Яхшиси, Груша, новдалардан синдириб кел! Челюст бўлса, дарров олов ёқиб юборади. Челюст, нимани ковлаштиряпсан?
— Э, тўппончани йўқотдим шекилли… Иттумшуқ, ҳозиргина манави еримда эди…
Расписной кулгиси қистаб кетаётганини сездирмаслик учун ўсиб кетган соқолини силаган бўлди-да, тескари ўгирилиб олди. Ҳақиқатан, бу жой тунашга умуман тўғри келмасди. Устига-устак, сув йўқ…
«Э, ҳеч нарса қўлларидан келмайди-я! — кўнглидан ўтказди у. — Шу ҳоли билан қандай ўғирлик қилишган экан?.. Биттаси қуролини йўқотса, иккинчиси дам оладиган қулайроқ жой тополмаса… Анави Скелет дегани бўлса, оловни эплаб ёқа олмайди».
— Шу атрофдан бирор егулик топсак бўларди, — ўртадаги жимликни бузди Ўрдакбурун.
— Топиб бўпсан! — деди Груша совуқ тиржайиб. — Бу ерларда бўрилар изғиб юришади. Ўзинг егуликка айланиб ўтирмагин тағин.
— Биз-чи, — гапга аралашди Зубач. — қайсидир йили турмадан қочганимизда излаб баҳайбат бир одамни топганмиз. Маза қилганмиз ўзиям.
— Хўш, нима бўпти?
— Нима бўларди? Уч кун ўзимиз билан олиб юриб, кейин сўйдик… Ярамаснинг гўшти жуда мазали экан.
— Жим! — Ўрдакбурун кўрсаткич бармоғини лабига босди. — Кимдир келаётганга ўхшаяпти.
— Э, бунақанги жойларда ким ҳам юрарди?! — кулди Зубач. Расписной эса, унинг гапларига эътибор бермай қулоғини динг қилди.
— Ўлай агар, эшитдим, — шивирлади Ўрдакбурун.
— Жим! — секин ўрнидан тура бошлади Расписной. — Кимда тўппонча? Беринглар!
Зубач ёнидан ковлай-ковлай, тўппончасини чиқариб, гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа тўғрилаб кўрди. Шу пайт дарахтлар орқасидан қандайдир одамникига ўхшамаган кулги эшитилгандек бўлди.
— Ха-ха-ха-ха!!!
Кўз очиб юмгунча думли бир нарса учиб келиб Грушанинг тиззасига қўнди. У овозининг борича қичқириб Скелетнинг устига ўзини ташлади. Ҳаммалари оёққа туриб турли тарафга ўзларини олиб қочишди.
— Нима, қўрқиб кетдиларингми? — қоронғиликдан чиқиб келган Катала хандон отиб куларди. — Қўрқоқлар!.. Ахир, мен сизларга егулик келтирдим! Қишлоқ бу ерга яқин экан.
Ваҳимага тушиб қолган шериклар аста олов қаршисига келиб думли махлуққа тикилиб қарашди. Ерда боши кесилган ит чўзилиб ётарди.
— Уф-ф!.. — сал ўзини тутиб олган Зубач Каталага қовоғини уйиб ғудранди. — Шундан бошқа ҳазилинг йўқмиди?.. Бўпти, қани, овқатланайлик бўлмаса!..
Итни бўлаклаб ўтда пиширишди. Ҳаммаларининг қорнилари тўйгач, Катала қишлоқда кўрганларини ҳикоя қила кетди.
— Вей, ишонасизларми, шундоқ бориб деразадан қарасам, бир кетворган аёл қип-яланғоч турибди. Вей, кўкракларига умуман гап йўқ!..
— Ўлармидинг итнинг ўрнига ўшани олиб келсанг? — кулди Зубач.
— Олиб келардим. Аммо манави ит сал бўлмаса ғажиб ташлаёзди мени. Аёлнинг кетидан эртага борсаям бўлади…
Қочоқ маҳбуслар кула-кула уйқуга кетишди. Фақат Расписной ухлаёлмас, яқин ўтмишдаги хотиралар оғушига шўнғий бошлаганди…
ИККИНЧИ ҚИСМ ДЎЗАХ
Камера ҳақиқатан дўзахни эслатарди. Ичкари қоронғи, ҳаво деярли йўқ. Қандайдир қумурсқаларнинг чийиллаб овоз чиқариши ҳар қандай одамнинг уйқусини қочиради.
Қоронғиликда камера эшиги оҳиста очилиб ичкарига Расписной (Волф) кириб келди.
— Одам зоти борми? — сўради у тимирскиланиб ўтиришга жой изларкан.
— Буёққа келавер! — деган овоз келди сал наридан…
Расписной овоз келган тарафга қараб юрди. Дарча рўпарасида икки маҳбус қарта ўйнар, белигача яланғоч, баданлари игнали ёзувга тўла эди.
— Танишайлик, мен Расписнойман! — ўтирганлардан бирига қўл узатди у.
— Мен Калик. Мана бу Катала. Буниси Зубач…
Расписной нарироқдаги маҳбусни кўрмаган экан. Яқин бориб у билан ҳам қўл бериб кўришди. Сўнгра қўлидаги егуликларни ўртага қўйди.
— Бу сизларга, оғайнилар!
— Раҳмат! Бир шиша ароғинг бўлганда яна ҳам яхши бўларди. Хўш, нима учун қамашди?
— Ўзларинг аллақачон эшитган бўлсаларинг керак, — кулди Расписной.
— Ўз оғзингдан эшитмоқчимиз, — деди Зубач.
— Майли… Ватанга хиёнат қилганим учун қамашди.
— Ҳа-а, сенмидинг суд пайтида судяни стул билан туширган?.. Майли, бу шарт эмас. Қаерликсан?
— Тиходонликман.
— Кимларни биласан?
— Деярли ҳеч кимни. Ўн олти ёшимдан зонама-зона дайдийман.
— Ие, кичкиналигингда нима ҳунар кўрсатгансан? — гапга қўшилди Катала.
— Қурол ясаганим учун.
— Кейингиси-чи?
— Кейингиси… — Расписной бироз ўйланиб тургач, давом этди. — Бир ярамаснинг кўзини пичоқ билан ўйиб олгандим.
— Шунақа дегин? — Зубач ўрнидан туриб келиб Расписнойнинг елкасига қўлини қўйди. — Ватанга хиёнат қилганман деяпсан. Унда нега бизнинг орамизга қўшиб қўйишди?
— Бунисини билмадим.
— Шунақами? Биз унда Керимдан сўраймиз.
— Сўранглар!.. — сира ўзини йўқотмай жавоб қилди Расписной. — Мен у билан уч ой бир камерада ўтирганман.
— Нимага шуни олдинроқ айтмадинг? — деди Зубач совуқ тиржайиб. — Мен у билан беш йил бир зонада бўлганман… Эшитишимча, яқинда у наркотик билан қўлга тушганмиш…
Шу пайт камера эшиги шарақлаб очилиб, ичкарига тўрт нафар офицер қўлларида чарм таёқлар билан кириб келишди.
— Тур ўрнингдан ҳамманг!.. Деворга орқангни ўгир!..
— Бу ерда девор нима қилсин, началник? — норози ғудраниб қўйди Зубач. Шу гап оғзидан чиққан маҳал чарм таёқ келиб елкаси аралаш тушди.
— Иҳ, бекор қилдинг, начальник!.. Нимага урасан бекордан-бекорга?
— Овозингни ўчирмасанг, яна ейсан! — деди офицерлардан бири.
— Э, уришдан бошқасига ярармидинг сенлар?! — ғудранишда давом этди Зубач.
— Беш кун карцерга жўнатинг буни! — офицерлардан бири шеригига буюрди. — Ўша ерда бир адабини есин!..
Офицерлар бошқаларни текшириб бўлишгач, Зубачни судраклаганча камерадан чиқиб кетишди…
* * *
Эҳ, карцер деганларини Расписной ҳам бир неча марта кўришга улгурган. Ёруғ дунёнинг дўзахи худди ўша ерда. Нақ ўлим билан олишади одам…
Расписной шуларни ўйлаб кўзи кетиб қолаёзган экан. Шу пайт ўрмон ичкарисида итларнинг вовиллаши, кимларнингдир сўкинган товушлари эшитилди. Расписной ҳовлиқиб шерикларини уйғота бошлади.
— Туринглар, бизларни қидириб келишяпти!..
Ҳаммалари даст ўрниларидан қўзғалиб атрофга аланглашди. Ҳақиқатан қуролланган аскарлар бутун ўрмонни титкилаб юришарди.
— Энди нима қиламиз? — сўради Зубач.
Лекин у саволига жавоб олиб улгурмади. Боши аралаш келиб теккан ўқ Зубачни ерга қулатди. Кетидан Лўли, ундан сўнг Катала ҳам ер тишлаб қолишди.
Расписной нима қилишни билмас, боши узра учиб ўтаётган ўқларга аранг чап бериб улгурарди. Таваккал сал нарида ётган Хорекнинг ёнига ётиб олди. Ниҳоят бирпасдан сўнг ўқлар овози тиниб, атрофга жимлик чўкди. Дарахтлар орасидан Челюст ва Грушалар ҳам аста-секин чиқиб келишди.
— Кетдик! — деди Расписной уларга. — Агар шу ерда тураверсак, манавиларнинг куни бошимизга тушиши тайин.
— Ие, яна ўққа учиб кетмайлик! — Груша ерга ўтирганча, Расписнойга юзланди. — Ҳозир йўлга чиқиш хавфли.
— Э, ўтиришдан нима фойда? Ҳаммамиз қўлга тушамиз.
— Ўтирсанг, ўзинг ўтиравер! — деди Челюст унга. — Қани, кетдик!..
* * *
Қочоқлар шу кетганларича ўн чақиримлар йўл юришди. Йўл-йўлакай бир неча марта ўрмонни титкилаб юрган аскарларни кўришди. Кийимларига қараганда, улар конвой эмас, кўпроқ десантчиларга ўхшаб кетишарди. Зубач ҳам, бошқалар ҳам бу нарсага эътибор бермади. Фақат Расписнойгина илғаб қолди.
Орадан маълум вақт ўтиб қурол мойлари, керосин ҳиди димоққа урилгандек бўлди. Расписной ҳушёр тортди. Юришдан тўхтаб, атрофга разм солди. Ҳа, шу яқин орада ҳарбий қисм борга ўхшайди. Ҳақиқатан, ҳов нарида занг босган темир тўсиқлар ортида самолётлар кўзга ташланди.
— Тўхтанглар, аэродром! — деди Расписной шерикларига.
Груша чарчаганиданми, бу гапни эшитгани заҳоти ўзини қалин ўтлоқ устига ташлади. Унинг юзлари қора терга ботиб кетганди.
— Вей, нимага ястаниб олдинг? — аччиқланиб деди Челюст. — Тур, тағин сенинг дастингдан қўлга тушиб ўтирмайлик!
— Шошма, пича дам олайлик. Аксинча, бу ер жуда яширинишга қулай жой экан…
Бу орада яна бир самолёт аэродромга қўниб, ундан бир неча десантчилар чиқиб келишди ва қаергадир пиёда йўл олишди.
— Эшитдиларингми? — хириллаб самолёт қўнган ерни кўрсатди Челюст. — Кетдик, шу самолётга чиқиб оламиз!
— Чиқиб нима қиламиз? — деди Груша елка қисиб.
— Нима қилардик? Ахир, бизни излашяпти. Самолётга ўтирамиз-у, учамиз-кетамиз.
Бу фикрга ҳаммалари қўшилишди. Уччовлари ҳам югурганча темир сим тўсиқларни ошиб ўтишди-да, шоша-пиша самолёт салонига ўзларини уришди. Расписной ҳарбий самолётларни бошқаришдан анча-мунча хабардор эди. Зудлик билан моторга ўт қўйди. Бироз вақт ўтиб самолёт ҳавога кўтарилди.
— Ура! — қичқириб юборди Груша. — Маза, қанийди ҳозир ароқ бўлса!..
— Шошилма, — деди Челюст унинг елкасига қоқиб. — Ҳадемай тўйгунимизча ароқ ичамиз!..
Расписной эса, кўзларини юмганча астойдил фикрлаш билан банд эди.
Бу самолёт саккиз минг метргача юқорига кўтарила олади. Демак, кислород етишмаслиги тез орада содир бўлади. Бу ўлим дегани. Чунки уч минг метрданоқ ҳаво қисила бошлайди. Самолёт бўлса дақиқасига юз эллик метр юқорига кўтарилади. Йигирма дақиқадан сўнг бемалол ўлимни қарши олса бўлади. Бу вақт орасида самолёт бу ерлардан тахминан икки юз километрлар узоқликда бўлади. Бу яхши. Негаки Синозерскдан қанча узоқда бўлишса, шунча ўзларига яхши…
Расписной навбатдаги ҳаракат режасини тузиб қўйди-да, томир уришини текшира бошлади…
Ана энди режани амалга оширса бўларди. У даст ўрнидан туриб пилотлар ўтирадиган ўриндиқ остига қўл тиқди. Ҳаммаси жойида. Парашютлар турибди. Расписной қайтадан қўл тиқиб брезент матони ташқарига суғуриб олди. Парашютлардан бирини олиб елкасига илди. Керакли тасмаларни боғлаб чиқди. Шу пайт орқасида Челюст пайдо бўлди.
— Оббо ярамас-ей! — тишларини ғижирлатиб Расписнойга яқин келди у. — Сотқинлигингни билардим… Бизни ташлаб қочиб қолмоқчи экансан-да-а?..
Расписнойнинг ўйлаб ўтиришга вақти йўқ эди. Кутилмаганда Челюстни итариб юборди-да, самолёт эшигини очиб пастга ўзини ташлади… Йўл-йўлакай парашют узукчасини пастга тортди. Шу лаҳзадаёқ у қулашдан тўхтаб, аста-секинлик билан ерга яқинлаша бошлади. Самолёт эса, ҳамон баландлаб борарди…
* * *
Расписной ерга тушиб парашютни бир томонга ирғитиб юборди. Қараса, анча нарида трактор келяпти. Расписной сабр билан унинг яқин келишини кутиб турди.
— Нима, жосусмисан? — тракторчи тўхтаб пастга тушган заҳоти Расписнойга ғалати қараш қилди.
— Нега жосус бўларканман?
— Чунки осмондан тушадиганлар ё жосус бўлишади, ё космонавт бўлишади.
— Оғайни, бунинг нима аҳамияти бор? Ундан кўра айтсанг-чи, яқин орада телефон борми?
Тракторчи кулиб юборди.
— Ҳа, демак, сен ўзимизнинг жосуссан. Майли, айтаман, ҳов анави ерда қишлоқ бор. Ўша ерга борсанг, колхоз идорасида телефон ҳам бисёр…
Расписной то қишлоққа етгунча ҳам бекор кетмади. Бажарган ишларини бирма-бир ҳисоблаб чиқди. Хўш, у мамлакат хавфсизлик хизмати раҳбарлари томонидан турмадаги аҳвол, турма бошлиғи, конвойларнинг маҳбуслар билан муомаласи, у ердаги шароит, энг асосийси, порахўрлик, зўравонлик, босқинчилик каби раҳбарлар томонидан содир этиладиган жиноятлар рўйхатини тузиш, аниқ далиллар тўплаш учун юборилганди. Мана, ҳаммаси адо этилди. Бир неча ўнлаб давлат аҳамиятига эга бўлган махфий маълумотларни тўплашга эришди. Энди фақат бир нарса қолди. Москвага қўнғироқ қилиш ва қаердалигини баён қилиш…
Қишлоққа етиб келгач, Расписной колхоз идорасига кирди. Қоровул ўтирган экан. Ким билади, хумор тутганми, кириши билан қария ўрнидан туриб унга пешвоз чиқди.
— Ўғлим, мабодо сигаретинг йўқми-а?
— Ота, сигарет қаёқдан бўлсин? Бир ҳафтадан бери ўрмонда ётиб юрибман-у!.. Менга телефон зарур!
Қария ўйга толди.
— Телефон?.. Биласанми, раҳбарлардан сўраб кўриш керак-да!.. Ҳа майли, узоқдан келаётганга ўхшайсан. Кира қол, телефонни кўрсатаман!..
Расписной телефон гўшагини кўтариб керакли рақамларни терди.
— Навбатчи эшитади! — гўшакдан келган овозни эшитган Расписной шоша-пиша ўзини таништирди.
— Мен Волфман! Петруновга қаердалигимни маълум қилинг! Синезорскдан икки юз чақирим нарида, қишлоқда, колхоз идорасида ўтирибман.
— Хўп бўлади!..
Расписной гўшакни жойига қўйиб орқасига ўгирилди.
— Ие, қоровул чол қани?
Юраги ғаш тортиб ташқарига оёқ қўйган ҳам эдики, орқасига кимдир қўндоқ тиради.
— Қимирлама!.. Деворга ўгирил! Қўлингни баланд кўтар!..
Бу милиция ходими эди.
— Эй, командир, — деди Расписной қўлларини деворга тираётиб. — Ҳозир сенга қўнғироқ қилиб ҳаммасини тушунтиришади.
— Қимирлама дедим! — дўқ урди милиционер. — Анави ерда иккита мурда, бир томонда парашют… Яна қўнғироқ қилиб тушунтиришармиш…
— Бирор егулик берсанг-чи!
— Ҳозир бўлимга борасан, ўша ерда қорнингни тўйдиришади…
Бу орада яна бир милиционер пайдо бўлди. У келиб Расписнойнинг чўнтакларини ковлаб кўрди-да, Зубачнинг тўппончасини топиб олди.
— Қара, лейтенант, — деди у тўппончани қўлида айлантириб кўраркан. — Қуроли ҳам бор экан. Демак, бу турмадан қочган. Қани, буни бўлимга олиб борайлик-чи!..
Расписнойни зудлик билан машинага ўтқазиб туман ички ишлар бўлимига олиб боришди. У ерда сўроқ қилишди, ҳужжатларини текширишди. Қаерларгадир телефон қилишди. Буларнинг ҳаммаси учун икки-уч соатлар вақт кетди. Расписной ҳамон Москвадагиларнинг қўнғироқ қилишларидан умидвор эди. Ниҳоят ички ишлар бўлими бошлиғи, майор Шувалов у ўтирган камера эшигини очиб ичкарига кирди.
— Кечир, дўстим! — деди у ҳамон ўрнидан қўзғолмай бетон устида ўтирган Расписнойга қўл узатиб. — Биз ҳаммасини аниқладик… Сен озодсан!.. Бошлиқларингга салом айт!..
Эртаси куни Расписной майорнинг кўмаги билан Москвага етиб олди. Генералга барча адо этган ишларининг аниқ рўйхатини тақдим этди.
— Бу сенга янги топшириқ! — дея кулиб қўйди генерал Расписнойга Сибирга учадиган самолёт чиптасини топшираркан. — Бу иш олдингисидан анча қалтис.
— Қандай иш экан, ўртоқ генерал?
— Энди вилоят милицияси сирларидан бизни огоҳ этишинг лозим. Демак, бугундан эътиборан милиция ходимига айланасан.
— Бажараман, ўртоқ генерал! — дея гавдасини ғоз тутди Расписной.
— Ҳозирча дам ол! Янги исми-шарифинг битилган паспортни бугун кечқурун етказишади. Эрталаб учиб кетасан!
Расписной генералнинг олдидан қушдек енгил тортиб ташқарига чиқди. Жуда чарчаганди. Шунинг учун биринчи навбатда барга кириб тўйгунича пиво ичишни маъқул кўрди. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|