Хитойда "Арсенал” Месут Ўзилга нисбатан норозилик кайфияти кучаймоқда.
"The Telegraph”нинг хабар беришича, Лондон клуби раҳбарияти Ўзилнинг фикри учун расман кечирим сўрамагунча, Хитойнинг расмий ОАВларида "Арсенал” ҳақида маълумот бериш тақиқланган.
Бундан ташқари, Ўзилнинг Хитойдаги ижтимоий тармоқларида саҳифалари блок қилинган, 30 минг нафар мухлисдан иборат "М10” фан-клуби ҳам тарқатиб юборилган. Хитой ҳукумати маҳаллий интернет қидирувлардан германиялик футболчининг исм-шарифини ўчириб ташлашни буюрган.
Эслатиб ўтамиз, "Арсенал” ярим ҳимоячиси интернет орқали Хитой ҳукуматининг мамлакат шарқидаги миллионлаб уйғурларни қийноққа солаётганини қаттиқ қоралагаб, мусулмон давлатлар ва уларнинг матбуотини ушбу фожиага кўз юмаётганликда айблаган эди.
"Арсенал” клуби бу футболчининг шахсий фикри эканлигини айтиб, унга қўшилмаслигини билдирганди. Шунга қарамай, Хитойда Англия Премер-лигаси доирасидаги "Арсенал” – "Манчестер Сити” (0:3) ўйини трансляцияси маҳаллий телеканал эфиридан олиб ташланганди.