Эркак киши шайтон йўриғига кирса, ихтиёри қўлдан кетади. Ҳадеганда васвасага тушган кимса каби безовталанаверадиган бўлиб қолади. Руҳан тинчини йўқотади. Наҳснинг ўзидан бадбўй, аччиқ ис таратувчи ботқоғи томон талпинаверади. Чунки бу қўланса ҳидни шайтон йўриғидаги эркак ҳис эта олмайди. Шайтони лаин унинг ҳушини ўғирлайди-ю, кўзларига бу ботқоқни гўзал ва серҳашам иморат каби сержило кўрсатади. Эркакнинг ақли лол бўлади. Бир тутам сочи кўринмай қолгунга қадар ботқоқлик гирдобига чўкади. Нафас олишга қийналса, юраги потирлаб тинчи бузилса-да, парво қилмайди. Сўнгги нафаси қолгунга қадар наҳс балчиғини ютоқиб-ютоқиб ичга ютади. Шундан кўнгли чоғлангандек, ҳар лаҳзаси тотли кечгандек туюлади. Билмайдики, атроф бу ботқоқдан таралаётган бадбўй ҳид туфайли файзини йўқотган, ўзгаларнинг кўнгли қаҳратондан-да ўн чандон қаттиқроқ совиган…
Хурсаной шуларни ўйларди-ю, қадоққа тўла кафтлари қур-қур муштга айланар, лабларини қонатгудек даражада қаттиқ-қаттиқ тишлаб оларди.
— Шаҳардаги ойимчалардан қаерим кам? — сўзланарди Хурсаной тушга яқин уйи томон шахдам кетиб бораркан. — Айбим далада ишлашимми, ё нозик-ниҳол эмаслигимми? Шунинг учун юзимга оёқ босавериши керакми? Номус, уят, қадр-қиммат қаерда қолди унда?
Аёл йўл-йўлакай жаврана-жаврана таққа тўхтади. Негадир ўз уйи томон юришга ҳаётида илк бор юраги бетламади.
Яна даладоши Мўътабар опанинг қулоғини қоматга келтиргудек баланд овозда айтган сўнгги гаплари хаёлида жонланди.
«Эринг тағин анави шаҳарда ўқийдиган ойимча билан қўлтиқлашиб юрибди эмиш. Қизларимиз кўришибди. Туман марказида ўтириб икковлари музқаймоқ ейишибди. Кейин кинога кириб кетишибди…»
— Йўқ, ортиқ бардошим етмайди, — деди ўзига ўзи Хурсаной. — Етти йилдан бери шу аҳвол. Пичоқ келиб суякка қадалди. Ҳамма нарсаниям чек-чегараси бўлиши керак… Ҳозир уйга борай, нима бўлсам бўламан. Масалани кўндаланг қўяман. Икки боламни юзини қила-қила шу ергача келдим. Энди аҳмоғи йўқ. Ё мени десин, ё ўша ифлосни!..
Хурсаной шу тобда ростакамига жаҳл отига минганди. Жаҳл оти тезроқ йўртгани сари унинг жазаваси ортар, ўч, алам, нафрат туйғуси бор бўйини чирмаб борарди.
«Хайрият, болаларим холасиникида, — ўйлади Хурсаной далани тиккалаб ҳовлиси тарафга юриш асносида. — Шўрликлар ҳали гўдак. Мен шанғиллаб жанжал кўтарсам, қўрқиб кетишарди. Мен мурғакларимга озор етказишни хоҳламайман. Мана, ҳозир мараз эрим билан очиқчасига гаплашиб оламан. Қани, бир оғиз қарши сўз айтиб кўрсин-чи! Айта олмайди. Қанча одам гап-сўз қилди. Қанчаси юзимга айтди, бағримни тилка-тилка қилди. Очиқчасига устимдан кулган каби нари боргач ҳиринглаганларниям кўрдим. Тағинам бардошим тошдан шекилли. Барчасига кўз юмиб, дардларимни елкамда кўтара олдим…»
Хурсаной ўйлаган ўйлари таъсирида баттар жаҳди зўрайиб, қадамини тезлатди.
* * *
У қадрдон ҳовлисига яқинлашиб келарди-ю, юраги безовта урар, оёқлари ўзига бўйсунмасди.
Хурсанойнинг дилгир кўнгли яқин орада қандайдир даҳшатли манзара намоён бўлишидан дарак берган каби ғаш торта бошлаганди.
Хурсаной ички туйғуларга ён бермай дадил ҳовлига кирди. Ичкаридан телевизорнинг шанғиллаган товуши қулоғига чалинди. Демак, эри уйга келибди.
«Айш қилиб чарчагач, уй эсига тушган кўринади, — ўйлади у эҳтиёткорлик билан даҳлиз эшигига яқин бориб. — Тўғри-да, хотини ўзини овсарликка солганча яшаяпти. Миқ этмайди. Бу эса билган қандини еб юраверади. Кўчадан топволган бузуқи билан айш қилади, яна ҳеч нарса бўлмагандек уйга кириб келиб хотинлик талаб қилади. Ҳали шошмай тур, кунингни кўрсатаман икковингниям!..»
Хурсаной эшикни очиб ичкарига қадам қўйди. Хонтахта қаршисида эри Ҳалимбой эшикка терс ўгирилган кўйи телевизор томоша қиларди. Патаклашган сочларини ювган чоғи, силлиқ тарабди. Эгнига оқ кўйлагини кийибди. Даҳлизда бегона атир ҳиди анқибди.
Хонтахта устига ароғи яримлаган шиша, шўр бодринг қўйилибди. Ҳалимбой ароқдан бўшаган пиёлани бир қўли билан айлантирганча телевизорга тикилиб ўтирарди.
Эшик очилиши билан у илкис орқага бош бурди-ю, хотинини кўргач, қайтадан телевизор томон юзланди.
Шу лаҳзада тўсатдан қўл телефонидан ёқимли мусиқа тарала бошлади.
Ҳойнаҳой, смс хабар шекилли, Ҳалимбой телефонни чўнтагидан олди-ю, экранга бир назар ташлаб яна қайтадан чўнтакка жойлашга тутинди. Негадир ранги бир оқаринқираб қур-қур йўталиб олди.
Хурсаной эрининг одатини беш қўлдек билади. Қалбидаги безовталик юз чандон ортган каби Ҳалимбойга яқин борди.
— Ҳа-а, на салом бор, на алик? Тинчликми? Қовоғингиздан қор ёғяпти? — деди атайин сир бой бермай.
Унга жавобан Ҳалимбой бошини кўтариб қовоқ уйган кўйи тўнғиллади.
— Сенга нима? Ҳисоб берайми?
— Қани, телефонни буёққа олинг-чи! — деди Хурсаной лаби учиб. — Бўлинг тез! Бир дугонамга қўнғироқ қилиб олишим керак.
— Ўзингники-чи? — Ҳалимбой даъфатан ҳушёр тортиб истар-истамас ўрнидан турди. — Намунча тергаб қолдинг? Ё чап ёнинг билан турганмисан бугун?
— Агар ёнимда тунаганингизда кўрардингиз қайси ёним билан турганимни. Бунинг ўрнига аллақаёқларда санғиб юрибсиз. Рўзғор, болалар, хотин сиз учун бир тийин. Ишлайсиз, маошингиз уйгача етиб келмайди. Худо билади кимларнинг киссасига киради. Бўлинг тез, телефонни беринг!..
— Бермасам-чи? — ортга тисланди Ҳалимбой. — Урасанми?
— Менга қаранг, мени қон қилаверманг! Шундоғам бўларим бўлиб турибди. Беринг, нега қўрқасиз?
Ҳалимбой оғир хўрсинганча чўнтагидан телефон чиқариб хотинига узатди.
Хурсаной дарҳол смс хабарлар саҳифасини очди-да, сўнггисини атайин овоз чиқариб ўқиди:
«Жоним, қаердасиз? Кечқурун келасизми? Соғиниб кетдим-ку! Севинчингиз…»
— Ҳали шунақами? — дея сочларини юлгудек телефонни маҳкамроқ сиқимлаганча эрига тик боқди Хурсаной. — Мен қишлоқда уйим-жойим деб куйиб-пишсам, худонинг берган куни маҳалладаги аёллардан тарнбеҳ эшитиб бир пул бўлсам-у, сен қаёқдаги манжалақига алмашдингми менинг номусимни? Гулдек икки болангни ўша ифлосга алишдингми?
— Ўчир чакагингни! — беихтиёр бақирди Ҳалимбой. — Ҳа-а, ёқмадими сизга бошқаси билан юрганим? Ўзингга қарашни, оро беришни, эрнинг кўнглини олишни ўрган унда!
— Нима? Ҳали етти йил бирга яшаб кўнглингни ололмадимми?
— Бас қил! Йўлдан қоч, мен кетишим керак!..
Хурсанойни титроқ тутди. Вужудига ўрлаган алам ва нафрат жазаваси аланга олиб, кўзларига дунё тор кўринди. Ҳалимбойнинг айни паллада жуда-жуда совуқ кўрина бошлаган башарасига бир неча ўн сония гезарган кўйи тикилиб турди-да, кутилмаганда телефонни зарб билан деворга уриб, хонтахта устидаги ошпичоқни қўлига олди.
— Қани, ўт, ўт, чиқ! — шивирлади у пичоқни эрига ўқталаркан. — Бормайсанми ўша манжалақингнинг олдига? Нега қараб турибсан?
— Э, ифлос, қоч дедим!..
Ҳалимбой икки қўли билан хотинини нари сурмоққа, сўнг ташқарига чиқмоққа шайланди. Бахтга қарши, номус ўтида жизғанак бўлаёзган Хурсанойнинг қўлидаги пичоқ қорни аралаш санчилганини пайқамай қолди.
Тиғ санчилаверди…
Зум ўтмай Ҳалимбой қорнини чангаллаганча хонани айлана-айлана, шилқ этиб полга юзтубан қулади…
ХОТИМА ЎРНИДА
Шайтони лаин Ҳалимбойни боплаб алдади. У йўриғидаги бандани наҳс ботқоғига ботирди-ю, дарров ажалга ён берди.
Ўзи шу заҳоти жуфтакни ростлаб, бошқа бир имондан айрилган кимсанинг кўнглига қўл солиш илинжида изғий бошлади.
Ҳалимбой ана шу алдов, макр тузоғида жон таслим қилди. Бир сўз билан айтганда, оғир гуноҳларнинг бадалини тўлади.
Тўғри, Хурсанойни тушунса, дардларига ҳар бир диёнатли инсон шериклик қилса арзирди. Чунгки у уйини, фарзандларини, номусини, қадрини ҳимоя қилди. Шу йўлда қотилликка қўл уришга мажбур бўлди.
Аммо қонун барча учун баробар. Одил суд Хурсанойни узоқ муддатга озодликдан маҳрум этди. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|