Бугун ўтаётган ҳар лаҳзамиз, назаримда, яқинларимиз дийдоридан чалғитувчи, улардан узоқлаштирувчи баъзи бемаза омиллар ҳисобига бойиб бораётгандек. Шулардан энг кўп вақтимизни ва онгимизни ўғирлаётгани — сериаллар.
Кечки томон айни тиғиз пайт ҳар оилада меҳмон шу савил. Энг ёмони, фақатгина меҳмонгина эмас, баъзи оилаларда тўлақонли ҳукмрон ҳам шу сериаллар... Жимлик вақти...
Тасаввур этинг, азонлаб тирикчилик ғамида кетган эр ишдан кеч қайтди. Кунини боғчада ёки мактабда ўтказган болакай соғинган онасига энтикиб яқинлашди, эркаланиб бирор гап айтсин-чи, инкор этувчи ва кескин огоҳлантирувдан сесканиши аниқ — «Жим! Сериал қизиқ жойига келди» (таниш ҳолатми?).
Ҳа, кулиб кўз олдимиздан ўтказаётган бу ҳол аслида фожианинг ўзи. Билсангиз, ўша тўрт соатлик (18 дан 22 гача) бўлган «жимлик вақти» аслида оила деб аталмиш ҳаётий ва умр сериалимизнинг неча-неча қизиқ сонлари бадалига сарфланмоқда. Энг ёмони, аёлларимиз оиласидагилардан-да экрандаги тўқима образларни ўзига энг қадрдон билиб қолаётганидир. Бунга биргина мисолни ўша турк сериалидаги (қўшнисининг хотинига ошиқ образидаги) актёр Тошкентга келганида аёлларимизнинг ачинарли ва уятли таъқиблари мисолида ҳам кўрдик.
Энг ёмони, ўша, аёлларимизнинг хаёлини ўғирлаётган, оиласига ўгайлик қилаётган «жимлик вақти», психологларнинг фикрича, инсоннинг меҳр гармонлари фаоллашадиган вақтга тўғри келаркан. Шу аснода куни билан соч қиртишлаган сартарош, далада меҳнат қилган деҳқон деймизми ёки заводдаги шовқиндан қадрдон масканига ҳаловат истаб қайтган ҳазрати эркакларимиз, ўз уйида жимликка маҳкум этилса. Ўша сериал қурғурнинг савия ёки тарбиявий аҳамиятга эга тарафи бўлса ҳам кошкийди. Шахсан ўзим ва оилам бу «сеҳрли олам»га мубтало бўлмаган бўлсак-да, каналларни варақлай туриб, шу оний лаҳзада дуч келаётган саҳналарнинг ўзиданоқ ҳайратга тушаман.
Даҳшат! Сценарийси келинига кўз сузаётган қайнота, хотинининг синглисини зўрламоқчи бўлган почча, кекса устозининг хотинига ошиқ савдойи шогирд каби пасткаш образлар ҳисобига бойитилган ва қизиқарли қилинган бу сериаллар бизга нима беради?! Аниқроғи, нимани ўргатмоқчи?!
Бу сериаллар билан ибо ва ҳаёга беланган, бор ғуруримиз бўлган ўзбек аёлини, рашкидан замин титрайдиган эркакларимизни бошқаларга қандай қилиб кўрсатмоқдамиз?!
Олис қишлоқда яшовчи, ҳали интернет билан юзлашмаган, беғубор олам соҳиби бўлган оддий бир қассоб дўстим изтироб билан сўраб қолди: «Жўра, Тошкенда ҳаёт шунчаликми?».
Аслида кўпчилик қишлоқлар аҳолиси ҳам шу фикрда. Бу ёқда эса киши тилга олишга ҳам жирканадиган мавзулар кунда намойиш этилиб, оддий воқелик касб эттирилмоқда. Ер юзидаги разилликдан безган халқлар ўзбек оиласи тимсолидан ҳали таскин олиб юрган бир пайтда, биз уларга «дарс» бера бошладик.
Шу ўринда, «Ҳаёт жилғалари», «Опа-сингиллар», «Мафтуна», «Меҳмонжонлардан айланай» каби сериалларимиз бугуноқ оиламизнинг азиз меҳмони бўлса қарши эмасмиз.
Эркакларимизга айтадиганимиз шу: «Бугун, кеч бўлмасидан, оилангиздаги ўша қадрли ва қимматли бўлган «жимлик вақти»ни бузинг ва умр сериалида ўзингиз бош ролни эгалланг!». Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot http://hordiq.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|