Қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган воқеа айниқса бугунги кунимизда ҳар бир одамнинг ҳаётида содир бўлиши мумкин. Қачонлардир танишларимдан бири айтиб берган шу ҳикояни фақат эзгу ниятда қоғозга туширдим. Ажаб эмаски, танишимнинг хатоси бошқалар учун бир мактаб вазифасини ўтаса.
***
Мусофирликнинг нони қаттиқ бўларкан. Сожида бир ҳафтадан бери шаҳар кезиб, ўзига маъқул уй қидиради. Лекин бир уйнинг таъмирлангани ёқмаса, иккинчисининг эгаси ёқимсиз бўлиб чиқади.
— Шаҳарда яшашни орзуламай мен ўлай! —навбатдаги квартирани кўриб чиққан Сожида сўзлана-сўзлана автобус бекатига йўл олди. — Бу туришда ёнимдаги пулларни еб битираман-ку! Нима қилсам экан? Бирор танишим бўлсаки, ёрдам сўрасам. Эримнинг гапига ҳам қулоқ солмадим. Бир ҳафта кут, бирга бориб қидирамиз деганигаям қарамадим. Ўзбошимчалик билан йўлга чиқдим. Гўё шаҳарда "Мана, уйим зўр, сенга сотаман” деб туришгандек ҳовлиқиб қолдим. Оқибати-чи? Бир ҳафтадан бери арзирли уй топилмайди. Қизиқ, одамлар қандай қилиб бирпасда топишаркан-у, сотиб олишаркан?..
Бекатда тўладан келган, башанг кийинган, элликлар атрофидаги оқ-сариқ бир аёл ўтирарди. Сожида ёнига келиб ўтиргач, кутилмаганда саволга тутди.
— Синглим, узоқдан келганмисиз? — сўради у Сожидага бошдан-оёқ разм солиб.
— Ҳа, қишлоқдан келдим, опа! — деди Сожида ерга боқиб.
— Меҳмонга келдингизми?
— Қаёқда?.. Кўчиб келмоқчи эдим. Ўзимга ёқадиган уй тополмай ҳалакман.
— Вой, — аёл беихтиёр ўрнидан туриб кетди. — Уй дедингизми? Қанақа уй керак сизга?
— Икки хоналими… Ишқилиб, яхши уй бўлса, иложи борича биринчи қаватдан бўлса девдим.
— Қаранг, бизни Худонинг ўзи учраштирди. — ҳовлиқиб давом этди аёл. — Мен анчадан бери уйимни сотиш ниятида юргандим. Харидорлар кўп келяпти-ю, сира кўнглимга ўтиришадигани учрамайди… Уйимга сизга ўхшаган истарали, тартибли, саранжом-саришта одам эгалик қилсин дейман-да!..
— Вой, уйингиз биринчи қаватдами? — сўради Сожида. — Таъмири яхшими?
— Таъмири дейсизми? Нима деяпсиз? Оврўпача таъмирланган уйим. Биринчи подъезд, биринчи қаватда. Уйимдан чиқиб икки қадам юрсангиз, бозорга кирасиз. Автобус дейсизми, киракашлар дейсизми, тиқилиб ётибди ёнимизда.
— Зўр экан. — деди Сожида қувониб. — Айтганингиз рост бўлса, худди менинг кўнглимдагидай экан. Юринг, опажон, бориб кўрайлик!.. Юрагим ҳовлиқиб кетяпти!
— Ўзингизни босинг, синглим, ўзингизни босинг! — кулди аёл. — Кўриш ҳам гап эканми, меҳмоним бўласиз, ҳа!.. Қани, юринг, ўргилай! Кун исиб кетмасдан етволайлик!
***
Йўл-йўлакай танишишди. Аёлнинг исми Ҳалима опа экан. Ярим соат деганда беш қаватли уй рўпарасига етиб келишди.
— Мана шу бизнинг уй, — балконига қимматбаҳо ойналар ўрнатилган квартирани кўрсатди Ҳалима опа. — Шуларнинг ҳаммасини ўзим қўйдирганман…
Ичкарига кирди-ю, Сожиданинг оғзи ланг очилиб қолди. Ҳарир пардалар, уйга кўрк қўшиб турган сервант тўла чинни идишлар, деворларга дид билан чизилган ранг-баранг суратлар Сожиданинг хаёлини ўғирлади-қўйди.
— Опажон, ўзим оламан шу уйингизни! — деди у Ҳалима опани қучиб. — Мен лол бўлдим, опа, лол бўлдим!..
— Ие, ҳали нархини келишмадик-ку, Сожидахон! — ҳийла жиддийлик билан деди Ҳалима опа. — Аввал ўтирайлик, савдолашайлик! Ана ундан кейин…
— Хўп, хўп, қани, ўтирайлик бўлмаса!
Сожида шоша-пиша уй бекаси кўрсатган юмшоқ курсига ўтирди-да, дуога қўл очди.
— Мана, нархиниям келишволдик. — сўз қотди Ҳалима опа бироз гаплашиб ўтиришгандан сўнг. — Ишқилиб, шу уйда унинг-ўсинг! Фақат бир нарсани айтиб қўяй…
Бир муддат ўйланиб тургач, давом этди Ҳалима опа. — Пулини олдиндан бериб қўясиз. Боя айтдим-ку, берадиган жойларим бор. Шунинг учун ҳам уйни сотиб қарзлардан қутулай дедим. Ортса, мундайроқ бўлсаям битта кулбани олиб яшайвераман-да!.. Ҳе қарз ўлсин, қарз, Сожидахон!.. Икки ой ичида мени еди бу қарзлар, еди!..
Сожида уй бекасининг кўзига ёш олганини кўриб тўкилай деди.
— Қўйинг, опа, куйинманг! Куйинишларингизга арзимайди бу дунё! Худо хоҳласа ҳаммаси жойига тушиб кетади, мана кўрасиз!.. Бўпти, олдиндан берсам беравераман. Опа-сингилдай бўп қолдик. Насиб бўлса, ҳали борди-келди қиламиз, опа!
— Айтганингиз келсин! Илойим ўша кунларга етказсин!..
— Мана, опа пуллар!.. Ҳаммаси тўғри саналган. — Сожида катта сумкадан даста-даста пулларни чиқариб Ҳалима опага тутқазди. — Ўзингизам санаб олинг.
— Саналган бўлса бўпти-да! — Ҳалима опа пулларни олиб темир қутига жойларкан, хандон отиб кулди. — Сиздай хокисор аёлнинг қўлидан олган пулни санаб нима қилдим?..
Сожида пулларни топширгач, елкасидан тоғ ағдарилгандек енгил тортиб ўрнидан қўзғалди.
— Опа, энди мен қишлоққа бориб кўчларимни олиб келсам! Хўжайиним ҳам кутиб ўтиргандир?..
— Ҳа, ҳа, шундай қилинг! — деди Ҳалима опа жилмайиб. — Қишлоқдагилардан суюнчи олинг, ўргилай!.. Мен сиз қайтгунча ҳеч қаерга жилмайман. Хотиржам бориб келаверинг!
Сожида апил-тапил майда-чуйда буюмларини сумкага қайтадан жойлади-ю, йўлга отланди.
***
Сожида қишлоққа шомга яқин кириб келди. Ўйлаганидек, эри Турдимурод ўзини қўярга жой топа олмай ҳовли кезиб юрган экан. Хотинини кўрибоқ қовоқ уйиб олди.
— Хўжайин, суюнчини чўзаверинг! — остона ҳатлаб ичкарига қадам қўйганданоқ, Сожида овозининг борича қичқирди. — Нега хафасиз? Ўзимнинг кўнглимга ўтиришган уйни топдим. Сотиб олдим!
— Хайрият, — ғудранди Турдимурод бошидаги эски дўппини қўлига олиб чангини қоқаркан. — Мен ўғри-қароқчиларнинг қўлига тушиб қолдингми деб ўйловдим.
— Э, ўғри мени бошига урадими? Бўлинг тез! Машина топинг! Бугуноқ кўчамиз. Уйнинг эгаси бизни кутиб ўтирибди. Вой, нега қаққайиб қолдингиз? Бормайсизми машинага?..
Турдимурод ўзича нималардир дея сўзланганча кўчага чиқиб кетди.
Сожида эса ичкарига кириб кийим-кечакларни сумкага жойлай бошлади.
***
Тонг. Кўч-кўрон ортилган юк машинаси шаҳар кўчалари бўйлаб кўзланган манзил томон кетиб борар, кўрпа-тўшаклар орасига биқиниб олган Сожида ўз хаёллари билан банд эди. У орзусига етгани боис нуқул хўрсинар, хаёлан гоҳ кенг, шинам фабрикалардан бирида эгнига оқ халат кийганча уёқдан-буёққа чопиб меҳнат қилар, гоҳ энди урф бўлган шаҳарча кийим кийиб қишлоқ кўчасида пайдо бўлар, қишлоқдошларнинг ўғринча қараб туришларини тасаввур этгани сайин юраги орзиқиб-орзиқиб қўярди.
Ана, Ҳалима опанинг уйига етиб ҳам келишди.Чироғи ўчиқ. Ҳойнаҳой ширин уйқуда бўлса керак.
— Ўзиям оғзи ланг очилиб қолади. — ўйлади Сожида эҳтиёткорлик билан пастга тушаркан. — Бир кечада кўч-кўронини олиб келиш ҳамманиям қўлидан келавермайди.
— Қани, чақир бекангни! — буюрди Турдимурод норози оҳангда.
— Хўш, сизга ёқдими бу ерлар? — сўради эридан. — Қаранг, уйимизнинг ёнгинасидан анҳор оқиб ўтибди! Сувининг зилоллигини кўринг! Ёзда маза қилиб чўмилаверадиган бўлдингиз!
— Э, гапни кўпайтирмай бўла қолмайсанми? — тезлади Турдимурод. — Шофёр кутиб турмайди. Бор, чақир ўша опангни!..
***
Сожида эшикни қаттиқ тақиллатиб уй бекасини баланд овозда чақира бошлади.
— Ҳалима опа! Опажон, эшикни очинг, мен келдим!
Жимлик.
— Опа, ухлаб қолдингизми? Оча қолинг эшикни!
Шу пайт рўпарадаги квартира эшиги очилиб, баланд бўйли, озғин бир аёл чиқиб келди.
— Намунча бақир-чақир қилмасангиз? — койиб берди у Сожидани. — Сизга ким керак ўзи?
— Менга… Ҳалима опа керак эди. — ийманиброқ жавоб қилди Сожида.
— У кетган. Бу ердан кўчиб кетди. — деди аёл тоқатсизланиб.
— Кўчиб кетди?.. Қ-қаерга?.. Ахир…
— Қаергалигини мен билмайман. Ижарада турарди. Ҳақини тўламагани учун кеча уй эгалари ҳайдаб юборишибди. Бўлдими?
Аёл Сожидага "қачон кетасан ўзи?” демоқчидек ўқрайди.
— Кечиринг! — деди Сожида йиғлагудек бўлиб. — Бу уй… Уникимасмиди?..
— Айтдим-ку сизга ижарада турарди деб!.. Бу уй эгалари бошқа жойда туришади.
Сожида ортиқ сўз дея олмади. Миясида кучли оғриқ туриб, карахт одам каби бир-икки чайқалиб кетди.
Бу орада қўшни аёл аллақачон уйига кириб эшикни ичкаридан тамбалаб олганди.
— Хўжайи-и-ин!..
Бу Сожиданинг сўнгги ҳайқириғи эди.
Подъезддан чиқиб бир-икки эрини чақирди-ю, ерга юзтубан қулади.
Уни беҳуш ҳолда касалхонага олиб кетишди.
ЭСЛАТМА:
Сожида ўзининг ўта соддалиги боис қаттиқ панд еди. Касалхонадан чиққач, узоқ вақт Ҳалима опани қидирди. Афсуски, топа олмади. Милиция ходимлари унга айбдорни топган тақдирда ҳам пул ундира олмаслигини уқтиришди. Сабаби, унинг қўлида ҳеч қандай далил йўқ эди. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|