Турк сериаллари қанча кўп бўлишидан қатъи назар, мухлислар янги сюжет, қаҳрамон ва янги қиёфаларни ўзида жамлаган фильмларни кутаверади. Бошқа соҳалар сингари кинода ҳам пандемия сабаб суратга олиш жараёнлари вақтинчалик тўхтатилгани боис премьераси бўлиши керак бўлган фильмлар муддати ҳам чўзилди. Қуйида карантин тугаганидан кейин кўришингиз мумкин бўлган баъзи турк сериаллари ҳақида маълумот берилади.
«Bay Yanlış» —«Жаноб хато»
«Тўлин ой», «Тонг қуши» сингари фильмлардаги бош роли билан яхши маълум Жан Яман иштирокидаги «Жаноб хато» сериали мухлислар томонидан интизорлик билан кутилмоқда. Актёрлар таркибига энг яхши ва истеъдодлилар саралаб олиниши айтилмоқда. Сериалнинг биринчи қисмлари Бодрумда суратга олинади.
Жан — хушчақчақ ресторан эгаси Ўзгур ролини, Гурел — севги бобида ҳеч омади чопмаган Эзги ролини жонлантиради. Жан ва Гурел бундан аввал «Тўлин ой» сериалида ҳам жуфтлик ролини ўйнаганди.
«Saygi» — «Ҳурмат»
Мазкур фильмда Мирай Данер ва Боран Кузум жуфтлик ролини ижро қилади. Актёрлар сериалга қизиқтириш мақсадида Instagram’да бир неча маротаба маълумот берган. Премьера санаси ҳозирча маълум қилинмаган. Воқеалар давомийлиги 8 қисмдан иборат бўлиши кутилмоқда.
«Sen Kapımı Çal» — «Эшигимни таққиллат»
Ўзбек томошабинларига «Маликам энди қара» сериалидаги ижроси билан яхши маълум бўлган Ҳанде Эрчел иштирок этадиган мазкур фильмнинг суратга олиш жараёнлари июнь ойида бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда. Ҳанде Эрчел ташкилот раҳбари Серкан билан учрашганидан кейин ҳаёти ўзгариб кетадиган талаба Эду образини жонлантиради. Ҳанде билан, Керем Бурсин жуфтлик бўлиши кутилмоқда. Сериал «Ҳар ерда сен», «Тонг қуши» сериали ижодкорлари томонидан суратга олинади.