Владимир Пляхин она қишлоғидан бир ҳафтага хизмат сафари билан кетди-ю, балога қолди. Не кўз билан кўрсинки, қишлоқ жойида йўқ. Ўрнида қуруқ майдон турарди…
ЙЎҚОТИШ
Шаҳарга қилинган сафар Владимир учун ҳар қалай, ёмон кечмади. У ерда отасининг корхонаси бор эди. Уни Владимирнинг номига ўтказиб бермоқчи бўлиб чақирганди. Хайрият, ҳаммаси яхши тугади. Энди севимли қишлоғи Стопоревкага боради-да, севимли хотини Машани қаттиқ-қаттиқ бағрига босади. Қишлоқнинг кўм-кўк майсаларида ястаниб ўтирганча тўйиб-тўйиб дам олади…
Владимир машинасини учириб қишлоққа яқин келди. Аммо… Олдиндаги манзарани кўриб… Шу қадар куч билан тормозни босдики, сал бўлмаса машина ағдарилиб кетаёзди…
Ҳа, бир ҳафта аввал жойида турган қишлоқ энди… йўқ. Ўрнида қуп-қуруқ майдон турибди, холос…
Қани Стопоревка?..
Ҳеч нарсага тушунмай, машинани қўшни қишлоққа ҳайдади. У ердагилар Владимирни унчалик яхши кутиб олишмади. Бироқ қаттиқ қўрқувга тушган йигит буни сезмади. Фақат қишлоғини одамлардан суриштира бошлагани эсида…
— Биз бир ҳафта олдин кечаси кутилмаган, даҳшатли манзаранинг гувоҳи бўлдик, — дея ҳикоя қилиб берди қишлоқдагилардан бири. — Айнан Стопоревка тепасида кучли чақмоққа ўхшаган нарса пайдо бўлди. Момоқалдироқ турди. Ҳаммамиз қотиб қолдик. Ахир, у қишлоқ биздан атиги етти чақирим нарида…
Бир маҳал кўзларимиз ҳеч нарсани кўрмай, ерга энгашиб қолдик. Чунки осмонда пайдо бўлган кучли ёруғлик кўз очишга қўймасди. Ўрнимиздан турганимизда, ҳалиги чақмоқдан асар ҳам йўқ эди…
Қишлоғингиз изсиз ғойиб бўлгани шу билан боғлиқ эмасмикан?.. Негаки, йигитларимиз кейин бориб келишди. Қишлоқдан асар ҳам қолмаганини ўшанда билдик… Узр, сизни яхши кутиб ололмадик. Чунки ҳамма сизни нариги дунёдан келган арвоҳ деб ўйлаганди…
Владимир узоқ ўйланди. Наҳотки, бутун бошли қишлоқ изсиз йўқолиб кетса?.. Бирор из қолмаса ундан. Одамлар-чи? Улар қаерда?..
Афсуски, Владимир қанча бош қотирмасин, бу жумбоқни еча олмади…
ТУНГИ СИРЛАР
Эртаси куни Владимир сал ўзига келиб, йўқолган қишлоғини қидириб топишга аҳд қилди. Аввалига маҳаллий ҳокимиятга мурожаат этди. Фойдаси бўлмади. Прокуратура ходимлари ҳам бу масала бўйича иш қўзғатишни исташмади.
— Сиз яхшиси, қишлоғингизни яқин атрофдаги ўрмонлардан изланг! — маслаҳат беришди улар. — Балки қишлоқ ўз-ўзидан жойидан кўчиб, ўша ерларга бориб қолгандир?..
Ҳа, Владимир бу йўлда анча-мунча пул ҳам сарфлаб улгурди. Мутахассисларни бу ерга таклиф қилиб кўрди. Барибир ҳеч нарсани аниқлашнинг имкони йўқ. Гўё илгари бу ерларда Стопоревка қишлоғи умуман бўлмагандек…
Ҳатто, ердан олинган анализлар ҳам бирор натижа бермади.
Мана, орадан тўрт йил вақт ўтди. Владимир ҳамон ўз қишлоғидан, уни топишдан умид узгани йўқ. Ҳар куни отасини, онасини, хотинини тушида кўради. Отаси одати бўйича ер чопаётган, онаси астойдил нон ёпаётган, Маша эса товуқларга дон сепаётган бўлади. Ҳар тун уйқу орасида улар билан суҳбатлашади, ўтириб биргаликда чойхўрлик қилади. Аммо эрталаб тургач, ҳаммаси жойига тушаверади.
Бир куни ҳатто Машанинг «Володя» дея қичқирганиниям эшитди. Сапчиб ўрнидан турди. Ҳеч ким йўқ…
Ахир бу нимаси? Кимдан сўрама, елка қисишдан нарига ўтмайди. Кимга ялинма, тескари ўгирилади. Нега?.. Қишлоқ қани? Қаерга ғойиб бўлди?..
Бу саволга парапсихолог Владимир Заруцкий қуйидагича жавоб беради:
— Қишлоқларнинг, ҳатто, бутун бошли шаҳарларнинг ғойиб бўлиши илгариги асрларда ҳам кўп кузатилган. Улар ер юзида эмас, аксинча, ё нариги дунё ё келажакка сафар қилган бўлишади. Улар ҳеч қачон ортга қайтишмаган. Лекин Пряхин шу қадар берилиб излаяптики, ажабмас, уни бир кун келиб, она қишлоғи ўз бағрига олса…