Юлдузхоним, сизга кўпчилик мухлисларингиз номидан мурожаат этмоқчиман. Албатта, бу сатрларни ўқиб, жазавага тушмасангиз. Дарров суд деб, пўписага шошмасангиз. Бу сатрларни сизга қандайдир қитмир журналист эмас, Ўзбекистондаги бир мухлисингиз сизни севган халқингиз номидан ёзмоқда, деб билсангиз. Агарда шу гиналаримиз учун судга бермоқ истасангиз, марҳамат, беринг, фақат арзномалар 33 млн. дона бўлсин.
Билсангиз, санъаткор саҳнага илк қадамини қўйганидан бошлаб, унинг шахсий ҳаёти бўлмайди. Шахсий гапи, шахсий иши ҳам. Айниқса, сиз каби халқнинг севимли артистларининг ҳар бир ҳаракати диққат марказда бўлса. Билсангиз, сизнинг ҳар бир сўзингиз ёшларга ўрнак, ҳатто қайноналарга ибрат. Биламан, қалбингиз қайноқ, таъсирчансиз, ҳаёт синовларидан ўтгансиз, тоблангансиз. Аммо сизнинг кейинги, ижтимоий тармоқларда, кўча-кўйда кўп ва хўб муҳокамаларга сабаб бўлаётган «чиқиш»ларингиз кўпчилик мухлисларингиз қатори мени ҳам ранжитди.
Юлдузхон! Ўзи шу кунга қадар эстрадамизда бетакрор қўшиқларингиз орқали, қолаверса, шаддодлигингиз билан янги мактаб яратгансиз. Буни эҳтимол ўзингиз ҳам билмассиз. Авваллари ийманиб интервью берадиган кўпчилик аёл хонандаларимизга, сиздан ўрнак олишдими, шарақлаб куладиган, узиб-узиб гапирадиган бўлишди. Бугун сиз яратган «шаддодлар мактаби»нинг ворислари шунчалик кўпайиб кетганки, мактабингиз «аълочилари» Дилфуза Исмоилова, Мавлуда Асалхўжаевалардан тортиб, Зуҳра Солиеваю, Муниса Ризаевалар ҳам ҳар ҳаракатида унга садоқатли.
Бугун сизга ўша ўзингиз ҳам соғинадиган асл Юлдузни эслатмоқчиман ва чексиз энергиянгизни бир пайтлардаги каби сўнмас қўшиқлар яратишга сарфлашингизни сўрамоқчиман. Зеро, сиз каби санъаткорга охирги траливалелар, э узр, таралладалилар ярашмас — сен санъатни тушунармидинг, дейсизми? Йўқ, мен санъатшунос эмасман, шунчаки мухлисингизман. Унутманг, асл қўшиқлар оддий халқ учун, санъатшунослар учунмас.
Аслида билсангиз, мен сиз билан илк бора 1990-йиллар бошларида танишганман. Ўшанда уйимизга янги пластинка келганди. «Сен мени ишонтир» деган. Ўша пластинкадаги расм ҳамон эсимда. Ўша даврдаги сўнгги урфда бўлган «Золотая рыбка» кўйлагида, нимтабассум билан порлаб турган, ийманишга мойил чиройли кўзлар. Ўшанда ўн ёшли бола бўла туриб, сизни ва қўшиқларингизни севиб колгандим.
Ана шу даврдан бошлаб, бу пластинкалар аудиокассетларга айланиб, барча хонадонларни забт эта бошлади. Юлдуз самога интилгани сайин, ўша ийманишга мойил кўзлар ҳам кундан-кунга порлаб, шаддодлаша борди. У ҳар мавсум янги альбом билан, янгитдан-янги шедеврлари билан барчани мафтун этарди. «Настарин», «Қизил олма», «Сен мени ишонтир» каби ўнлаб қўшиқлари халқимиз юрагидан жой олганди. Юлдуз тобора кўкка интиларди. Унинг қўшиқлари ёшлигимизнинг энг ширин хотиралари бўлган байрам, таваллуд айёмларида доим биз билан ҳамроҳ эди.
Ҳатто илк муҳаббат тантанасию айрилиғида ҳам бизга сирдош, юпанч Юлдуз ва унинг қўшиқлари эди. Халқона йўналишдаги, миллий эстрадада куйланган қўшиқлар гоҳо шўх кайфиятда, гоҳ сокин, баъзан фалсафий мавзуларда бўлар ва улар албатта ўз мухлисларини топарди. Бу ижодида чексиз интилиш, иштиёқ ва меҳнат бўй кўрсатиб турган, асосийси, саҳнада ҳамон самимий, соддадиллигича қолаётган ўша Юлдузимиз эди. Ўшанда унинг рақсларига ҳаттоки профессионал раққосалар ҳам ҳавасда бўларди. «Бинафша» қўшиғига тушган рақсини эслайсизми?! Хуллас, Юлдуз ўшанда кучли ижод машинасига ўхшарди.
Унга меҳрим шу қадар эдики, ҳатто Фаррух Зокиров билан куйлаган дуэт ашуласидаги саҳна кўринишидан сўнг уни роса рашк қилгандим. Беғубор қалб билан Юлдузимдан маломатли араз қилгандим. Йиллар сайин у само пештоқига пиллапоялардан қадамлаб эмас, парвоз ила кўтарила борди. Қўшиқлари залвори ҳам ҳам шунга мос эди.
Юлдузнинг Ватан ҳақидаги қўшиқлари шу даражада таъсирли эдики, энг мудроқ қалбларда ҳам юртга муҳаббат уйғотар, ҳар байрамда ундан шундай мадҳиялар кутардик. «Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон!» — ушбу қўшиқни кўзда ёшсиз тинглаб бўладими?!
2000 йиллар... Бу йилларда Акром Ибодуллаев ва Руслан Шариповлар билан ҳамкорликда ижод қила бошлаган Юлдуз Усмонованинг яна кўплаб қўшиқлари дунё юзини кўрди: «Дунё», «Ҳасрат», «Оққан дарё — оқаверади», «Ўзингдан қўймасин, халқим», «Санамгина», «Нозанин».
Бугун биз сизни соғиндик: ижтимоий тармоқларда гоҳ танқидчи, гоҳ отинойи сифатида «порлаётган юлдуз»ни эмас, севимли ватан мадҳиячиси, қалбларни ларзага солувчи, кўзларни ёшловчи мўъжизакор санъаткоримиз — Юлдуз Усмоновани. Ишонинг, ҳар байрамда сизнинг ўша мадҳларингизга интиқмиз, сизнинг ўрнингиз эса ҳамон бўш. Сиздек бўлолмас ўзга «юлдуз»лар. Қайтинг! Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot http://hordiq.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|