Халқимиз Сирдарёдаги кўнгилсиз ҳодисадан жабр чеккан аҳолига ёрдам беришга ошиқмоқда. Юртимизнинг барча ҳудудларидан хайрия карвонлари етказилиб, қадди бироз букилган, руҳи чўккан сирдарёликларга далда бўлмоқда. Давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзи уларнинг тақдири билан қизиқиб, ҳолидан хабар олиб тургани эса уларда келажакка ишонч ҳиссини пайдо қилмоқда.
Ана шундай вақтда халқимиз ардоғидаги санъаткорлар ҳам бефарқ тургани йўқ. Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова ўзининг Тошкент шаҳар Қорасув-2 даҳаси Садаф кўчасидаги хонадонида сув тошқини талафотидан зарар кўрганлар учун озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак ва пул маблағларини йиғмоқда.
— Ўзбек халқининг қўли очиқ эканига кеча яна бир бор амин бўлдим, — деди Ю.Усмонова.— Бир куннинг ўзида 100 миллион сўмдан ортиқ хайрия пуллари тушган бўлса, 2 камаз турли уй рўзғор буюмлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари йиғилди. Кечанинг ўзида биринчи карвон манзил томон йўл олди. Бугун ҳам ушбу иш давом этмоқда. Ўзимиз ҳам уйдаги ишлатилмаган, янги идишлар, кўрпачаю, гиламларни ҳадя қиляпмиз. Шогирдларимизни ҳам хайрияга чорлаяпмиз. Хайриянинг охирги куни ҳамюртларимизни кўргани ўзимиз ҳам бормоқчимиз. Улар билан суҳбатлашиб, кўнглини кўтармоқчимиз. Муҳими, уларнинг тани-жони соғ. Бош омон бўлса, дўппи топилади. Халқ қийналган вақтда халқ артистлари жим турса уят. Биз доим халқ хизматидамиз, улар бахтли бўлса биз ҳам бахтиёр куйлаймиз. Рўза кунлари тинимсиз дуодамиз. Асосийси, бу ўткинчи дунёда кўнгилни чўктирмаслик керак. Давлат ҳеч кимни қаровсиз қолдирмайди. Илоҳим, ҳаммаси яхши бўлади.