Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг ички ишлар органлари ходимларини ҳақорат қилгани учун жазоланмагани сабабини маълум қилди, деб ёзмоқда «daryo».
«Айрим ҳолларда одам ўйламасдан, билмасдан ёки руҳий зўриқиш орқали шундай маълумотларни бериши мумкин. Кейин бундан ўзи пушаймон бўлади. Худди шундай ҳолат бу ерда ҳам бўлди. Юлдуз Усмонова ўз айбини тан олди.
‘Шундай руҳий зўриқиш оқибатида мен шу нарсаларни қилдим. Бу мен учун жуда уятли. Керак бўлса, мен узр сўрайман. Керак бўлса ота-оналаридан узр сўрайман’, деди.
Жавобгарлик масаласига келганда, жамиятда ижтимоий балансни ушлаб турадиган айрим ҳолатлар бор. Юлдуз Усмонованинг шахсига келадиган бўлсак, у халқ артисти, халқимизнинг ишончи, ҳурматига сазовор бўлган инсон. Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялайдиган кўп қўшиқлар айтган. Бундан ташқари, шу пайтда у ҳақиқатан ҳам руҳий зўриқиш таъсирида бўлгани, ички ишлар органлари ходимларининг унга нисбатан адовати йўқлигини инобатга олиб, кечиримлилик, фуқароларга имконият бериш принципидан келиб чиқиб, унга нисбатан маъмурий иш тўхтатилган», — дейди ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов.