Ўзбекистон мусулмонлари идораси карантин даврида масжидлар фаолиятини ташкил этиш юзасидан баёнот эълон қилди.
Республика махсус комиссияси томонидан туман-шаҳар кесимида "яшил” ҳудуд сифатида тоифага ажратилган минтақалардаги масжидларда 2020 йил 8 июнь, душанба куни бомдод намозидан бошлаб, кунлик беш вақт фарз намозлари ижтимоий масофаланишни сақлаган ҳолда (1,5-2 метр) адо этилади.
Масжидларда ибодатларни ташкил этиш бўйича қуйидаги талаблар белгиланди:
масжиднинг кириш жойини дезинфекцион "тўшак”лар билан жиҳозлаш, бирламчи дезинфекциялаш воситалари билан таъминлаш;
ҳар бир намозхон тиббий ниқобда бўлиши, масжидга киришда қўлларини дезинфекциялаш воситасидан фойдаланиши;
масжидга ташриф буюрган ҳар бир шахснинг касаллик аломатларини текшириш, тана ҳарорати 37 С ва ундан юқори бўлган ҳолатда фуқароларни алоҳидалаш ва 103 телефон рақами орқали тез тиббий ёрдамга хабар бериш;
таҳоратхонадан фақат зарур шароитлар яратилган (бир марталик сочиқ-салфетка, антисептик воситалар, суюқ совунлар билан таъминлаш, қисқа муддатларда дезинфекция қилиш), ижтимоий масофаланиш сақланган ҳолларда фойдаланиш;
масжидда қўл бериб ёки қучоқлашиб саломлашиш тақиқланиши;
масжид бинолари ва ҳудудини ҳар куни дезинфекция қилиш, хоналарни шамоллатиш;
масжид ҳудудида ҳар қандай кўринишдаги савдо-сотиқни ташкил этмаслик, ҳадя ва совғалар тарқатмаслик;
расман рухсат берилгунга қадар жума намозлари ташкил этилмайди;
масжид ходимлари ва кўнгилли намозхонлардан ёрдамчи гуруҳлар тузилиб, улар томонидан масжид ҳудудида карантин талабларига риоя этилишини назорат қилиш;
масжидлар фаолияти жойлардаги Санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари талабларига мувофиқ ташкил этилишини таъминлаш каби тавсиялар жорий этилади.