Испанияда коронавирус билан касалланиш бўйича яна бир ҳолат қайд этилди. Бу ҳақда Канар ороллари ҳукуматининг Соғлиқни сақлаш бўйича кенгашига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
Бунга қадар Испанияда икки кишида коронавирус аниқланган эди. Кейинроқ иккала бемор ҳам даволанишга муваффақ бўлган.
Канар ороллари ҳукуматининг соғлиқни сақлаш бўйича кенгаши томонидан берилган баёнотга кўра, Тенериф оролига келган Италия фуқаросида коронавирус аниқланган. Таҳлиллар Мадриддаги Карлос III институтига қайта текширувлар учун юборилган.
Таъкидланишича, эркак изоляцияда ва санитар назорат остида.
Коронавирус 2019 йил декабрь охирларида Хитойнинг Хубэй провинцияси Ухань шаҳрида тарқала бошлаган. Коронавирус Хитойнинг материкли қисмидан ташқарида жами 28 мамлакатда кузатилган: АҚШ, Россия, Италия, Франция, Исроил, Эрон, Миср, Испания, Тайван, Япония ва бошқалар. 24 февраль ҳолатига кўра, бутун дунёда жами 78 мингдан ортиқ одам коронавирусга чалинган, уларнинг 2,6 минг нафардан кўпроғи ушбу касалликдан вафот этган.