Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов 2016 йилнинг 2 сентябрь куни 78 ёшида вафот этгани хабар қилинган. У 3 сентябрь куни ўзи туғилиб ўсган Самарқанд заминига дафн этилган эди.
Марҳум Каримовнинг вафот этгани 2 сентябрь куни эълон қилинганига қарамай, тарихий ҳужжатлар ва уни даволаш жараёнида иштирок этган шифокорлар собиқ давлат раҳбари аслида 28 август куни оламдан кўз юмганини тасдиқлайди.
Qalampir нашрининг ўрганишлари шуни кўрсатмоқдаки, Бемор Ислом Каримов, 78 ёшда, 27 август куни эрталаб соат 09.00 да ҳушсиз ҳолатда зудлик билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббиёт-санитария бирлашмасининг Марказий клиник шифохонасига олиб келинади.
Ўтказилган текширувлар, жумладан, бош мия компьютер томографияси беморда бош мия қон айланиши ўткир бузилиши субарахноидал қон қуйилиш асорати билан (инсульт) аниқланган. Артериал қон босими 250/120 мм. симоб устунига тенг. Беморда юрак фаолиятининг тўхташи кузатилган. 20 дақиқа давомида олиб борилган реанимацион муолажалар натижасида юрак фаолиятини тиклашга эришилган. Бемор мия ўзаги фаолияти бузилиши оқибатида атоник кома ҳолатига тушади ва сунъий нафас олиш аппаратига ўтказилади.
27 августдан 28 августга ўтар кечаси бемор етакчи хорижий клиникаларининг нейрохирурглари, кардиолог ва реаниматологлари – А.Н.Бакулев номидаги Юрак-томир хирургияси илмий маркази директори, академик Л.Бокерия, Н.Н.Бурденко номидаги нейрохирургия илмий маркази директори, академик А.А.Потапов (Россия), Ганновер халқаро нейрохирургия институтининг вице-президенти ва ижрочи директори, профессор Амир Сами (Германия), Кардиоторакал марказ директори, профессор Жилли Дрейфус (Монако), Хейдельберг университети клиникасининг кардиология бўлими раҳбари, профессор Хьюго Катус (Германия), Хельсинки университети Марказий госпиталининг нейрохирургия бўлими профессори Юка Хернисниеми (Финляндия) томонидан тиббий кўрикдан ўтказилган.
"Ўзбекистон мутахассислари билан ҳамкорликда ўтказилган консилиум натижасида кейинги даволаш режаси белгилаб олинди”, дейилган эди ўша вақтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тарқатилган ахборотда.
Беморнинг неврологик ҳолати аввал бошдан атоник кома сифатида қайд этилган. Неврологик статусда диффуз мушак атонияси, арефлексия кузатилган. Беморга уч маротаба динамик электроэнцефалографик текширув ўтказилиб, унда бош миянинг биоэлектрик фаоллигининг сусайиши аниқланган.
Ўтказилган интенсив терапия жараёнида беморнинг ички аъзолари (қон томир, нафас олиш, қон ивиш тизимлари, буйрак ва жигар) фаолиятининг аста-секин бузилиши – полиорган етишмовчилиги кузатилган.
"Юқорида қайд этилган тўлиқ ҳажмдаги диагностика-даволаш муолажалари ва интенсив терапия чора-тадбирлари ўтказилганига қарамасдан 2016 йил 2 сентябрь куни соат 20:15 да юрак фаолияти тўхтаган.
Амалга оширилган интенсив реанимация тадбирлари натижа бермади ва беморда соат 20:55 да биологик ўлим ҳолати қайд этилди”, дейилган расмий ахборотда.
Қайд этилганидек, мазкур жараёнларда А.Н.Бакулев номидаги Юрак-томир хирургияси илмий маркази директори, академик Лео Бокерия ҳам қатнашган. 27 августдан 28 августга ўтар кечаси махсус рейс билан Ўзбекистонга келган Лео Бокерия Тошкентга келганида Каримовни сақлаб қолишнинг имкони қолмагани ва вазиятдан аввал бошиданоқ шундай бўлганини қайд этган. У интервьюларидан бирида шундай деган:
"…менга кутилмаганда қўнғироқ қилиб, Ислом Каримов билан юз берган ҳолат ҳақида хабар беришди. Бу мусаффо осмон узра гумбурлаган момақалдироқдек эди. Тошкентга учиб келганимда ҳеч нарсанинг иложи қолмаганди, вазият аслида бошидан шундай бўлган бўлса керак. Бу кутилмаганда юз берган дард ва унинг қандай якунланиши маълум эди”.
Ислом Каримовнинг бетоблиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2016 йилнинг 28 август куни илк расмий ахборотни эълон қилган эди.
Бу орада мамлакатда ва хорижда Ислом Каримовнинг вафот этгани билан боғлиқ хабарлар тарқалди. Аммо Ҳукумат ҳам, Президент девони ҳам, мамлакатнинг хориждаги элчихоналари ҳам 2 сентябрь оқшомига қадар бу маълумотни тасдиқлагани йўқ. 28 август кунидан бошлаб турли хорижий интернет нашрларда Каримовнинг вафоти эълон қилина бошлади. Ҳали Вазирлар Маҳкамасининг Ислом Каримовнинг вафоти ҳақидаги расмий хабари эълон қилинмай туриб, Туркия Республикасининг ўша вақтдаги Бош вазири Бинали Йилдирим ОАВ орқали Ислом Каримовнинг вафот этганини маълум қилиб, Ўзбекистон халқига таъзия билдирган эди. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|