— Ўзи омадим йўқ экан. Бу йил ҳам ўқишга кира олмадим. Ҳамма орзуларим чилпарчин бўлди! Э, Худойим, нимага ўзи қиз бола бўлиб дунёга келдим экан?!
Райҳон: «Нима бўлса, бўлди. Пешонамга олий маълумотли бўлиш ёзилмаган экан, энди ота-онамга берган ваъдамнинг устидан чиқишга мажбурман», деса ҳам, атрофида қандайдир бир мўъжиза юз берадигандек, отасими, онасими: «Райҳон, қизим, ўқишга ихлосинг жуда баланд. Майли, бу йил ҳам тайёргарлик кўриб, ўқишга кира қол. Учинчи уриниш доим муваффақиятли бўлади», дейдигандек эди. Йўқ, ҳеч қандай мўъжиза юз бермади. Оиласидагилар зиёли одамлар, қалбимни тушунади, деб ишониб юргани — ота-онаси ҳам Райҳон иккинчи бор имтиҳондан ўтолмагач, «эски қўшиқ»ни бошлашди.
— Қиз боланинг бозори бир қизийди. Совчилар келиб турганида сени ўраб-чирмаб узатиб юбора қолайлик. Ҳозир одамлар оқ-қорани таниб қолишган. «Ўқийман», деб аҳд қилган келинини ўқитаётганлар ҳам бор, пешонангда бўлса, ўқирсан, — дейишди.
Райҳоннинг тили қисиқ, ота-онасига сапчий олмайди. Чунки у аввалги йили ҳам репетиторга қатнаган, ўтган йилиям. Барибир, омади чопмади.
— Райҳон, аданг: «Қоронғи уйга қамалиб, мотам тутиб ўтирмасин, ҳаракатини қилсин. Ахир сўзим сўз, «Бу йил ҳам ўқишга кира олмасам, узатаверинг, «ғинг» деган номард», деган. Менинг қизим шу пайтгача берган ваъдаларининг устидан чиққан», деяпти. Аданг шунақа деган сайин мен қўрқиб кетяпман. Узатишим керак, дейману, сочингни пахмайтириб кўча чангитиб юрганингни ўйласам, юрагим орқамга тортиб кетади, — деди Райҳоннинг онаси Маҳфуза ая.
Райҳон эса «Адам шу «лафз» деган сўзга ёпишиб олди-да! Ўзи икки йилга рухсат берди, бир йил ҳам ҳеч гап эмасди», деб, яна бошидан оила қуриш савдосини ирғитиб ташламоқчи бўлди-ю, лекин дадаси Иброҳим акага: «Яна ўқишга ҳаракат қилиб кўрай», дея олмаяпти. Маҳфуза ая бўлса: «Райҳон, ҳозир ҳар икки қадамда қизларни оилага тайёрлайдиган марказлар бор, қатнаб, у-бу пишириқларни ўрганиб олсанг бўларди», дерди.
* * *
— Аяжон, нега ҳадеб мени койийверасиз? «Ўзинг осмондаги оймидинг? Бир пахмоқсоч қиз бўлсанг, туппа-тузук йигитларни «бўлмайди», деб ўтирибсан, деб жиғибийронингиз чиқади. Мана, бугунги «шаҳзодалардек» деб мақтаган йигитингиз учрашувга пушти футболка билан пушти макасино кийиб келибди…
— Шу нарса «йўқ», дейишга баҳона бўладими, қизим, борини кийгандир-да?
— Майли, дид масаласининг ҳаминқадар эканлигини қўя турайлик. Биринчи саволи: «Исмингиз нима?» бўлди. Ахир у кишини учрашувга юборишаётганда: «Исми мана бундай қиз билан кўришасан», дейишмаганмикин?
— Эсидан чиққандир, ҳаяжонлангандир…
— Тўхтанг, ая, иккинчи саволини эшитинг. Ўшанда унинг мутлақо ҳаяжонланмаётганини биласиз. «Ишлайсизми? Қанча ойлик оласиз?» деб сўраса бўладими?
… Ота-онаси шошилгани сайин Райҳон учрашувлардан таъби хира бўлиб қайтади.
— Ҳарбий йигит экан. Улар ўзини тутиб олган, иродали инсонлар бўлишади, дедингиз. Хўп, дедим. Лекин ўша йигитнинг онаси: «Мен сизга ўқиган, касб-кори, иши бор ўғлимни беряпман. Адангиз ҳеч бўлмаса ўғлимга «Спарк»нинг калитини берадими?» дейди. Мен: «Нима бало, товар алмаштириш қиляпсизми, мен ўғил уйлаяпсиз, деб ўйлабман», десам, «Ҳозирги замонда бунинг айби йўқ, ҳамма нарса икки томонлама манфаатга асосланган», дейди.
Маҳфуза ая қанотли туя кўргандек, кўзларини катта-катта очиб, қизига қараркан, баъзан: «Бичиб-тўқима-ей», деб қўяди. Лекин атрофидаги қўни-қўшниларининг қиз узатиш билан боғлиқ ҳар хил гапларини эшитиб юргани учун «Райҳон рост айтяпти, шекилли, бу замоннинг йигитларига нима бўлган ўзи?» деб ичида яниб қўяди. Чунки бир кўча нарида турадиган, кўпдан борди-келдиси бор қўшниларидан бири: «Опам қизини чиқараётган эди, куёв: «Мебель олишда бирга юраман», дебди. Мебелга мослаб қандил танлашаётган экан, куёв: «Олсаларинг, мана шу икки ярим миллионлик қандилни оласизлар, бўлмаса, овора бўлиб юрманглар», дебди. Никоҳ базмига киядиган костюмини уч марта алмаштиришга мажбур қилибди. Мен камида санъаткорлар киядиган костюм кийишим керак, деганмиш», тарзидаги гапларни гапириб берганида Маҳфуза ая ёқасини ушлаганди. «Агар кетма-кет шундай йигитлар учрайверса, қизим ўла қолса турмушга чиқмайди», деб сиқиларди онаизор.
… Райҳонни эса йигитларнинг бунақалигидан кўра ҳам пишириқларми-ей, яна нималардир ўргатаётган курслардаги манзаралар ҳам сиқарди.
— «Лаббай, ойижон», деб бир эгиласиз, «Хўп бўлади, ойижон», деб яна бир эгиласиз, дея бағбақалари осилган хўппа семиз аёл кўзларига қараб турган ёш қизларни ўзича оилага тайёрлар экан, хаёллари ичра яшаган Райҳон кулишни ҳам, куйишни ҳам билмасди.
* * *
— Хўп, Муҳаббат, менга бирорта йигит маъқул бўлди, ҳам дейлик. Лекин мен ундан қанақа қилиб рухсат сўрайман? Масалан, онамникига бормоқчи бўлсам: «Сиз рухсат берсангиз, ойимникига бориб келсам», деб айтаманми? Яъни ўз уйимга бориш учун бировнинг онасидан рухсат оламанми? Бу умуман ақлга тўғри келмайдиган иш.
Маҳфуза ая Райҳоннинг синфдош дугонаси Муҳаббатни элчи қилган, ваҳимага тушаётган дугонасини вазиятга тайёрлаш учун келган эди.
— Қизиқсан-а, Райҳон? Худди ойдан тушганга ўхшайсан. Нима, сен бошқа қизлардан бошқачароқмисан? Ҳамма қизнинг бошида бор савдо бу. Аслида, барча йигитлар бир-биридан салгина фарқ қилади, холос. Эркак зоти кўпроқ ўзини яхши кўради, худбинроқ бўлади, ёш болага ўхшайди. Уни борича қабул қилиш керак. Аёлнинг оилавий қоидаларга бўйсуниши ҳам оддий табиатнинг қонуни. Керак бўлса, фақат қайнонанг эмас, эринг, унинг дадасидан ҳам рухсат сўрайсан, — дея Муҳаббат товушига одатий тус берар, бу билан Райҳонга қийин туйилаётган ҳолатларни осонлаштирмоқчидек бўларди.
— Йўқ, ўртоқжон, оила дегани мен учун эмаслигини аниқ сезиб турибман. Ўлай агар, агар йигит икковимиз бир-биримизга маъқул бўлиб, тўй қилсак ҳам муросаи мадорамиз кўпга бормаса керак.
— Ҳали қурилмаган оила ҳақида бундай дейишга уял! Унутма, хом хаёлларинг аввал ўзингни хароб қилади. Сен ўзингни ягона нусхада яратилган жонзот, деб эмас, ҳамма қатори қизман, деб тасаввур эт. Шунда барчаси яхши бўлади…
— Аслида, шундай бўлмагач, мен тасаввур қила олмайман.
— Райҳон, чиндан шунақа аҳмоқона ўйларни ўйлаяпсанми ё ота-онангни, мени, яна кимларнидир ялинтирмоқчимисан? Хато қиласан, ҳеч ким сенинг оёғингга ётиб олмайди. Оила биринчи навбатда ўзингга керак!
— Нимага керак? Ўзимни, ўзлигимни йўқотиш учунми?
— Э, бор-э! Сен билан баҳслашган одамнинг ўзи нодон!
* * *
— Райҳон, уйингга кетяпсанми, олиб кетайми?
Гоҳ ўзи, гоҳ ўртоғининг овозида унсиз баҳслашиб кетаётган Райҳон йигит кишининг бақирганидан чўчиб тушди. Рўпара қўшниси — Комрон. Боғчадош, мактабдоши. Такси ҳайдайди.
— Бунча опера артистига ўхшаб чинқирасиз? Қулоғим кар эмас-ку, секинроқ гапирсангиз ҳам эшитаман, — деди Райҳон Комроннинг хаёлларига халақит бергани малол келгандек.
— Райҳон, Райҳон деб икки марта чақирдим, қарамадинг. Бунинг устига, маст одамдай йўлнинг ўртасида тебраниб кетяпсан, ўтир…
— Пиёда ҳам етиб оламан. Таксига берадиган ортиқча пулим йўқ.
— Ишда эмасман, уйга кетяпман. Жа, пулсиз ўтиргани хижолат бўлаётган бўлсанг, иш-пишга кирганингда ташлаб қўярсан. Дарвоқе, яна қулабсан-ку, ишларсан энди…
Комрон Райҳоннинг жавобини ҳам эшитмай, машинасини юргизди.
— Ҳа, ишлаш керак, ўзингизда нима ҳаракат? Тўй-пўй бўляптими, дейман, — деди Райҳон ўриндиқдаги ўров-ўров гулқоғозларга кўзи тушгач.
— Уйимни таъмирлаяпман. Аста-секин, бўш пайтимда… Кўпроқ кечаси ишлайман, — деди Комрон.
— Ўзингиз таъмирлаяпсизми? Уста солмадингизми?
— Устанинг қилган ишини ўзим ҳам қила оламан. Коллежда ўқиганимда бир зўр устага шогирд тушганман, жа устозимчалик бўлмаса-да, унча-мунча иш қўлимдан келади, — деди Комрон.
— Уйни таъмирлаб, у ёғига бош қотирмасангиз ҳам бўлади. Чунки у ёғига қизнинг ота-онаси югуради, — Райҳон бугунги расм-русумларда қабул қилолмаётган яна бир жиҳатини айтиб, йигитнинг жиғига тегмоқчи бўлди.
— Мен қизнинг ота-онасини югуртирмайман. Бу нарсани йигит киши учун номус деб биламан. Уйимни таъмирлаб бўлгач, ҳамма жиҳозларни битта-битта сотиб олиб, уйимни кўнгилдагидек ясатгач, ойим совчиликка юради. Мен ойим кирган уйда: «Ўғлимнинг ҳамма нарсаси бадастир. Уйи тайёр, касб-кори бор, бировга қарамлик жойи йўқ. Икки ёш бир-бирига ёқса, тўйни қилсак, бас!» деб баланд гапиришини хоҳлайман.
Райҳон Комронга қараб қолди. Чиндан бу йигит бошқачароқ хаёлдами? Ё «Мана, биздай йигитлар ҳам бор», демоқчими?
— Ҳа, нимага тикилиб қолдинг, ишонмаяпсанми? — Комрон кулимсиради.
Райҳон уни минг йиллардан буён биларди. Гоҳ машинаси остида қорамойга ботиб ётар, гоҳ Райҳон саҳар кўча супуриб юрса, енгил спорт формасида йўлакдан қизариб-терлаб чопиб ўтаркан:
— Озгина сув сепиб юборсанг бўлмайдими? — деб қизга танбеҳ ҳам бериб қўярди.
Райҳон ҳам жим турмай:
— Юлдузларнинг сепган суви етади, — деб кўча четидаги райҳонлардаги шабнамга ишора қиларди.
Райҳоннинг келинойиси — акасининг хотини бир-икки марта: «Битта ўғилман, демайди шу қўшнимиз Мақсуда аянинг боласи. Итда, қушда тиним бор, бу йигитда тиним йўқ. Ҳей-вей, заргарчиликдан ҳам хабари бор экан, заргаргаям шогирд тушган эди, устози иши кўпайса, чақириб тураркан. Мақсуда опа: «Ҳарна-да, боламнинг етти мучаси соғ бўлса, ҳеч қачон ҳеч нарсага зориқмаймиз», дейди», тарзидаги гапларни гапиргани «ўқийман», деб репетиторга қатнаб юрган Райҳоннинг у қулоғидан кириб, бунисидан чиқиб кетганди. Ҳозир Райҳон кулимсираётган Комронга тикилиб қараркан, у ҳақдаги барча билганлари лаҳзада хаёлидан ўтди. Йигит ундан саволига жавоб кутаётганини ҳис қилиб:
— Тўғриси, ишониш-ишонмасликка ҳам ҳайронман. Шу кунларда шунақа йигитларни рўпара қилишдики, биттаси: «Тўйим бўлмасидан фалокатим ариди. Битта туппа-тузук қизнинг дадаси: «Чарлар»да куёвимга заправканинг ҳужжатини тақдим этаман», деган экан. Қизининг оёғи қийшиқлигига қарамай, уйланишга кўнган эдим, фотиҳадан сўнг бу одамнинг ваъдаси пуч эмасмикан, ишқилиб, деб суриштирсам, ўша оилани яхши биладиган бир одам: «Заправка тугул, эшигини ҳам сотиб ололмайди, ҳемири йўқ», деди. Баҳона топиб, фотиҳани бузиб юбордим. Сизнинг дадангизнинг ниятлари қандай?» деса бўладими? Очиқдан-очиқ сурбетлик-ку бу…
Комрон Райҳоннинг гапини бўлди:
— Менга бўлажак рафиқамнинг гугурт чўпиям керакмас. Дадасининг инъоми-ку умуман…
Комроннинг овози кескин, қатъий эди. Райҳон бу овозни энди эшитаётганга ўхшарди…
* * *
— Сизни билмаган эканман…
— Хўш, қанақа эканман, билдингми?
— Бошқалардан бошқача экансиз…
— Йўғ-э, дарвоқе, Райҳон, репетиторга боравер, янаги йил яна институтга топшириб кўрасан.
— Ростдан-а, ойингиз нима деркин?
— Ойим: «Райҳон ўқийдиган қиз», деяпти…
Бу суҳбат йигирма, йигирма икки йилдан буён рўпарама-рўпара яшаган, лекин олтин ранг августнинг сўнгги кунларида бир-бирини таниб қолган икки қўшни — Райҳон ва Комрон ўртасида бораётганди.
Дарвоқе, шу кунларда ота-оналари уларни унаштириб қўйишган, Райҳоннинг адаси, аяси, дугонаси қилолмаган ишни бехос тақдирдан инъом бўлган муҳаббат қилган, Райҳон бир ёққа бориши учун тақдирини боғлаган йигитдан изн сўрайдиган бўлган, шунга бўйни ёр бера бошлаган эди. Ахир гулдек нозиклик, заифлик қудрат қаршисида туғилади-да… Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|