Қишлоқдан келган, бошида рўмол, узун кўйлак кийган бир аёл кўкраклари очиқ, сочлари алламбало, кўзида қора ойнак, елкаси очиқ, ёшига ярашмаган тор шим кийган, оммавий маданиятни миллат маданиятидан устун санайдиган бир аёлга дуч келибди. Олифта аёл кўпчилик ичида қишлоқлик аёлга қараб:
– Сиз ваҳҳобиймисиз? – дебди нописандлик билан устидан кулиб.
Қишлоқ аёли:
– Ваҳҳобийликдан Худо асрасин, Имом Аъзам мазҳабиданман. Ўз юртим ва миллатимга содиқ аёлман. Сиз нима учун бундай деяпсиз? – дебди бу саволдан хижолат чекиб ҳайрон бўлиб.
– Рўдапо кийимингиз, бошингиздаги рўмолингиз, кўринишингиз ваҳҳобийларга ўхшайди, – дебди лабини буриб.
Қишлоқ аёли хижолат чекиб, савол берган аёлга тикилиб туриб:
– Сиз фоҳишамисиз? – дебди.
– Нимага бундай деяпсиз? – дебди саволдан жиғибийрон бўлган ярим яланғоч замонавий аёл.
– Кийган кийимингиз, сочларингиз, ярим-яланғочлигингизга қараб зинокор, фоҳишага ўхшатдим, – дебди.
Қишлоқ аёлини шарманда қиламан деб ўзи шарманда бўлибди. Зеро ўзбек аёли миллати ва динига хос ва мос кийимларни кийсинлар. Оммавий маданият деб, одамийлигини йўқотмасин.
Бировни айблашдан олдин ўзингизга боқинг! Инсоннинг қадри кийимига қараб баҳоланмайди. Инсоннинг қадри тор шим, калта юбка, таққан тилла-зари билан ўлчанмайди. Бу сўзларим сонигача очиб олган, кийган майкасидан қўлтиғининг туклари ўсиб, калта шортик киядиган, ўзларини замонавий деб биладиган йигитларга ҳам тегишли.
«Бир қавм бошқа қавмни масхара қилмасин, шоядки (масхара қилинганлар) улардан яхшироқ бўлса. Ва аёллар аёлларни масхара қилмасин, шоядки (масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқ бўлсалар». (Ҳужурот сураси)