Ҳиндистоннинг Трипура штатида яшовчи 8 яшар Чвнгсаса Деббарма исмли қизалоқ яқин-яқинлардан бери йиғласа кўзларидан ёш ўрнига қон оқадиган бўлди. Бу ҳам майли. У кўп терлайди. Терлаганда ҳам қўлтиқ ости, юзларида тер ўрнига яна қон зоҳир бўлади. Йиғлаганда нафақат кўзлари, балки қулоқларидан ҳам қон сизиб чиқаверади. Маҳаллий аҳоли вакиллари қизалоқни Исо пайғамбар билан тенглаштира бошлашди. Библияда ёзилишича, Исо пайғамбар Гефсимания боғида ибодат қилаётган маҳал терлаб кетган. Тер ўрнида эса қон сизиб чиққан экан.
Қизалоқни зудлик билан касалхонага олиб боришди. Врачлар қизга қандайдир дори ёзиб беришди. Дориларни ича бошлаганди, кўзлари, қулоқларидан қон оқмай қўйди. Терласа ҳам қон ўрнига росмана тер оқа бошлади. Аммо орадан ҳеч қанча ўтмай, яна эски ҳолат такрорланди. Фақат бу гал қон лаблари, тили, пешонаси, боши, чаккаси, қўл, оёқ, кўзлари, оёқ бармоқлари, қуоқлари, қўл бармоқларидан оқишга тушди. Деббарма ўзини ёмон ҳис эта бошлади. Кўкрак қафаси қисмида кучли оғриқ туйди.
Ўшандан бери уни кўпаб врачларга олиб боришди. Афсуски, ҳеч ким ёрдам бера олмаяпти. Ёрдам бергани шу бўлдики, Деббарма «Гематогидроз» хасталигига чалинибди. Бу хасталикка чалинган беморнинг териси остидан ва бошқа тана аъзоларидан қон оқа бошларкан. Хасталикка ўн миллион одамдан биргинаси чалиниши мумкин. Мутахассисларнинг айтишича, бу хасталик умуман олганда хавфли эмас. Бироқ баъзида турли оғриқлар бериши мумкин. Бахтга қарши врачлар гематогидроз нима оқибатида пайдо бўлишини билишмайди.