Жорий йил 19 апрель куни Алишер Навоий номидаги кинотеатрда "Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий” номли бадиий фильмнинг премьераси бўлиб ўтди.
Фильм премьерасига пухта тайёргарлик кўрилгани, тарғибот анчайин яхши бўлгани йиғилган меҳмон ҳамда томошабинларнинг кўплигидан ҳам билиниб турарди. Кўп фильмларнинг премьераларига борганман, бироқ буниси ўзгача эди. Негаки, узоқ йиллардан буён бу каби фильмларни катта экранларда намойишини кўрмай қўйгандик.
Киносаройининг энг йирик зали томошабинлар билан лиқ тўлган, қўшимча ўриндиқлар ва тик туриб томоша қилаётганларнинг сони ҳам анча-мунча.
Аввалига саҳнага "Ўзбеккино” миллий агентлиги директори ўринбосари Шуҳрат Ризаев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳамда Тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов сўзга чиқиб, ушбу фильм мусулмон оламидаги таниқли олти ҳадиснависдан бири – Имом Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг ҳаёт йўли, ижодий фаолияти ҳақида ҳикоя қилиши ҳақидаги фикрларини эътироф этди. Шундан сўнг, фильмнинг намойиши бошланди.
"Ўзбеккино” миллий агентлиги буюртмасига биноан режиссёр Абдуҳалил Мигноров томонидан яратилган мазкур бадиий фильм муҳаддислик илми мисли кўрилмаган даражада равнақ топишида Имом Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг ўрни беқиёс эканлигини тўла очиб берган.
Фильмда ҳижрий учинчи, милодий тўққизинчи асрдаги тарихий давр тасвирланади. Фильм жуда яхши суратга олинган. Тасвирлардаги воқелик кишини ўша замон руҳига кириб боришга ундайди. Фильм суратга олишда табиий уйғунликка ва ўша давр муҳитини акс эттира оладиган декорациялар ва табиатга алоҳида эътибор қаратилган. Айтиш керакки, декорациялар анча ишонарли чиққан, балки оддий томошабин буни пайқамаган бўлиши ҳам мумкин.
Постпрадакшн – фильмнинг илк кадрларидан тортиб якунига қадар бўлган воқеликлар томошабин кўз ўнгида моҳирона тасвирланган. Тарихий замон ва макон муҳити яққол очиб берилишида сайқал берувчининг маҳоратини кўриш мумкин.
Операторлик ишига ҳам юқори баҳо бериш мумкин. Ҳар бир мезансаҳна маҳорат билан тасвирга олинган. Айниқса, бош роль ижрочиларидан тортиб турли хил образлар ҳам моҳирона тарзда воқеликларнинг чамбарчас боғликлигини таъминлаб берган.
Мусиқий безак ҳам маромида. Ҳар бир муҳитни акс эттириш жараёнида ишлатилган мусиқалар кишини ўйга толдириши, тарих саҳифаларига сайр қилишга ундайди. Соддароқ айтганда, ишончли чиққан.
Фильмнинг ибтидосида Муҳаммад Термизийнинг тоғ ёнбағри бўйлаб ёнида юрган шериги билан кетаётгани ва сой ёқасига яқинлашгач, тўхташи воқеаларидан бошланади. Исо Термизий шу жойда бир йирик дарахт бўлгани, у одамларнинг ўтишига тўсқинлик қилганини таъкидлайди. Ёнидаги киши эса дарахт йўқлигини айтганда, хотираси панд бераётган бўлиши ҳақида ўйлайди. Худди шу ерда режиссёр Абдуҳалил Мигноровнинг топқирилигига қойил қолмай илож йўқ. Воқеалар ривожи Исо Термизийнинг болаликда буғдойзор орасида самога қараб тикилиб ётган сюжетига уланиб кетади.
Воеқаларни бирма-бир санаб ўтмоқчи эмасман. Ютуқлари бисёр фильмда айрим камчиликлар ҳам учрайди. Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий болалигини ижро этган ёш ижодкорнинг ўзини тутиши таҳсинга лойиқ. Айрим кадрларда эса ишончсизлик билан ўйнаганини ҳам таъкидлаш керак. Айниқса, бозорга гўшт олиб келишга дўсти билан отланган ёш Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий кўчада дўстларига дуч келиб қолиш саҳнаси ишончсиз ва савиясиз чиқққан. Айниқса, овозлаштириш жараёни, дилни хира қилади. Бир тўда болаларнинг кулгилари ҳозирги арзонбаҳо фильмларимиздаги саҳналарга, овозлар эса, маҳалламиздаги болаларнинг энсақотар кулгиларига ўхшаб кетади.
Таажжубга соладиган бир ҳолат – фильмда Тошкент шевасида айтилган сўзлар ҳам учраб туради. Биринчидан, Сурхон воҳасининг шеваси Тошкент шевасидан умуман фарқ қилади. Бу шева кеча ёки бугун эмас, тарихан шундай шаклланган. Буни ҳисобга олиш лозим эди. Ҳар ҳолда тарихда ўша ҳудуд кишилари Тошкент шеваси қандай эканлигини билмаганлари аниқ.
Абу Исо ат-Термизий ал-Бухорийга ҳам шогирд, ҳам сафдош ҳисобланиб, илм излаб Нишопурга келади ва у ерда ҳадис илмининг султони Имом Ал-Бухорий билан учрашади ва сабоқ олади. Режиссёр бу саҳналарни ҳам ишончли тарзда томошабинга ҳавола эта олган.
Абу Исо ат-Термизийнинг ёнида юрган йигит бир куни олдига келиб, устози Имом Ал-Бухорий фоний дунёдан боқийга рихлат қилганини айтганда, ҳадисшунос олим кўзига ёш олади ва бир оз юриб самога боқади. Шу кадрда Абу Исо ат-Термизийнинг ёш қалққан кўзлари кўрмай қолгани ҳам маҳорат билан очиб берилган.
Мақоламизда режиссёр Абдуҳалил Мигноровнинг топқирлиги ҳақида сўз юритгандик. Хориж фильмларида ибтидо ва интиҳосини шунчалик зўр тасвирлаб берадики, кино ҳақидаги таассуротлар бир неча кун хаёлимизни чулғаб олади. Абдуҳалил Мигноров ҳам бу ишни уддалай олган. Юқорида тилга олганимиз, Исо Муҳаммад Термизийнинг ёнидаги юрган йигит ёнига келади ва сой ёқасидаги йўлда одамлар ўтишига тўсқинлик қилган дарахт олиб ташланганини айтади. Абу Исо ат-Термизий эса кўр бўлиб қолган бўлса-да, хотираси панд бермаганини ҳис этса-да, энди ҳадис илми билан шуғулланиш ниҳоялаб қолганини англайди.
Фильмнинг ютуқ ва камчиликлари ҳақида бироз сўз юритдик. Мухтасар айтганда, фильм ижодкорлари юракдан меҳнат қилгани яққол кўриниб турибди. Камчиликлари эса, ютуқлари соясида қолиб кетишига ишонамиз.
Томошабинга айтар сўзимиз, фильмнинг сийрати ва суврати ҳақида илғаганларимизни сизга улашдик. Фильмни албатта ўзингиз кўриб, баҳо беринг. Шунда буюк аждодимиз Абу Исо Муҳаммад ат-Термизийнинг ҳадис илмига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида муфассал илмга эга бўласиз. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot qalampir.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|