Дадасининг нақ пешонасидан чиқиб қолишини кутмагани учун Адиба шошиб қолди. Ҳатто баҳона топишга улгурмади.
— Ия, сен уйда бўламан, деган эдинг-ку?! — Рихсивой ака қизига ажабланиб қаради.
— Озгина ишим чиқиб қолди, бир дугонамникига ўтувдим! — Адиба тутила-тутила жавоб берди. a
— Ҳмм, қани олдимга туш-чи! — чамаси, дадаси қизининг гапига ишонмади.
Ота-бола то уйларига етгунча оғиз очишмади.
— Аяси, қизингизнинг назорати сизнинг гарданингизда, қандай юмуш билан унга рухсат бердингиз, мен бехабар?! — Рихсивой ака кела солиб Райҳона опани қистовга олди. — Яна ит топмас кўчаларда юрибди.
Она бечора индамайгина лабини тишлади. Гап қайтаргандан кўра жим турган маъқул.
— Эрта-индин тўйи бўладиган қиз, яна бекорчи миш-мишларга қолиб юрмайлик!
Адибанинг кўзларига дувиллаб ёш келди. Аммо дадасига эътироз билдиришга журъати етмади, дардини ичига ютганча, уйга кириб кетди.
— Дадаси, унчалик қаттиқ гапирманг, мен ўзим бориб кел, дегандим, — Райҳона опа овозини пастроқ қилиб эрининг енгидан тортди.
— Яна бир марта қайтараман, ҳеч қандай кўчага рухсат йўқ, мабодо зарур иши бўлса, ўзинг бирга борасан! — Рихсивой ака «гап тамом» дегандек қайрилиб, яна кўчага чиқиб кетди.
— Уфф, бу тажанг одамнинг дастидан тўйни ўтказиб олгунча юрак ўйноғи бўлиб қоламан, шекилли, — Райҳона опа чуқур хўрсинди.
Шу тобда Адибага ҳам ҳеч нарса дея олмайди. Чунки унинг нима иш билан кўчага чиққанини яхши билади. Устига-устак, бу ишни деб қиз шўрлик айбсиз айбдор бўлиб қолди.
«Бекор дадангнинг шубҳасини оширяпсан, сенга ишонмай қўяди», деганига қарамай, «Тўйгача, албатта, уддалайман!» деб туриб олган. Шу ўгай акаси тўйга келмаса-келмас. Осмон узилиб ерга тушадими? Уришган ота-бола, ҳайдаган дадаси. Ўзлари келишиб олсин!
— Қизим, чиқа қол, овқатга уннайлик, даданг қайтсаяна сайрайди, — деди ўрнидан оғир қўзғалар экан она. — Ўзингни бекорга қийнаяпсан! Вақти келиб ўзлари ярашиб олишар. Ҳадеб куюкавермагин.
— Аяжон, агар Розиқ акам дадамни яхши кўрмаганида эди, бунчалик астойдил ҳаракат қилмасдим. Дадамнинг ўзгинаси, қайсар, чўрткесар, шу феъли бўлмаганида уларнинг муроса қилиши осон бўлармиди?!
— Билмадим, қизим. Барибир, Розиқжон дадангнинг тарбиясини олмаган. Унга бўйин эгиш осон бўлмайди. — Райҳона опа бу гапни шунчалар ўкинч билан айтдики, Адибанинг юраги зирқираб кетди.
— Бунга сиз айбдор эмассиз! Ҳамиша ўзингизни гуноҳкордай сезасиз, аяжон! — у онасини маҳкам қучоқлаб юзидан ўпди. — Шунинг учун ҳам уларни яраштириб қўяман, шунда бу ерга тез-тез келиб туради.
— Қайдам, дадангга турмушга чиқмаганимда оиласи билан ярашиб, ўғлини ўзи тарбия қилармиди дейман-да!
— Тавба, ўзингиз келиб олмагансиз-ку бизникига! — бу гапни айта туриб Адиба кулиб юборди.
Райҳона опа қизига ҳайрон қаради.
— Бизникига деганимга куляпман, худди у пайтда ўзим ҳам бордек!
— Қизи тушмагур-а! Ҳам йиғлайсан, ҳам куласан. Ажойиб феълинг бор-да! Ишқилиб, шунақа қилиқларингни янги уйдагиларга ҳам қилмагин. Биз кўтарамиз, аммо у уйдагиларга бу тўғри келмайди. Сен уларнинг кайфиятига қараб иш тутишинг зарур.
— Оббо, дарров бу ҳақда эсимга соласиз-а? — Адиба лабини бурди.
Райҳона опанинг юраги бир қалқиди:
— Тўхта, сен, қиз, мабодо бизнинг кўнглимиз учун хўп деган бўлмагин тағин. Бу умр савдоси, кейин ҳеч қанақасига ўнглаб бўлмайди. Агар дидингга ўтиришмаган бўлса, ҳалиям кеч эмас.
— Энди бу томонига ваҳима кўтарасиз, аяжоним-эй? Ташвишланманг, юзингизни ерга қаратмайман. Аммо… — Адиба бирдан маъюс бўлиб қолди, — дадам иккингизнинг бу ҳовлида ёлғиз қолишингизни ўйласам, ҳечам турмушга чиққим келмайди.
— Сен бахтли бўлсанг, тушган жойингда азиз бўлиб ўзингдан кўпайсанг, ёлғизлигимиз билинмайди. Қолаверса, Розиқ аканг инсофга келиб қолса, ажаб эмас.
— Мен акамни, албатта, бу уйга қайтараман. Майли, бир йўла келмасин. Аммо дадамнинг бошқа ўғли йўқ-ку, шундай бўлгач, ундан воз кечиб кетишга ҳақи йўқ акамнинг!
* * *
Рихсивой аканинг биринчи турмуши билан бахти келишмади. Ортиқча жанжал-тортишувсиз ажрашиб қўя қолишди. Ҳали ёшига тўлмаган Розиқжон онасида қолди. Рихсивой ака аввалига ўғлидан тез-тез хабар олар, ҳатто вақти-вақти билан уйига олиб келарди. Кейинроқ эса собиқ хотини ўғлини ота-онасига қолдириб турмушга чиқиб кетди. Ўшандаёқ Розиқжонни қайтариб олса бўларкан, бироқ уйланса, хотини чиқиштирмай қўйишидан чўчиб болани қайнотасиникида қолдирди.
Райҳона опа эрининг ўғли борлигини эшитганидаёқ «Олиб келинг, ўзим боқаман», деганди. Лекин негадир Рихсивой ака кўнмади. На отанинг ва на онанинг тарбиясини олмаган Розиқжон такасалтанг, кўчабезори бўлиб вояга етди. Ўз боласини тақдир ҳукмига ташлаган Рихсивой ака иккинчи турмушидан ягона фарзанд — Адибани кўрди. Райҳона опанинг қайта-қайта илтижолари билан ўғлини тўғри йўлга солишга, ҳатто уйларига олиб келиб бирга яшашга ҳаракат қилиб кўрди. Аммо назоратсиз юришга ўрганган йигит кап-катта бўлганида дадаси томонидан «қолип»га солинишни ёқтирмади. Энг ачинарлиси, пул ёки бирор кийим-бош керак бўлса, Рихсивой аканинг олдида келарди. Бир-икки кун шу ерда яшар, дадасининг пули қўлига теккач, яна йўқолиб қоларди. Бора-бора Рихсивой ака унга бир сўм ҳам бермай қўйди.
— Бошида ўргатманг эди, энди эса бермасангиз бир йўла кетиб қолади, — уларнинг таранг муносабатларидан безиллаган Райҳона опа эрини инсофга чақирар, Розиқжонга ён босишга ундарди.
— Бекорини айтибсан! Бола бўлиб росмана яшасин. Бўлмаса, ана, катта кўча! Пул керак бўлса «дада»лаб қолади. Бошқа пайт думини тутқазмайди. Тенгдошлари бир ишнинг бошини тутди. Бу бўлса, бедананинг уйи йўқ, қайга борса питпилдиқ отиб юрибди.
Бу — унинг тил учидаги гапи эди. Дилида эса бир дунё армон. Ахир ўғлининг шу тахлит катта бўлишига ўзи айбдор-ку!
Адиба ҳам онаси каби кўнгилчан, меҳрибон. Дадасининг эзилаётганини кўриб Розиқ акасини уйга қайтаришга, отасининг ёнига кириб бирор ишнинг бошидан тутишга кўндириш учун урингани-уринган. Баъзан уни излаб дадаси айтган ит топмас кўчаларга кириб чиқишдан ҳам тоймайди.
— Ҳадеб кетимдан қувлайверма! Сен айтганинг билан яхши бола бўлиб қолмайман! — Розиқ қизни уришиб беради. — Агар сенга бирор гап-сўз бўлса, даданг мени кечирмайди. Ҳатто сўйиб ташлашдан ҳам тоймайди.
— Акажон, бу гапингиз нотўғри. Дадам сизни яхши кўради. Фақат сиз ҳам озгина… — Адиба «инсоф қилинг» дея олмай жим қолди.
— Овора бўлма! Мен на отамга, на онамга керакмасман. Керак бўлганимда ажрашиб кетишмасди!
«Гаплари минг бора ҳақ! Аламзадалиги ҳам тўппа-тўғри! Одамлар болага зор. Розиқ акаси бўлса, ота-она меҳридан, оила бахтиёрлигидан мосуво бўлиб ўсди. Бобоси билан буваси унинг қорнини тўйғазса бўлди, бошқаси билан иши бўлмаган. Ахир ўзини бу дунёга келтирганлар унинг тақдири билан қизиқмагандан кейин бошқалардан нимани кутиш мумкин? Шу тарзда катта бўлган аканинг кўнглида яна қандай инсонгарчилик бўлади?» Шу хаёллар билан яшаётган Адиба ҳалигача умидини узмайди.
— Сенга нима, яхшиям, туғишганинг эмас! — бир гал катта холаси койиб берди — Шунча йил бир-бирига меҳр кўрсатмаган, энди бирга бўлиб қолармиди? Поезд кетиб бўлди, энди уринишдан фойда йўқ.
— Сизга айтишга осон. Икки ёнингизда иккита паҳлавондай ўғлингиз бор! — Адиба астойдил ранжиди. — Шунинг учун бемалол гапиряпсиз.
— Улар сенинг ҳам суянчиқларинг, буни биласан, сингилларидан кам кўрмайди.
— Менга ака бўлиши мумкин, лекин дадамга ўғил бўла олмайди! — Адиба, барибир, айтганидан қолмади. — Шўрлик дадамнинг ичидан нималар ўтаётганини сиз билмайсиз! Акамнинг шу аҳволга тушиб қолишида ўзини айбдор санайди, ич-этини еб юради.
— Унда алдаб йўлга солиш керак эди-да, калтакламасдан! — холаси баттар ғашига тегди Адибанинг.
— Менга хўжайин эмассиз деб, гап қайтаргани учун тарсаки туширди. Лекин бу билан иккаласининг ўртасида алоқа узилди, дегани эмас. Мен, барибир, ниятимга етаман, мана кўрасиз, акам билан дадам ярашиб кетишади.
— Уфф, шу қизнинг синчалаклигидан қон бўламан-да! — холаси ахийри ён берди. — Менинг ҳам поччамга ичим ачийди, лекин бу бола рисоладагидек ўғил бўладими-йўқми, Худо билади!
— Албатта, бўлади! — Адиба доимгидек ишонч билан айтди бу гапни. — Акам кўринишидан бадфеъл бўлгани билан жуда кўнгилчан.
У бу гапни бежизга айтмади. Чунки бир гал акасини кўчада машина уриб юборган болакайни бағрига босганича жон талвасасида шифохонага югурганини кўрган. Розиқжоннинг дилига биров чуқурроқ назар солиб, қалбидаги дардларини астойдил тингламагани учун ҳавойи, жиззакидек туюлади. Агар чин юракдан дўст бўлса, яхши тарафга ўзгариши аниқ.
Лекин бу қачон юз бериши номаълум. Адибанинг эса тўйига оз қоляпти. Унгача акасининг кўнглига йўл топганида эди?! Чунки ўзи кетса, бу уйда ота-онасининг ёнида ҳамроҳ борлигини билар ва янги оиласида осуда яшай оларди. Акс ҳолда…
Боя дадасига рўбарў келиб қолганида ана шу ниятда акасини излаб юрувди. Аксига олиб, уни ҳеч қаердан топа олмади.
— Қечқурунлари маҳалла четидаги қурилиши тугамаган бино ёнидаги вагон уйда улфатлари билан тўпланишади, ўша ердан топишингиз мумкин — деди акасининг битта таниши.
Энди оқшом палласи дадасига билдирмай ўша ёққа бориб акасини топса, уни судраб бўлса-да, уйга олиб келади.
Дадаси телевизор кўриб ўтириб пинакка кетди. Аяси аллақачон ухлаб бўлган. Адиба секин оёқ учида юриб, уйдан чиқди. Тамбалланган дарвозани очгунча анча уринди. Ахийри уддалади. Нафасини ичига ютиб кўчага чиқди-ю, яшин тезлигида маҳалла бошига қараб югурди. Ишқилиб, уни хонасига кириб кетган деб ўйлашсин-да!
Азбаройи ота-онасидан ҳадиксирагани учун қоронғиликда ваҳимали кўринаётган қурилиши тугалланмаган бино олдига етиб келганида ҳам қўрқувни ҳис қилмади. Тезроқ акасини топса бўлгани.
— Ия, биз томонларга жононлар ҳам келадиган бўлиб қолибдими? — қулоғи остида янграган бу хунук овоздан қўрқиб кетди. Шитоб билан орқага қаради. Бино билан вагон уй оралиғидаги йўлакда соқоли ўсиб кетган кимса тебраниб турарди.
— Мен акамни излаб келувдим, — деди шоша-пиша қиз.
— Акамни? — ҳалиги эркак унга суқ билан тикилди. — Мана мен-да сизнинг акангиз! Кела қолинг, асалим!
Адибани титроқ босди. Аммо ўзини йўқотмади.
— Торт қўлингни! — деди қатъийлик билан.
— Ўҳ-ҳу, жа-а зўрсиз-у! — эркак кутилмаганда шамолдай келиб, қизни ўзига торта бошлади.
Адибанинг нафаси бўғилиб, жон ҳолатда унинг қўлидан чиқишга уринди. Қаттиқ типирчилаганидан иккаласи мувозанатини йўқотиб ерга йиқилди.
— Кел бу ёққа, жонидан! — эркак ҳансираган кўйи қизга баттар ёпишди.
Адиба кучининг борича уни итараётиб овозини баланд қўйиб:
— Розиқ ака!! — деб қичқирди.
Сўнг қўли билан атрофни пайпаслай бошлади. Хайриятки, бир тош илинди қўлига. Уни олди-ю, эркакнинг елкасига зарб билан урди. Эркак силтаниб орқага чекинди.
Адиба вазиятдан фойдаланиб ўрнидан туриб олди ва яна бақирди:
— Розиқ ака, қаердасиз?! Акажон, мен Адибаман! Розиқ ака!!
Вагон уйнинг эшиги очилди, аввал нотаниш чеҳра, орқасидан эса акаси кўринди. Айни шу онда ерда ётган эркак қизнинг оёғидан тортди.
— Акажон!!! — Адиба қўлларини силкитишга зўрға улгурди ва гупиллаб ерга ағдарилиб, боши синиқ ғиштга тегди-ю, ҳушини йўқотди.
— Бу нима қилганинг?! — Розиқжон эндигина кўзини очган синглисини уриша кетди. — Нақ жоним чиқиб кетай, деди. — Нега бординг у ерга?..
— Ахир сизни бошқа жойдан топа олмадим-да! — Адиба ғурра бўлган бошини силаганча ўзини оқлади.
— Яхшики, ўша жойда бор эканман, йўқ бўлганимда… — Розиқжон асабий қўлини силкиди. — У ҳайвон нима қиларди, ўйлаш ҳам даҳшат! Ҳамма нарса остин-устун бўларди.
— Жон акажон! — Адиба худди койишларини эшитмагандек Розиқжоннинг қўлларига осилди. — Уйга боринг, дадамдан кечирим сўранг, биз билан бирга яшанг!
Розиқжоннинг юрагидаги яра янгиланди.
— Нега шу гапларни олдинроқ, мен кўчаларда тентираб юрганимда айтмадинг?!
— Унда мен кичкина эдим-ку, бунақа нарсаларга энди ақлим етяпти. Битта ўзим эрка бўлиб ўсганимга суюниб юраверибман. Энди эса дадамга сиз қанчалар кераклигингизни тушуняпман, — деди Адиба кўзларига ёш тўлиб.
Розиқжон бир зум унга қараб турди. Кўз олдидан тирик етимдай яшаган кезлари ўтди. Бироқ буларнинг бари бир зумда ўз ўрнини синглисининг бояги — бегона эркак зуғумидан азоб кўраётган пайтидаги ҳолат тасвири билан алмашди. «Ахир мен учун шундай қилди-ку, синглим. Синглим!»
— Ҳаётингни хатарга қўйиб мени излаганинг кўзимни очди. Сен менга ўгай эмас, жон сингил экансан! Мени кечир! — деди Розиқ ўпкаси тўлиб.
* * *
… Келинга оқ фотиҳа бериш учун барча жам. Адиба юзини юваётган ёшларини тўхтатолмас, бошига ёпилган рўмол остидан дадасининг қалтироқ қўллари билан дуо қилаётганини кўргандан кейин баттар ўпкаси тўлиб кетди. Йиғлаб бориб, Рихсивой аканинг бўйнига осилди.
— Дадажоним!!!
Тўйхонадагилар ҳаяжонга тушди.
— Борган жойингда азиз бўлгин, қизим, энди у оиланинг фарзандисан, ўзингдан кўпай!
Адиба ўзини қўлга олишга ҳаракат қилди. Дадасининг юзидан ўпиб, хайрлашди. Сўнг унинг ёнида ҳиқиллаб турган Розиқжонни қучоқлади.
— Акажоним, ота-онам сизга омонат, уларни ёлғизлатманг! — дея пичирлади йиғи аралаш.
Бу пайт янгаларнинг бахтли овози атрофни тутиб улгурган эди:
— Ҳай-ҳай ўлан, жон ўлан, тўйдир бугун ёр-ёр… Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot http://hordiq.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|