Бугун ҳавонинг авзойи бузуқ, осмонга қараган эдим, ёмғир ёғаман деб турибди. Ёмғирни ёқтираман ва ёмғир ёққан вақтда деразаларни очиб қўяман. Бугун ҳам шундай бўлди. Салқин ҳамда тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олиб турган вақтимда хонага ҳамкасбим кириб келди ва менга юзланиб:
— Бугун сиз навбатчи адвокатмисиз? — деди.
— Ҳа, шундай.
— Ички ишлардан қўнғироқ қилишди, уларнинг идорасига бориб, бир жиноят ишида иштирок этишингиз ва гумонланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашингиз керак экан.
«Хўп», дедим. Ҳужжатларимни йиғиштирдим-да, ўзимга керак қоғозларни олиб, идорамиздан унча узоқ бўлмаган ички ишлар биносига бордим. Иш тафсилотларига қизиқиб, тезда мени чақиртирган терговчининг хонасига кирдим.
Иштирок этишим зарур бўлган жиноят иши тафсилотлари билан танишдим: гумонланувчи жабрланувчининг қўлини уриб синдирган ва бошқа жойларига ҳам шикаст етказган экан. Ажабланарлиси шундаки, жабрланувчи ўз ўғли томонидан ана шундай аянчи аҳволга солинган эди.
Кеча оқшом туман касалхонасига жабрланувчи Гулмира она оғир аҳволда олиб келинган, у танасида сон-саноқсиз лат ейишлар ва қўл-билак суягининг очиқ синиши каби жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган экан. Жабрланувчи ҳеч нарса демаган. Бироқ қўшниси Аҳмад ака ўз кўрсатмаларида жабрланувчи қўшниси экани, ўғли Ворис доим ичиб келиб, онасини калтаклаши, олдинлари ҳам бир неча маротаба бу ҳолат такрорлангани, кеча тунда бақир-чақирдан сўнг қўшнисининг уйига кирганида Ворис онасини аямай ураётганлигини кўриб, ИИБ ходимларини чақиргани, Вориснинг ваҳший ҳаракатлари мунтазам такрорланиши, бироқ онаси ҳеч вақт ҳеч кимга шикоят қилмасдан келаётганини билдириб ўтган экан.
Ворисга дарҳол жиноят иши қўзғатилиб, жиноий ҳаракатини давом эттирмаслиги учун ушланганини ва 24 соат ичида адвокат билан таъминланиши зарурлиги сабабли мени навбатчи адвокат тариқасида унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун чақиртирилганлигимни билдим.
Тафсилотларни билгач, терговчига ҳимоя остига олинувчи шахс билан учрашиш истагимни билдирдим, шунингдек, жабрланувчи билан ҳам учрашишим кераклиги сабабли уни қаердан топишим мумкинлигини сўрадим. Терговчи менга жабрланувчини касалхонадан топишимни айтди.
Шу вақт хонага ИИБ ходими Ворисни олиб кирди, жиноят иши билан танишганда йигитнинг ўттиз тўрт ёшда эканини билган эдим. Отаси вафот этган. Доим ичиб келиб жанжал қилганлиги сабаб турмуш ўртоғи ҳам фарзандлари билан кетиб қолган, ўзи эса онаси билан яшаётган экан.
Мен терговчига Ворис билан алоҳида — адвокатлар хонасида гаплашиб олмоқчилигимни айтдим, терговчи рухсат бергач, соқчи Ворисни адвокатлар хонасига олиб борди ва иккимизни ёлғиз қолдирди.
Столда қарама-қарши ўтирган Ворисни кузатар эканман, ундан анқиётган ароқ ва бошқа ҳидлар аралашиб димоғимга урилди, кўнглим беҳузур бўлиб, ўрнимдан турдим.
— Мен сизнинг ҳимоячингиз — адвокат Ҳакимовман, истасангиз, мени Алишер ака деб чақиришингиз мумкин.
— Мени қачон қўйиб юборишади ва нега ушлаб ўтиришибди?!
Вориснинг биринчи берган саволи шу бўлди. Бундан қанча ажабланмай, тилимга келган гапни айтиб юбордим:
— Онангизнинг соғлигини сўрасангиз яхши бўлармиди?..
— Онамга ҳеч нима қилмайди, бу олдин ҳам бўлган, онам шикоят қилмаган ва иш ёпилиб кетган…
Қанчалик ҳайратланмай, ҳимоям остидаги шахсга вазиятни тушунтиришга уриндим:
— Агар жароҳатлар енгил ёки ўртача бўлса, жабрланувчи шикоят қилмаса, жиноят иши қўзғатилмайди, бироқ қўл суягининг очиқ синдирилиши оғир жиноят, онангиз шикоят қилмаса ҳам жиноят иши қўзғатилади. Иш судга ошади, ҳаммаси судда ҳал бўлади…
— Тўхтанг, нима онам шикоят қиляптими?!
— Йўқ, сиз нима учун онангизни урдингиз?.. — дея сўрадим ўзимни босишга уриниб.
— Қаердан биламан, кеча ўртоқларим билан зиёфатимиз бор эди, сўнг уйга маст бўлиб келдим, шунда онам бир нималар деб минғиллаган бўлса керак…
Вориснинг саволларимга бераётган жавобларидан қаршимда одам эмас, бир махлуқ ўтирганини ҳис қилдим. «Наҳотки шундайларни ер кўтарса? Одам ҳам ўз онасини шу аҳволга соладими?!» Миямда ғужғон ўйнаётган саволларга жавоб топа олмадим.
Шундан сўнг Ворис билан терговчининг хонасига кирдик, сўроқ жараёни бошланди, деразадан қарасам, ҳалигина тинган ёмғир яна шаррос қуймоқда. Бундай манзарадан бебаҳра қолмаслик учун терговчидан деразани очишга рухсат беришини сўрадим ва рози бўлгач, деразани очиб, панжарадан ташқарига қарадим. Хонага кирган ёқимли ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас оларканман, ИИБ биноси олдида бир аёлнинг бечораҳол аҳволда турганини кўрдим: кўринишидан аёл ёмғирда қолганини ҳам унутиб, кимнидир илҳақ кутаётганлиги билиш қийин эмасди.
Шу вақт терговчи хонасидаги телефон жиринглади, у гўшакни кўтариб ким биландир гаплашди ва менга:
— Жабрланувчи касалхонадан чиқиб кетибди, қаерга кетиши мумкин, аҳволи яхши бўлмаса… — дея савол назари билан қаради.
Мен ёмғир остида турган кекса аёл ўша жабрланувчи эканини англадим-да, терговчига:
— Мен ҳозир келаман! — деганча шошиб ташқарига чиқдим.
Ташқарига чиққанимда ҳалиги аёл бир қўлида сумка билан турар, бир қўли гипс қилинган боғлам эса қон ва сув аралашиб қизил тусга кирган эди. Худди аёлнинг қўли боғланган матодан қон оқаётгандек.
— Онажон, тинчликми, кимнинг олдига келдингиз? — дедим.
— Ўғлимни кўришга келган эдим!
— Ўғлингиз ким, нима қилган? — дедим мен ўйлаётган жавобни айтмаслигини умид қилиб.
— Ўғлим Рашидов Ворисбек, кеча жанжаллашган экан, қамаб қўйишди.
— Мен ўғлингизнинг адвокати бўламан, унинг ҳаракатларидан хабардорман.
—…
— Қаранг, қўлингиз жароҳатланган, касалхонага боришингиз керак, бу соғлиғингизга зиён етказади, — дедим ноқулай вазиятдан қутулиш учун аёлнинг боғланган қўлига ишора қилиб.
— Ўғлимни бир кўрармикинман, деган умид билан қараб турган эдим, — деди онахон ва боғланган қўлини менга кўрсатмаслик учун орқасига яширди.
— Уни (негадир ўғлингиз дейишга тилим бормади), албатта, кўрсатишади, бунга ҳақингиз бор. Бироқ ёмғирда туриш соғлиғингизга зиён. Юринг, ичкарига кирамиз, — дедим шалаббо бўлган кийимларимни кўрсатиб.
— Йўқ, йўқ, ичкарига кирсам, касалхонага олиб кетишади, олдин ўғлимни бир кўрай, у кечадан бери ҳеч нарса емади, унга иссиқ сомса олиб келган эдим, шуни ўғлимга беринг, илтимос.
Мен ноилож онаизорнинг қўлидан пакетни олдим ва «Бораверинг», дея ишора қилиб, жойимда тош қотдим. Шўрлик она орқасига қараб-қараб, ноилож кетди. Ичкарига кирган вақтимда кўзимдан беихтиёр чиққан ёш юзимдаги ёмғир сувларига қўшилиб оқар эди…
Равшанбек ИГАМБЕРДИЕВ,
Элликқалъа тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи катта терговчиси, майор Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|