Бундан 48 йилдан сал кўпроқ вақт аввал Жулиана Кёпкенинг бошига тушган кўргиликлар туфайли миллионлаб одамлар мўъжиза юз беришига ишонадиган бўлишди.
65 ёшли Жулиана Кёпке ҳалигача деворга осиб қўйиладиган тақвимдан фойдаланади ва унда 24 декабрь қизил чизиқ билан белгилаб қўйилган. Айнан 1971 йилнинг 24 декабрь куни Жулиана барча яқинлари учун ўлган эди, аммо у худди қақнус қуш каби қайта тирилди.
Кёпкенинг ота-онаси германиялик муҳожир олимлар бўлиб, Перуда ишлашар, уларнинг қизи Жулиана ҳам шу ерда туғилганди. 1971 йилнинг 24 декабрида Жулиана онаси билан биргаликда Янги йил таътилини ўтказиш учун Амазонияга, оила бошлиғининг олдига боришга қарор қилди. «LANSA Lockheed L-188 Electra» авиакомпаниясига тегишли самолёт Лимадаги Хорхе Чавес номидаги халқаро аэропортдан Икитос шаҳрига қараб парвоз қилди. Пукальпага қўниб ўтиши лозим бўлган мазкур ҳаво лайнери бортида 92 нафар инсон бўлиб, уларнинг 6 нафари экипаж аъзоси, қолгани 86 нафари йўловчи эди. Йўловчилар орасида 17 ёшли Жулиана Кёпке ҳамда унинг онаси Мария ҳам бор эди.
Самолёт муваффақиятли тарзда парвоз қилди ва тез орада 6400 метр баландликка кўтарилиб, йўналишни Пукальпага мослаб олди. Аммо ҳаво йўли бўйлаб момақалдироқли булутлар борлигига қарамасдан учувчилар йўналишни ўзгартирмай, пўртанадан ўтиб кетишга аҳд қилишди. Бироқ бу тавакалчилик қимматга тушди. Соат 12: 36 да самолётнинг ўнг бортига яшин тегиши оқибатида ёқилғи бакида ёнғин бошланди. Кучли олов натижасида ҳаво лайнерининг дум қисми бўлиниб кетди, бошқарувни йўқотган самолёт эса 3200 метр баландликдан тропик ўрмонга қулади. Бортда бўлган 86 йўловчининг бари ва 6 нафар экипаж аъзоси авиаҳалокат туфайли ўлим топган, дея эълон қилинди.
Орадан 10 кун ўтиб ҳамма жойи куйиб кетган, ўта аянчли аҳволдаги, лекин тирик қиз чангалзордан чиқиб келди. Бу — Жулиана эди.
Жулиана Маргарет Кёпкенинг хотираларидан:
«Отамнинг ёнига кетаётганимдан жуда шод эдим. Отам менга ҳашаротлар ҳақида карточка тузиб беришни ваъда қилганди: биз унга 20 сантиметрли сувараклар, тропик чумолилар ва капалакларнинг янги турлари ҳақида ёзмоқчи эдик. Мен таътилни Амазонияда, дунёдаги энг зўр табиий фанлар билимдонлари билан ўтказишдан хурсанд эдим ва бундан ортиғини орзу ҳам қилмасдим. Жуда ёрқин пейзажга кўзим тушди. Булутлар орасидан тушаётган нур чангалзордаги рангларни кўриш имконини берарди. Ҳамма манзаралар бир-бирига мос ва гўзал бўлиб, менинг қувончли кайфиятимга ҳамоҳанг эди. Онамга табассумим хуш ёқди ва у қўлини менинг қўлимга қўйиб олди. Чап ёнимда ўтирган онам ва иллюминатордан кўзга ташланаётган ажойиб манзара сабабли мен ўзимни қудратли, бахтли, гўёки қироличалардек ҳис этардим. Секин-аста шуълалар камайиб, булутлар кўкимтир тусга кира бошлади. Самолёт ҳаракати арғимчоқнинг учишига ўхшаб қолди. Менинг иллюминаторимга тушаётган ёрқин нур хиралашиб, Лимадан учганимиздан буён ҳаяжон ва хавотир билан келаётган қўшниларимизнинг юзига соя ташлади. Бу жуда катта бўрон-тўфон эди. Осмон буткул қоп-қора тусга кирди. Тезроқ Лимага қайтиши ёки йўналишини ўзгартириш лозим эди, бироқ Янги йил арафаси бўлгани сабабли ҳамма ўз оиласи бағрига қайтишни истарди. Турган гапки, учувчи ҳам шундай деб ўйлаган ва у чақмоқ чақиб турганига қарамасдан тўфондан ўтиб кетишга уринди. Аммо самолёт бундай кучли босимга чидай олармикин? Биз улкан булутларни кесиб 15 дақиқача учдик. Самолёт даҳшатли даражада силкинар, багаж токчаларидан юклар пастга қуларди. Мен онамнинг қўлини маҳкам ушлаб олдим.
Кутилмаганда инсонлар овозини босиб кетиб, салонда двигателлар товуши эшитилди. Бир маҳал ҳуштак ва таърифлаб бўлмас ғижир-ғижир овозлар ичидан ҳаво лайнери командирининг сўзлари қулоққа чалинди: «Ҳурматли йўловчиларга шуни маълум қиламизки, биз учиб ўтаётган ҳудуд ҳаво оқими Амазониядаги шиддатли жалалар туфайли ўзгариб турибди. Камарларни тақиб олинг…»
Салондагилар енгил нафас олишди ва самолётнинг ҳаракатига хотиржам қарашди. Мен двигателдан кўзимни узмасдим. Онамнинг нам бўлиб кетган қўллари унинг безовта эканидан дарак бериб турарди. Шу лаҳзалардан бошлаб менинг саёҳатим саргузаштга айланди. Самолёт парчаланиб кетди ва вазн тортиш қоидасига кўра ерга қулай бошлади.
Мен ўз ўриндиғимда ҳушимга келдим. Соатга қарадим: атроф энди ёришаётганига қарамасдан эрталабки 9 экан. Беҳуш ҳолда бир суткадан зиёд ётдим. Ўзимни гўёки биров бошимга дазмол билан ургандек ҳис қилардим. Ўмров суягим жуда қаттиқ оғрир, лат еган пешонам кўзимгача шишган, бутун аъзои баданим йиртилган латтага ўхшаб, кесилиб кетганди. Кўнглим беҳузур бўлиб, бошим айланар, менимча, миям чайқалган эди».
Жулиана ўрнидан туриб, юришга уриниб кўрди, аммо оғриқнинг зўридан ҳушидан кетди. Ўзига келгач яна турди, яна йиқилди. Яна ҳушини йўқотди. Шу тариқа икки кун ўтди. Жулиана узоқни кўра олмас, кўзойнаги эса синиб қолган, бу кулфат устига кулфат дегани эди. Чор тараф Амазония, ифлос сув, заҳарли ўсимликлар ва илонлардан бошқа ҳеч нарса йўқ. Олдинга қараб юришнинг ҳам, бир жойда ўтиришнинг ҳам оқибати бир хил — ўлим. Аммо қизгина юришга аҳд қилди. Жулиана олдида чуқур ёки бошқа бирор хавф бор-йўқлигини билиш мақсадида аввал олдинга пойабзалини отар, шундан кейингина қадам ташларди. Жулиана атрофни қараб чиқиб, ҳалок бўлганларнинг жасадини кўрди. Уларнинг орасида онаси йўқ эди. Самолёт бўлаклари орасидан бир қути конфет топиб олди ва шу ширинликлар билан кун кечирди. Кейинчалик қутқарувчилар Жулианага икки бор омад кулиб боққанини айтишади. Биринчиси, самолёт бўлиниб кетиб, ерга қулаган маҳали унинг уч ўринли креслога боғланган ҳолда эканлиги. Чунки айнан ушбу ўриндиқлар сабабли Жулиана ерга юмшоқроқ келиб урилган. Иккинчиси, қизга отаси ёшлигида Амазония ҳақида жуда кўп гапириб берган ва Жулиана сувга қараб юриш кераклигини биларди. Негаки сув бўйида одамлар яшайди.
Кейинроқ авиаҳалокатдан сўнг яна 14 киши жон сақлаб қолгани маълум бўлди. Аммо улардан ҳеч бирининг хаёлига ирмоққа қараб юриш келмагани боис фожиадан икки кун ўтиб барчаси жон таслим қилишди. Албатта, чангалзор оралаб юришнинг ҳам ўзи бўлмасди. Бунинг устига атроф заҳарли илонлар билан тўлиб-тошиб ётарди.
Кутилмаганда Жулианага яна бир хавф чанг солди. Қизнинг яралари йиринглаб, қуртлаб кетди.
— Нима қилишимдан қатъи назар, бари менга кучли оғриқ берарди. Юриш азоб, туриш азоб, ётиш ҳам азоб. Кўз олдим хира тортар, гўёки туш кўраётгандек эдим. Қанақадир резаворларни ердим, ўтларни чайнардим, баъзан эса шу ишни қилишга ҳам кучим этмасди. Шу тариқа 10 кун ўтди. Кейин мен ортиқ юра олмаслигимни англадим. Юролмайман, тамом-вассалом, — дея ҳикоя қилади Жулиана кейинроқ.
Шундан сўнг қизгина ётиб олади ва унинг кўзи моторли қайиқ билан канистрга тушади. Ўрнидан туришга уриниб кўради, аммо бундан бирор натижа чиқмайди. Чунки Жулиана буткул ҳолдан тойган, устига-устак яралардаги қуртлар каттариб, танани ейишга тушиб кетган ва бу жуда оғриқли эди. Деярли ҳушини йўқотаётган Жулиана тағин отасини эслади…
Кунларнинг бирида отаси керосин ёрдамида кучукнинг оёғидан паразитларни чиқарган эди. Демак, бензин унга ёрдам бериши мумкин. Бу умид эди. Ана шу умид Жулианага куч берди. Қизгина бир амаллаб канистргача етиб борди ва ярасига бензин қуйди. Ярадан тирқираб қуртлар чиқа бошлади. Ҳолдан тойган қиз эса ухлаб қолди…
Жулиана нотаниш одамнинг таёқ билан турткилашидан уйғониб кетди. Маҳаллий одамлар қайиқ ёнига қайтиб, ҳамма ёғи куйиб кетган ва одамдан кўра кўпроқ арвоҳга ўхшаб қолган қизни кўриб қўрқиб кетишганди. Улар ҳушига келиб, испан тилида гапира бошлаган Жулианани аввал қишлоқларига, кейин Пукальпа жўнатиш учун қайиқда аэропортга олиб боришади. Орадан икки кун ўтиб, ниҳоят, Жулиана ўз отаси билан учрашади.
Жулиана ота-онасининг изидан бориб, Германияда биология соҳаси бўйича таҳсил олади ва кейинроқ Амазония ўрмонларини ўрганиш мақсадида Перуга қайтади. 57 ёшида эса ўша мудҳиш авиаҳалокат ҳақида китоб ёзади.
«Мени яна узоқ йиллар даҳшатлар тарк этмади, — дея хотирлайди Жулиана. — Бир неча йил онамни йўқотганим ва ўша куни ҳалок бўлган инсонлар учун ғам чекиб юрдим. Доим «Нега фақат ёлғиз мен тирик қолдим?» деб ўйлардим. Бу савол мени йиллар давомида таъқиб қилди ва ўйлашимча, бутун умр шундай бўлиб қолса керак».
Албатта, 17 ёшли қизнинг бундай даҳшатли авиаҳалокатдан омон қолгани мўъжизадан бошқа нарса эмас. Аммо шу ўринда Жулиананинг ўзига, унинг иродасига ҳам тан бермасликнинг иложи йўқ. Чунки қизгина олган жароҳатларига қарамасдан олдинга юришга ўзида куч топа олди ва бошига тушган кулфатга таслим бўлмади. Бунда Жулианага ёшликда олган билимлари, отасидан ўрганганлари қўл келди.
Демак, болаларни фойдали нарсаларга ўргатиш ҳеч қачон зарар қилмас экан. Ахир эртага Яратган бошимизга синовларни солишини ҳеч биримиз билмаймиз-ку! Шундай эмасми? Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot http://hordiq.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|