Ишсизлик ёмон экан, кун бўйи уйда ўтириш, айниқса, менга ўхшаган навқирон йигит учун ниҳоятда уятли эди. Бир куни эшик тақиллади. Эринибгина очдим. Очдим-у, қаршимда турган таниш чеҳрани кўриб, юрагим ҳапқириб кетди.
— Жўравой?! — дедим довдираб.
— Балки, ичкарига киргизарсан, ошна?! — доимгидек жиддий овозда жавоб қилди у.
— Албатта, марҳамат!
Қуюқ сўрашдик. Унинг менга берган биринчи саволи шу бўлди:
— Нима иш қиляпсан?!
Бу саволни эшитавериб безиб кетганимданми, бирданига жавоб қилмадим. Дўстим ҳам жавоб бермаганимдан англади чоғи, кўп кутмай гап бошлади:
— Агар бўш бўлсанг, сенга бир иш таклиф қиламан. Маоши яхши, муҳими, оғир эмас. Хўш, нима дейсан?!
— Қанақа иш экан, билсам бўладими?
Жўравой кўзларини мендан олиб қочди. Икки қўлини белига тираб, янада жиддийлашди.
— Нима фарқи бор, яхши иш, дедим-ку, жон деб ишлайвермайсанми?! Ҳозир, биласан, иш топиш муаммо! Хуллас, гап бундай, шаҳар ташқарисида бир омборхона бор, яқинда очилган экан. Шу ерга қоровул керак…
Унинг гапини эшитгач, бўлмайди, деб қўл силтадим.
— Сен ўзи гапни охиригача эшитишни биласанми ё йўқми?! — қизишди у.
— Қўйсанг-чи, мендан қоровул чиқармиди, Жўравой?! Жуссамга қара, мени кўрган ўғрилар бу яна қайси бадбахт экан деб, ўзимни ҳам тўнаб кетишади-ку!..
Ҳазилим унга ёқмади. Мен ўзим билган Жўравойнинг анчайин жиддий тортганини, ҳазил-ҳузулга тоби йўқолиб, анча улғайганини пайқадим.
— Сенинг омадсизлигинг шунда! — деди Жўравой. — Мана шунақа нўноқлигинг учун ҳаммаёқдан қолиб кетасан! Сал уялмайсанми ахир?! Менга қара, қоровуллик қийин иш эмас. Тунги бир-иккигача ухламай турсанг бас, кейин омборнинг чироқларини ўчириб, бемалол дам олсанг ҳам бўлади! Мана шу томи қийшиқ уйингда ҳам ухлаяпсан-ку тўнкага ўхшаб! — юзига бироз табассум югурди унинг.
— Бўпти, бориб кўраман…
— Бориб кўраман эмас, ишлайсан! Иложини қилсанг, бугуноқ бор, хўпми?! Ҳой бола, бу ҳаётда сал пишиқроқ бўл, бўлмаса, келажакда қийналасан…
Жўравой билан қандай хайрлашганимни ҳам билмадим. Фикру ёдим дўстим айтган аччиқ ҳақиқатларда эди. Ҳар қанча ўзимни оқлашга уринмай, Жўравой ҳақ.
Мана, қўлимда манзил ёзилган қоғоз… Автобус анча юрди. Ниҳоят, керакли бекатга етиб келдим. Ичкарига яна беш юз қадамча юриб, бир бинонинг қаршисидан чиқдим. Бу бино, фикримча, анча йиллар олдин қурилган. Чунки деразалари синган, эшиклари занглаб, хароб ҳолга келиб қолган эди. Бино рўпарасида биттагина симёғоч бор. Теварак-атроф қуриган дарахтлар, сарғайиб ётган барглардан иборат. Хуллас, янги иш жойимни бу қадар абгор, деб ўйламаган эдим. Бино атрофини ўраган симтўсинларнинг бир бурчаги тешик. Нега шу маҳалгача тузатишмаган, бунисига ақлим етмади.
Ичкарига қадам қўйишим билан бир чеккадаги кичик ҳужрачада бўйи мендан сал кичикроқ, соқол қўйган, юз-кўзлари жиддий кимса менга ўқрайиб қараб қўйди. Секин ёнига бориб, салом бердим ва нима учун келганимни айтдим. У ўрнидан туриб ёнимга келди:
— Ишгами?!
— Бошқа нимага ҳам келардим?! — дедим бироз қизишиб.
— Мен билан юр…
Бу ғалати одамга эргашдим. Мана, чириган полдан юриб, қийшиқ зиналардан тепага кўтариляпмиз. Йўлакдаги йиртилган гулқоғозларга қараб ғашим келди.
— Бу ер қачон қурилган ўзи?! — сўрадим қизиқиб.
Жавоб йўқ.
— Нима бало уруш бўлганми дейман?..
Ғалати киши тўхтаб, ортига ўгирилди. Жиддийлик уфуриб турган кўзларига боқиб, савол берганимга ҳам пушаймон бўлдим. Йўқ, у зарда қилмади. Ғалати бир товушда шундай деди:
— Ёнган… Катта ёнғин! Бўлдими?!
Биз то бўлим бошлиғининг хонасига етгунча гаплашмадик. Ғалати киши эшикни бир-икки тақиллатди-да, менга сирли жилмайиб, кўздан йўқолди.
Ичкаридан «Киринг» деган овоз келгач, аста эшикни очиб, хонага кирдим. Во ажаб! Бино қандай аҳволда-ю, бу хона қандай?.. Ишонасизми, хона шу қадар ҳашамдор эдики, ўзимни чет эл банкларида ўтиргандек ҳис қилдим. Тўғрида каттакон соат, стол-стуллар, ҳатто чой ичишга ҳам шароит бор. Курсида қорин қўйган, икки юзи қизил бир киши нималарнидир ёзиб, ҳисоблаб ўтирарди.
Салом бердим. Бояги ғалати нусхадан фарқли ўлароқ бу киши қўли билан «ўтиринг» ишорасини қилди.
— Хўш, хизмат?! — тикилди иш берувчи.
— Мен… иш масаласида… Қоровуликка келгандим.
Унинг юз-кўзидаги шижоат бир зумда сўнди. Ўрнидан туриб, деразага яқинлашди. Анча вақтгача жим турдик. Ниҳоят, у ёнимга келиб ўтирди ва финжонга қаҳва қуйиб узатди.
— Буни қаердан билдингиз? — сўради у астойдил қизиқиб.
— Ишними?! Ҳа, Жўравой деган бир дўстим таклиф қилганди. Шунга, омадимни синаб кўрай деб…
Унинг юз-кўзида деярли ўзгариш бўлмади. Кейин ғалати гап қилди:
— Сиз… олдин бирон иш қилганмисиз?!
— Йўқ…
— Хат-ҳужжат ишларини тушунасизми?! Масалан, шартнома деганларидек?..
— Йўқ, рости бунақа қоғозбозликларга умуман тоқатим йўқ! — дедим финжондаги қаҳвани ҳўплаб.
— Яна бир нарса сўрайман, фақат ростини гапиринг, хўпми?! — кўзларини пирпиратди у.
— Сўрайверинг, бемалол, — қизиқдим мен ҳам.
— Сиз бўлмағур нарсаларга ишонасизми?! Масалан, кўринмас кучлар дегандек…
Бунақа ғалати саволни эшитиб кулгим қистади.
— Болалигимда арвоҳлардан жуда қўрқардим! Кечалари ухлолмасдан, роса қийналардим, — дедим кулишга уриниб. Суҳбатдошим ҳам менга қараб жилмайди. Буни ўзим учун ютуқ санаб, гапимда давом этдим. — Хуллас, бу болалик хотиралари эди. Қизиқ пайтлар…
— Ҳозир-чи?! — жиддий оҳангда сўради у.
— Ҳозирми?! Билмасам… Ишонмасам керак. Очиғи, мен бунақа нарсалар ҳақида ўйлашни истамайман. Менга тайинли иш, яхши ойлик бўлса бўлгани…
— Хўш, шу шароитда ишлаб кўрмоқчимисиз?! Айтмоқчиманки, бинонинг аҳволини кўриб турибсиз, олдинги қоровулимиз бир кун ҳам ўтмасдан жўнаб қолди, ярамас…
— Бино… Эшитишимча, олдин бу ерда катта ёнғин бўлган экан, шу ростми?!
Унга шу саволни бердим-у, тилимни тишладим. Иш берувчининг бирдан юзи ўзгариб, хўмрайди. Саволимга ҳам жавоб бермади.
— Манавинга қўл қўйинг… — у шундай деб ёнимга майда ёзувларда ёзилган қандайдир қоғоз билан ручка қўйди. — Бу шартнома, ишга киришингиз учун. Истасангиз, ўқиб чиқинг…
Ростини айтсам, бунақа майда ёзувли, бир варақ нарсани тўлиқ ўқишга сабрим етмади. Унда менга тушунарсиз бўлган сўзлар кўп эди. Ўқиб чиқмасам-да, ёлғон гапириб, «Тугатдим» дедим.
— Қизиқ?! Аниқ ўқидингизми?! Огоҳлантириб қўяй, бизда ишга масъулиятсизлик кечирилмайди! Битта игна йўқолса ҳам жавоб берасиз, — синчков назар ташлади у. — Ҳа, айтгандек, ҳужжатларингизнинг нусхаси борми, беринг, уларни ҳам илова қиламиз бунга…
Хуллас, ҳаммаси тайёр бўлгач, бошлиқ менга бугуноқ иш бошлашим мумкинлигини айтиб, табриклади. Шу куни ойликни ҳам ҳал қилиб, ишга шўнғидим. Дастлаб, бинони кўздан кечириб чиқдим.
Мана, йўлак бўйлаб боряпман. Бу ерда нимани қўриқлашим кераклигини ҳали ҳам тушунолмадим. Чунки бу ерда пичоққа илинадиган ҳеч вақо йўқ эди. Балки, буларга шунчаки расмиятчилик юзасидан ҳам қоровул керак бўлгандир?!
Биринчи қаватга тушиб, кираверишдаги ҳужрани кўздан кечираётгандим, бояги ғалати киши ёнимга келиб, ётадиган шароитимни кўрсатди.
— Бу ер сенинг жойинг! Ҳар куни тунги бирда манави тугмани босиб, симёғочни ўчирасан. Телефон манави ерда турибди. Мана бу жавонга ул-бул олиб келарсан, ҳарҳолда, оч ётмайсан-ку. Чой ичмоқчи бўлсанг, ана, самовар…
Мен ётар ўрнимни диққат билан кўриб чиқдим. Каталакдек жой экан ўзиям. Бинога кираверишда худди постдек қурилган. Шу пайт диққатимни хона деворига илинган сурат тортди. Суратдаги беғубор кишининг бўйнида бир тумор бор эди. Ранги сариққа мойил бу туморнинг бандида ғалати нақшлар ҳам бор. Аста яқинлашиб, суҳбатдошимдан сўрадим.
— Бу… Кимнинг сурати?! Тумор ҳам жуда ажойиб экан…
Ғалати киши энсасини қотириб, шартта суратни девордан юлиб олди-да, ғижимлаган кўйи ахлат челакка улоқтирди.
— Бу билан ишинг бўлмасин! Ўша қочоқ қоровулнинг қолиб кетган сурати. Кўрдингми бу Худосизни, бўйнига тумор илган! Ишонгани ҳам, бор-йўғи ҳам шу нарса эди…
Иккимиз алламаҳалгача жим турдик. Бу одамнинг қилган иши, очиғи, менга ёқмади. Охири бу ғалати одамга ўзимни қизиқтирган саволларни беришга тушдим. Билиб қўйганим яхши-да.
— Кечирасиз, бу ерда нимани қўриқлашим керак ўзи?! — сўрадим зарда аралаш.
— Нимани?! Бу ерда эски-тускилар сақланади. Йўлак остидаги катта қулфли хонани кўрдингми?! Ўша ерда ускуналар бор. Қўрқма, бу ерга арвоҳ ҳам яқинлашмайди. Бемалол ухлайверасан кечаси…
У тиржайганича чиқиб кетди. Мен эса тўзғиб ётган ҳужрамни тартибга келтирдим. Кейин янги ўрнимга чўзилдим-да, ис босган шифтга қараб хаёл сурдим.
Тан олиб айтишим керакки, айни дамда мен бахтли эдим. Ўйлардим. Иш жойимнинг бу қадар сукунатли экани бир томондан қувонтирса, бошқа томондан бироз зериктирарди. Хуллас, кеч тушгунча янги муҳитга мослаша бошладим. Уйдагиларга қўнғироқ қилиб, аҳволимни билдириб қўйдим. Улар нима ҳам дерди, омад тилашди.
Вақт ўтгани сайин атроф қоронғилашар, бинода ишлаб юрган уч-тўртта ходим ҳам уйига кетиш учун ҳозирлик кўрарди. Бояги семиз иш берувчи ҳам машинасига ўтириб, бу ерни тарк этаркан, менга маъноли қараб қўйди. Соқол қўйган ғалати киши эса анча вақтгача ёнимда ўтирди. Бироқ биз суҳбатлашмадик. Охири кетиш учун ҳозирлик кўрди.
— Ҳушёр бўл, йигит, — деди кетишга чоғланиб. — Соат тунги бирда чироқни ўчиришни унутма!
У шундай деганича кўздан ғойиб бўлди. Мен эса умримда биринчи бор ўзимга бегона бўлган жойда ёлғизлик қаърига маҳкум бўлиб, тонг оттиришга ҳозирлик кўрардим. Уйқу ўлгур ҳам шу дамда келиб қолса денг. Нима қилиб бўлса ҳам биргача чидашим керак…
Телефон жиринглаб уйғониб кетдим. Кўзларимни очганимда, соат тунги ўн иккидан ошган эди. Довдираганча гўшакка ёпишдим. Олсам, таниш овоз.
— Алло, ошна, сенмисан?! — деди кимдир ҳовлиқиб.
— Ким бу?! — дедим уйқусираб.
— Менман, аҳмоқ! Бунча гўшакни олишинг қийин?! Ухлаб қолдингми, нима бало?! Тирикмисан?!
— Жўравой?! Сенмисан, дўстим?! Ҳа, бироз кўзим кетиб қолибди. Тинчликми, бу ернинг рақамини қандай топдинг?!
— Ошна, ҳозирги айтадиган гапларимни диққат билан эшит, хўпми?! Фақат қўрқиб кетма, бўптими?! — овози қалтирарди унинг.
Ростини айтсам, айни дамда юрагимга ғулғула тушганди. Дўстим Жўравойнинг қилган ваҳимаси уйқумни очиб, мени мудраш азобидан халос этди.
— Хуллас, ошна, гапимни эшит… Ҳозиргина менга хабар келди. Сендан олдин бу ерда ишлаган қоровул бор-ку, ўша барча ҳақиқатни айтиб берди… Ўша қоровул айтдики… У қоровулликда турган маҳал…
Жўравой яна жим бўлди.
— Минг лаънат… Гапирақол! — дедим сўкиб юборишдан зўрға тийилиб.
— Яна тентак, деб ўйлама мени! Бироқ айтмасам бўлмайди… Собиқ қоровул айтдики, у ерда қандайдир бир шарпалар бор эмиш! Улар келганда ҳаммаёқ қоронғи бўларкан-да, ҳаммаси йиғилиб оламни ларзага солганча чинқираркан… Эшитяпсанми?! У тунги бирларга яқин ўша шарпалар бино ичида кезиб юрганини пайқабди, айтишича, у аввал бунақасини кўрмаган. Бу ҳақиқат, дўстим, ҳозиргина ўзи келиб айтиб берди! «Тез кетсин, бошига бало орттирмасин, шарпа етти авлодини қарғайди», деди. Ошна, кетақол! Яна бир бало бўлмасин, жон дўстим, бирон нима қил, негадир юрагим ғаш…
Тамом. Бу гаплар миямга ток каби урилиб, томирларим музлай бошлаганди. Жўравой кейин нима деди, бунисини эшитолмадим. Шарпа… шарпа, дедими?! Ё Худо, наҳотки?! Бўлмаган гап! Мен бунақа бўлмағур чўпчакларга ишонмайман, ўша аҳмоқ собиқ қоровулнинг мияси айниган бўлса керак. Тавба, кап-катта одам нима қилади ваҳима кўтариб…
— Менга қара, биродар, бу ҳазилми?! — дедим кулишга уриниб.
— Нима?! Сен билан ҳазиллашиб менга не наф?! Бошида мен ҳам ишонмадим. Бироқ кўзида ёш билан ўзи уйимга келиб айтиб берди! Хуллас, ошна мен бўйнимдаги қарзимни сенга етказдим. Қўрқмай ишлолсанг, ишлайвер… — Жўравой шундай деди-да, гўшакни қўйди.
Мен ҳеч нарсага тушунмадим. Ҳа, энди, ичиб олган бўлса, ҳар бало кўринади-да! Дўстимнинг бу гапларини унутиш мақсадида хонанинг чироғини ёқмоқчи бўлдим. Во ажаб?! Чироқ ўчибди. Ташқаридаги симёғочда ҳам нур йўқ. Ойнинг ёруғида бўлса ҳам соатга амаллаб тикилдим: роппа-роса тунги бир!
Қўрқа бошладим. Йўқ, чироқ ўчгани ёки бўлмаса дўстимнинг ваҳимасидан эмас, кўнглим бир балони сезиб турарди…
Шу пайт нимадир тиқирлагандек бўлди. Мен бирдан чўчиб тушдим. «Наҳотки бу?.. Жўравойнинг гаплари рост бўлса-я?!» — ўйладим ичимда. Аммо яна кутдим.
Бир маҳал увиллаган товуш қулоғимга чалинди. Товуш бирдан кучайди-да, Жўравой айтгандек ваҳимали чинқириқларга айланди. Шу лаҳзада дўстимнинг ёлғон гапирмаганига ишонч ҳосил қилдим.
Қўлим қалтираб, эшикни қия очганча, қоронғи йўлакка тикилиб ўтирибман. Ҳар лаҳзада «тиқ» этган товуш юрагимга қўрқув солар, «Биров ёнимга кириб келмасмикин?» деган даҳшатли ўй менга тинчлик бермасди. Ана… Кимдирнинг оёқ товуши эшитила бошлади! Ё Худо, бу яна қандай синоат?!
Қадам товушлари яқинлашарди. У худди менинг ёнимга юриб келаётгандек эди. Бироқ йўлак қоронғи бўлгани учун ҳеч нимани кўрмасдим.
— Ким бор?! — дедим йўлакка қараб. — Ким юрибди бу ерда?! Ҳозир тегишли жойга хабар қиламан!
Шундай дедим-у, каллам ишлаб гўшакка бориб ёпишдим. Аммо алоқа йўқ эди. Беркинишга жой ахтардим.
Шу чоқ қадам товушлари дупур-дупурга айланди. Сезишимча, улар кўпчилик эди. Йўлакдаги деразалар ўз-ўзидан очилиб-ёпилди. Эшиклар ғийқиллаб, поллар «гурс-гурс» товуш чиқара бошлади. Ўзингиз ўйлаб кўринг, инсон зоти шундай қила оладими?! Йўқ, бу шарпа ва у ҳозир келиб кўзимга кўринади.
Ўйланиб ўтирмай деразадан тушмоқчи бўлдим, бироқ деразадаги бир нимага кўйлагим илиниб, ташқарига чиқолмадим. Кейин хонамнинг эшиги очилди ва нимадир орқамдан келиб қулоғим тагида қичқирди. Қўрққанимдан ерга думаладим…
* * *
— Ўзингга келдингми, биродар?! — кўзларимни очганимда тепамда форма кийган нотаниш кимса менга кулимсираб турарди.
— Шарпа?.. Сиз ҳам кўрдингизми?! — дедим зўрға тилим айланиб. Айни дам нималар бўлаётганини тушунмасдим.
— Ўзингни бос, ҳаммаси тугади! Тура оласанми?! — у шундай деб туришимга ёрдам берди. — Мен жиноят қидирув бўлими бошлиғиман! — у шундай деб гувоҳномасини кўрсатди.
— Ўртоқ бошлиқ, — дедим нима дейишни билмай, — бу ерда ўғрилик эмас, ғалати нарсалар юз берган! Сиз адашманг, ўзим кеча гувоҳ бўлдим…
— Билиб турибман, лекин воқеани охиригача ўрганиб чиқамиз. Сизни анави ерда биттаси кутиб турибди! — у шундай деб бир бурчакда одамлар ичида ўтирган кекса кишини кўрсатди.
Имиллаб кекса кишининг ёнига бордим ва тил учида салом бердим.
— Ўтир, — деди қария ёнидан жой кўрсатиб. — Мен шу омборнинг ҳақиқий эгасиман. Бетоблигим сабаб анча вақт касалхонада эдим. Ҳўв анави икковини кўряпсанми?! — қўли билан ташқарига ишора қилди у.
Қарадим-у, ҳеч нарсага тушунолмадим: икки формали киши кечаги ғалати киши билан иш берувчини машинага тиқишарди.
— Тушунмадим, уларнинг нима гуноҳи бор?! — дедим ҳайратимни яширмай.
— Қизишма, сенинг ҳали кўп нарсадан хабаринг йўқ… Бу икки ярамас тил бириктириб, мени хонавайрон қилмоқчи бўлишган! Кеча сенга бир дўстинг телефон қилиб, бўлмағур нарсалар ҳақида гапирмадими?!
— Жўравойми?! Айтди…
— У бола ҳам буларнинг шериги! Учови ўзаро келишиб, кеча тунда катта ўғриликни амалга оширмоқчи бўлган, тушуняпсанми?! — томирлари бўртиб кетди унинг.
— Демак… Буларнинг ҳаммаси ёлғон, ҳеч қанақа шарпа мавжуд эмас ва дўстим мени алдаган экан-да, шундайми?! Ишонмайман! — дедим алам билан.
Кўзларимдан билинар-билинмас ёш чиқа бошлаганди.
— Ҳаммаси ҳақиқат! Боя терговчига айтиб беришди… Сен омадли бола экансан, ўғлим! Агар қандайдир номаълум шахс тегишли ерга хабар қилмаганида, ўғирланган ҳамма буюмни сенинг бўйнингга қўйишарди! Шартномани ўқидингми?!
— Йўқ…
— Унинг энг сўнгги, одам пайқамайдиган бандида шундай ёзилган: «Иш вақтида ўғирланган ҳамма буюм учун ишхона қоровули жавобгар». Раҳматли олдинги қоровулим жуда яхши инсон эди. Бир умр менга садоқат билан хизмат қилган. Манави ярамаслар эса унинг думини тугмоқчи бўлиб, омборхонага ўт қўйишган! Улар мени шундай ишонтиришдики, марҳум қоровулимни хиёнатда айблашди. Бироқ унинг хизматларини ҳисобга олиб, қабрига ўзим қўйганман. Шўрликнинг бўйнидаги туморидан бошқа ҳеч вақоси йўқ эди… Энди билдимки, у мутлақо айбсиз! Агар кеча тунда ўғрилик бўлганда, ҳаммасига сен айбдор бўлардинг, чунки улар сени гўё шарпалар мавжуддек лақиллатиб, ортингдан пичоқ уришарди… Хўш, дўстингнинг хиёнатини англаб етдингми?!
— Мен қандай қилиб бу балодан қутулдим ахир?! Қандай қилиб?!
— Билмадим. Кимдир кеча тунда ички ишларга хабар қилган, — формали кишиларга ишора қилди у, — аммо кимлиги ҳали ҳам номаълум.
— Лекин телефон ҳам, чироқ ҳам ўчган эди-ку?! — дедим кўз ёшларимни артиб.
— Бу ҳам уларнинг иши!..
Аста ўрнимдан турдим. Кулишимни ҳам, йиғлашимни ҳам билмасдим. Бошимга тушган бу кўргуликлар, дўстим Жўравойнинг менга қилган хиёнати бари бир бўлиб, юрагимга қаттиқ зарба берди. Ўзим ҳам сезишим керак эди! Бу дунёда шарпалардан эмас, инсонлардан қўрқишим лозимлигини аллақачон сезишим керак эди!
Йиғлаб юбордим. Яратганнинг берган марҳаматидан қувониб йиғладим. Туҳмат балосидан асрагани учун шукр қилиб йиғладим…
Уйимга кетиш учун ҳозирлик кўрар эканман, ҳеч бўлмаса хона ичини тартибга келтириб кетмоқчи бўлдим. Ва ногаҳон кўзим ялтироқ нарсага тушиб, аста энгашдим. Во ажаб?! Ахир бу… Кечаги суратда кўрган марҳум қоровулнинг тумори-ку?! Аниқ ўша, мана ўша нақшлар, ранги ҳам худди шундай! Лекин тумор бу ерда нима қиляпти?! Ахир кекса киши уни ўзим қабрга қўйганман, бўйнида шу тумори бор эди, демаганмиди?! У ҳолда…
Шундан сўнг барча воқеаларнинг занжирини бир ипга йиғишга ҳаракат қилдим. Ўйладим ва яна ўйладим. Кейин кеча қўлинг сингур девордан юлиб олиб, ахлат челакка ташлаган суратни излашга тушдим. Аммо ҳар қанча уринмай, сурат жойида йўқ эди.
Шу тоб бирданига қаттиқ кулиб юбордим. Энди ҳаммасига тушунган эдим. Билдимки, бу ерда бошқа гап бор. Тумор бу ерга ўз-ўзидан келмаган… Билдимки, кеча тегишли жойга қўнғироқ қилган кимса бўйнида мана шу тумор бўлган… Тумор эса марҳум қоровул билан қабр ичига қўйилган. Бундан келиб чиқадики…
Тезда ортимга қайтиб, омборхонанинг асл эгасини излашга тушдим. Ва ундан халоскоримнинг қабри қаерда эканини сўраб, миннатдорчилик сифатида, ҳақига тиловат қилмоқликни дилимга тугиб қўйдим… Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|