Бувим менинг ибрат хазинам эди болалигимда. Катта набира бўлганлигим учун ой туғса ҳам менга эди, кун туғса ҳам, жуда эркалатишган. Кичиклигимда елкасида опичлаб юрган, кейинчалик анча узоқ жойларга ҳам эргаша оладиган бўлганимда қўлимдан тутиб етаклаб юрарди. Бувимга қўшилиб бормаган меҳмондорчилигим қолмаган ўша пайтлар. Ҳа, болалигинг — подшолигинг, деб шуни айтишса керак-да. Кичиклигимда кўп касал бўлганимданми, бувим мени доим авайларди. Бизнинг шева билан айтганда, «пўпаларди». Ўзимни бироз улғайган ҳис қилиб, бувимнинг ғамхўрликларидан уялибми, жаҳлим чиқибми, буни хоҳламай ғингшиганимда уришиб ҳам берарди. Масалан, баҳор ёки кузда қалин кийинтириб қўйишига норози бўлсам, «Чумчуқ «пир» этса аксириб қоласан, айтанимни қил!» дерди. Ҳа, ўзим ҳақимдаги бунақа далилдан кейин бувимнинг айтганини қилмасам ҳам бўлмасди-да.
Раҳматли бобом ҳам жуда меҳрибон инсон эди. Элас-элас эслайман. Айниқса, 17-20 ёшларимда бобом тирик бўлишларини жуда-жуда истардим, уни соғинардим. Қизиқ, а, кўринишини ҳам тузук-қуруқ эслай олмайдиганим бобомни қандай соғинган эканман. Биз томонларда бобони катта ота дейишади. Аслида, улар ўтиб қолганларида анча-мунча ақлимни таниб қолгандим. Фақат у киши кўп вақтлардан бери касал бўлиб ётганидан, бизни ёнига қўйишмасди. Шу сабабдан бобом билан боғлиқ хотираларим кам, борлари ҳам узуқ-юлуқ…
Катта отам соғлом пайтларида ҳар ой нафақа олса, синглим билан менга юз сўмдан берарди. Эсимда қолган нарсани қаранг. Ўша пайтлар мен бир-икки сафар «тушум»ларимни харжламай йиққан эканманми, ишқилиб, бир куни табиатан ўжар ва тезжаҳл бўлган синглим билан шу пулларнинг дастидан тортишиб қолганмиз. Буни тузук хотирлай олмайман-у, кейинчалик, сал улғайганимда бувим айтиб берган, албатта. Шунда менга бойликка меҳр қўймасликни роса уқтиришган. Бувимнинг ана шу насиҳатларига ҳаётимда қанчалик амал қилганимни билмайман-у, ҳарқалай гапирган гаплари деярли кам-кўстсиз эсимда қолган.
Мен 6-7 ёшларимда ҳам кичиккина жуссали бола бўлганман ва ҳали ҳам эрка эдим. Бувимнинг ёнига бориб ётиб олардим. Бувим менинг сочимни силаб, бошимни қашлаб қўйишини жуда яхши кўрардим. Ҳар доим ёнига бориб чўзилсам, қўлларини бошимнинг устига қўярдим. Бувим ҳам «Ҳа, нашаванд», — деб кулганча сочимни силарди. Бизда бирор нарсага ўрганиб қолсангиз, «нашаванд», дейишади. Масалан, дадам иссиққина кўк чойнинг «нашаванд»и.
Бир куни одатимча, ёнбошлаб ётган бувимнинг бағрига кириб олдим. Бувим мен билан гаплашиб ўтиришни яхши кўрарди. Мени катта қилиш қанчалик қийин бўлганини айтарди. Шунга яраша келажакда ўзининг, ота-онамнинг юзини ерга қаратмайдиган одам бўлишим кераклигини уқтирарди. Гапдан-гап чиқиб, ҳали айтганим кичиклигимизда синглим билан пулнинг дастидан тортишиб қолганимизни эслади. Бойликка меҳр боғлаш яхшилик олиб келмаслиги ҳақида айтди.
— Сенга Искандар Зулқарнай («Зулқарнайн»ни бувим шундай айтган) ҳақида айтмаганман-а? — деди.
— Йўқ, — дедим мен, айтган-айтмаганини аниқ эслай олмасдан. У пайтлари кўп гаплар қулоғимда турармиди дейсиз, кошки…
— Ҳа, у Зулқарнай бутун дунёни қўлга киритган пошшо бўлган, — деб гапида давом этди бувим. — Оламнинг ҳамма ери унга қарашли бўлган, ҳамма одамлар унинг хизматкори бўлган. Ҳамма сигир-қўйлар ҳам ўшаники ҳисобланган. Эй, у Зулқарнайнинг бойлиги шундай кўп бўлганки, ҳеч ким ҳисобини билмаган.
Бувим менга Искандарни англатишга тиришаркан, мен унинг айтганларини хаёлимда тиклар эдим. Чексиз экинзорлар, сонсиз қора моллар, қўй-эчкилар кўз олдимдан тизилиб ўтаётганди. Ҳамма одамлар хизматкоринг бўлиши, ҳаттоки безори Зафар дароз ҳам…
Кейин бувим савол бериб қолди:
— Биласанми, охири нима бўлган?… — Сўнг жавоб беришимни кутиб ҳам ўтирмасдан яна давом этиб кетди. — Охири ўлганида қуруқ қўл билан кетган! Ўзи васият қилган «Ўлсам, кўмишга кетаётганларингда очиқ кафтларимни тобутимдан чиқариб қўйинглар!» — деган.
Шу пайтда тобутдан чиқариб қўйилган, пастга-баландга тебраниб кетаётган қўлни тасаввур қилдим. Баданим жимирлаб кетди. Авваллари тобут нималигини билардим-у, тасаввур қила олмасдим. Бобом вафот қилганида биринчи марта кўрганман…
Бувим насиҳат қилишда давом этаркан, гап энди Искандардан бошқа ёққа бурилганди.
— Бундан ўттиз йиллар аввал пангатлик аммангларнинг қишлоғида бўлган воқеа роса шов-шувга айланганди.
Пангатлик амма деганлари шу номли қишлоқда яшовчи дадамнинг аммаси эди. Ўзларининг исми нима эканлигини ҳалигача билмайман, рости. Бувим Пангатда бўлган воқеани айтиб берганди ўшанда. Бу воқеа ростдан ҳам рўй берганми ёки уйдурмами, билмайман, аммо ҳанузгача ёдимда.
— Қанақа воқеа бўлган, буви? — қизиқсиниб сўрагандим бувим гапини давом эттиришини истаб.
— Хуллас, битта кампир бўларкан. Унинг доим ўтирадиган кўрпачаси бўлиб, қўшниларникига чиқса ҳам шу кўрпачасини кўтариб чиқаркан, бошқа узоқроқ ерга борса ҳам. Келинлари: «Буни ташлаб кетмайсизми?» дейишса, ўрганиб қолганлигини, шу кўрпачада ўтиришни яхши кўришини айтаркан. Уни ювишга ҳам бермас экан, алмаштиришга ҳам қўймас экан. Охири болалари, келинлари, ҳаттоки қўшнилари ҳам унинг бу қилиғига кўникиб қолишибди. Вақтлар ўтиб кампир хасталаниб қолибди. Олдиндан билган, шекилли, ўлса, кўрпачасини ҳам ўзи билан бирга кўмишини васият қилибди. Қизиғи кейин бўлган, — деб қўйди бувим ва гапида давом этди. — Икки кун ўтмай кампир бандаликни бажо қилган. Болалари ҳам онасининг васиятига кўра кўрпачани у билан бирга кўмишган. Энди қўрқиб кетма, — деб қўйди бувим. Мен унинг бағрига янаям суқулиб олдим.
— Эртаси куни гўрков янги қабрнинг тупроқлари бузилганини ва устида кўрпача ётганини кўриб қолган ва дарҳол марҳум кампирнинг болаларига хабар берган. Улар келиб кўришганки, чиндан ҳам қабр устида майит билан бирга кўмилган кўрпача қабрдан суғуриб олингандек чиқиб ётибди. Бундан жуда қўрқиб кетган ўғиллар кўрпачани олиб бориб масжид имомига кўрсатишган ва бўлган воқеани унга айтиб беришган. Имом кўрпачани бузишни буюрганда, ичидан пахталар орасига билинмайдиган қилиб тикилган буклам-буклам пуллар чиқиб келган…
— Ким солиб қўйган у пулларни? — деб сўрагандим бувимдан ҳодисанинг моҳиятини тушунмай.
— Кампир ўзи тириклигида солиб тикиб қўяверган экан, — деди бувим. — Шунинг учун ҳам қаерга борса ҳам ташлаб кетмаган экан-да. Лекин, барибир, нариги дунёга олиб кетолмаган, кўрдингми?!
— Ҳа…
— Шунинг учун бойликка кўнгил кўнгил қўймаслик керак, — деди бувим. — Дунё — бевафо, фақат яхшиликларинг сен билан бирга бўлади, қаерда бўлсанг ҳам.
Бувим шундай деб гапини тугатди ва бошимни қашлашни ҳам тўхтади. Бу энди туришим кераклигини англатарди.
Ҳа, бувим мени кап-катта йигит бўлгунимгача мана шундай эркалатиб, насиҳатлар қилган. Ҳозир уйимдан узоқдаман, бувим билан гаплашиб қолсам, энди насиҳат қилмайди. Фақатгина: «Олдин айтган насиҳатларим эсингдан чиқмасин!» — деб қўяди, холос. Биргина шу гапнинг ўзи бутун бошли хазинани очадиган калит-да. Дуогўйимнинг жони омон бўлсин, илоҳо! Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|