Санобар тиқилинч автобусдан туртиниб-суртиниб аранг тушди-да, кўйлагини тўғрилади. Шунда аёл ўзини узоқдан бир нигоҳ таъқиб қилаётганини сезиб, ўша томонга қаради. Нотаниш киши кўзларини олиб қочиш ўрнига баттар аёлга тикилар, ҳатто жилмаярди. Санобар ҳайрон, улар бир-бирига яқинлаша бошлади. Нигоҳлар тўқнашиб, охири Санобарнинг ҳам лабларида табассум ўйнади.
— Ие, Воҳид ака, сизмисиз?..
— Ҳа… Санобар, менман! Тузукмисиз, ишларингиз яхшими?
— Ҳа, ҳа, раҳмат… — аёл нигоҳини ундан олиб қочди. — Ўзингиздан сўрасак?..
— Бизда ҳаммаси яхши… — Воҳид кўзларини ундан олиб қочаётган курсдоши Санобарни обдан кузатди: «Ҳалиям ўзгармабди… Ўша шаҳло кўзлар… Фақат қовоқлари салқиланиб, кўкариб турибди, юраги касалмикин?»
Воҳид дарров шифокорлигига бориб, Санобарга сиртдан «ташхис» қўйди.
Санобар нимадан гап бошлашни билмай сўради:
— Болалардан нечта бўлди, Воҳид ака?
— Тўртта…
— Вой, зўр-ку!.. Тўртта болани катта қилишнинг ўзи бўлмаса керак?
Аёл лабларидан бехос учган бу сўзлардан қўрқиб кетди: «Нега унақа дедим? Нега бировнинг ҳаётини ўз қаричим билан ўлчаяпман?»
— Йўғ-э, ҳар бирининг ризқини Аллоҳ беради.
— Ҳа, узр, мен ҳалиги…
— Ҳечқиси йўқ, ўзингизда-чи?
— Менда иккита.
— Катта бўлишсин!
Улар яна жим қолишди.
— Оббо, Санобар-эй, шундай қилиб ишлаб юрибман, денг!
— Ҳа-а, мана, ишхонам, шу поликлиникада…
* * *
Санобар Воҳид билан бирга техникумда таҳсил олган, учинчи курсда ўқиб юрган кезларида ота-онаси қўярда-қўймай Санобарни узоқ қариндошининг ўғлига узатиб юборганди. Шу-шу у Воҳидни кўрмаган, уларнинг орасида куртак отаётган севги ўша пайтдаёқ сўнганди…
Мана, орадан салкам йигирма беш йил ўтибди. Санобарнинг юзида ажин пайдо бўлган бўлса-да, кўзлари ҳамон ўша-ўша ўтли. Воҳид шу ҳақда ўйлар экан, Санобарнинг: «Мен ишга кеч қолмай», — деган гапи хаёлини тўзғитиб юборди.
— Ҳа, ҳа, майли, демак, шу ерда ишлайсиз? — Воҳид ўсмоқчилаб сўради яна.
— Ҳа, майли, Воҳид ака, яхши боринг…
Воҳид аёл билан хайрлашиб, йўлнинг нариги бетига ўтиб кетди. Санобар уни нигоҳи билан кузатиб қўяркан, йўлнинг четида турган сўнгги русумдаги машинага ўтирганини кўрди.
* * *
Ўша пайтлар Санобар эндигина 9-синфни битириб, тиббиёт технукумига ҳужжатларини топширган дамлари эди. Унчалик тайёрланмаганидан имтиҳонда бироз қийналди. Шу пайт орқа тарафдан: «Ёрдам керакмасми?» — деган саволдан чўчиб тушди. У аста орқасига ўгирилди-да, қора қошлари қуюқ, ҳар қандай қиз орзу қиладиган киприклари узун йигитга кўзи тушди.
— Йўқ, раҳмат, — деди қиз уялганча. Шу пайт назоратчи аёлнинг «Тинчлик сақлансин! Яна бир марта гаплашсангиз, имтиҳондан четлатиласиз!» — деган хитоби янгради. Улар жим қолишди. Имтиҳон тугагач, Санобар ташқарига йўналди. Унинг орқасидан ҳалиги йигит етиб келди.
— Салом, яхши қиз, узр, ҳали сиз билан саломлашмагандим…
— Ие, менинг яхшилигимни қаердан билдингиз? — деди Санобар.
Йигит унга бир зум анқайиб турди-да, кейин кулиб юборди:
— Кўзларингиздан. Улар қанақадир бошқача экан…
Йигитнинг самимий гапларидан Санобарнинг кўнгли кўтарилди. Чунки бир кун олдин дадаси уйда «Агар имтиҳондан йиқилсанг, узатиб юбораман», — деб пўписа қилганди. Санобар шу ҳақда ўйлади-да юраги орқага тортиб кетди. Имтиҳондан ўта олмаса-я… Унда… Қиз қолганини ўйлашни ҳам истамади. Бир неча кун ўтиб, имтиҳон жавоблари чиқди. Санобар юрак ютиб рўйхатга қаради: кирибди! Қувонганидан кўзларига ёш келди.
— Табриклайман! — ортидан келган таниш овоз эгасини шу топда у яхши кўриб кетди.
— Раҳмат, сиз ҳам кирибсизми? — деди қиз қувончдан кўзлари яшнаб.
— Ҳа, кирибман! — деди йигит ҳам қизга кўзларини тикиб. — Исмим Воҳид…
— Меники Санобар…
— Юринг, анави ерда кафе бор экан, биттадан музқаймоқ еймиз, куннинг исишини қаранг, қуёшнинг бироз ҳовури тушса, қайтармиз…
Бу гап Санобарга ёқди. Чунки у эрталаб нонушта ҳам қилмаган, бунинг устига, ошхона тарафдан келаётган ёқимли ис димоғни қитиқларди.
Воҳид қиз билан кафега кириб, биттадан музқаймоқ олишди. Йигит шу аснода қизни турли саволларга тутиб, у тўғрисида анчагина гапларни билиб олганди. Санобар ҳам худди бир неча йил кўрмаган дўстини учратгандек, кўнглини ёрди-қўйди.
Ўқиш бошланган даврда ҳам бу икки курсдош бир-бирига ёрдам берар, бирининг камини бошқаси тўлдирарди. Воҳид қунт билан ўқир, ҳатто ўқитувчилар ўтаётган янги мавзуларни ҳам кенгроқ, мукаммалроқ ўрганишга ҳаракат қиларди.
Воҳид қизни еру кўкка ишонмасди. Доим уни уйигача кузатиб қўярди. Бир куни Воҳид ўқишга келмади. Орадан икки кун ўтгач, курсдоши Наима гап топиб келди.
— Дугонажон, Воҳиднинг отаси қаттиқ оғриб қолибди. Шунга у дадасининг олдида ўтирганмиш, ҳали-бери келмас экан.
— Сен қаердан эшитдинг?
— Битта маҳаллада турамиз-ку!
— Унда, балки, уни кўришга боришим керакдир?
— Йўғ-э, эсингни едингми?!
Санобар иккиланиб қолди. Нима қилсин? Қандай йўл тутсин? Ахир Воҳид унга жуда кўп марта ёрдам берган. Онаси оғриб қолганида дори-дармонларини олиб берган-ку, унинг бошига иш тушганида, Санобар қандай қилиб четда қўл қовуштириб туради?
Шу ўйда Санобар йигитнинг уйига телефон қилди.
— Алло… — у тарафдан аёл кишининг овози келди.
Санобар қўрқиб кетганидан лом-мим деёлмай қолди.
— Алло, ким бу? Санобармисиз?
— Ҳа, мен, Воҳиднинг курсдоши эдим.
— Санобар, мен Воҳиднинг катта опаси Мунираман. Дадамнинг аҳволи оғирлашиб қолди. Шунга Воҳид ҳали-бери бора олмайди.
— Шифосини берсин…
Санобар бошқа ҳеч нарса деёлмади. Шу топда Воҳидни жуда-жуда кўргиси келди. Қани энди ёнида бўлса-ю, тасалли берса…
Икки ҳафтадан сўнг Воҳиднинг дадаси қазо қилгани ҳақида хабар тарқалди. Бу орада кутилмаган ишлар бўлиб кетди. Бир куни уйига келса, отасининг узоқ қариндошлари уларни кўргани келишган экан. Санобар аёлларга салом бериб, ичкарига кириб кетди. Ортидан онаси кирди:
— Қизим, булар дадангнинг қариндошлари. Улар сенга совчи бўлиб келишибди.
— Нима?! Ахир мен… — Санобарнинг лабларидан сал бўлмаса «Воҳидни яхши кўраман!» деган сўзлар учиб чиқай деди.
— Нима? Нима демоқчисан?..
Онасининг дағдағасидан қўрқиб кетган қиз:
— Йўқ, мен, ҳалиги, ўқишни ҳали тугатмадим-ку, демоқчийдим, — деди.
— Ўқишингни, Худо хоҳласа, эрингникида давом эттирасан, отанг бугун нима деса, шу бўлади, болам, қани, кийимларингни алмаштириб тезда чиқ, уларга чой дамла!
Онасию дадасининг жаҳлидан чўчиган қиз ноилож меҳмонлар истиқболига чиқди. Икки аёл ва бир эркак унга суқланиб қараб туришарди.
— Кўп йиллик қариндошликни мустаҳкамлаб қўйсак, ахир бир-биримиздан борган сайин узоқлашиб кетяпмиз-да… — гап бошлади тўрда ўтирган семиз аёл.
— Ҳа, нимасини айтасан, синглим, мана, сен мени йўқлаб келмасанг, холамнинг қизи бор эди, деб юраверар эканман-да, ўғлинг Нодир ҳам кап-катта йигит бўлиб қолибди, ёшларнинг бошини қовуштириб қўйсак…
Санобар қолган гапларни эшитмади. Шартта ўрнидан турди-ю, нариги хонага чиқиб кетди. Унинг бу ҳаракатини қариндошлар уялганга йўйишди.
Воҳид дадасининг маъракаларини ўтказиб келгунча Санобарнинг фотиҳаси бўлди. Бу гапни эшитган Воҳид у билан бошқа гаплашмай қўйди. Ҳатто ўқиш якунлангач, диплом олишга ҳам келмади. Бу икки ошиқнинг муҳаббати шу аснода интиҳога юз тутганди.
Санобар ўша-ўша ўқимади, болалар, оила ташвиши, дея институтга ҳужжатларини топширолмади. Эри «Сенга ўқишнинг нима кераги бор, ундан кўра болаларингни катта қил», — дея қўпол гапирганидан сўнг Санобар орзуларини кўмиб, борига сабр қилиб юраверди.
Воҳид эса бор аламини ўқишдан олди. Кардиология бўйича етук мутахассис бўлди. Чет элдан ҳамкорларни чақириб, ўзи хусусий клиника очди.
Мана, орадан йиллар ўтиб, улар яна учрашиб туришибди. Санобар ишхонасига кирди. Воҳиднинг чеҳраси унинг кўзлари олдидан кетмасди. У ҳарчанд Воҳиднинг сиймосини, у ҳақидаги хаёлларини ҳайдамоқчи бўлса-да, аксинча, Воҳид унинг ҳаётига, хаёлига кириб келаверарди.
Бир куни Санобар ишга келаётиб, яна ўша машинага кўзи тушди. «Демак, келибди-да… Нега келдийкин? Поликлиникада нима иши бўлиши мумкин?» Санобар шу ўйлар билан қадамини тезлатди.
Зиналардан кўтарилаётган ҳам эдики, Воҳид билан суҳбатлашиб турган бош шифокорни кўрди.
— Майли, Воҳиджон, сиз билан ҳамкорликдан жуда мамнунмиз, — деди бош шифокор у билан хайрлашиш арафасида.
— Ие, Санобархон?!
— Ассалому алайкум, — Санобар нигоҳини қаерга яширишни билмай қолди.
— Сизлар танишмисизлар? — сўради бош шифокор уларга синчков тикилиб.
— Ҳа, курсдошмиз, — деди Санобар Воҳидга ишора қилиб.
— Жуда яхши!
Орадан бир ой ўтди. Бу орада Воҳид бир нечта аппаратларини олиб келиб, ўзи учун ажратилган хонада юраги безовта қилаётган беморларни текширувдан ўтказди, уларга ташхис қўйди.
— Санобар, сен ҳам кўрикдан ўтиб қўйсанг бўларкан, — деди Воҳид кунларнинг бирида.
— Мен? Нега энди? Мен соппа-соғман-ку…
— Сен шундай деяпсан, лекин юрагинг унақа демаяпти. Юрагинг меъёрида ишламаётгандек…
Санобар бунга унчалик ҳам эътибор бермади. Бир куни кўксидаги қаттиқ оғриқдан қалқиб тушди. Наҳотки Воҳиднинг гапи тўғри бўлса?.. Унинг юраги айни навқирон пайтида панд берса-я? Болаларининг камолини кўраман деганда йиқилса-я?
У иккиланиб ўтирмади, дарҳол Воҳид ишлаётган клиникага кўрикка борди. Бахтига Воҳид йўқ экан, уни бошқа шифокор текширди ва қошларини чимириб:
— Эҳ, опа, юракни сал қийнаб қўйибсиз-ку, ҳаётингиз яхшими, ишқилиб? — деб сўради.
— Ҳа-а, — деди Санобар чўзиб. — Ўзим ҳам шу соҳада…
— Ҳа, майли, бунинг иложи бор. Ҳозир тиббиёт ривожланган. Тезда сизни операция қилиб, тиқинларни очишимиз керак, акс ҳолда, юракни қаттиқ оғриққа бериб қўямиз…
— Йўғ-э, нималар деяпсиз?
— Опа, бу касалликнинг яширин даври, агар вақтида олди олинмаса, у сизни тўшакка михлаб қўйиши мумкин. Буни ўзингиз ҳам яхши биласиз.
Санобар бу ҳақда жаҳлдор эрига қандай айтишни билмай, узоқ ўйланди. Шундай кунларнинг бирида Санобарнинг эри доимгидек ичиб келиб, уйда жанжал кўтарди. Қизига совчилар кела бошлаган Санобарга бу қаттиқ таъсир қилди ва юрагини ушлаб, ҳушидан кетди.
У кўзларини касалхонада очди. Қараса, ёнида қизи Зебо. Негадир йиғлайвериб кўзлари шишиб кетган.
— Ойижон, тузукмисиз? — деди ойисининг юзини силаб. Санобар «яхшиман», демоқчи бўлди-ю, нимагадир ғўдранди.
— Доктор, ойим кўзларини очди…
— Мана, ҳозир…
Санобар Воҳидни зўрға таниди. Чунки унинг соқоли ўсиб кетган, кўзлари киртайган, бошидаги шапкаси қийшайиброқ турарди.
— Санобар, тузукмисан? Одамни шунчалик ҳам қўрқитасанми? Сени операция қилдик. Юрагингда бир нечта тиқинлар бор экан, уларни очдик, энди ҳаммаси ортда қолди. Хайрият!.. — Воҳид чуқур уҳ тортди.
— Ойи, сизни операция қилишганига уч кун бўлди. Доктор уч кундан буён уйига бормади…
— Йўғ-э.! Даданг-чи? Даданг яхшими?!
— Дадам яхши… Дадам сизни атайлаб қиляпти, деб, докторлар билан жанжал қилди… Кейин уларни кетказиб юборишди. Олдингизда ўтиришга аранг рухсат олдим.
Санобар бу гапларни эшитиб, йиғлаб юборди. Унинг бу кўз ёшларида йигирма йиллик аламлар, эрининг ноўрин зуғумларию ҳаётнинг аччиқ ташвишлари бор эди.
— Ойижон, йиғламанг, барчаси ортда қолди. Энди ҳаммаси яхши бўлади…
Эртаси куни Воҳид палатага бир даста гул кўтарган нотаниш аёл билан кириб келди. Санобар ўрнидан турмоқчи эди, аёл уни тўхтатди.
— Безовта бўлманг, Санобархон…
— Таниш, Санобар, бу келинойинг, Гулчеҳра…
— Танишганимдан хурсандман… — Санобар ўзи ҳам бахтига ўхшаган чиройли бўлган Гулчеҳрага тикилиб қолди. Аёл билан узоқ суҳбатлашди. Кўнгли ёзилиб, касаллиги ҳам ёдидан кўтарилди.
Кунлар ўтиб, Санобар оёққа турди. Ўз ишига, турмушига қайтди. Эри ҳам унга алланечук меҳрибон бўлиб қолган, «Онаси, онаси», деб еру кўкка ишонмасди.
Бир куни Воҳиднинг телефони жиринглади. Қараса, Санобарнинг рақами. «Тинчликмикин?» деган хавотирда телефонини кўтарди.
— Алло, — деган таниш овоздан бироз ўзига келди.
— Санобар?!
— Ҳа, мен, Воҳид ака. Тўй бошладик, қизимни узатяпмиз. Бирга бўлинглар…
— Ие, муборак бўлсин, курсдош, албатта, борамиз, келинойинг ҳам зерикиб ўтирибди… Жуда хурсандман… — Воҳид шундай дея телефонини ўчирди ва «Хайрли бўлсин, курсдош!» — дея мамнун жилмайиб қўйди… Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|