Ўтмиш ва келажак орасидаги инжа бир чегара, осмон ва ернинг туташган нуқтасидаги чизиқ: шу лаҳза. Бор билан йўқ орасида йўқ бўлмасликнинг тенгсиз кураши. Кўринган ва кўринмаган ўртасидаги боғлиқлик. Менинг баданим билан Унинг вужуди ўртасида қолган қоронғилик (мавҳумлик). Мен: ҳам кўрган, ҳам кўрилган. У эса узоқда, бир ерларда. Оқ денгизнинг мўътадил иқлимида, бир дарахтнинг соясида ёки кунчувоқдадир; Жазоир, Марокаш. Уни кўради; кўради, аммо етишолмайди. Идрок бу нуқтада ожизми: «Бир нарсага етишишни билишим учун уни кўришим кифоя…»
Қизчанинг яноқларидан ёш оқарди. Йиғлаб уйғонди. Уйғонишидан аввал таъсирини орттирган ёмғир энди қорга айланганди. Шаҳарнинг усти — оппоқ бир дазмолсиз чойшабдек. Баланд бинолар, кулбалар, масжидлар, дарахтлар ва томлардаги антенналар… Балкондаги кир илинадиган дорга ёйилган чойшаб мисоли. Икки ҳаво ҳодисаси — ёмғирнинг қорга айланиши орасидаги ўтган бу вақтда қизча яна бир ёшга улғайганди. Кўзларидан оққан ёшини ёпинғичига артди. Ёпинғичининг ичидан тер ҳиди келаётганди. Ташқарида эшитилаётган итларнинг акиллаши ва қушларнинг овозидан ҳосил бўлган шовқиндан секин одимлаб, деразага яқинлашди. Бир қўли билан кўз ёшларини артди, бошқаси билан кўзларини уқалади. Ўрни тартибсиз эди. Оҳ, у кечанинг оғирлиги кўзларидан секин-секин учаётганини қизча англамасди ҳам. У пардани йиғиштиргач, қор ёғиши ва қизил томларнинг оқариб қолганини кўрди. Хонасини шу ҳолда қолдириб онасининг олдига, ошхонага югурди. «Ухладим. Ёпинғични устимга тортганимда саккиз ёшда эдим. Уйғондим. Мана, тўққиз ёшдаман».
Она газдаги чойнинг оловини ўчиргач, қизини қучди. Илк марта бағрига олганидаги каби ҳаяжонли, осмонлар қадар мусаффо, дунёнинг таҳликаларидан ташвишда, аммо шундай бир кучли. Чойнинг буғи деразани терлатганди. Боғдаги дарахтлар қорга бурканган. Она қизини қучоғидан чиқармаган ҳолда дераза қаршисидаги курсига ўтирди. Ўзини кўрсатишни истаган қор дарахтлар шохларини эгиб қўйган. Қор остида хазон уюмлари. Аёл қизининг сочларини силади. Она бўлиш мана шунақа: ўзингни тубсиз қуйиликда қолдириб, аввал қизингни осмонга кўтарасан — одамлар орасига ва кутасан. Қайсидир замон устингга тупроқ тортилади, кўмиласан, аммо ҳузурланасан. Фарзандинг, жонингдан жон берган боланг сенинг ўрнингга ҳам нафас оляпти, ҳарҳолда.
Ўтган етти дақиқа-ю қирқ саккиз сониядан сўнг «Энди сен шу ерда ўтир, мен нонушта ҳозирлай, кейин кийимларингни кийиб, мактабга жўнаймиз», — деди она. Қизча бош ирғатганда яна сочларини силаб қўйди.
Ҳаво совуқ. Бир симёғочда она қуш ва унинг қаноти остидаги полапони. Ожиз оғушларда исинаётган вужудлар. Ташқаридан келаётган итларнинг овози тинганди, қушлар кўпдан бери қўшни бинодаги кекса амакининг сочган донларини ейиш билан овора… Сокинликни бузаётган фақатгина ён тарафдаги иншоот ишчилари эди.
Бу вақтда Аданада ҳаво ҳарорати нолдан тушмайди, Қора денгиз тарафларда ёмғир ва бироз шарқда қор ёғмоқда. Эге сувларида бироз тўхтаган балиқлар яна иссиқ денгизларга кўчмоқда ва ўлканинг шарқи қорга кўмилган уйларнинг эшикларини очишга уриниб, қор остида қолган жонсиз таналарга етишишга тиришмоқда.
Она ва қиз нонушта қилиб бўлишганда эшик қўнғироғи чалинди. Қизча югуриб бориб эшикни очди. Бўёқ фабрикасида тунги қоровул бўлиб ишлаётган отаси келганди. Уни қучоқлади, ачомлашди совуқ ва иссиқ ота-қиз. Мажбурликдан кўчиш ёки кўчмаслик орасида қолган, ҳеч билмаган ерларига кетиб топа олмайдиганлари бир нарса бу. Ота қизининг юзидан ўпди. Курсига ўтириши биланоқ деразадаги буғни артди. Совуқ еган қўлларини иситкичга тутди. Хотини столга қўйган бир финжон иссиқ чойни олди. Ҳорғинлиги кўзидан маълум эди. Гаплашадиган ҳоли йўқлигини ўзи ҳам, хотини ҳам биларди ва қизалоқнинг ҳам энди бунга ақли етади. Ота ўрнидан турди. Ёғаётган қорга тикилиб тўғрисидаги столга суяниб турган хотинига яқинлашиб юзидан ўпди. Эшик ёнидаги қизига қараб, кўзлари билан чақирди. Қиз гилам устидан югуриб келди. Ота қизининг аввал чап, кейин ўнг юзидан ва қалам тутган қўлларидан ўпди. Ҳар тонг «Яхши ўқи, қизим!» — деркан, овози: «Бизни бу ерлардан, бундай ҳаётдан, бу йўқсилликдан, чорасизликдан, бу қишдан, қордан, хабарларда эшитаётганимиз ўқ ва тўп овозларидан, хўжайинларнинг зуғумидан, уйнинг чакки ўтаётган томидан, намдан моғорлаган бу хонадан қутқар…» — дегандек бўларди.
Қизча тўққиз ёшда эди ва буларнинг ҳеч бирини ҳали англай олмасди. Билган ягона нарсаси онасининг кеча ухлашидан аввал айтган шу гаплари эди: «Сенинг ёшингдаги болалар ҳамма жойда ҳам мактабга боришолмайди. Қайсисидир чўпонлик қилади, қайсисидир шунақа қорли ҳавода тешик кулча сотади… Бир қанчаси нобуд ҳам бўлишади».
Шамол нафасни қайтариб юборадиган, ёғаётган қордан атрофни илғаб ҳам бўлмайди. Йўлларда қолган оёқ излари сонияларда йўқолади, машиналар ўтгандан сўнг балчиқланиб қолади. Она қизидан нега йиғлаб уйғонганини сўраганидан сўнг деди: «Мана шундай тўғрига ўтамиз, аввал чапга, кейин ўнгга, сўнг яна чапга…» Қизча бошини силкитди, у ўзидан ҳам оғир сумкасини елкасига тақиб олганди. Машиналар бир-бир ўтар, итларнинг овози шамол билан аралаш ва қушлар ҳам энди донларни тугатиб — балки қор остида қолиб ҳам кетгандир — учиб кетишарди.
Машина тормозининг таҳликали овози бутун шаҳарни тутди. Кўчадаги ҳамма овоз чиққан томонга қарашди. Аёл билан қиз бу ерга энг яқин туришганди. Онаси қизининг кўзларини ёпиб олди. Ҳар ҳолда она қизининг дунё шафқатсизликларини кўрмаслигини, бунинг сира иложи ҳам йўқ-ку, ҳеч бўлмаса, камроқ кўришини истарди. Машина қор сабабли тўхтамади, йўлида давом этди, ҳайдовчи орқасига қайрилиб ҳам қарагани йўқ.
Бу вақтда Аданада ҳаво ҳарорати нолдан пастга тушган, аммо бу унчалик кўп эмас, ҳар ҳолда мен аданаликлардан шундай эшитдим. Қора денгиз тарафларда ёмғир ва шарқроғида қор ёғишдан тўхтади. Эге сувларида бироз тўхтаган балиқлар, янада илиқроқ денгизларга қилаётган кўчишини яримлатганди ва ўлканинг шарқида қор кўмган уйларнинг эшиклари ҳануз очилмаган, жонсиз одамлар ҳамон қор остида эди. Энди Сишхонада ҳам ёмғир ёға бошлаганди.
Бор билан йўқ, кўринган ва кўринмаган, ҳам кўрган, ҳам кўрилган… Узоқда эмас. Оқ денгиз узоқда, Жазоир ва Марокаш янаям узоқда. Бир нарсани кўриш баъзан Унга етишмоқ эмас экан ва идрокнинг зиддиятлари ҳамон давом этмоқда.
— Ойи, — деди қизалоқ бир-бирига қараб туришаркан, у яна йиғлаётганди.
Она қизчасининг кўзларини ёпиб туриши фойда бермади. Қизча, барибир, қор, лой аралашиб бир аҳволга келиб қолган асфальт устига қаради. Янги, ҳали ёшига етмаган полапон ўлганди. Унинг нозик панжалари совуқдан қалтираб қўнган жойини тутиб туролмаганми, ишқилиб, она қушнинг ожизгина бўлса ҳам, ўзгача тафтли қанотлари остидан йиқилиб тушган эди. Она қуш симёғочнинг устида унга қараб чорасиз турар ва яна бир машина полапоннинг қанотини босиб ўтарди.
Она қуш унга етишолмасди… Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot hordiq.uz dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|