Дугонам келтирган хабардан даҳшатга тушиб, ўзимни қўярга жой тополмай қолдим. Шоиранинг мийиғида кулиб туриши баттар ғазабимни қўзғатди.
— Мен сенга айтгандим, — деди дугонам киноя билан, — охирги пайтларда бошқача бўлиб қолувди. Ҳаракатларидан, гап-сўзларидан ҳам билиниб турганди. Олдингидек эмас…
— Бас қил! — бор овозим билан бақириб юбордим.
Бўғзимни нимадир ачиштирар, шу тобда тўйиб-тўйиб йиғлагим келарди. Нега? Унга нима ёмонлик қилдим? Саволлар бир-бирини етаклаб келарди-ю, аммо жавобига келганда… бир сас йўқ.
Овозимни эшитган чоғи, хонамнинг эшигини қия очиб, онам ичкарига мўралади ва:
— Тинчликми? Ким бақирди? — дея сўради оҳиста. Сўнг йиғламсираб ўтирганимни кўриб, секин ичкарига кирди. — Сенга нима бўлди, Гулмира?
Кўзларимдан икки томчи ёш юзимга думалади. Айёр дугонам эса дарров вазиятни тўғрилашга тутинди:
— Вой, Сожида опа, бунингизнинг қанақалигини биласиз-ку… Иккаламиз айтишиб қолгандик, эркатой қизингиз дарров йиғлашни бошлади.
Ойим унга ишонқирамай менга қаради. Шоиранинг гапини маъқуллаган бўлиб, аранг бош қимирлатдим:
— Сиз чиқиб кетаверинг, хавотирланманг…
Онам чиқиб кетгач, Шоира бошимга кўрсаткич бармоғи билан ниқтади.
— Калланг жойидами сенинг? Энди бир ками онангга ҳам йигитим бошқа қиз билан юрибди, дейишинг қолувди?
— Юрибди дема! — алам билан гапирдим.
— Ҳа, нима фарқи бор? Гувоҳлар бор, кўришган.
— Йўқ, барибир, ишонмайман. Нодир мендан бошқасини демайди.
Шунақанги ишонч билан гапирдимки… Дугонам эса бурнини жийирди.
— Бунча содда бўлмасанг, ана телефон қилиб кўр. Ҳозир ёнимга кел, дегин-чи келармикин? Келмайди. Чунки ўша қизнинг контрактини тўлашга ёрдам бериш учун бирга ректоратда юрибди.
Тавба, Шоира шунча маълумотни қаердан олганига ҳайронман. Атиги уч кун ўқишга бормадим-а… Шу уч кунда Ер тескарисига айланиб кетгандек гўё… Биров ёнингда бошқаси билан кўрдим, деб турса, шубҳаланиб қоларкансан. Мен ҳам айни дақиқаларда шубҳа-гумонлар гирдобида қийналардим. Нодир ҳам сўнгги уч кун ичида кам телефон қилгани рост. Телефон гўшагини олиб, унинг қўл телефони рақамини тердим. Икки марта гудок кетди-ю, кейин узилиб қолди. Юрагимни ваҳима борган сари домига тортиб борарди. Яна қайта-қайта рақам тердим, охири нариги томондан «Ўчирилган» деган овоз эшитилди.
— Ана, кўрдингми, ўчириб қўйди. Бўлмаса сен билан кўпроқ гаплашиши керак-да…
Нима дейишни ҳам билмай қолдим. Ҳаммаси Шоиранинг гапларини тасдиқлаб турарди.
— Ўша гувоҳларингни менга ҳам кўрсатасан! — дедим қатъият билан.
— Вой, майли. Ўша Сайёранинг курсдошлари-да…
Очиғи, энди Шоиранинг фисқу фасодини эшитгим келмаётганди.
— Кетасанми? — дедим унга тап тортмай.
Шоира аввалига ҳайрон бўлди.
— Қаёққа?
— Уйингга.
— Ҳайдаяпсанми? Вой-вў, кетаман… Одамларга яхшилик ёқмайди ўзи, — яна нималарнидир тўнғиллаб хонадан чиқиб кетди у.
Ҳовлидан онамнинг овози эшитилди:
— Шоира, ўтирмайсанми?
— Қизингиз ҳайдади, кетяпман…
— Нега ҳайдайди? Жуда тез уришасизлар-да ўзиям…
Ҳеч кимнинг овозини эшитмаслик учун қулоқларимни ёстиқча билан ёпдим. Ич-ичимдан хўрлигим келарди.
Бу йигитни қандай севиб қолганимни ўзим ҳам билмайман. Биринчи курсда Нодир билан нуқул жанжаллашардик. Уни кўргани кўзим, отгани ўқим йўқ эди. Дарсларда ҳам иккимиз дарров айтишиб қолардик. Аммо муҳаббат дегани икки дилни аввалига уриштириб, сўнг яқинлаштираркан-да…
Қайси кундан уни чин дилимдан яхши кўрганимни билмайман. Биргина инкор этилмайдиган ҳақиқатим — уни севишим!
Икки йилдан буён кўз қорачиғимдек асраётган муҳаббатимни бировга топшириб қўярканманми? Йўқ, бўлиши мумкин эмас. У менинг ягона орзуим! Ана шу Сайёраси билан керак бўлса, уришаман, юлишаман. Ким бўлибди у ўзича…
Кечга яқин Нодирнинг ўзи қўнғироқ қилди.
— Ҳа, — дедим истар-истамай телефонни қўлимга оларканман.
— Қалайсиз?
— Раҳмат, яхши. Ўзингиз-чи… Телефон қилсам, ўчириб қўйдингиз?
— Зарур иш билан банд эдим-да.
— Ҳа, бошқалар… — дедим-у, тилимни тишладим. Яхшиси, ўз кўзим билан кўрмагунча индамай турганим маъқул, деб ўйладим.
— Эртага ўқишга боролмайман. Ойим бирйўла душанбадан бора қолгин, деди, — дедим атайин уни синаш учун.
— Яхшилаб тузалиб ол, ўқиш қочмайди. Деканатга ўзим айтиб қўяман.
Тонг отишини шунақанги интиқлик билан кутдимки, ҳеч қачон бунчалик субҳидамни кутишга ошиқмагандим. Бироқ биринчи дарсга эмас, иккинчисига боришни ўйладим. Биринчи дарсда кўрса, у қизнинг ёнига бормаслиги мумкин-да…
Институт дарвозасидан кириб борарканман, Шоирага кўзим тушди. У мени кўрди-ю, мийиғида кулганча ёнимга келди.
— Ҳа, чидолмабсан-да? — деди яна гап билан найза санчишни бошлаб.
— Бас қил, қани, менга ўша Сайёрани кўрсат. Нодирнинг ўзи келдими?
— Ҳа, шу ерда эди. Ҳойнаҳой, ўша ойимчаси билан турган бўлса керак.
Нодирни аудитория эшиги ёнида кўрдим.
— Тузукмисан? — деганча Нодир саломлашишга қўл узатди.
Индамай қўл чўздим.
Шу маҳал ичкаридан бир қиз чиқиб келди. Ортидан кимнингдир «Сайёра» деб чақирганидан билдимки, бу ўша қиз! «Қани, мендан қандай ортиқ жойи бор экан?» деб юзига тикилдим. Тан олишим керак, чиндан кўҳликкина қиз экан. Қоп-қора қошу кўзи оппоқ юзига янада ҳусн бериб турарди.
— Сизни соғиндим, кўргим келди, — дедим ўзимга ярашмаган тарзда.
Биламан, бу ҳаракатим енгилтабиат қизларнинг иши эди. Аммо ҳозирги вазиятда мен учун энг маъқул йўл шу. Нодир ҳам, Шоира ҳам ҳайратда. Иккаласи ҳам менинг бирданига ўзгарганимни тушунолмай, бир-бирига қараб қўйишарди. Сайёра ёнимиздан индамай ўтиб кетди. Билдим, кўз қири билан қараб қўйди. Ўзимча ғолиб эдим…
— Бу нима қилганинг? — деди Нодир иккимиз холи қолганимизда.
— Мен сиздан сўрашим керак. Нимага қаёқдаги Сайёраларга ўралашиб юрибсиз?
— Унга ўралашиб юрганимни сенга ким айтди?
— Ким айтгани муҳим эмас. Ўша қиз билан бирга бориб контрактини ҳам тўлаб келибсиз-ку…
Гапимни эшитиб, Нодир қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди.
— Буниям эшитдингми?
— Кулманг, устимдан куляпсиз-да, а…
— Гулмира, шу пайтгача мен сени бирор марта алдаганмидим? — Нодирнинг овози шунақанги дардли чиқдики, овоз эгасини танимагандек унинг юзига термилдим. — Тўғри, кеча Сайёранинг контрактини тўлашга бирга бордим. Биласанми, у билан бир жойданмиз. Дадам билан унинг дадаси оғайни бўлишган.
Нодир бирданига жим бўлди.
— Ҳозир-чи?
— Сайёранинг дадаси ўлган.
Бу жавобдан этим сесканиб кетди.
— Нодир, мени ҳеч қачон алдамайсиз-а? — дедим унинг кўзларига мунгли тикилиб.
Хуллас, ўша куни Нодир билан ярашиб олдик. Майли, ҳамшаҳарига ёрдам берса, нима бўлибди, дедим ўзимга-ўзим. Аммо…
— Гулмира, сен Нодирни Сайёрага фақат ёрдам беряпти, деб ўйлаяпсанми? — деб гап бошлади бир куни Шоира.
Тавба қилдим, қаёқдаги гапларни топиб юради шу қиз ҳам.
— Ҳа, Нодирнинг ўзи менга шундай деди. Мен унга ишонаман.
— Унда баттар бўл! — деди Шоира куларкан. — Улар сени алдаб юрибди. Шуни биласанми? Нодирдан «Кеча қаерда эдинг?» деб сўраб кўр-чи?
Шоиранинг гапини эшитмайман деганим билан, барибир, эплолмадим. Сабаби, Нодир ҳақидаги ҳар қандай маълумот мени қизиқтирарди.
— Хўш, қаерда экан?
— Кеча дискотекага боргандик. Иккаласи қучоқлашиб туришибди. Сен бўлса уйда ўтирибсан уларга ишониб. Бу кетишда яқинда Сайёра уни бутунлай ўзиники қилиб олади.
Шоиранинг сўнгги жумласи ҳаммасидан ўтиб тушди. Ўзимни босолмадим.
— Овозингни ўчир! — дея дугонамга бақирдим.
— Сен менга эмас, бориб Сайёрага бақир. Мен сенинг фойдангни ўйлаяпман. Улар сени ўйинчоқ қилишяпти. Яхши, ҳеч нарсадан бехабар қўғирчоқ бўлиб яшайвер!
Шоира эшикни тарақлатиб ёпиб кетди. Яна бир дунё шубҳа-гумонлар ичида қолдим.
Эртаси куни институт дарвозаси ёнида туриб, Сайёрани пойлай бошладим. Ёнимда Шоира.
— Келяпти, — дея шивирлади у.
— Яхшимисиз, Сайёрахон?! — дедим заҳархандалик билан.
— Раҳмат, сиз сўрайсиз-у, мен ёмон бўламанми?
Очиғи ундан бундай жавоб кутмагандим. «Ҳа, анчагина бозор кўрган кўринади», деб ўйладим. Гапни чувалаштирмасдан дангалига кўчдим:
— Нодир билан орамиздаги муносабатлардан хабарингиз бўлса керак?
— Қайси Нодирни айтяпсиз? 4-курсда ўқийдиган Нодир акамними?
Бу гапи баттар ўтиб тушди. Демак, у ҳам анчадан буён мен билан уришмоқчи бўлиб юрган.
— Менга қара, манжалақи, Нодирни ўз ҳолига қўй! Уни сенга бериб қўядиган аҳмоқ йўқ! — дедим таҳдидли овозда.
— Ким кимга кераклигини мен эмас, Нодир акам ҳал қилади.
— Ўчир овозингни!
Ўзим билмаган ҳолда Сайёранинг юзига тарсаки туширдим. У ҳам жим турмади, жавоб қайтарди. Сочларига ёпишдим. Шоиранинг ҳай-ҳайлашига ҳам қарамасдан унинг юз-кўзига чанг солдим. Иккимиз ҳам ақл-ҳушимиздан айрилгандик. Институт дарвозасининг ёнида бир-бири билан юлишаётган қизларни томоша қилиш кимга ҳам ёқмайди, дейсиз. Бир пайт ёнимда Нодирнинг овози эшитилди:
— Гулмира! Бас қил! Бу нима қилганинг? Сайёра…
Унинг овозидан кейин иккимиз икки томонга ажралдик. Иккаламизнинг ҳам сочларимиз тўзғиб кетган. Атрофимизга томошаталаб талабалар йиғилиб бўлишганди.
— Ҳали бу ҳолваси! — деб бақирдим йиғламсираб турган Сайёрага қараб. — Агар уни ўз ҳолига қўймасанг, кунингни кўрсатаман!
— Кўрамиз, ким кимнинг кунини кўрсатаркан. Ойисига шу қилган ишингни айтсам борми? — деди Сайёра ҳам бўш келишни истамай.
Яна унга ташланмоқчи бўлгандим, Нодир қўлимдан ушлаб, ўзига қаратиб:
— Ўзингни бос! — деди нафрат билан.
Ғазабим қўзиди. Нодирга қараб: «Тфу ҳамманга!» деганча югуриб кетдим. Аммо у ортимдан келмади. То такси тўхтатиб, машинага ўтиргунимча ҳам унинг ортимдан келишини кутгандим. Йўқ, у Сайёра билан қолди!
Уйга келдиму, ўзимни диванга отдим. Оғзимга ёстиқни босганча кўз ёшига эрк бердим. Шу пайт қўл телефоним жиринглади. Биламан, Нодир телефон қиляпти. Лекин шу тобда на унинг овозини эшитгим, на ўзини кўргим келарди.
Тинимсиз жиринглаётган телефонни қўлимга олиб ўчирдим-да, дуч келган томонга улоқтирдим. Телефон тўғри бориб тошойнага урилди-ю, кўзгу чил-чил бўлди. Худди менинг кўнглим каби… Ичкаридаги шовқинни эшитган онам хонамга югуриб кирди.
— Гулмира, нима бўлди, қизим? — ойнанинг синганини кўриб ранги оқаринқиради. — Бу нима қилганинг? Болам, сенга нима бўлди?
Мен эса ўзимни тутиб туролмасдим.
— Ойи, менинг яшагим келмаяпти. Ўлгим келяпти, ойи… — йиғлаганча ўзимни онамнинг бағрига отдим. — Бўлди, тўйдим. Менга ҳеч кимнинг, ҳеч нарсанинг кераги йўқ… Тўйдим…
Онам эса ҳамон ҳайратда турарди. Эркатой қизининг навбатдаги «ҳунари» уни батамом эсанкиратиб қўйганди-да:
— Ким хафа қилди? Гапир, ичингдагини тўкиб сол, болам.
Ҳолатим онамни баттар ваҳимага соларди. Охири ойим бечора чидолмади ва юзимга тарсаки туширди. Бехосдан сепилган муздек сув эса ақл-ҳушимни ўзига қайтарди.
— Энди гапир, ким сени хафа қилди? — сўради ойим мулойимлик билан.
Индамадим. Ойим қисталанг қилавергач, чорасиз ёрилдим.
— Ойи, севган инсоним мени алдаб юрган экан. Бугун билдим. Кўз олдимда у…
Гапимни охиригача етказолмадим. Телефон жиринглаб қолди. Онам тинимсиз жиринглаётган телефонни қўлига олиб:
— Бу ўшами? — деб сўради.
Индамай юзимни ўгирдим.
— Мени йўқ деб айтинг.
Онам телефонда Нодир билан гаплашиб, сўнг:
— Сени сўраяпти, гаплашмасам бўлмайди, деяпти. Балки, гаплашиб оларсан, — деди меҳр билан.
— Алло, Гулмира, ҳар доимги жойга кел. Мен шу ердаман, келмасанг ўзим уйингга бораман.
Алоқа узилди. Онамга тикилдим. Ойим сочларимни силаркан:
— Қизим, ҳамманинг гапига кирмасдан, унинг ўзидан бориб сўра. Агар сени яхши кўрмаса, телефон қилиб ялинмасди. Бора қол… Ҳаммаси аниқ бўлгандан кейин бир тўхтамга келамиз.
Онам муҳаббатни қадрлайдиган аёл эди. Шу боис мени тушунди. Аммо негадир юрагимни ваҳима босарди. Худди бирор кўнгилсизлик содир бўладигандек кўнглим ғашланарди. Балки, бугунги воқеалар учун юрагим безовта бўлаётгандир, деб ўйладим.
Айтилган жойга келганимда Нодир асабий тарзда у ёқдан-бу ёққа бориб келарди.
— Нима дейсиз? — дея алам билан унинг юзига қарадим. — Қилар ишни қилиб, энди устимдан кулиш учун чақирдингизми?
— Уйдагиларим сен ҳақингда билишмайди. Улар мени сен уришган ўша қизга — Сайёрага уйлантиришмоқчи!
Ҳаммасидан ўтиб тушган гап шу бўлди! Йиғлаб юбордим. Ичимдан нимадир узилди. Бир кўнглим кетмоқчи ҳам бўлди, аммо дилимда борини тўкиб, айтиб, аламдан чиқиб, кейин кетишим керак эди.
— Хўп, майли… Сиз ўша қизга уйланишингизни айтгани чақирдингизми? Шу гапни бемалол айтишга уялмадингиз ҳам-а? Лекин билиб қўйинг, сиз менга насиб қилмадингизми, унга ҳам буюрмайсиз? Мен қўлимдан келганини қиламан. Майли, мени ёмон кўринг, нафратланинг. Бошқа қизга уйлансангиз, майли, аммо ўша қизга эмас!
Нодир эса менга кулимсираб қараб турарди. Унинг бу ҳолатидан «Қўлингдан нима келарди?» деган маънони тушундим.
— Билиб қўйинг, мен ўзимни-ўзим ўлдираман. Айбни эса сизга тўнкайман. Кейин, кейин сизни…
— Бўлди қил-э!
— Мен билан бунақа ҳазиллашманг, — дедим, ниҳоят.
У индамади, фақат кулимсирарди. Бир муддат иккимиз ҳам жим бўлиб қолдик.
— Тўғрисини айтинг, Сайёра сизни яхши кўради, а? — сўрадим юрак ютиб.
— Бўлиши мумкин, — деди Нодир яна кулимсираб. — Лекин мен уни эмас, жинни қиз — Гулмирани яхши кўраман. Ким нима деса ишонаверма. Бизнинг севгимизни кўролмайдиганлар ҳам бор. Тўғри, Сайёра ёмон қиз эмас. Онам ҳам уни яхши билади. Лекин агар сен шунақа жанжаллар қилаверсанг ва бу онамнинг қулоғига етиб борса…
Мен индамадим. Бугун жиннилик қилганимни ўзим ҳам биламан. Аммо энди пушаймондан нима наф?
— Бугун мен Сирдарёга кетяпман. Эртагамас, индинга учрашамиз. Яна тўполон қилиб юрмагин-а, — деди Нодир ёлғондан пўписа қилиб.
Унинг кетишини эшитиб яна юрагим ғашланди. Атрофга қоронғилик тушиб бўлганди… Қоронғида йўл юриш… Очиғи, мен унинг кетишини истамагандим.
— Эртага кетарсиз. Бугун бормай қўя қолинг, — дедим Нодирга кетишини истамаётганимни билдириш учун.
— Ие, унда ойим Сайёрани келин қилади. Тезроқ бормасам бўлмайди.
Нодир шунақанги беғубор кулдики… Табассумига мафтун бўлиб, унга тикилиб қолдим.
— Ҳозир айни вақти. Уйдагиларга айтишим шарт! Менга сен кераксан ва буни ҳамма билиши керак! Тўғрисини айтайми, ёнингдан ҳечам кетгим келмаяпти. Тонггача ҳам ухламай гаплашиб ўтиришни хоҳлардим, — деди аллақандай сўниқ оҳангда.
Мен эса кулдим.
— Асалнинг ҳам ози ширин. Майли, мен кетдим. Яхши бориб келинг. Машинани секинроқ ҳайданг!
Нодир билан хайрлашиб, машинанинг ортидан тикилиб қолдим. Лекин, барибир, юрагимнинг безовталиги босилай демасди. Негадир туни билан ухлай олмадим.
Ҳар хил бўлмағур тушлар. Хаёлимга Нодир келади. Бир қарасам Сайёра билан юлишаётган бўламан. Қандай ухлаб қолганимни билмайман. Тонгда ёнимда ўтирган онамни кўриб ҳайрон бўлдим. Соатга қарадим. Кеч ухлаганим учунми, уйғонишим ҳам қийин бўлган кўринади. Лекин доим уришиб уйғотадиган ойим менга мунгли тикилиб ўтирарди.
— Ҳа, ойи, тинчликми? — дедим онамнинг бу ҳолатини кўриб.
— Қизим, — дея онам мени бағрига босди ва узоқ сукут сақлаб турди.
— Нима бўлди, гапирсангиз-чи? — дедим чидолмай.
Онамнинг кўзларидан икки томчи ёш сирғалиб тушди.
— Қизим, Шоира телефон қилди. Нодир…
— Нима Нодир… Гапиринг, нима қилди унга?
— У автофалокатга учрабди. Катта тезликда кетаётган юк машинасига урилиб кетибди… Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot http://hordiq.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|