Ўнқўрғондан шундоқ ўнгга бурилиб тўғрига юрсангиз, Мой қўрғонига борасиз. Аммо Мой қўрғонигача боришингиз шарт эмас. Сизни йўлда "Зафаробод” қишлоғи қарши олади. Нега қишлоқ "Зафаробод” экан деб ўйланиб қоламан. Ҳойнаҳой, кимдир қачонлардир шу ерда душманга қарши курашиб зафар қучган-у, кейин қишлоқни обод қилган бўлса керак. Локигин қишлоқ сира обод қилинганга ўхшамайди. Биттагина дўкони бор. Бу дўконда нондан михгача ҳамма нарса топилади. Фақат дўконга кирсангиз, жуда эҳтиёт бўлинг. Башарти билиб-билмай, сотувчининг асабига тегиб қўйсангиз, ҳаётда сизга нарса сотмайди. Ана ундан кейин йўлкира қилиб ўша нарсани икки баробар қимматига шаҳардан топиб келасиз. Шу сизга керакми?..
Ҳа, майли, ҳозир ғийбатнинг мавриди эмас. Энди шундоқ чап кўчага кириб "қалъа”га ўтинг. Фақат "қалъанинг баланд девори йўқ экан. Шуям қалъами?, дея энсангизни қотирманг. Агар ўтган замонларда каттадан-катта қалъаларда яшаган ўша тумонот одамларнинг юраги сичқонникидек майда бўлган чиқса, биз айбдорми? Бизнинг қалъа очиқ қалъалардан. Атайин девор қурилмаган. Чунки биз манаман деган душмангаям тўғри йўлни кўрсатиб қўя оладиганлар хилиданмиз. Мабодо душман зўр, юзсиз, шартаки бўлса, мана деб уйларимиз эшигиниям очиб қўя оламиз. Эҳ-ҳе, шу кунгача қанчасини кўрдик биз қалъадагилар…
Айтганча, нега бизнинг қалъа "романтиклар қалъаси” деб аталишини биласизми? Билмайси-из. Барака топишсин, электр ташкилотидагилар меҳр кўрсатворишган бизга. Худди ўшалар ҳаммамизни романтикка айлантиришган.
— Ҳой фуқаролар, — дейишган бир кун келиб. — Бу ёруғ дунёнинг шундоғам ғам-андуҳлари, муаммолари кўп. Шундоғам куни билан талашиб-тортишиб, итдай, эшакдай ишлаб чарчайсизлар. Келинглар, сизларга ҳеч бўлмаса қоронғи кечаларни романтикага айлантириб берамиз! Ишоновринг, ҳаммангиз романтикка айланасиз…
Кўрибсизки, дўппини бошдан олгунча романтикка айландик қўйдик…
Оҳ, кечалар шам ёруғида росмана романтик кечаркан. Тўғри-да, ой ҳам кечаси чиқади. Ой шуъласида кўча кезиш ҳам романтика…
Биз романтикага шунчалар берилиб кетдикки, биттагина дўконимизда шам қолмаса, йўлкира қилиб бўлсаям ўша матоҳни шаҳардан опкеладиган бўлдик. Ие, шамсиз романтика романтикамиди…
Электр ташкилотидагилар ҳам биздаги романтикани кўргач, азбаройи илҳомланиб кетганидан, дарахт шохлари бир марта шитирлаб қўйсаям чироқларимизни ўчирадиган бўлишди. Ҳаво айниса-ку, ва-абще масъулиятни ўн ҳисса ортиқроқ ҳис этиб, чироқ ўчиришга чопадиган бўлишди…
Икки томчи ёмғир томчиладими, тамом, ўсмир, йигит ёшидагилар қолиб биздай эллик беш, саксонни уриб қўйганлар ҳам романтик лаҳзалардан "баҳра” оладиган бўлдик…
Ҳа, бизнинг Қибрайдаги романтика қалъамиз ана шунақа романтик, кимсан электр ташкилотининг назарига тушган қалъалардан.
Фақат… Романтика кўпайиб кетсаям бўлмаскан. Тирикчиликнинг мазаси қочаркан. Нега дейсизми? Э, биродар, ҳозир техника асри. Ҳамма нарса ўша бизнинг меҳрли ҳомиймиз электр ташкилоти тарқатадиган қувватга ишлайди. Романтик кеча бошландими, тамом, компьютердан тортиб, бошқасигача кўзларини юмишади-ю, биз ака-опа-эна-додаларининг романтикасига маҳлиё бўлганча тош қотади. Ишқилиб, ўзи асрасин! Кўз тегмасин!..
Шундай романтик кечаларда романтикадан баҳра оли-иб ўтириб, ўйлаб қоламиз.
Худо кўрсатмасин, бизнинг романтик лаҳзаларимиз бошлиқларимизнинг жонига тегса-ю, ҳаммамизни қаторасига ишдан қувиб солишса, электр ташкилотидаги меҳрли ва зийрак ҳомийларимиз бизни боқиб олишармикан?
ХОТИМА ЎРНИДА
Агар Қибрайдаги электр ташкилоти раҳбарларининг фаросати бўлса, шу фелетондан тўғри хулоса чиқаришади. Ҳадеганда чироқни узиб, одамларни романтик эртаклар билан алдамайдиган бўлишади. Агар ўша раҳбарларнинг фаросати бутун бўлса, маҳалладагиларни ҳаётга романтик кўз билан эмас, реал кўз билан боқишга кўниктиришади. Яъни, бесабабдан-бесабаб чироқ ўчиришмайди. Агар ўшаларнинг иймони бутун бўлса, чироқсиз уйда фақат боқий дунёга кетганлар учунгина шам ёқиш мумкинлигига ишонишади. Маҳалла-кўйни шам ёруғидан нари бўлишга ундаб туришади. Агар шу раҳбарларнинг мияси бутун бўлса, чироқ ўчираверишлари яхшиликка олиб келмаслигини, бир кун келиб маҳалладагилар оммавий равишда тегишли идораларга арз қилиши муқаррарлигини англаб етишади. Астағфирилло! Астағфирилло! Астағфирилло! Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|