Қаергадир қоронғиликка етгач, номаълум қудрат мени судраклашдан тўхтади. Шундагина қандайдир куч сабабми, ё тасодифми, билмадим, уни кўра олдим. Бўйи пакана, кўзлардан мосуво, бадбуруш бир жонзот эди у. Ёқимсиз нусхасини кўриб беихтиёр ижирғандим. Аммо қўрқардим. Нафратимни ошкор этишга журъат эта олмасдим.
Индамасдан, бўшашганча, вужудимдаги оғриқлар зарбидан қисиниб-қимтинганча у томон жавдирадим.
— Мен сени ҳақиқий жаннатга олиб борайми? — сўради у кутилмаганда. — Сен бойсан, зўрсан, жаннатда яшашга ҳақлисан!
Мен жавоб бериш ўрнига бу жонзотга қаттиқроқ тикилдим ва ўзим сезмаган ҳолда сўрашга тутиндим.
— Н-нега кўзларинг йўқ? Кимсан?
— Танимадингми? — саволга савол билан жавоб берди у. — Мен иблисман. Бир умр ёнингда бўлганман. Сени манаман деган ҳурилиқоларнинг ҳузурига олиб борардим, қўша-қўша уйларинг ертўлаларини пул билан, бойлик билан тўлдирганман. Мен ёнингдалигимда ҳеч қачон қайғу чекмагансан. Айш қилгансан, ялло қилгансан. Хўш, эсладингми, жўра?
— Унда… Нега ҳозир зулматга қараб судраклаяпсан? Жоним қанчалар оғриётганини билиб турибсан-ку! Нима учун азоб беряпсан менга?
— Э, — деди иблис. — Бу ерлардан чиқариб олай тезроқ деяпман сени. Агар шу қоронғи хилқатдан чиқиб олсак, ҳақиқий жаннат намоён бўлади қаршингда. Ҳурлар, нозанинлар, сайроқи қушлар, зилол сувли кўллар…
— Алдама, — дедим энсам қотиб. — Иблисни ким жаннатга киритаркан?!. Бошимни қотирмай, мени бояги жойимга элтиб қўй. Ҳали замон сўроқ-савол беришим керак.
— Шунақами? Демак, ҳалиям менга ишонмайсан, шундайми? Ҳозир кўрасан… Менинг қудратимни кўрасан…
— Майли, қудратингни кўрсатишдан олдин айт, нега кўзларинг йўқ?
— Кўзми? Кўзимни ўша сенлар сиғинадиган худойинг ўйиб олган. У мендек ҳақиқатпешаларни ёмон кўради. Кўришга кўзи йўқ. Ўйлаганки, кўзимни ўйиб олса, мен ҳаракатланишдан, бандаларига дўст тутинишдан тийиламан. Чучварани хом санашибди ҳаммаси. Мана, кўзларим бўлмасаям, сени кўриб турибман, йўлимни тўғрилаб юрибман. Қудратимга ишонгандирсан энди?
— Бўпти, мен бунақанги нарсаларни тушунмайман, — дедим тоқатим тоқ бўлиб. — Қани, нимани кўрсатмоқчийдинг менга?..
— Ҳа-я, кўрсатмоқчийдим… Биласанми, сенам бу хилқатларга келиб айнибсан. Мендек хожангга ишонмайдиган бўлибсан.
— Қанақа хожа? — очиғи ҳаёт эканимда ҳам осмондан келганларни кўрсам, тутоқиб кетардим. Чунки дунёда мендан зўрроғи йўқ деб ҳисоблардим. Гарчи манавинақанги зулматлар қаърида азоб чекаётган бўлсам-да, барибир ўша фикрим йўқолган эмас. Иблиснинг, қаёқдаги сўқир, бадбуруш бир жонзотнинг сира тап тортмай «хожангман» дейиши ғашимни келтирди. — Кўрпангга қараб оёқ узат, ялангоёқ сўқир! Қудратмиш! Қудрат, мана, менда!
— Ў, зўрсан-ку! — деди масхараомуз кулиб иблис. — Майли, ҳозир сенга қудратимни кўрсатаман! Қани, кетдик!..
Вужудим ўзимга бўйсунмасди. Иблис судракламаса, ётган еримдан бир қадам ҳам олдинга жила олмасдим. У қайтадан судраклашга тушди — ю, шунда ҳам аламим келиб бақира бошладим.
— Судраклашни бас қил, қизиталоқ! Ҳаммаёғим оғриб кетяпти, ифлос!..
Иблис бақир-чақирларимга умуман эътибор қилмади. Чамаси бир километрча судради-ёв! Кейин эса… Бирдан тўхтади.
— Ана, ўнг томонингга боқ, — деди иблис. — Қарайвер, қўрқма! Қудратимга тан берасан шунда!.. Ўрнингдан туравер! Тура оласан! Ахир, сендан зўри йўқ-ку!..
Ҳа, иблис бу гал алдамаганди. Даст ўрнимдан турдим. Негадир вужудимдаги оғриқлар ғойиб бўлган, ўзимни қушдек енгил ҳис этардим. Фикрларим тиниқлашиб, худди тирикликдаги Даминбойга айланиб қолгандек эдим.
Иблиснинг қистови билан ўнг тарафга боқдим…
Ё алҳазар! Мендан анча нарида тахминан эллик квадрат метр жойда ёруғлик зоҳир эди. У ерда эса кекса бир одам қулочини ёйганча биз томонга ачиниш билан тикилиб турарди.
— Бор, — деди иблис мени қистовга олиб. — Кўриш қадрдонинг билан! Мана шу менинг қудратим бўлади! Боравер!
Мен кекса одамга яқинроқ бордим. Не кўз билан кўрайки, у мени мактабда ўқитган, таълим берган Султон муаллимнинг ўзгинаси эди.
Яқинлашишим билан муаллим бир неча қадам ортга тисланди. Мен бўлсам, беихтиёр ўзгардим. Димоғдорлигим тутди. Муаллимнинг ҳаётлигида қандай яшагани, ўша пайтлардаги юриш-туриши, нуқул мени койийверганлари, танбеҳлари, ҳар икки куннинг бирида дадамни мактабга чақириб уришаверганлари ёдимга тушди.
— Ҳа, муаллим, — дедим менсимайгина. — Сизам шу ердамидингиз? Яккаланиб қолибсиз-ку тамоман! Ҳеч ким даврасига қўшмадими? Тўғри-да, қайсар, худбин муаллим кимгаям ёқарди!?.
— Сен, Даминбой, ҳалиям ўзгармабсан, — деди муаллим. — Мактабдаги феълинг ҳалиям қолмабди. Эссиз, сени одам бўларсан, бева-бечораларга ёрдам қиларсан деб ўйлардим. Акси бўлибди. Минг афсус!..
— Бу ер сизнинг мактабингизмас, — дедим ҳов нарида турган иблисга қараб қўйиб. — Мен энди сиз қулоғидан тортқилаб йиғлатадиган, хоҳлаганча ерга урадиган боламас, кимсан Даминбойман! Ана, анави сўқир ҳам менга қуллуқ қилади керак бўлса!..
— Шунақами? Шу иблис эмасмиди сени йўлдан адаштирган? Худони танитмай, касофатга йўлиқтирган? Кўзинг очилмадими гўрга тушиб ҳам?
— Қанақа гўр? — салмоқ билан овозимни бир парда кўтардим. — Қанақа йўлдан уриш? Биз ҳозир дўстим билан жаннатни томоша қилишга кетяпмиз. Балки ёқиб қолса ўша ерда қоларман!..
— Қара, — муаллим тўсатдан менга яқинлашиб анча наридаги бир қатим нур тушиб турган жойни кўрсатди. — Худойимнинг қудрати билан бир мўъжиза юз беради ҳозир. Балки шунда кўзинг очилар? Қара, яхшилаб қара!..
Ё навзамбилло! Муаллим кўрсатган қатим нур бора-бора катталашди-ю, ўртасида… Аввал отам Дўлтабой, кейин онам Сожида опалар пайдо бўлишди. Улар ростакам олов, қип-қизил чўғларни исканжасига олганча гуриллаб ёнаётган аланга қуршовида эдилар, товушлари эшитилмаса-да, жон аччиғида ҳайқираётганлари аниқ-тиниқ кўриниб турарди.
Жигарчилик экан, бу манзарага шунчаки қараб тура олмасдим.
— Тўхта-атлари-инг! — дея бақирдим хилқатни бошимга кўтариб. — Йў-ўқ! Қўйворларинг менинг ота-онамни-и!!! Ёвузлар! Аблаҳлар! Маразлар!..
Афсуски, менинг ҳайқириғимни ўзимдан бўлак ҳеч ким эшитмасди. Орқароқда турган иблис эса қотиб-қотиб кулганча мендан узоқлаша борарди…
— Кўрдингми, болам, — ниҳоят тилга кирди муаллим. — Сенинг гуноҳларинг эвазига отанг, онанг азобланяпти. Чиранма, бақирма! Шармандаликка зўр берма! Қачонки, тавба қилсанг, Худойимни чин кўнгилдан тан олсанггина улар азобланишдан тийилишади. Барча қилмишларинг учун ўзинг бадал тўлайсан. Ё тавба қилмайсанми?..
Биродар, мен шу лаҳзаларда гўё бошқа бир одамга айланиб қолгандек эдим. Мени дунёга келтирган, ўқитган, боққан, одам қаторига қўшган ота-онамнинг азобланиши, куйиб кул бўлаётгани менга жуда-жуда алам қиларди.
— Тавба қилди-им!!! Қутқарингла-ар ота-онамни-и!!! — дея бақириб юбордим. — Керакма-ас!!!
Билмадим. Бу тавбам ростакаммиди, ё сохтами, ҳарқалай шу сўзни тилимга кўчира олгандим.
Ҳозир ниятим бир эди. Ота-онам азобланмаса бас. Майли, мени ўша гулханга ташлашсин! Лекин уларни қўйиб юборишсин!..
Ниятим амалга ошган-ошмаганини ҳам кўришга улгурмадим. Дафъатан бошим айлана-айлана ерга чалқанча қуладим. Шу заҳоти қайтадан теграмни қоп-қора зулмат эгаллади ва ҳушимни йўқотдим.
(давоми бор) Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|